Ийдул-Азҳони қаршилаб
الحمد لله رب العالمين والعاقبة للمتقين والصلاة والسلام على اشرف الانبياء والمرسلين سيدنا ونبينا محمد وعلى آله واصحابه ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين…
Зулқаъда охирлаб, зулҳижжа ойи кириб келар экан, олам узра бошланган ибодат сайлидан бутун борлиқ ўзгача тусга киради. Минглаб ибодатга ошно диллар умр фарзини адо этиш нияти билан ўз ватанларидан эҳром боғлаб, йўлга чиқадилар. Босиб ўтаётганлари ҳар бир қарич, ҳар бир пасту баландликларда оламлар Хожаси Аллоҳни улуғлагувчи такбиру талбиялар билан еру кўкни ларзага келтириб бораётган минглаб ҳожилар карвонлари дунёнинг турли нуқталаридан курраи заминни гўёки ўраб-чулғаб тавҳид сарзамини Маккаи мукаррама томон оқиб борадилар. Ўткинчи дунёнинг матоҳларидан, зебу зийнатларидан, ташвишу муаммоларидан тамоман воз кечиб, Аллоҳу Расули томон ҳижрат қилиб борар эканлар, ҳожиларнинг устларидаги оппоқ либос, поклик рамзи – эҳром қалбларида уйғонган покиза шуурлар билан ҳамоҳанг келади. Кечаю кундуз бошлари узра алмашиниб борар экан, бу шуурлар тобора тиниқлашиб, қалблари убудият шавқидан чуқур энтикади. Қулоқлари остида Аллоҳ таолонинг:
«(Эй Иброҳим,) одамларни ҳажга чорлагин, улар сенинг чақириғингга жавобан яёв ҳолларида ва барча пасту баланд йўллардан келадиган ориқ – ҳолдан тойган туялар устида келурлар», – ояти жаранглаб туради (Ҳаж сураси, 27-оят).
Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Каъбаи муаззамани қуриб битиргач, Аллоҳнинг амри билан баланд тоғ устига чиқиб, одамларни ҳажга чорлаб нидо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло у кишининг нидосини ҳаттоки қоринлардаги гўдакларгача барча одам зотига ва барча тирик жонзотга эшиттирди.
Олис мозий бағридан отилган нидо уларни узоқ ўтмишларга олиб кетади. Қадимда бу ерлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган, кимсасиз, ўт-ўлансиз саҳрою биёбон бўлганлиги, кейин қандай қилиб Иброҳим алайҳиссалом ўз фарзандлари Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда бу муборак масканни Аллоҳ таоло учун ихлос билан қурганликлари ҳамда бу ердан Замзам булоғининг отилиб чиққани, оқибатда бу замин минглаб одамлар Аллоҳнинг нидосига бўйсунганча отлиғу пиёда, якка-ёлғизу жамоалар ҳолида зиёрат қиладиган қадамжога айланиб кетгани, Қодир Аллоҳ шундай кимсасиз жойларни зиёратчилар-ла то қиёмат ободу гулистон айлагани хаёлларидан бир-бир ўтаверади. Аллоҳнинг азамати, унинг буюклигию қодирлиги интиҳосиз экани ушбу муқаддас байт мисолида рўй-рост намоён бўлади. Шунда беихтиёр Раббилари Аллоҳнинг чақириғига жавобан тиллари талбия ила ҳаракатга келади.
«Лаббайкаллоҳумма Лаббайка, Лаббайка Лаа шарийка Лака Лаббайка, Иннал-ҳамда ван-неъмата Лака вал-мулк, Лаа шарийка Лак»…
«Эй Аллоҳим, Сенинг чақириғингга мана “Лаббай!” дея кетмоқдамиз, Сенинг чақириғингга ҳар доим холис жавоб беришга бел боғладик. “Лаббай!” устига “Лаббай!” бўлсин! Сенинг нидоингга бутун мавжудотлардан кетма-кет, узлуксиз “Лаббай!” бўлсин! Сенинг улуҳиятда шеригинг йўқ, Лаббай, эй Раббим! Мақтов ҳам, неъмат ҳам мулку салтанат ҳам Сеники, Сенинг шеригинг йўқ…»
Ушбу сўзлар ҳар сафар такрорланар экан, қалбларда пайдо бўлган бояги покиза шуурлар қайта-қайта жунбушга келаверади. Анча йиллардан бери қалбларнинг бир четида ухлаб ётган бу туйғулар зилзила каби бир қўзғалади-ю, тўғонини бузиб чиққан ва ўзанига сиғмай тошиб оққан дарё сингари кишининг кўкрагига ёпирилади ҳамда кўз ёшлари билан омухта бўлганча юқорига отилади. Ахир бу сўзлар фақат тилдангина эмас, балки дилнинг туб-тубидан отилиб чиқмоқда.
Ридою изордан иборат оппоқ либос нафақат жисмоний тарафдан, балки маънавий томондан ҳам бу дунё ташвишларидан холи бўлганликларининг белгиси эканини вужуд-вужудлари билан англаб етадилар. Аллоҳу Расули томон дунёи диннинг фитналаридан қочиб бораётганликларини ич-ичларидан ҳис қилиб турадилар. Аввало пок қалб ила ҳаж қилишни дилларига тугадилар. Аллоҳу таолодан ибодатларини эсон-омонлик билан ўтаб олишлари учун мадад сўрайдилар. Бу ибодатнинг охиридаги буюк мукофотдан умид қилиб, қалблари ажиб энтикиб кетади. «Кимки бу Байтни ҳаж қилса ва ҳажи давомида фисқу-фужурли сўз ва ишларни қилмаса, ўз уйига онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳсиз) бўлиб қайтади» (Муттафақун алайҳи).
Ва ниҳоят фараҳбахш туйғулар оғушида ҳожилар карвони Маккаи мукаррамага етиб келади. Тепаликдан – осмонга бўй чўзиб турган – улуғвор Каъбаи муаззама бутун салобати билан кўзга ташланади. Мусулмон уммати учун юрак ўрнида бўлган Уммул-Қуро ўз марказидаги Каъбаи муаззама атрофида айланаётган лак-лак ҳожилар билан гупиллаб турибди. Минг йиллардан буён тўхтовсиз уриб турган бу юракдан нури ҳидоят чор атрофга йўналган томирлар орқали жасаднинг бошқа барча жойларига бетиним таралиб туради. Бу манзарадан кўзларга ёш жаладек, селдек қуйилиб келади. У қадим замонлардан бери, қанча-қанча кўз ёшлар тўкилиб, тазарру сувлари билан суғорилган, не-не дуолар ижобат қилинган, қанча-қанча мусибатлар аритилган замин устига оёқ босиб турган бўлса-ю кўзларига ёш қуйилмасинми?!..
Шундан сўнг саёҳат ҳодисалари давом этади. Дунёнинг мағрибу машриқидан келган ҳожилар Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамра каби тавҳид тарихининг ажралмас бўлакларига айланган муборак ўринларда баданларининг ранги, миллатлари ва тилларининг хилма-хиллигидан қатъий назар, якдилу-яктан бўлиб ҳаж амалларини адо этадилар. Уларни тавҳид ва ибодат бир ерда жам қилган. Ўрталарини ҳеч нарса ажратишга қодир эмас: на жинс, на ранг, на тил ва на юрт. Бу ерда подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам, бошлиқ ҳам, хизматчи ҳам, амир ҳам, маъмур ҳам бир. Барча бир хил либос – изору ридо кийган, бошлари яланг, қўллари осмонга кўтарилган, тиллари зикр, дуо ва мағфират талаби билан тинмай айланади. Барчанинг ғам-ташвиши – Аллоҳнинг розилигига эришиш, жаннатни қўлга киритиш.
Мусулмон умматининг ягона ва яхлитлиги шунда бор бўйи билан намоён бўлади. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айнан шу ўринда, айнан шу маънони таъкидлаб айтган ушбу сўзлари хотирга келади: «Бас, сизларнинг жонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ушбу кунингизнинг ҳурмати, ушбу ойнинг ҳурмати ва ушбу маконнинг ҳурмати каби бир-бирларингизга ҳаромдир! Бас, бу ерда (сўзларимга) шоҳид бўлганлар ғойибларга етказсин!» (Бухорий ривоятлари).
Бу саноқли муборак кунларда бутун мусулмон уммати рўза тутишлиги мустаҳаб ҳисобланади. Бу амалларнинг бари уларнинг сўнггидан келадиган Қурбонлик байрамига ўзгача фазилат ва ўзгача устунлик бағишлаб туради.
Шундай қилиб зулҳижжанинг тўққизинчи куни бутун дунёдан йиғилган ҳожилар Арафот аталмиш бир тепаликда жам бўладилар. Бу кунда ибодат сайли ўзининг энг юқори чўққисига чиқади. Тавбаю тазаррулар, дуою илтижолар осмонга кўтарилади. Аллоҳ таоло бирон-бир кунда Арафот кунидагичалик кўп одамни дўзахдан озод қилмайди. Бу кунда самовот оламидан малоикалар ва раҳматлар ерга нозил бўлади. Шайтони лаъийн бу кунда шунчалик аччиқ алам тортадики, бошқа бирон-бир кунда бу кундагичалик алам ва қайғуга ботмайди. Ҳожилар саноқли кунлардаги ибодатларининг мукофотига эришадилар. Аллоҳнинг раҳмат ва мағфирати, дуоларга ижобати бу мукофотларнинг тожи бўлса, бу сайлни ниҳоясига етказувчи Ийдул-Азҳо байрами ушбу тожга қадалган бебаҳо садафдек ярқираб, порлаб туради. Келгуси ҳаж мавсумига қадар Арафот тепалигидан бутун мусулмон оламига порлоқ жило таратади.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни фазилатлари
Аллоҳ таолонинг
«Тонгга қасам! Ва Ўн кечага қасам!» – дея қасам ичиши бу кунларнинг нечоғли улуғлигига ва фазлига далолат қилади. Оятда илоҳий қасамга олинган ўн кечанинг қайси кечалар эканлиги ҳақида муфассирлар икки хил фикр билдирганлар. Биринчиси, рамазон ойининг охирги ўн кечаси бўлса, иккинчи қавлга кўра, бу кечалардан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир.
Бу кунларда улуғ ибодатлар амалга оширилади. Арафада вуқуф қилиш ҳам айнан мана шу кунларнинг ичидадирки, у кунда Аллоҳ таоло бандалари учун шайтонни ғамга ботирадиган даражада беҳисоб раҳмат ва мағфиратларини инъом қилади. Шайтон алайҳиллаъна Арафа кунида кўраётган нарсаларидан, хусусан малоикалар ва Аллоҳнинг раҳматлари мўминлар устига ёғилишидан бениҳоя ғамга ботади. У ҳеч қайси кунда у кундагидек ҳақир ва мағлуб бўлиб кўринмайди.
Мазкур ўн кун мобайнида ҳаж ва умра амаллари адо этилади. Шу боисдан ҳам, бу кунлар алоҳида қасам билан тилга олинишга лойиқ бўлди.
Қуйидаги икки ҳадис зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида савобли амалларни бажариш ва хусусан нафл рўза тутишнинг нечоғли фазилатли эканига далолат қилади.
1. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар:
– Солиҳ амал ушбу ўн кун, яъни зулҳижжанинг аввалги ўн кунидагидан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон-бир кун йўқ.
Шунда саҳобалар:
– Ҳатто Аллоҳ йўлида қилинадиган жиҳод ҳамми, ё Расулуллоҳ? – дейишди.
– Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. – Аммо бир инсон жони ва моли билан чиқиб, ундан бирон нарса қайтиб келмаса, шугина мустасно (яъни ҳам шаҳид бўлади, ҳам молини сарфлаб юборади) (Бухорий ривоятлари, 969-ҳадис).
2. Ҳунайда ибн Холид ўз аёлидан, унинг аёли эса пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида, Ошуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар» (Аҳмад ривоятлари, 21829-ҳадис. Абу Довуд ривоятлари, 2437-ҳадис. Бу ҳадисни Зайлаъий «Насбур-Роя»да заиф санаганлар, Албоний эса саҳиҳ санаганлар).
Гарчи биринчи ҳадиснинг зоҳиридан зулҳижжа ойининг ўн кунида рўза тутишлик тушунилса ҳам, аслида тўққиз кун рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, рўза тутишлик ҳаром бўлади. Бунга иккинчи ҳадиснинг мазмуни ҳамда Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун – Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Бухорий ривоятлари, 1992-ҳадис. Муслим ривоятлари, 827-ҳадис).
Шу боис, уламолар байрам куни рўза тутишнинг жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. «Ўн кун» деб тилга олинишининг сабаби эса одатда катта нарсани тилга олиш билан нисбатан кичикроқ нарсани ҳам назарда тутиш ёки яхлитлаб айтиш қоидасига биноандир. Бу ўн кунларнинг асоси, меҳвари, бориб тақаладиган жойи ва хотимаси Ийд куни бўлганлигидан у кунлар Ийд куни билан қўшиб зикр қилинган.
Демак, ҳажда бўлмаганларга зулҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутишлик мустаҳаб. Аммо ҳожилар уламолар жумҳурининг қавлига биноан, тўққиз кун эмас, саккиз кун, яъни арафа кунигача бўлган кунларда рўза тутадилар. Ҳожиларнинг арафа кунида оғизлари очиқ бўлиши афзалдир.
Ийдул-Азҳо ва қурбонликнинг тарихи ҳақида
Азҳо- араб тилида «қурбонлик ҳайвони» маъносини берувчи اضحاة калимасининг кўплик шакли бўлиб, «қурбонликлар» деган маънони билдиради. «Ийд» деб эса мудом такрорланиб турувчи, қайта-қайта қилинувчи нарсага айтилади. Кейинчалик бу сўз байрам ўрнида ишлатила бошланган. Негаки, байрам доимо такрорланиб, айланиб яна қайтиб келувчи нарсадир. Ўзбекча «ҳайит» сўзи мана шу «ийд» сўзининг бузиб ишлатилган кўринишидир. Шунга кўра, Ийдул-Азҳо Қурбонлик ҳайити демакдир.
Бу байрамнинг илдизи бевосита бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссалом даврларига бориб тақалади. Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз халили Иброҳимни синаш учун унга ўғли Исмоилни Ўзи учун қурбонлик қилишни буюради. Биз ушбу мухтасар мақолада бу воқеанинг барча тарафларини, у ўз ичига олган мўъжизавор ишларни, ота-бола пайғамбарлардан содир бўлган мислсиз фидокорликларни батафсил қаламга олишни мақсад қилмадик. Фақат шуни айтишимиз мумкинки, Иброҳим алайҳиссалом тушларида Аллоҳ таоло томонидан ишора қилинган иш – қариган чоғларида муяссар бўлган биттаю битта ўғиллари, кўзларининг оқу қораси бўлмиш Исмоилни қурбонлик қилиш ҳақидаги илоҳий кўрсатмани бирон-бир қаршиликсиз амалга оширишга бел боғлайдилар. У киши бундан олдин ҳам мислсиз синовларга рўбарў бўлган эдилар. Ўз юртдошлари томонидан оловга отилдилар, киндик қонлари тўкилган юртдан ҳижрат қилдилар, кексайиб, ёшлари бир жойга боргунча фарзандсизлик доғида куйдилар. Оилаларидан жудоликда юрдилар. Энди фарзанд неъматига етишганларида эса яна битта улкан синов у зотга кўз тикиб турган эди. Аммо ота-бола пайғамбарлар бу синовни ҳам чиройли қаршиладилар. Аллоҳнинг амрини энг чиройли суратда адо этишга бел боғладилар. Бутун олам ота-бола пайғамбарларнинг Аллоҳ амрига ақл бовар қилмас даражада садоқат ва итоаткорлик кўрсатганларига шоҳид бўлди.
«Бас, қачонки иккиси ҳам бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан ерга ётқизган эдики…» (Саффот сураси, 103-оят).
Мазкур лаҳзаларда улар ҳаққоний маънода бўйинсунишди. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар буйруқни мукаммал адо этиб, ўзларидан талаб қилинган нарсани бажаришди. Энди бор-йўғи буйруқнинг жисмоний томонини амалга ошириш қолган эди. Энди фақат Исмоилнинг жонини чиқазиб, қонини оқизиш қолганди. Улар Аллоҳ улардан истаган барча нарсани қилиб бўлишди. Аллоҳ уларнинг садоқатларини ошкора кўрди. Шу нуқтада баногоҳ, илоҳий парда кўтарилди. Самовий нидо етиб келди.
«Бас, Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг. Албатта Биз, чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос» (Саффот сураси, 104-106-оятлар).
Шу тариқа, буюк синов буюк мукофот билан хотима топди.
«Биз (Исмоилни жаннатдан туширилган) катта бир (қўчқор) эвазига қутқариб қолдик (ёки Исмоилнинг қурбонлигини унинг ўрнига сўйилган қўчқорнинг қурбонлиги билан қабул қилдик). Ва кейингилар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтов-олқишлар) қолдирдик» (Саффот сураси, 107-108-оятлар).
Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан туширилган қўчқорни қурбонлик келтирдилар. Бу одат авлоддан-авлодга ўтиб, то қиёмат давом этадиган суннатга айланди.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати боболари Иброҳим алайҳиссаломга эргашиб, ҳайит кунида Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўядилар. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилдики:
«Дарҳақиқат, сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда чиройли ўрнак–намуна бордир» (Мумтаҳана сураси, 4-оят).
Жонлиқ сўйишнинг ҳайит куни амалга оширилишига келсак, бу борада Китобу Суннатда бир қанча далиллар келган. Улардан иккитасини мисол тариқасида келтириш билан кифояланамиз.
1. Кавсар сурасида Аллоҳ таоло пайғамбаримизга хитоб қилиб айтади:
«Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй!» (Кавсар сураси, 2-оят). Машҳур тобеинлардан Қатода, Ато ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳимлар оятдаги «намоз ўқи» иборасини «ҳайит намозини ўқи» дея изоҳлаганлар. Шунга кўра, ҳожилар ва бошқа қурбонлик қилувчилар ҳайит намози ўталгандан сўнг жонлиқларини сўядилар.
2. Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз (ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор–йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас».
Қурбонликнинг таърифи
Фуқаҳолар қурбонликни бир неча хил таърифлаганлар. Улар қуйидагича:
1. Махсус жониворни муайян вақтда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш ниятида сўймоқ.
2. У маълум ёшдаги, махсус ҳайвоннинг исми бўлиб, муайян кунда, ўзининг шарт-шароитлари топилганда сўйилади.
3. У ийд кунидан бошлаб ташриқ кунларининг охиригача Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш ниятида сўйиладиган чорва ҳайвонидир.
Қандай ҳайвонлар қурбонлик қилинади?
Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади.
Қурбонликнинг шартлари
Қурбонлик қилинадиган жонлиқ маълум шартларга жавоб бериши керак. Акс ҳолда қурбонлик дуруст бўлмайди. Қуйида ана шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
1. Жонлиқнинг ёши
Қурбонлик учун сўйиладиган жонивор қурбонлик ёшига етган бўлиши шарт.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади» (Муслим ривоятлари).
«Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшида бўлганларига айтилади. «Саний» луғатда умрининг иккинчи босқичига ўтган – ўрта ёшли дегани бўлиб, у «жазаъ» ёшидан кейинги босқичдир.
Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади.
Туянинг «саний»си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда «саний» бўлади.
Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига етти ой тўлганидир.
2. Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак
Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай.
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди: 1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор. 2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор. 3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор. 4. Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол–мадорсиз жонивор» (Сунан соҳиблари ривоят қилишган, Албоний саҳиҳ санаганлар).
Ушбу ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар.
1. Шапкўр жонивор.
2. Кўзи кўр жонивор.
3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор.
4. Бир оёғи кесилган жонивор.
5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. Қўтир бўлган ёки баданига яра тошган жонивор ҳам шу жумладандир. Чунки, бундай касалликлар жониворнинг хилқатига таъсир қилади, семиришига йўл қўймайди.
6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор.
7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор.
8. Қулоғи тешилган ёки қулоқ супраси ўртасидан кесилиб, ёриқ пайдо қилинган жонивор.
9. Белги учун қулоғи тешиб қўйилган жонивор.
10. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.
11. Бурни кесиб олинган жонивор.
12. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам.
13. Думбаси кесиб олинган жонивор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.
3. Қурбонлик вақти
Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир.
Ҳайит намозидан аввал ёки қурбонликнинг охирги вақтидан кейин сўйилган жонлиқ шаръий қурбонликка ўтмайди. Бунга юқорида айтиб ўтилган мана бу ҳадис далолат қилади.
Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз (ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор–йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас».
Қурбонликнинг ҳукми
Аксар уламоларнинг сўзларига кўра, моли нисобга етган бой одам учун қурбонлик қилишнинг ҳукми суннати муаккададир. Бой одам учун қурбонлик сўйишни вожиб санайдиган уламолар ҳам бор.
Қурбонлик қилишга қурби етмаётган кишиларга хушхабар бўлсинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари орасидаги қурбонлик қилолмаган одамларнинг номидан ҳам қурбонлик келтирганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда шаҳар ташқарисидаги ҳайит намозларига мўлжалланган катта майдонда Ийдул-Азҳо намозига ҳозир бўлдим. Ул зот хутбани ўқиб бўлгач, минбарларидан тушиб келдилар. У кишининг олдиларига битта қўчқор келтирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз қўллари билан сўя туриб, шундай дедилар: «Аллоҳ номи билан (буни қурбон қиламан). Аллоҳ энг буюк зотдир. Аллоҳим, бу менинг номимдан ва умматимдан қурбонлик қилолмаганлар номидан!»
Қурбонлик қилишнинг ҳикмати ва фазилати
Қурбонликнинг ҳикмати ва фазилатлари ҳақида қанча гапириладиган бўлса, шунча оз.
1. Қурбонлик – «қурбат», яъни яқинлашиш сўзи билан ўзакдошдир. Бу билан биринчи ўринда Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиш, унинг марҳаматига яқин бўлиш мақсад қилинади.
Аллоҳ таоло учун ҳузуридаги энг яхши нарсани қурбон қилиш инсон қалбига ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этади. Унинг орқасидан қўлга киритиладиган улкан ажру мукофот умиди кишининг фикру зикрини маълум муддатга бўлса-да, фоний дунёнинг фоний моддаларидан узиб, боқий оламнинг боқий бойликларига кўз тикишга ундайди. Қалбни бахиллик иллатидан тозалайди.
2. Қурбонлик келтириш ўзимиз мансуб бўлганимиз ҳаниф миллатнинг соҳиби Иброҳим алайҳиссаломга эргашиш демакдир. У кишининг суннатларини жонлантиришдир. Шу билан ширклардан юз ўгириб, якка Аллоҳ томонга қалби билан ҳижрат қилган, тавҳидни ҳаётию мамотининг шиорига айлантирган, Аллоҳни ҳатто ўзига энг суюкли бўлган фарзанди аржумандидан ҳам кўпроқ яхши кўрган ва ҳамма нарсадан Унинг розилигини юқори қўйган Халили Раҳмоннинг ҳаётидан ибрат ва ўрнак олишдир.
3. Бу – Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир.
«(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар) экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят).
4. Байрам кунида қурбонлик сўйиш хурсандчилик устига яна бир хурсандчиликдир. Бу инсоннинг ўзига ва аҳли оиласига кенгчилик яратиши учун василадир. Қўни-қўшни, ҳешу ақрабо ва ёру биродарларга икром қилиш, фақиру мискинларнинг, шикаста дил одамларнинг кўнгилларига шодлик олиб кириш учун энг яхши фурсатдир.
5. Тақвога эришиш.
Аллоҳ таоло айтади:
«Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки (шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур» (Ҳаж сураси, 37-оят).
6. Қурбонлик Аллоҳ таолога У Зот ато этган ҳисобсиз неъматлари учун шукр қилишнинг бир кўринишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бани башарга санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беадад неъматлар ато этди. Унга ҳаёт берди, хилқатини чиройли қилди, сиҳат-саломатлик берди, ҳис-туйғуларини баён этиши учун тил, ёруғ дунёни кўриши учун икки кўз, оқни қорадан ажратиши учун ақл берди. Бойлик, молу давлат берди. Иймону ислом неъматига муяссар этди. Буларнинг бари шукр қилишни вожиб қилувчи буюк неъматлардир. Қурбонлик ана шу неъматларнинг ожизона бир шукронаси ўлароқ банда томонидан амалга ошириладиган ишдир.
7. Қуйидаги ҳадис ҳам Аллоҳ таоло учун қурбонлик сўйишнинг нечоғлик фазилатли эканига далолат қилади.
Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди. (Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин!» (Термизий ривоятлари).
Қурбонлик қилувчига боғлиқ айрим масалалар
Қурбонлик қилишни ният қилган одам зулҳижжа ойининг ҳилоли кўринишидан бошлаб, токи жонлиқни сўйгунга қадар соч-соқоли, тирноқлари ва баданидан ўсадиган бирон тукни олмаслиги керак. Қурбонлик қилувчи одамнинг токи жонлиқни сўймагунича бу ишларни қилиши жоиз эмасдир. Бунга қуйидаги ҳадислар далолат қилади.
1. Умму Салама онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Зулҳижжанинг ўн кунлиги кирса ва биронтангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, бас, соч–соқоли ва терисига тегмасин» (Муслим ривоятлари).
2. Бошқа ривоятда шундай дейилади: «Кимнингки, қурбонлик қилмоқчи бўлган жонлиғи бўлса, зулҳижжанинг ҳилоли кўрингач, токи уни сўймагунча сочи (соқоли) ва тирноғидан ҳеч нарсани олмасин» (Муслим ривоятлари).
Қурбонлик қилувчи одамнинг соч-соқоли, тирноқлари ва баданидаги бирон-бир тукни олишдан қайтарилишининг ҳикмати нимада деган саволга Имом Нававийнинг қуйидаги сўзларини келтиришимиз ўринлидир.
Имом Нававий айтдилар: «Мазҳабимиз уламолари айтадилар: бу қайтариқдан мурод шуки, токи қурбонлик қилувчи киши барча аъзолари билан биргаликда дўзахдан озод қилиниши учун баданининг барча қисмлари комил ҳолда қолсин».
Қурбонликка оид айрим масалалар
1. Қурбонлик қилишда иштирок этиш
Туя ва сигирни қурбонлик қилишда етти киши иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан, етти киши тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: «Биз Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда қурбонлик қилдик. Шунда туяни етти кишидан, сигирни ҳам етти кишидан қурбонлик қилдик» (Муслим ривоятлари).
Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул-вадодаги қурбонликда сигирга етти кишини шерик қилиб сўйдирдилар» (Аҳмад ривоятлари. Ҳайтамий дедилар: «Бу ҳадиснинг ровийлари – ишончли кишилар»).
Аммо қўй ва эчкиларда эса шерикчилик мумкин эмас. Битта қўйни фақат бир киши сўйиши мумкин.
2. Битта қўйнинг бутун оила учун кифоя қилиши
Жумҳур уламоларнинг таъкидлашларича, битта қўйни қурбонлик қилиш оиланинг барча аъзолари номидан кифоя қилади. Агар оиладан битта одам битта қўйни қурбонликка сўйса, бутун оиланинг номидан суннат ва Ислом шиори адо этилган бўлади.
3. Қурбонлик қилишга қодир одам жонлиқ сўйгани афзалми ёки унинг баҳосини садақа қилгани афзалми?
Бу саволга саҳоба, тобеин ва салафи солиҳлардан иборат бир қатор уламолар: «Қурбонлик қилиш афзал», дея жавоб берадилар. Биринчидан, юқорида кўриб ўтганимиздек, қурбонлик сўйишнинг тенгсиз ҳикматлари ва манфаатлари беҳисобдир. Бу Аллоҳ таолонинг шиорини улуғлаш, тақвога эришиш, пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломга эргашишдир. Иккинчидан, агар қурбонлик сўйгандан кўра унинг баҳосини садақа қилиш афзал бўлганда эди, шубҳасиз, бу ҳақда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган бўлардилар. Балки, бу ишни ул зотнинг ўзлари биринчи бўлиб бошлаб берган бўлардилар. Ва у кишининг саҳобалари ҳам бу ишга тарғиб қилган бўлардилар. Модомики, бу нарса на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва на у кишининг саҳобаи киромларидан содир бўлмаган экан, маълум бўладики, қурбонлик сўйиш унинг пулини садақа қилишдан афзалдир.
4. Қурбонликдан фойдаланиш ва унинг тақсимоти
Жумҳур аҳли илмларнинг фикрларига кўра, инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши мустаҳабдир. Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабидаги уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Бироқ, агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир. Имом Шофеий дохил бошқа бир тоифа уламолар фикрига кўра эса, қурбонлик уч қисмга тақсимланади: бир қисмини қурбонлик соҳиби ейди, бир қисмини ғамлаб қўяди, яна бир қисмини эса садақа қилади. Юқорида айтилган масалаларнинг ҳаммаси Китобу Суннатдан ўз далил-ҳужжатларига эга. Баҳсимиз чўзилиб кетмаслиги учун уларни бу ерда келтириб ўтирмадик.
Ийд ва ташриқ кунлари
«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» (Бақара сураси, 203-оят).
«Токи сизлар бу саноқни тўлдирурсиз ва сизларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлагайсизлар! Шоядки, шунда шукр қилгувчилардан бўлурсизлар!» (Бақара сураси, 185-оят).
Маълумки, замон ва маконнинг шарофати билан солиҳ амаллар ҳам бир-биридан тафовут қилувчи ўзгача шараф ва афзаллик касб этади. Аллоҳ таоло маълум кунларда Ўзига ибодат қилишни, Ўзини зикр этиб улуғлашни бошқа кунлардагидан кўра афзалроқ ва ажрини олийроқ қилди. Бундай кунларда бажариладиган солиҳ амалга бошқа кунлардагидан кўра чандон-чандон орттириб ажр берилгусидир. Шунинг каби бундай кунларда содир қилинадиган гуноҳнинг даҳшати ҳам бошқа кунлардагидан кўра улканроқ бўлади. Муқаддас ойлардан бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ва ташриқ кунлари ана шундай муфаззал қилинган кунлар жумласидандир.
Ислом умматининг барча вакиллари бу кунларни рўзаю ибодат, зикру тасбеҳлар, такбиру таҳлиллар ва хайру садақалар билан обод қилган ҳолда ўтказадилар. Бу кунларда умр фарзи бўлмиш ҳаж ибодатининг асосий маросимлари бўлиб ўтади. Шундай қилиб, зулҳижжанинг ўнинчи кунида бу ойнинг ҳилоли чиқиши билан олам аро бошланиб кетган ибодат сайли ўзининг авж палласига кўтарилади. Саноқли кунлардаги ибодатларнинг мукофоти – Қурбон ҳайити кўзларимизни қувонтириб оламга меҳмон бўлади. Бундай дориломон кунларга офият ила етказгани ва бошқа барча зоҳирий ва ботиний неъматлари учун шукрона сифатида миллионлаб мусулмонлар Аллоҳ таоло учун қурбонликлар сўядилар. У кунда Аллоҳ таоло учун қон чиқазишдан ҳам кўра маҳбуброқ бўлган бирон-бир амал бўлмас. Шу жиҳатлардан ҳам Ийдул-Азҳо байрами алоҳида эътиборга моликдир.
Ҳар бир умматнинг ўз байрам ва шодиёналари бўлгани каби охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг ҳам байрам қиладиган ўз табаррук саналари мавжуд.
Абу Довуд Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, бу шаҳар аҳолисининг иккита байрами бор эди. Улар ўша кунларда ўйин-кулги қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан мазкур икки кун ҳақида сўраганларида, улар бу икки кун жоҳилият даврида байрам қиладиган кунлари эканлигини айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло сизлар учун бу икки байрамингизнинг эвазига улардан яхшироқ бўлган бошқа икки байрамни берди. Улар: Азҳо куни ва Фитр кунларидир!»
Бинобарин, ҳафталик байрам – жума кунидан ташқари Ислом умматининг энг катта байрамлари Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо ҳисобланади. Баҳсимиз мавзуи Ийдул-Азҳо (Қурбонлик ҳайити) бўлганлиги туфайли унга оид айрим масалалар хусусида бир оз кенгроқ тўхталиб ўтмоқчимиз.
Ийд сўзининг келиб чиқиши арабча «عاد» (қайтмоқ, қайтармоқ, фойда ёки зарарни олиб келмоқ) феълига бориб тақалади. «Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ» китобининг муаллифи шундай дейдилар: «Ийд сўзи билан унинг ўзаги бўлган «қайтиб келиш» сўзи орасида муносабат борлиги сир эмас. У шунинг учун ҳам шундай номландики, у кунда Аллоҳ таолодан бандаларга лутфу–иноят, инъому–эҳсонлар қайтади; Ёки бундай номланишига сабаб, у кун такрор–такрор келади, қайта–қайта нишонланиб, байрам қилинади; Ёхуд у одамларга шодлик олиб келгани учун шундай номланган; Ё эса, худди карвонни яхши ният билан «қофила» яъни «қайтиб келувчи» деб номлаганлари сингари, бу кунга ҳам қайта етишиш насиб бўлишига умид боғлаб, некбинлик юзасидан «ийд» номи берилган».
Жумҳур уламолар сўзларига кўра, озод, соғлом, оқил ва болиғ бўлган эркак мусулмон кишига ийд намозига ҳозир бўлиш вожибдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини мунтазам равишда қоим қилганлар, ҳеч қачон тарк қилмаганлар. Агар қулнинг хожаси рухсат берса, унга ҳам ийд намозида қатнашиш вожиб бўлади. Аёл кишининг ийд намозига ҳозир бўлиши эса мустаҳаб саналади. Фақат шу шарт биланки, ийд намозига бораётган аёл киши ортиқча зийнатланмасдан, шаръий ҳижобга ўранган ҳолда бориши керак.
Ийдул-Азҳо кунида риоя қилиш мустаҳаб саналган ва беҳад ажру савобли бўлган маълум ишлар ва одоблар бор. Қуйида уларга қисқача тўхталиб ўтамиз.
1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, бисотидаги либосларнинг энг яхшисини кийиш ва ҳушбўйланиш. Негаки, бу шундай улуғ байрам ва шодиёнаки, у кунда мусулмонларнинг ҳайъатида ҳам байрамона кайфият кўриниб туриши керак. Боз устига, ҳайит намозига кетаётган одам албатта издиҳомга рўбарў бўлади. Шу боис ҳам ундан ҳушбўй ҳидлар таралиб туриши мақсадга мувофиқдир.
2. Ийдул-Азҳо куни Ийдул-Фитр кунидан фарқли ўлароқ, ҳайит намозига ҳеч қандай егуликдан тотинмаган ҳолда чиқиб кетиб, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни нарса емагунча намозга чиқмас эдилар, Азҳо куни эса ҳайит намозини ўқиб бўлмагунча нарса емас эдилар» (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари. Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ санаганлар).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Азҳо куни намоздан олдин таом ейишдан тийилишларининг ҳикмати ҳақида Мулло Али Қорий бундай дейдилар: «Бунинг сабаби ўша кунда биринчи бўлиб ейдиган нарсаси ўз қурбонлигининг гўштидан бўлмоғи учундир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ундан (яъни сўйган қурбонлигингизнинг гўштидан) енглар ва бечора–камбағалларга ҳам едиринглар!» Шу боис ҳам, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш юзасидан у куни энг биринчи ейиладиган нарса қурбонлик гўшти бўлади» (Мирқотул-мафотиҳ 3-544).
3. Ҳайит намози ўқиладиган жойга мумкин қадар эртароқ бориш, юзида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлиб туриши, мумкин қадар кўпроқ садақа ва хайру эҳсонлар қилмоқ.
4. Ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳамда намозгоҳга бир йўлдан борган бўлса, қайтишда у йўлни ўзгартириб, бошқа йўлдан пиёда қайтиш ҳам мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Бунинг ҳикмати борасида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар. Жумладан, шуни айтиш мумкинки, ҳайит намозига пиёда борилса, шаҳар кўчалари мусулмонлар билан тўлиб-тошиб оқади. Исломнинг шону шавкати бунда зоҳир бўлади. Ғайридину мунофиқлар Исломнинг ҳайбат ва азаматини кўриб қўядилар. Бундан ташқари, бундай қилинганда байрамона кайфият нафақат одамларнинг ичларида, балки шаҳару қишлоқларда ҳам, кўчаю майдонларда ҳам яққол намоён бўлади. Ҳайитнинг табаррук нафаси ҳамда мусулмонларнинг муборак қадамлари ва яхшиликларидан барча кўчалар ва йўллар ҳам баҳраманд бўлади. Оламда баҳорий насимдек ҳушбўй кайфият ҳукмрон бўлади. Буни кўчаларни тўлдириб, юзларида шодон ифода билан уйларига қайтаётган ораста кийинган одамларда, намоз ўқиб бўлиниши билан ҳамма ерда ёйиб ташланган турфа хил егуликлар, нозу неъматлар ва совғаю саломлардан ўз аҳли оиласига олиб бориш учун харид қилаётган оила бошлиқларида, ота, амаки ва акаларининг ёнларида қувончлари бир олам бўлиб, турфа хил ўйинчоқларни ўйнаб келаётган болаларнинг бахтиёр қиёфаларида ҳам кўришингиз мумкин. Боз устига, ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтилганда инсон яна ҳам кўпроқ одамларни кўради, анчадан бери кўрмаётган ёру биродарлари билан дийдор кўришади ва уларни шодиёна билан табриклаш фурсатига эга бўлади. Айрим уламоларнинг қайд қилишларича, инсон ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтса, юрган ҳар бир йўли ҳамда ўша йўлларга қўйилган ҳар бир фаришта ҳам қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳликка ўтар экан.
5. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан бошлаб, то ташриқ кунларининг охиригача такбири ташриқ айтилади. Унинг кўриниши мана бундай: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллааҳил-ҳамд».
Ийд куни намозга чиқиб кетилаётганда ҳам ушбу такбирларни айтиш мустаҳаб. Сўнгра имом ҳайит намозини ўқиб бўлгандан кейин ҳам у билан биргаликда бу такбирлар такрор айтилади. Бу такбирни ташриқ кунларининг охиригача мудом айтиб юриш мустаҳаб саналади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра, бу такбирларни товушни ортиқча баланд кўтармасдан ҳар ким ўзича айтиб юриши лозим. Негаки, такбир дуо ва зикр ҳисобидадир. Дуо ва зикр эса мулойимлик билан айтилади. Аммо «Бу такбирлар кўча–кўйларда, бозорларда ва таниш–билишлар билан учрашганда товушни кўтариб айтилиши лозим», деб таъкидлагувчи олимлар ҳам бор. Бир тоифа уламоларнинг сўзларига кўра, ташриқ кунлари ҳайит кунидан сўнгги икки кун бўлса, бошқа тоифа олимлар у кунларни ҳайит кунидан кейинги уч кун дейдилар. Бу кунларнинг ташриқ кунлари дейилишига сабаб шуки, «ташриқ» сўзи араб тилида бирон нарсани офтобга ёйиб, қоқилаш деган маънони англатади. Одамлар бу кунларда келгусига ғамлаб қўйишга мўлжалланган қурбонлик гўштларини бузилиб қолишидан сақлаш учун офтоб нурига ёйиб, қоқилар эдилар. Шунинг учун, бу кунлар ташриқ кунлари деб аталди. Шу боис, бу кунларда айтиладиган такбир ҳам «ташриқ такбири» деб юритилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» Муфассирлар бу «саноқли кунларни» ташриқ кунлари дейдилар.
Ийдул-Азҳонинг биринчи куни дохил ташриқ кунларида рўза тутиш ман этилади. Чунки бу кунлар еб-ичиб, чинакам байрам қилинадиган кунлардир.
Нубайша ал-Ҳузалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Ташриқ кунлари ейиш–ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!» (Муслим бу ҳадисни 1141 рақами билан ривоят қилганлар).
Рўза тутиш ман қилинган бу кунларнинг неча кунлиги борасида ҳам ташриқ кунларининг қайси кундан эътиборан бошланиши ҳақида пайдо бўлган ихтилоф туфайли уламолар томонидан икки хил фикр билдирилди. Аксар уламолар ташриқ кунлари ҳайитдан кейинги уч кун дейдилар. Шунга биноан, рўза тутиш ножоиз бўлган кунлар умумий тўрт кунни ташкил этади.
6. Ийдул-Азҳо куни ёр-биродарлар, хешу ақраболар билан кўришганда уларни байрам билан қутлаб, «Аллоҳ қабул қилсин, ҳайитингиз муборак бўлсин» каби табрик сўзлари алмашиниш ҳамда улар билан қучоқлашиб кўришиш ҳайитнинг одобларига киради.
7. Аллоҳнинг шиорларини улуғлагувчи ҳар бир мўмин киши ҳайит кунларида чинакам байрам қилиши керак. Ҳайит кунидан бир кун олдин бозорга тушиб, оила аъзолари учун ҳайит совғалари харид қилиш ва уларни ҳайит намози ўқилгандан сўнг оиланинг катталаридан бошлаб тақдим қилиш, ўша куни ҳайит намози ўқиб келингач, барча оила аъзолари билан аввалдан тузатилган тўкин дастурхон атрофида жам бўлиш, бир-бирига ниҳоятда чиройли муомалада бўлиш, аҳли аёл билан бола-чақаларни боғмиди, хиёбонмиди ёки бирорта ошхона каби дилдан суҳбатлашиб, кўнгил ёзиш мумкин бўлган жойларга олиб бориш ва ҳоказолар нақадар ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит кунида қариндош-уруғ ва ёру биродарларни зиёрат қилиш ҳам у куннинг одобларидан ҳисобланади.
Ҳайит кунларида кузатиладиган айрим хато ва мункар ишлар
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, айрим одамлар ҳайит кунларида бу кунларнинг руҳига тамоман терс келувчи бидъат ва мункар ишларни қиладилар. Исломга алоқаси йўқ байрамларни хурсандчилик ва кўнгилхушлик билан ўтказганлари ҳолда Ислом байрамларини аллақандай мотамсаро қиёфага солиб қўядилар. Шундай мункар ишлардан бири ҳайит кунларини таъзия ва «фотиҳагарчилик» деб аталувчи бидъат маросимлар учун хослашдир. Ваҳоланки, ҳайит кунлари одамлар байрам қилишлари керак. Боз устига, бу ишлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи салом” нинг «Кимки, бизнинг бу ишимизда унда бўлмаган бир ишни пайдо қилса, у мардуддир!» – деган муборак сўзлари маъносига ҳам дохилдир. Баъзилар эса ҳайит кунлари арафасида йил ўн икки ой қадам босмагани мозорларга бориб, дуои фотиҳалар қиладилар. Албатта шариат кўрсатмаларидан четлашмаган ҳолда қабрларни зиёрат қилиш манфаатдан холи эмас. Бироқ, ҳайит кунларини шундай ишлар учун хослашлик тўғри эмас. Аллоҳ таоло барчамизни бидъат ишлардан узоқ қилсин!
Ҳайит кунлари маъсият ва маст қилувчи ичимликлар устида тўпланиб «байрам қилиш» ҳам қатъиян ҳаромдир.
* * *
Аллоҳим!.. Ўтиб бораётган бу кунларни бизлар учун савоб захираси қилгин! Кириб келаётган Ийдул-Азҳо байрамини бутун дунё мусулмонлари учун муборак қилгин! Дуоларимизни мустажоб дуолардан қилгин! Ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, аҳлу аёлларимиз, фарзанд-зурриётларимиз ва ўзларимизга офият ато қилгин! Барчаларимизга иймону Исломда ҳаёт кечирмоқликни насиб этгин!.. Оқибатларимизни хайрли қилгин!.. Ва ахиру даъваана анил-ҳамду лиллааҳи раббил-ъаламийн!