Шайхулислом Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг рўзага оид фатволаридан
Савол: Ҳазратимиз нима дейдилар, Рамазон рўзасини тутадиган киши ҳар куни ният қилишга муҳтожми ёки йўқ?
Жавоб: Эртага Рамазон эканлигини билиб, унинг рўзасини тутмоқчи бўлган ҳар бир киши ниятини айтсин-айтмасин, барибир ният қилган бўлади. Омма мусулмонларнинг иши шундай: уларнинг ҳаммалари рўзага ният қиладилар.
Савол: Рамазонда сафарда бўлган киши очқамаса, чанқамаса ва чарчамаса, унинг учун афзали нима: рўза тутишми ёки ифтор қилишми (яъни тутмасликми)?
Жавоб: Мусулмонларнинг иттифоқи билан, мусофир одам гарчи унга машаққат бўлмаса ҳам ифтор қилади. Унинг ифтор қилгани афзалдир. Агарда рўза тутса, аксар уламолар наздида жоиз бўлади. Олимлардан бундай қилиш ўтмайди, деганлари ҳам бор.
Савол: Агарда киши Рамазонда бомдод азонидан кейин нарса еб қўйса нима бўлади?
Жавоб: Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Агарда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Билол тонг отишидан олдин азон айтганлари сингари ҳамда Дамашқ ва бошқа ерлардаги муаззинлар тонг отмасидан азон айтишлари каби муаззин тонг отишидан олдин азон айтадиган бўлса, бундан кейин озроқ вақт нарса ейишнинг зиёни йўқ.
Агар киши тонг отдими-отмадими, деб шак қиладиган бўлса, то тонг отгани аниқ бўлгунича еб-ичишга ҳаққи бор. Бордию шундан кейин у тонг отгандан сўнг еганини билиб қолса, унга қазо вожиб бўлиши тўғрисида тортишув бор.
Тўғрироғи, унга қазо вожиб эмас. Бундай сўз Умар разияллоҳу анҳудан собитдир. Салаф ва халафлардан бир тоифаси ҳам шундай фатво берганлар. Тўрт фақиҳ (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий ва Аҳмад) мазҳабларида қазо вожиб бўлади, деган сўз машҳурдир.
Савол: Рўзадор қуёш ботишининг ўзи билан ифтор қилиши жоиз бўлаверадими?
Жавоб: Қуёш доирасининг ҳаммаси ғойиб бўлиши билан рўзадор оғзини очади. Уфқда қолган қаттиқ қизилликка эътибор қилинмайди. Қуёш доираси бутунлай ғойиб бўлиши билан шарқ томонда қоронғилик пайдо бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Бу томондан қоронғилик келиб, бу томондан кундуз кетса ва қуёш ботса, рўзадор ифтор қилади».
Савол: Бир киши касал бўлган кунлари Рамазон кирди ва у рўза тута олмади. У вафот этиб, бўйнида Рамазон ойининг рўзаси қолиб кетди. Шунингдек, касаллик муддатидаги намоз ҳам унинг зиммасида қолди. Унинг ота-онаси тирик. Агарда улар ўша одамнинг васиятига биноан ёки унинг васиятисиз унинг номидан рўза тутиб, намоз ўқиб берсалар намоз ва рўза ундан соқит бўлган бўладими?
Жавоб: Агар унинг касали давом этиб, қазо қилиш имкони бўлмаган бўлса, меросхўрлари унинг номидан фақатгина таом бера оладилар, холос. Фарз намозга келсак, ҳеч ким бировнинг номидан намоз ўқиб беролмайди. Лекин биров ўлган одам номидан нафл намоз ўқиб, унга бахшида этса, ёки нафл рўза тутиб, бахшида этса, бу ўлган одамга манфаат беради.
Валлоҳу аълам.
Таржимон: Абу Аҳмад
Ассаламу алайкум!
Аллох рози булсин.