Фитр садақасининг миқдори қанча ва у қачон берилиши лозим?

Фитр садақасининг миқдори қанча ва у қачон берилиши лозим?

Савол: Биз Барселонада яшайдиган Шимолий Африкаликлар гуруҳининг аъзоларимиз. Фитр садақаси миқдори қанча эканини қандай қилиб аниқласак бўлади?

Жавоб: Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у кишининг бир «соъ» миқдорида хурмо ёки арпани фитр садақаси тариқасида барча мусулмонларга вожиб қилганлари ҳамда уни одамлар Ҳайит намозига кетишларидан олдин беришлари лозим эканини буюрганлари келтирилади. Саҳиҳайн, яъни имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳунинг ривоятлари келтирилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида биз бир «соъ» миқдорида таом ёки бир «соъ» хурмо, ёки бир «соъ» арпа ёки бир «соъ» майиз берардик».

Баъзи уламолар ушбу ҳадисдаги «таом»ни буғдой деб талқин этишган. Яна баъзилар эса уни хоҳ буғдой бўлсин, хоҳ бошоқли бошқа дон-дунлар бўлсин, бундан қатъий назар, ҳар қайси маконнинг одатий озиқ-овқати деб таърифлашган. Мана шу тўғрироқ қарашдир, чунки фитр садақаси бойдан камбағалга ёрдам бўлиб, мусулмон одамнинг энг яхши ёрдами ўз юртининг одатий озиқ-овқатидан бошқа нарса бўлолмайди. Шубҳасиз, гуруч икки муқаддас масжидни ўз ичига олган Саудияда энг яхши одатий озиқ-овқатдир. У яхши ва қадрга эга. У ҳадис матнида зикр этилган арпадан кўра авлорокдир. Шунга кўра, фитр садақаси сифатида гуруч беришнинг ёмон жойи йўқ.

Бериладиган озиқ-овқатнинг миқдори бир «соъ», яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «соъ»лари миқдорида бўлиши керак. «Ал-Қомус» ва бошқа манбаларга кўра, бу миқдор икки кафтни тўлдириб тўрт марта олишга, яъни тўрт ҳовучга тўғри келади. Замонавий ўлчовда бу тахминан 3 кг бўлади. Агар мусулмон одам 1 кг гуруч ёки ўз юртида одатий бўлган бошка озиқ-овқат турларидан берса, уламоларнинг бу борадаги икки хил қарашларининг тўғрироғига кўра, гарчи ҳадисда зикр этилмаган нарсалардан бўлса-да, бу кифоя қилади. Шунингдек, 3 кг баробарида бериш ҳам жоиз.

Фитр садақаси ёшу қари, эркагу аёл, озоду тутқун барча мусулмонлар номидан берилиши керак. Уламоларнинг ижмосига кўра, она қорнидаги ҳомила учун фитр садақаси бериш вожиб эмас, балки халифалардан Усмон разияллоҳу анҳу шундай қилганлари учун мустаҳабдир.

Фитр садақасини Ҳайит намозидан олдин бериш вожибдир. Уни Ҳайит намозидан кейингача қолдириш жоиз эмас. Уни Ҳайитдан 1-2 кун олдин бериш ҳам мумкин. Фитр садақаси берилиши мумкин бўлган энг эрта вақт – уламоларнинг бу борадаги икки қарашларидан тўғрироғига кўра – Рамазоннинг 28-чи кечасидир. Бунга сабаб ой 29 ёки 30 кун бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари фитр садақасини Ҳайитдан бир ёки икки кун олдин беришга одатланган эдилар.

Фитр садақаси берилиши керак бўлган одамлар албатта камбағал ва муҳтожлардир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор одамга бекорчилик ва нолойиқ сўзлардан покланиши ҳамда камбағални таомлантириши учун вожиб қилдилар. Кимки уни Ҳайит намозидан олдин берса, у фитр садақасидир, кимки уни ҳайит намозидан кейин берса, у оддий садақадир» (Абу Довуд ривояти, Албоний «Саҳиҳ Аби Довуд»да ҳасан ҳадис деб тасниф этган).

Аксарият уламоларнинг фикрига кўра, фитр садақасини пул билан бериш мумкин эмас. Мана шу фикрнинг далили кучлироқ. Фитр садақа таом, озиқ-овқат кўринишида берилиши лозим, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари мана шундай қилишган. Шунингдек, бу уммат олимлари аксариятининг фикри ҳамдир.

Аллоҳ таолодан бизга ва барча мусулмонларга Унинг динини тўғри тушуниш ва унга мустаҳкам риоя этишда ёрдам беришини, барчамизни ҳақ йўлга бошлашини сўраб қоламиз. Зеро, У Меҳрибон ва Раҳмли бўлган Зотдир.[1]

Шайх Ибн Боз, Фатволар тўплами, 14/200.


[1] Бу Шайх Ибн Боз раҳматуллоҳи алайҳининг фикрлари эди. У киши фитр садақаси миқдорини тахминан 3 кг деб ҳисобладилар.

Шунингдек, бу Фатволар ва илмий тадқиқотлар бўйича доимий қўмита уламоларининг ҳам фикрларидир (9/371).

Шайх Ибн Усаймин раҳматуллоҳи алайҳи фитр садақаси миқдорини граммда ҳисоблаб, унинг 2100 грамм бўлиши ҳақида айтганлари «Фатово аз-Закот» китобининг 274-276 бетларида келтирилади.

Бу борадаги хилма-хилликнинг сабаби шуки, «соъ» аслида оғирлик эмас, ҳажм ўлчовидир.

Олимлар уни ҳисоблашга осон бўлсин учун оғирликда ҳисоблашган. Маълумки, дон-дунларнинг оғирлиги ҳар хил бўлади. Баъзилари енгил, баъзилари эса оғирроқ, яна баъзилари эса нисбатан ўртача вазнда. Аслида бир турдаги бир «соъ» дон бошоқлари турли вазнга эга бўлиши мумкин ҳамда янги бошоқларнинг вазни эскиларидан кўра бошқачароқ бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, агар одамлар эҳтиёт томонини олиб, кўпроқ берсалар, яхшироқ бўлади.

Шу каби масала «Ал-Муғний»да ҳам келтирилган бўлиб (4/168), у ерда дон-дунларнинг нисобини вазн бўйича ҳисоблаш ҳақида сўз юритилади.

Аллоҳ яхшироқ билувчидир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan