Аллоҳнинг руҳи борми?

Аллоҳнинг руҳи борми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Аллоҳни унинг Ўзи ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаган сифатдан бошқа сифат билан сифатлашликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки ҳеч ким Аллоҳни Ўзидан кўра яхшироқ билмайди. Шунингдек одамлардан ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламчалик Аллоҳ ҳақидаги илмга эга эмас. Аллоҳ таоло айтадики: «Сизлар яхшироқ биласизми ёки Аллоҳми (Бақара: 140).

«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).

Руҳ – Аллоҳнинг сифати эмас. Аксинча у Аллоҳнинг махлуқидир. Баъзи ўринларда у ҳақида Аллоҳга боғлаб айтилган. Бунинг сабаби ўша нарсани улуғлашликдир. Чунки Аллоҳ унинг Холиқи ва Ризқлантирувчиси, У уни истаганида олади ва истаганида беради.

Биз руҳ ҳақида худди «Аллоҳнинг уйи» (Байтуллоҳ), «Аллоҳнинг туяси», «Аллоҳнинг қуллари» деган ибораларга нисбатан айтган сўзларимизни айтамиз. Яъни буларнинг барчаси махлуқ-яратилган. Уларни улуғлаб Аллоҳнинг исми билан бирга зикр қилинади.

Баъзи оятларда руҳни Аллоҳга боғлаб айтилади: «Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз руҳидан пуфлади. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар» (Сажда: 9).

Яна Аллоҳ Одам ҳақида айтади: «Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» (Ҳижр: 29).

Яна Аллоҳ таоло айтади: «(Марям) улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост) одам бўлиб кўринди. (Марям унга): «Мен Раҳмонга (яъни Аллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришни илтижо қилурман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин),» деди. (Жибрил) айтди: «(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос»» (Марям: 17-19).

Бу ердаги «руҳ» сўзи Аллоҳнинг бандаси ва элчиси бўлган Жибрил алайҳиссаломга тегишли. Аллоҳ уни Марямга юборган. Аллоҳ уни руҳуна (руҳимиз) деб Ўзи билан бирга зикр қилишининг сабаби, уни улуғлашликдир. Бу ерда Аллоҳ махлуқни Холиқ билан бирга зикр қилган.

Шафоат ҳақидаги узун ҳадисда айтиладики: «Сўнг Мусо келиб айтади: «Сизлар яхшиси Аллоҳнинг бандаси, расули, калимаси ва руҳи бўлмиш Ийсонинг ҳузурига боринглар»» (Бухорий 7510, Муслим 193).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Оддий бирор нарсани Аллоҳ билан бирга зикр қилиниши, ўша нарса Унинг сифатига айланишини англатмайди. Маълум бир махлуқлар Аллоҳ билан бирга зикр қилиниши мумкин ва уларнинг сифатлари, уламолар ижмоъсига кўра, илоҳий сифатга айланиб қолмайди. Бу худди «Аллоҳнинг уйи», «Аллоҳнинг туяси», «Аллоҳнинг қуллари» иборалари кабидир. Бироқ агар бирор нарса Унинг сифати бўлса ва у бошқа ҳеч кимда бўлмаган сифат бўлса, масалан Аллоҳнинг Илми, Аллоҳнинг Қўли, Аллоҳнинг Каломи, бундай ҳолатда Унинг сифатидан бири бўлади» (Жаваб ас-Саҳиҳ, 4:414).

Ушбу қоида Шайхулислом Ибн Таймия томонидан бир неча ўринларда айтиб ўтилган.

Аллоҳ билан бирга зикр қилинган нарсалар икки хил бўлади:

1. Алоҳида мавжуд бўлган нарсалар номи. Улар Аллоҳ исми билан бирга улуғлашлик мақсадида айтилади. Масалан, Аллоҳнинг уйи, Аллоҳнинг туяси, Аллоҳнинг руҳи ва ҳоказо. Булар Аллоҳнинг сифати ҳисобланмайди, аксинча бу алоҳида мавжуд бўлган нарсалар. Шунинг учун ҳам Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг узун ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ўлимини ва руҳнинг танадан чиқаётганини таърифлаб дедилар: «Мўминнинг руҳи идиш оғзидан сув оқиб чиққани каби осон ва енгил чиқиб келади. Фаришталар уни ўлим фариштаси қўлида бир лаҳза ҳам қолдирмасдан қабул қилиб оладилар, сўнг уни олиб, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига кўтариладилар» (Муттафақун алайҳ, Бухорий (№ 1369, 4699), Муслим (№ 2870), Абу Довуд (3231), Насоий (4/97)).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Руҳ чиқариб олинганда кўзлар уни кетидан кузатиб қолади» (Муслим 920).

Бошқа сўз билан айтганда, руҳ чиқаётганда кўзлар уни қаерга олиб кетишаётганини кузатиб қолишади. Буларнинг барчаси руҳ алоҳида мавжуд бўлган нарса эканига далолат қилади.

2. Алоҳида мавжуд бўлмаган сифатлар, уларга кимга тегишли эканига далолат қилувчи зот керак. Масалан, қувват, қудрат, илм ва ҳоказо. Агар: «Аллоҳнинг илми», «Аллоҳнинг иродаси» ва ҳоказо дейилса, бу ҳолат сифат унинг соҳиби бўлган зот билан бирга зикр қилишликка киради. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манба: Тавҳид форуми

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan