Азон айтилиши билан саҳарликни тўхтатиш

Азон айтилиши билан саҳарликни тўхтатиш

Савол: Бомдодга азон айтилганда саҳарлик қилишдан тўхташимиз вожибми ёки то муаззин азон айтиб бўлгунга қадар еб-ичишимиз жоиз бўладими?

Жавоб: Агарда муаззин фақат тонг отсагина азон айтиши билан танилган бўлса, у азон айтган заҳоти ейиш, ичиш ва бошқа оғиз очадиган нарсалардан тўхташ вожиб бўлади. Аммо азон тақвимлардаги ҳисобга кўра гумон ва чамалаш асосида айтилса, у ҳолда азон айтилаётган пайтда еб-ичилса танглик йўқдир. Негаки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Албатта Билол тунда азон айтади. Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар». Ҳадис охирида ровий айтади: «Ибн Умми Мактум кўр киши эди, унга: «Тонг отди, тонг отди», дейилмагунча азон айтмас эди». Ҳадиснинг саҳиҳлигига иттифоқ қилинган.

Мўмин ва мўмина учун эҳтиётлироқ йўл бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сени шубҳалантирган нарсани қўйиб, шубҳалантирмайдиган нарсага ўт» ҳамда «Кимки шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини асраган бўлади», деган ҳадисларига амал ўлароқ тонг отмасидан олдин саҳарлик қилиб олишга интилишдир.

Аммо агар муаззин худди Билол разияллоҳу анҳунинг қилганлари каби тонг отишига яқин қолганини одамларга билдириш учун азон айтиши маълум бўлса, мазкур ҳадисга амал ўлароқ то бомдодга азон айтилгунига қадар еб-ичишда ҳараж йўқдир. [1]

Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ

Таржимон: Абу Аҳмад


[1] Аслида ҳамма намозларнинг вақти киришидан олдин азон айтиш жоиз эмас. Аммо тонг отишидан олдинги азонга келсак, олимлар буни икки хил тушунтирганлар. Баъзи олимлар айтадиларки, бунинг сабаби кўпчиликнинг уйқудан уйғониб, таҳорат ёки ғусл қилиб келишлари учун кўпроқ вақт кетгани туфайли бомдод вақти яқинлашганидан одамларни огоҳлантиришдир. Бу фақат бомдод намози учун жорий қилинган. Бошқа олимлар эса, ҳатто бомдод намози учун ҳам эртароқ азон айтиш жоиз эмас, Билол разияллоҳу анҳунинг азонлари одамларни таҳажжудга уйғотиш учундир, дейдилар (таржимон изоҳи).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan