Иймон махлуқми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Иймон махлуқми деган масала Қуръон махлуқми ёки йўқми деган масаладан келиб чиққан. Ўша жаҳмияларнинг замонидаги машҳур фитналар ушбу фитнанинг онасидир. Шундай қилиб иймон махлуқми ёки йўқми деган низо юзага келди. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан: Иймон махлуқми ёки йўқми, деб сўралганда шундай жавоб бердилар: «Жавобга ўтадиган бўлсак, жаҳмияларнинг Қуръон махлуқми ёки йўқми, деган фитнаси юз берган кезлари ушбу масалада ҳам низо бошланди. Ушбу ишлар (кетидан) имом Аҳмад ва у кишидан бошқа мусулмон уламоларининг бошига оғир кунлар тушди. Шундай ишлар рўй бердики, ҳозир уни ёдга олсак (вақт) чўзилиб кетади. Бироқ Қуръон Аллоҳнинг Каломидир, махлуқ эмас, деган сўз зоҳир бўлгач ва Аллоҳ таоло исму сифатларни инкор этувчи жаҳмияларнинг ўтини ўчиргач, Аллоҳ нозил қилган калом махлуқдир, деб лафз деган калима билан ифодалайдиган бир тоифа ўртага чиқди. Натижада Қуръон ўқиётгандаги лафзларимиз ёки тиловатимиз ё қироатимиз махлуқдир деб, бироқ бу сўзлари билан овозларимиз ва ҳаракатларимиз билан қироат қиладиганимиз бўлмиш Аллоҳнинг Каломини ҳам ушбу сўзлари остига киргазишни мақсад қилардилар. Буларнинг қаршисига бошқа бир тоифа чиқиб айтдики: Қуръон (қироат қилаётгандаги) лафзларимиз махлуқ эмас. Имом Аҳмад эса икки тоифага ҳам раддия бериб айтдиларки: «Ким Қуръон (ўқиётгандаги) лафзим махлуқ деса, бас, у жаҳмиядир. Ким Қуръон (ўқиётгандаги лафзим) махлуқ эмас деса, бас, у бидъатчидир». Ана шу дамда одамлар иймон масаласида гапира бошлашди. Бир тоифа айтдики: Иймон махлуқдир. Бу сўзлари билан Аллоҳ таоло иймон ҳақида айтган «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини ҳам ушбу (иймон махлуқдир) сўзлари остига киргазишгача етиб боришди. Натижада ушбу сўзларидан «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси ҳам махлуқ, Аллоҳ таоло уни гапирмаган, деган (бузуқ) маънолар келиб чиқди. Шунда имом Аҳмад бу кимсаларни бидъатчи деб, шундай дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Иймон етмиш нечадир шохчадан иборат, энг олий (шохчаси): Ла илаҳа иллаллоҳ, сўзидир». Энди, Ла илаҳа иллаллоҳ калимаси махлуқ бўладими»? Имом Аҳмад ирода қилганлари шу эдики, кимки: Қуръон (ўқиётгандаги) лафзларимиз, тиловатимиз ва қироатимиз махлуқ деса, унинг сўзидан Аллоҳ таоло Ўзи нозил қилган Қуръонни гапирмаган-сўзламаган ва ушбу нозил қилинган Қуръон Аллоҳнинг Каломи эмас деган (бузуқ) маъно келиб чиқади..» («Мажмуъ Фатава» (7/655)).
Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ яна шундай дедилар: «Агар кимдир: Иймон махлуқ ёки махлуқ эмас, деса унга айтиладики: Иймон деб нимани ирода қиляпсан? «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси каби Аллоҳнинг каломиними ёки Аллоҳнинг «Мўмин» исми далолат қилган «Ийман» каби Аллоҳнинг сифатини ирода қилаётган бўлсанг, бас, у махлуқ эмас. Ёки бандаларнинг феъл ва сифатларидан бирор нарсани ирода қиляпсанми? Бандаларнинг бари махлуқдир. Уларнинг жамийки феъл ва сифатлари махлуқдир. Йўқдан бор қилинган махлуқни яратилинмаган (қандайдир бир) азалий сифати бўлмайди. Оғзидан чиққан гапини тасаввур қилиб кўрган киши бу гапни айтмайди. Ана шундай орага аниқлик ва тафсилот киритилса ҳидоят зоҳир бўлиб, йўл аниқ-равшан бўлади. Дарҳақиқат оқил кишиларнинг ўрталаридаги аксар келишмовчилик исм-номлар ўртасидаги муштараклик жиҳатидан юз берди. Бунга ўхшаши, одамлар ўртасида нафий ва исбот билан боғлиқ кўплаб келишмовчиликларни олсак бўлади. Агар хитоб (қилинган жумлага) аниқлик тафсилот киритилса хато нима-ю, тўғри нима экани аниқ бўлади. Халқларга вожиб бўлгани Китобу Суннат исбот қилганини исбот қилишиб, Китобу Суннат инкор этганини инкор қилмоқларидир. Китобу Суннат нафий ҳам, исбот ҳам қилмаган масалада эса ушбу сўзни айтувчи кишидан аниқлик киритишни талаб қилишлари лозим. Кимки Аллоҳу Росули исбот қилганини исбот қилса, дарҳақиқат, тўғриликка етишибди. Кимки Аллоҳу Росули инкор қилганини инкор қилса, дарҳақиқат, тўғриликка эришибди. Аммо кимки Аллоҳ инкор қилганини исбот қилса ёки Аллоҳ исбот қилганини инкор этса, дарҳақиқат, ҳақ динни ботилга чалкаштириб юборибди. Демак сўзидаги ҳақ нима-ю, ботил нима, деб аниқлик киритилади. Ҳақи олиниб, ботили тарк этилади. Китобу Суннатга хилоф чиққан ҳар бир кимса очиқ ақлга-мантиққа ҳам хилоф чиқади. Чунки тиниқ ақл-мантиқ саҳиҳ нақлга хилоф келмайди. Худди пайғамбарлардан нақл қилингани ўзаро бир-бирига зид келмаганидек. Бироқ кўплаб инсонлар булар ўртасида ўзаро зиддият бор деб гумон қилади. Ўшалар Китоб борасида ихтилофлашганлардир: «Ўша (азоб) Аллоҳ бу Китоб (Таврот)ни ҳақ билан нозил қилгани сабаблидир. Албатта бу Китоб хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар мангу талашдадирлар (яъни, улар ҳеч қачон ҳақ билан келиша олмайдилар)» (Бақара: 176). Аллоҳ таолодан бизни тўғри йўлга, неъмат ато этилган пайғамбар, сиддиқ, шаҳид ва солиҳ зотларнинг йўлига йўллашини сўраймиз. Улар энг яхши ҳамроҳлардир» («Мажмуъ Фатава» (7/664)).
«Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Кимки: Иймон махлуқ, деса куфр келтирибди. Кимки: Иймон махлуқ эмас, деса бидъатчи бўлибди». Мутлақ сукут сақлаш лозим, деганлар ҳам бор. Ёки иймон сўзи азалий, феъллари эса махлуқдир, деганлар ҳам бўлди. Бу (қовл)ни Ибн Ҳамадон «Ниҳая ал-Мубтадиъин»да айтди ва у саҳиҳроқдир. У киши ушбу қовлни Ибн Абу Мусо ва бошқалардан нақл қилди. Имом Ҳофиз Ибн Ражаб «Тобақот ал-Асҳаб»да ҳофиз Абдулғоний Мақдисийга таржимаи ҳол ёзиб, у кишидан ушбу лафзларни нақл қилган: «Имом Аҳмаддан шундай деганлари нақл қилинган: «Кимки иймон махлуқ деса, бас, у кофирдир. Кимки у (иймон) азалийдир деса, бас, у бидъатчидир». Ҳофиз Албулғоний айтдиларки: «Иймон махлуқ деган кимса кофир бўлади. Чунки намоз иймондандир. Ва у қироат, тасбиҳ ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилишни ўз ичига олади. Кимки буларни махлуқ деса кофир бўлади. Шунингдек намоз қиём, ўтириш, ҳаракат, сукунат-жим туришни ҳам ўз ичига олади. Ким буларни азалий деса бидъатчи бўлади. Аллоҳ Ўзи тавфиқ берувчидир» (Муҳаммад ибн Аҳмад Саффариний «Лавамиул Анвар» (1/446)).
Манба: Тавҳид форуми
ASSALAMU ALAYKUM!O`LIM MAXLUQMI? TABORAK SURASIDA 2 OYAT O`LIMNI MAXLUQ EKANLIGIGA DALILMI? TAXOVIYNI AQIDA KITOBLARIDA KELTIRILGAN EKAN 10- MATNIDA
Assalomu alaykum
Тўртинчи мартаба – яратиш мартабаси.
Яъни Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. Осмонлар ва ердаги жамики мавжу-дотни фақатгина Аллоҳ таоло яратгандир. Ҳаттоки ўлим ҳам, гарчи у ҳаётсизлик ҳолати бўлса-да, Аллоҳ таборака ва таоло уни яратгандир. Аллоҳ таоло айтадики:
«(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк: 2).
Осмонлардаги ва ердаги ҳар бир нарсанинг яратувчиси Аллоҳ таолодир. Ундан бошқаси эмас. Ҳаммамиз биламизки, Аллоҳ таолонинг феълидан вужудга келган ҳар бир нарса Унинг махлуқидир. Осмонлар, ер, тоғлар, дарахтлар, қуёш, ой, юлдузлар, шамол – буларнинг бари Аллоҳнинг махлуқларидир. Шунингдек, ушбу махлуқларда содир бўладиган сифатлар, ўзга-ришлар ва ҳолатларнинг ҳам ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқларидир.
Manba;/kitoblar/aqida/qazoi-qadar-va-inson-masuliyati