Шайх Абдулазиз Рожиҳий ўзини портлатиш зарарлари ҳақида

Шайх Абдулазиз Рожиҳий ўзини портлатиш зарарлари ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, якка Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Сўнг …

Портлатишлар – бу фисқ ва жиноятдир! Фисқ ва жиноятдир! Ўзини портлатувчи инсон эса, Аллоҳ бизни бундан сақласин, уйларни вайрон қилиш ва бегуноҳ инсонларни ўлдириш билан кўпгина жиноятларни содир этади:

Биринчи жиноят – у ўзини ўзи ўлдиради, бу эса содир этган кимсани Дўзахга гирифтор қилувчи гуноҳи кабирадир! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса билан азобланади» (Бухорий ва Мулим ривояти).

Иккинчи жиноят – у иймон келтирган мусулмонларни ноҳақ ўлдиради. Бу ҳам гуноҳи кабиралар сарасига киради. Аллоҳ бу ҳақда айтади:

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

Учинчи жиноят – аҳд-шартномада бўлган кофирни ўлдириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким муоҳидни[1] ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди» (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳатто мусулмонлар билан урушаётган бўлсада, хавфсизлик кафолати остида мусулмонлар ерига кирган кофирга ҳам тааллуқлидир!

Тўртинчи жиноят – мол-мулкларни вайрон қилиш ва бузиш. Улар портлатаётган бино ва иншоотларга қанча миллионлар сарф қилинган?! Ахир бу катта пулку!

Бешинчи жиноят – ер юзида фасод тарқатиш. Аллоҳ таоло эса айтади:

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – ўлдирилиш ё дорга осилиш,  ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёхуд ўз  ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик— шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир» (Моида: 33).

Олтинчи жиноят – мўминларда қўрқувни пайдо қилиш.

Еттинчи жиноят – хавфсизликнинг бузулиши.

Саккизинчи жиноят – ушбу ҳаракатлар фосиқ ва мунофиқларга солиҳ мусулмонларга қарши ёмон гапларни гапиришига баҳона бўлади.

Мусулмон бундай ҳаракат орқали нимани истайди ўзи?! У Аллоҳ йўлидаги жиҳодни истайдими?! Баъзилар шундай дейишади. Ахир бу жиҳодми?! Бу қандай жиҳод бўлсин?! Наҳотки ўз жонини ўлдириш жиҳод бўлса, ҳатто у ўзини кофирлар орасида портлатган бўлса ҳам? Бу жиҳод эмас!

«Шарҳ Усул ас-Сунна»

Манба: http://www.fatwa1.com/anti-erhab/Irhabi … afgirat.rm

Юклаб олиш [437 Kb]



[1] Муоҳид зиммий – мусулмонлар диёрида доимий аҳд-шартнома ёки вақтинча сулҳ остида яшаб турган, ёки улардан мусулмонлар диёрига ўзига хос ва вақтинчалик алоҳида битим билан келган ғайридин кишиларга айтилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan