Аллоҳ таоло Олий Аршнинг устидадир
Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну
Таржимон: Ислом Йўли таҳририяти
Муқаддима
Барча мақтовлар фақат Аллоҳга хосдур. Биз унга ҳамдлар ва истиғфорлар айтамиз, ҳамда Ундан ёрдам ва нафсимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи зот йўқдур. Мен шериксиз, ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлиб вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, у жондан эса жуфтини яратган ва у иккисидан кўплаб эр ва аёлларни яратган Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошлик алоқаларини узишдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларнинг устингизда кузатувчи бўлган Зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва фақат рост сўзланглар, Аллоҳ сизларнинг ишларингизни ислоҳ қилади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ ва Унинг расулига итоат қилган кимса улкан зафарларга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Сўнг …
Сўзларнинг энг рости Аллоҳнинг каломидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони динда янги қўшилган (эътиқодий, амалий, қавлий ва ҳоказо қўшимчалар барчаси) нарсадир. Ва ҳар бир Янги қўшилган нарса – бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир ва ҳар бир залолат жаҳаннамдадир.[1]
Аллоҳ таоло қаерда?
Аллоҳ таоло бизларни яратди ва бизларга қалбларимиз, дуоларимиз ва намозларимиз билан Унга юзланишимиз учун У қаерда эканлигини билишликни вожиб қилди. Роббиси қаерда эканлигини билмаган ва Роббиси қайси тарафда эканлигини билмаган кимса ўзининг йўлида адашиб қолишлиги ва Унинг ҳақиқий ибодати қила олмаслиги ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг бошқа махлуқлардан Олийлик сифати бошқа эшитиш, кўриш, калом ва пастга тушишлик сифатларига ўхшаган Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатлари кабидур. Салафи солиҳинлар, нажот топган фирқа, аҳли суннат вал жамоа ақидаси Аллоҳ таоло Ўзининг Китобидаги ва Унинг расули ҳадисларда зикр қилган хабарларга таъвил[2], таътилсиз[3] ва ташбиҳсиз[4] иймон келтиришни тақозо қилади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидир:
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро: 11).
Мана шу сифатлар, булардан Аллоҳнинг махлуқлардан Олийлиги, Ўзининг Зотини таърифловчи сифатлар экан, у сифатларга ҳам иймон келтириш худди Унинг Зотига иймон келтишликдек вожибдир. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
«Ар-Раҳмон бўлмиш Зот Аршнинг устига истиво қилди (Ўзининг Комил Зотига лойиқ ҳолда кўтарилди)» (Тоҳа: 5), оятининг маъноси борасида сўралганларида шундай жавоб берган эканлар: «Истево (кўтарилишлик) бу маълумдир (яъни кўтарилиш маъносини беради), кайфияти мажҳулдир. Унга иймон келтириш вожиб ва у борасида савол беришлик бидаътдир».[5] Эй мусулмон биродарим! Имом Моликнинг бу жавобларига эътибор берайлик. Улар кўтарилиш маъносини бергувчи, лекин кайфиятини фақат Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган истевога бўлган иймонни ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган вожиб амаллардан деб ҳисоблаган эканлар.
Шунинг учун ҳам, Қуръони Каримда ва ҳадиси муборакда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини инкор қилган кимса, улар ҳақида хабар берувчи оят ва ҳадисларни инкор қилган бўлади. Бу сифатлар Унинг Комиллиги ва Олийлигига далолат қилгувчи сифатлардир, уларни (Аллоҳ бундай сифатларга эга эмас деб) инкор қилишлик мутлақо жоиз эмас.
Кўп (саҳоба, тобеин ва мужтаҳид имомлардан сўнг келган) мусулмонларнинг ақидаларини бузиб юборган баъзи бир фалсафий фикрлар натижасида баъзи мусулмонлар Аллоҳнинг сифатларини ифодаловчи оят ва ҳадисларни тафсир қила бошлашди ва натижада Комил Сифатларини инкор қилишгача боришди. Бу билан улар салафларнинг йўлидан адашишди, ваҳоланки уларнинг йўллари энг соф, энг илмли ва энг ҳикматли йўл эди. Қуйидаги сатрларни айтган кимсанинг гаплари қандай ҳам тўғри:
«Ҳар бир яхшилик салафларга эргашишликда ва ҳар бир ёмонлик халафларнинг ўйлаб топган бидъатларидадир».
Хулоса
Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган барча Аллоҳнинг сифатларига иймон келтиришлик вожибдир. Аллоҳнинг баъзи сифатларига зоҳирий маъносига иймон келтирган ҳолда тасдиқлаб, бошқаларни таъвил қилган ҳолда инкор қилиб Аллоҳ сифатларининг орасида тафриқа қилишлик жоиз эмас. Аллоҳнинг Эшитиш ва Кўриш сифатларига бошқа махлуқларга ташбиҳ қилмаган ҳолда иймон келтирган кимсаучун, Аллоҳнинг Осмонлар устида эканлигига иймон келтириш вожибдир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ Ўзининг Китобида Ўзини таърифлаган ва расули ўзининг ҳадисларида таърифлаган Аллоҳнинг комиллигига далолат қилгувчи сифатлардандир. Уларни инсоннинг фитрати ва салим ақли тасдиқ қилади.
Наъим ибн Ҳаммад, Имом Бухорийнинг устозлари, шундай деган эканлар:
«Аллоҳни махлуқларга ўхшатишлик куфрдир. Ҳудди шунга ўхшаш, Аллоҳ Ўзини сифатлаган Сифатларни инкор қилишлик ҳам куфрдир. Аллоҳ таоло Аллоҳ Арш устидадир. Ўзини ифодалаган ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларда ифодалаган Сифатларда Ташбиҳ йўқдир (яъни бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик йўқдир)».[6]
Аллоҳ таоло Аршнинг устидадир
Бунга Қуръони Карим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислари, инсон фитрати ва соғлом ақл далолат қилади.
Қуръони Каримдаги далиллар
1. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Ар-Роҳман бўлган Зот Аршнинг устига кўтарилди» (Тоҳа: 5).
Имом Бухорийнинг тобеинлардан ривоят қилган асарида келишича, истево бу Аллоҳ таоло Аршнинг устига кўтарилиши ва олий бўлишидир.
2. Аллоҳ таоло шундай деди:
«(Эй Макка кофирлари,) ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар,) осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!» (Мулк: 16). Тафсир ибн Жавзийда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «У (Осмонлар устида бўлган Зот) Аллоҳдир» деган эканлар.
3. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқадилар» (Наҳл: 50).
4. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом борасида шундай деди:
«Йўқ, балки уни (Исони) Аллоҳ Ўзининг ҳузурига кўтарди» (Нисо: 158). Бу оятдан мурод, Аллоҳ уни самоватга кўтарди.
5. Аллоҳ таоло шундай деди:
«У осмонлару ердаги яккаю ягона (ибодат қилинишликка лойиқ бўлган Зот) Аллоҳдир» (Анъом: 3).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида бу оятнинг шарҳида шундай дейдилар: «(Қуръон) муфассирлари иттифоқ қилиб шуни айтишганки: Биз жаҳмийларга ўхшаб: «Аллоҳ ҳамма маконда» деб айтмаймиз. Уларнинг таърифларидан Аллоҳ таоло Олийдир!» Аллоҳ таолонинг:
«Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Ҳадид: 4) деган оятига келсак, унинг маъноси Имом Ибн Касир ва Жалолайнда келишича шундай: «Аллоҳ сизлар қаерда бўлмангиз сизларнинг амалларингизга гувоҳ бўлиб кўриб тургувчидир, ёки Аллоҳ Ўзининг Илми билан барча жойдадир» деб тушуниш керак.
Саҳиҳ ҳадислардаги далилар
6. Бир ҳадисда ривоят қилинишича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам еттинчи осмонга кўтарилдилар, у ерда Аллоҳ таоло билан суҳбатлашдилар ва беш вақт намоз фарз қилинди» (Муттафақун алайҳ).
7. Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Менга осмон устида бўлган Зот ишониб турсаю, сизлар менга ишонмайсизларми?!» (Муттафақун алайҳ).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Eр юзидагиларга раҳм қилингиз, сизларга осмонлар устидаги Зот (Аллоҳ) раҳм қилади» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
9. Бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жория қиздан сўрайдилар: «Аллоҳ қаерда?», у қиз: «Осмон юқорисида», деб жавоб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен кимман?», деб сўрайдилар. У (қиз): «Сиз Аллоҳнинг Расулисиз», дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни озод қилгин, чунки у мўминадир», дедилар. (Имом Муслим Муовия ибн Ҳакам аc-Суламий разияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга: «Албатта, раҳматим, ғазабимдан илгаридир», деб ёзди».
(Имом Бухорий, Муслим ва Термизийнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).
Салафлардан бўлган баъзи далиллар
11. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан сўралган экан: «Сиз Аллоҳни қандай билган бўлар эдингиз?». Улар: «У Ўзининг махлуқотларидан фарқли ўлароқ осмон устида, Аршнинг устидадур».
Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло махлуқотларидан ажралган ҳолда, Унинг Жалоли биронта махлуқларига ўхшамаган ҳолда Ўзининг Зоти билан осмонлар устидадур.
12. Тўрт имом (Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ)лар барчаси Аллоҳ махлуқотларидан фарқли ўлароқ, уларга ўхшамаган ҳолда Аршнинг устида эканлигига иттифоқ қилишган.[7]
Инсон фитратининг тасдиқ қилиши
13. Бирон кимса дуо қилса, у қўлларини юқорига кўтариб дуо қилади ва саждада бўлганда эса: «Субҳана Роббиял Аъла» яъни «Энг Олий Зот бўлмиш Парвардигорим барча айбу нуқсонлардан покдир», дейди.[8]
14. Агар ёш болалардан «Аллоҳ қаерда?» деб сўралса, ўзларининг салим фитратлари туфайли: «Осмонлар устида» деб жавоб беришади.[9]
Саҳиҳ ақл далили
15. Саҳиҳ ақл ҳам Аллоҳ таолодан олий ҳеч ким йўқлигини ва Аллоҳ таоло энг Олий мақомда эканлигини ва У осмонлар устида эканлигини тасдиқ қилади. Агарчи Аллоҳ ҳамма маконда бўлганда эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг асҳобларига ўргатиб кетган бўлар эдилар. Қайдай қилиб Аллоҳ ҳамма маконда бўлсин, агар ўша жойлар исқирт маконлар бўлса?! Аллоҳ бундай ҳолатларда бўлишдан Олийдур.[10]
16. Агарчи Аллоҳ Зоти билан ҳамма ерда дейишлик, Аллоҳнинг кўп Зотлари бўлишини тақозо қилади. Чунки жойлар турли-туман ва ҳар хилдир.[11] Аллоҳ Ўзининг Зоти билан Битта экан, Аллоҳ таолонинг барча маконда деган эътиқод ўз-ўзидан ботиллиги исбот бўлади.
Шундай экан, Аллоҳ таоло осмонлар устида, Аршнинг устидадир ва Ўзининг Билишлиги, Кўришлиги ва Эшитишлиги билан биз билан барча макондадир.
[1] Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва салам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.
[2] Қуърон ва суннатда бўлмаган хабарлар билан шарҳ қилиб, натижада Аллоҳ ва расули қасд қилган маънодан бошқа маънони беришни таъвил дейилади.
[3] Қуръон ва суннатда бўлган Аллоҳнинг сифатларини бутунлай инкор қилишлик.
[4] Қуръон ва суннатда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларини бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик.
[5] Имом Бағавий: «Шарҳуссунна».
[6] Ақида ат-Таҳовийя шарҳига қаралсин.
[7] Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонда, Eрда эмасдир». Бир кимса: «Аллоҳнинг: «У сизлар биландур» сўзига нима дейсиз?» деб сўраганда, улар: «Бунинг мисоли ҳудди сен бир кимсага ўзинг ундан йироқда бўлган ҳолда «мен сен биланман» деб ёзганинг кабидир» деган эканлар (ал-Асма вас-Сифат 2/170).
Бошқа ривоятда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Кимки: «Мен Роббимни Eрдами ёки Осмонда эканлигини билмайман» деса куфр келтирибди. Шунга ўхшаш агар бир кимса: «У Аршнинг устидадир, лекин Арш Ердами ёки Осмондами билмайман», деса у ҳам куфр келтирибди» (ал-Фиқҳул Абсат 46).
[8] Яъни Олий мақомда бўлган Парвардигорим дейди.
[9] Бу инсон фитратининг Аллоҳ таолонинг Олий мақомда эканлигини тан олишлигига далолат қилади.
[10] Бу саҳиҳ-соғлом ақлнинг Аллоҳни осмонлар устида эканлигини тан олишлигига далолат қилади.
[11] Наузубиллаҳ, бундай ботил фаҳм қилишдан Аллоҳ асрасин!