Агар рўзадор унутган ҳолда еб-ичса, уни огоҳлантириладими?
Савол: Агар рамазонда кундуз куни рўзадор одамнинг унутиб, еб-ичаётгани кўрилса, унга рўзадор экани эслатиладими ёки йўқ?
Жавоб: Кимки рамазонда кундузи рўзадор одамнинг еб-ичаётганини кўрса, унга эслатиши вожибдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда хато қилганларида: «Агар унутсам, менга эслатинглар», деганлар. Унутган инсон унутгани туфайли узрлидир. Шеригининг рўзадорлиги эсида турган одам шу иш рўзани бузади, деб била туриб, айтиб қўймаса нуқсонга йўл қўйган бўлади. Чунки у биродаридир, шундай экан, ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўриши вожиб бўлади.
Хулоса шуки, кимки рамазон куни рўзадор одамнинг унутган ҳолда еб-ичаётганни кўрса, унга эслатади. Рўзадор эса дарҳол ейишдан тўхташи керак. У еб-ичишда давом этиши жоиз эмас. Аксинча, агар унинг оғзида сув ёки овқат бўлса, уни чиқариб ташлаши вожиб бўлади, рўзадорлиги эсига тушгандан кейин ёки эслатилгандан кейин уни ичига ютиши жоиз бўлмайди.
Мен шу муносабат билан рўзани бузадиган нарсалар уч ҳолатда рўзани бузмаслигини баён қилмоқчиман:
1) унутиб еб қўйиш;
2) билмасдан еб қўйиш;
3) мақсад қилмасдан еб қўйиш.
1) Агар инсон рўзадорлиги ёдидан кўтарилиб, еса ё ичса, унинг рўзаси тўлиқ бўлаверади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки рўзадор ҳолида унутиб еса ё ичса, рўзасини охирига етказсин, уни Аллоҳ едириб ичиргандир», деганлар.
2) Агарда у тонг отмади ёки қуёш ботди деган гумон билан еса ё ичса сўнгра бунинг акси маълум бўлиб қолса, унинг рўзаси дурустдир. Асмо бинт Абу Бакрнинг ҳадислари шунга далолат қилади. Улар айтадилар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида булутли кунда ифтор қилдик, сўнгра қуёш чиқиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қазога буюрмадилар». Агарда қазо вожиб бўлса, уларни шунга буюрар эдилар. Агар буюрсалар, бу бизга нақл қилинар эди. Чунки шунга буюрсалар, бу Аллоҳнинг шариатидан бўлиб қолар эди. Аллоҳнинг шариати сақланиб, қиёматгача етиб бориши лозимдир.
3) Шунингдек, киши рўзани бузадиган ишни кўзламаган бўлса, унинг рўзаси бузилмайди. Масалан, у оғзини чайсаю, сув унинг ичига кетиб қолса, рўзаси бузилмайди, чунки у буни мақсад қилмади. Бунинг яна бир мисоли, киши рўзадор ҳолида эҳтилом бўлиб, ундан маний келса, рўзаси бузилмайди. Чунки у ухлаб ётган эди, буни мақсад қилмаган эди.
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ
Таржимон: Абу Аҳмад