Қадр кечаси қачон бўлади?
Савол: Қадр кечаси қачон бўлади?
Жавоб: Ҳамду сано Аллоҳга хосдир.
Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шундай сўз саҳиҳ бўлиб келган. У зот: «У Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир», деб айтганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Қадр кечаси мана шу ўн кунликнинг тоқ кечаларида бўлади.
Лекин тоқ дегани ўтган кечаларнинг ҳисоби билан бўлиши мумкин. Ана шунда сиз уни йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечалардан излайсиз.
Шунингдек, у қолган кечаларнинг ҳисоби билан бўлиши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «… Қолган тўққизинчи, қолган еттинчи, қолган бешинчи, қолган учинчи (кечалар)да…» (кечалар) деганлар (Бухорий ривоятлари). Шунга биноан, агар ой ўттиз кунлик бўлса, бу жуфт кечаларга тўғри келади ва йигирма иккинчи кеча охиридан қолган тўққизинчи кеча, йигирма тўртинчи эса охиридан қолган еттинчи кеча деб ҳисобланади. Буни Абу Саид Худрий саҳиҳ ҳадисда шу тарзда тушунтирганлар (Муслим ривоятлари). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда мана шундай қилганлар.
Агарда ой йигирма тўққиз кунлик бўлса, қолган кечалар бўйича қилинадиган ҳисоб ўтган кечалар бўйича қилинадиган ҳисоб билан бир хилда бўлади (яъни унақасига ҳисобланганда ҳам, бунақасига ҳисобланганда ҳам кечаларнинг тоқ ва жуфтлиги бир хил чиқаверади – таржимон). Модомики шундай экан, мўмин киши Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг ҳаммасидан излаши керак. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Уни охирги ўн кунликдан изланглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Охирги етти кечанинг Қадр кечаси бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Унинг энг кўпроқ бўлиш эҳтимоли йигирма еттинчи кечадир. Убай ибн Каъб Қадр кечаси йигирма еттинчи кеча, деб қасам ичар эдилар. Улардан: «Буни қайдан билдингиз?» деб сўрашганда у киши: «Расулуллоҳ бизга айтиб берган белгидан билдим. У зот бизга ўша куни эрталаб қуёш нурсиз бўлиб худди тоғора каби чиқишини айтиб берганлар», деб жавоб берганлар (Муслим ривоятлари).
Убай ибн Каъб айтиб берган мана шу аломат Қадр кечасининг ҳадисда айтилган энг машҳур аломатларидан ҳисобланади. Унинг яна қуйидаги аломатлари ҳам ривоят қилинган: У ёғдули, нурли кеча, у тинч кеча бўлиб, унда кучли иссиқ ҳам, кучли совуқ ҳам бўлмайди. Аллоҳ уни айрим одамларга тушда ёки ўнгда аён этиши ҳам мумкин. Ана шунда у мазкур кечанинг нурларини ёки унга «Бу қадр кечасидир», дейдиган кимсани кўради. Гоҳо Аллоҳ унинг қалбига шундай мушоҳадаларни очиб қўядики, у Қадр кечасини аниқлаб олади.
Аллоҳ таоло билгувчироқдир.
Шайхулислом Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ
Таржимон: Абу Аҳмад