Аллоҳнинг сифатлари ҳақида қандай эътиқодда бўлиш лозим?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Биз Аҳли сунна вал жамоа Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги оят ва ҳадисларга иймон келтирамиз, «Қандай?» – деган савол билан унинг кайфиятига киришмаймиз. Мана шу илмдаги чегара, ким бу чегарадан ошса адашади. Имом Молик айтдилар: «Истиво (кўтарилишлик) бу маълумдир (яъни кўтарилиш маъносини беради), кайфияти мажҳулдир (номаълумдир). Унга иймон келтириш вожиб ва у борасида савол беришлик бидаътдир» (Имом Бағовий: «Шарҳуссунна»).
Арш – бу махлуқотларнинг энг каттаси ва энг юқорида турувчисидир. Аллоҳ Аршнинг устида, махлуқотларидан ажралган ва У ҳамма нарсадан олий ва юқоридадир. Аллоҳ доим шундай, ҳатто ҳар бир намозхоннинг рўпарасида бўлганида ҳам, кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига тушганида ҳам Аллоҳ олий ва юқоридадир. Биз бунга иймон келтирамиз, «Қандай қилиб», – демаймиз. Албатта бизнинг ўлчовларимиз фақат биз учундир. Аллоҳ эса: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро: 11).
Қуйида салафларимизнинг баъзи сўзларини келтирамиз. Аллоҳнинг сифатлари борасида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини ўрганамиз.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан сўралган экан: «Сиз Аллоҳни қандай билган бўлар эдингиз?» Улар: «У Ўзининг махлуқотларидан фарқли ўлароқ осмон устида, Аршнинг устидадир».
Имом Моликнинг устозлари имом Роби Ибн Абу Абдурроҳман айтдилар: «Истиво (Аршнинг устига кўтарилашнинг маъноси) бизга номаълум эмас, бу қандай содир бўлганини тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ хабар беради, Росулни иши эса бизга етказиш, бизни вазифамиз эса бунга иймон келтириш» («Шарҳ усул эътиқод Аҳли Сунна вал жамоа», Лаалакаи 3-39).
Имом Ибн Касир Аллоҳ Аршни устига кўтарилгани ҳақидаги Аъроф сурасининг 54-оятини тафсирида айтдилар: «Одамлар Аллоҳнинг Аршни устига кўтарилган ҳақида турли фикрлар айтдилар, бу масалада тафсилотга ўрин йўқ. Бу масалада биз салаф солиҳлар йўлига эргашамиз Молик, Авзоий, Саврий, Лайс ибн Саъд, Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқ бин Роҳавийҳ ва бошқа аввалги ва кейинги буюк имомлар. Биз Аллоҳнинг кўтарилишини Қуръон ва Суннатда қандай келган бўлса шундай тасдиқлаймиз, «Қандай?» – деган савол бермаймиз, инсонларнинг сифатларига ўхшатмасдан ва (сифатнинг) маъносини инкор қилмасдан (иймон келтирамиз). Биз Аллоҳни махлуқотларига ўхшатувчилар бераётган маъноларни рад қиламиз. Аллоҳ махлуқотларига ўхшамайди, Аллоҳ таъоло айтади: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро: 11)».
Имом Абу Довуд, «Сунан» 4600 ҳадис тўпламининг соҳиби. Аҳли Суннанинг имоми Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирди. Шу имомнинг ўғли имом Ибн Абу Довуд Аҳли Суннанинг эътиқоди ҳақидаги қасидаларида айтдилар: «Айт: Аллоҳ ҳар тунда дунё осмонига тушади. «Қандай?» – деб савол бермагин. Аллоҳ олий ва мақтовга лойиқдир. У дунё осмонига нозил бўлиб, инсонларни Ўз раҳматидан баҳраманд қилади». Сўнгра имом сўзларида давом этиб айтадилар: «Бу менинг сўзимдир, мени отамнинг ва бизнинг шайхларимиз ва уламоларимизнинг сўзларидир» («Ибона», «Шариъа» Ажуррий, Заҳабий айтдилар: «Бу шеър мутавотир даражасига етди»).
Имом Бухорий ривоят қиладилар, буюк тобеъут тобеин Фузайл ибн Иёз айтдилар: «Агар сенга жаҳмий: «Мен ўз ўрнидан тушадиган (яъни кечаниг учдан бирида яқин осмонга тушадиган) Роббга иймон келтирмайман», деса, айтгин: «Мен хоҳлаган ишини қиладиган Роббга иймон келтираман»» («Холқ афъалул ибад» Бухорий, 36-саҳифа).
Абу Ҳасан ал-Ҳақарий, Абу Ҳотим ар-Розий, Ибн Қудома ал-Мақдисий ва имом Заҳабийлар имом Шофеъийдан саҳиҳ санад билан ривоят қиладилар: «Суннат ҳақида мени сўзим ва мен топганлар, Суфён ас-Саврий, имом Молик ва бошқаларнинг сўзлари – шаҳодат калимаси, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳ Аршининг устидадир, осмонларнинг устида, Ўз бандаларига ўзи хоҳлаганича яқинлашади ва Ўзи хоҳлагандек бу дунё осмонига тушади» («ал-Улув»-443 Заҳабий, «Лумъатул эътиқод», «Родд ала жаҳмия»).
Абу Ҳанифадан Аллоҳни дунё осмонига тушиши-нозил бўлиши ҳақида сўрашганида, айтдилар: «У шундай нозил бўладики, бу ҳақида «қандай?», – деб савол бериш мумкин эмас бўлган ҳолда (нозил бўлдаи)» («Ақида ас-салаф Асҳабал Ҳадис»-42, «Асма вас сифат»-456 Байҳақий, «Шарҳ Ақида ат-Таҳовий»-245, «Фиқҳул Акбар»-60).
Имом Ибн Ҳузайма (311 йил вафот этган) айтдилар: «Биз ўз тилларимиз билан тасдиқлаб, қалбларимиздаги иймон билан, аниқ ишонч билан бу хабарларда келган Аллоҳнинг тушишлигига гувоҳлик берамиз, ҳеч қандай кайфият бермасдан. Чунки бизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холиқ дунё осмонига тушишлигини сифатлаб бермадилар, аммо у киши бизни бундан хабардор қилдилар» («Тавҳид китоби» Ибн Ҳузайма).
«Аллоҳ таъоло яқин осмонга ҳар тун Ўзи хоҳлаганидек нозил бўлади. Муътазилий ва ашарийлар даъво қилганидек Унинг раҳмати ва мукофоти нозил бўлади маъносида эмас» («Ғуния»-74, Абдулқодир Жийлоний).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми