Дарҳақиқат, сизлар ўзингиздан аввалги қавмларга эргашасизлар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, сизлар ўзларингиздан аввал яшаб ўтган (халқлар)га изма-из эргашасизлар. Ҳатто заб (калтакесакка ўхшайдиган ҳайвон) инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам кирасизлар». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар яҳудий ва насоро (христиан)ларми?» – деб берган саволларига: «Бўлмаса кимлар?» – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шундан қўрқмаганларида у зотнинг қабрлари очиққа чиқариб қўйиларди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар» (Муттафақун алайҳ).
«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
«Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (Ҳаж: 31).
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтганлар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим ривояти).
Дониёлнинг иккинчи қабри зиёрати
Бу ерда мусулмон ва насронийлар Дониёл қабрига ибодат қиладилар
«Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўъминун: 117);
«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбар)ларга ҳам шундай ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!»» (Зумар: 65).
«Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).
«Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
«Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга, сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга ижобат қилсинлар-чи?!» (Аъроф: 194).
Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) ўзларининг «Иқтизоус сиротим мустақийм» (332), «Ихтиёрот» (44), «Мажмуъул фатаава» (4/521, 11/290, 17/502) каби асарларида қабрлар олдида намоз ўқишнинг таъқиқланиши – қабрларни бут қилиб олиш хавфи бўлгани сабабли эканини ва ундай қилиш кўплаб халқларнинг катта ва кичик ширкларни қилишларига олиб борган восита эканини таъкидлаганлар.
Бухородаги Нақшбандий қабри атрофида қилинаётган ширк амаллари
«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?! Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган зотдир» (Юнус: 18).
«Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116).
Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатлари, у зот буюрган ва қайтарган ишлар ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олишди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўпроқ одамлар тўпланадиган бўлди. Қабрларни текислашга буюрганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»да келтирганидек, Абул Ҳайёж ал-Асадий айтади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан» (Муслим ривояти). Имом Муслим яна ривоят қилади: «Сумома ибн Шуфай айтади: Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман», деди». Улар эса мазкур икки ҳадисга қаттиқ хилоф иш тутишади, қабларни ердан уй баландлигида кўтаришади, уларга қуббалар қуришади…
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалари билан ҳозирги одамлар қилаётган ишлар ўртасида нақадар катта фарқлар бор! Шубҳасиз, бу ишларда санаб адоғига етиб бўлмайдиган кўп ёмонликлар бор.
(Бу бузилишларни айтиб ўтаркан, жумладан шундай дейди:) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларни зиёрат қилишдаги кўрсатмалари – охиратни эслаш, маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, унга раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсаднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфорлардан маҳрум қилишди» (Иғосатул-лаҳфон (1/214-217).
Olloh saqlasin shirk va togudan.