Исломда бойкотнинг ҳукми
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ–рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Бугунги кунда бойкотга (муқотаъа) бўлган даъватлар сони кўпайиб кетди. Бундай баёнотларда барча уламолар куфр мамлакатлари, хусусан Америка ва Исроил билан ҳар қандай савдо-сотиқ муносабатларини таъқиқлашгани, бу эса бугунги кундаги жиҳоднинг бир тури эканлиги ҳақидаги даъволарни кўришингиз мумкин. Баъзилари эса ҳатто улар билан тижорат қилиш, молларини сотиб олиш ва ҳоказоларни гуноҳи кабира деб айтишади. Яна баъзилари эса кофирлар билан ҳар қандай молиявий алоқаларни олиб боришлик «ал-вало вал-баро» (дўст ва душманлик) қоидасига хилоф эканини айтишади.
Имом Барбахорий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Замондошларингдан кимнинг гапини эшитган бўлмагин, шошма ва унга суянма, ҳатто бу каби (сўзларни) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирорталари гапирганлигини сўраб, билмагунингча» (Қаранг: «Шарҳу Сунна» 27).
Кофирлар билан бўладиган савдо-сотиқ ва молиявий муносабатларда бойкотнинг ҳукмини билишлик учун Қуръон ва Суннат таълимотларига қайтишимиз даркор. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бизга шуни амр қилган, бирор далилга асосланмаган ихтилофли мунозараларга чўмиб кетишликни амр қилмаган. Аллоҳ таоло айтадики: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Имом Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Агарда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларида ҳар қандай ихтилофнинг изоҳи бўлмаганида, Аллоҳ ихтилоф қилинганда Қуръон ва Суннатга мурожаат этишни амр қилмаган бўларди» (Қаранг: «Эъламул мувақиъин» 1/49).
Кофирлар билан тижорат қилишнинг ҳалол экани ҳақида
Тижоратнинг асли – унинг ҳалол эканидир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара: 275).
Суннатда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар кофирлар билан савдо-сотиқ ва молиявий алоқалар қилишгани ҳақида хабарлар жуда кўп келган. Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ривоят қилади: «Бир куни биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биргалигимизда бир мушрик қўйларини ҳайдаб кетаётган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: «Бу сотиладими ёки ҳадями?» деб сўрадилар. У: «Йўқ, сотилади» деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан қўй сотиб олдилар» (Бухорий 2216).
Имом Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг «Саҳиҳ»ларида келтирдилар ва ушбу бобни: «Мушриклар ва ҳарб аҳли билан савдо-сотиқ қилиш ҳақида» деб номлади (Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий» 2/772).
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан насияга таом сотиб олдилар» (Бухорий 2068, Муслим 1603).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. Уларнинг совутлари эса яҳудийда оилалари учун олган ўттиз соъ буғдой эвазига қўйилган эди» (Аҳмад 5/137, Доримий 2582. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний саҳиҳ деди).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Агар мусулмонлар денгизга чиқишса ва уларга мусулмонлар юртига йўл олган душман мамлакатидан бўлган мушрик савдогарлар учраса, унда у (мусулмон)лар уларга қаршилик қилмасликлари ва улар билан урушмасликлари керак. Душман еридан бўлган ҳар қандай мусулмонлар ерига тижорат учун қадам босган (одам) билан саводи-сотиқ қилишлик мумкин». Имом Авзоий ва Шофеийлар ҳам худди шундай дейишган (Қаранг: «ал-Муғний» 8/245).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Агар инсон мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мамлакатга улардан нимадир сотиб олишлик учун борса, бу жоиздир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик даврларида Абу Бакр Шомда савдо қилгани ҳақидаги ҳадис шунга далолат қилади. У вақтда Шом уруш қилинаётган мамлакат эди» (Қаранг: «ал-Иқтидо» 2/15).
Имом Аҳмад ва Ибн Таймиянинг сўзларидан мусулмонлар юртига кириб келган, ўзи асли уруш қилаётган куфр давлати аҳолиси билан тижорат қилишликнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ эканини кўриб турибмиз. Худди шундай, мусулмонлар билан уруш қилаётган давлатга тижорат учун сафар қилишлик ҳам жоиз эканини билдик.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳдан ўша даврда мусулмонлар билан уруш олиб бораётган мўғул-татарлар билан тижорат қилиш ҳақида савол берилганда, у киши раҳимаҳуллоҳ шундай жавоб бердилар: «Улар билан тижорат қилишга келсак, у кабилар билан жоиз бўлган нарса улар билан ҳам жоиздир, у кабилар билан ҳаром бўлган нарса улар билан ҳам ҳаромдир. Бошқаларга сотиладиганлардан уларга егулик, кийим ва шунга ўхшашлар сотишлик жоиздир. Улар таъқиқланган урушда фойдаланишлари мумкин бўлган отлар ёки қуролларни уларга ёки бошқа бировга сотишликка келсак, унда бу ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2)» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 29/275).
Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Агар сотувчи шиа-рофиза бўлса, одамларни ундан ҳеч нарса сотиб олмасликка чақирса бўладими?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ҳатто кофирлардан ҳам сотиб олишлик жоиз. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олардилар, оилалари учун озуқа эвазига яҳудийга совутларини гаровга қолдирганлар. Аммо сизлар (одамлар) улар билан дўстлашмасликлари учун одамларга рофизийларнинг адашган эътиқодларини тушунтиришингиз керак. Улардан бирор нарсани сотиб олишликка келсак, бу оддий ишдир».
У кишидан сўрашди: «Аммо ахир улардан сотиб олмаслик афзал бўладику (тўғрими)?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Муҳими уларга муҳаббат қилишликдан огоҳ қилишлик ва уларнинг бузуқ эътиқод ва амалларини тушунтиришликдир. Чунки улар Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларини ҳақорат қилишади ва обрўларини тўкишади, Алийга дуо қилишади. Бу эса катта ширкнинг бир кўринишидир» (Тингланг: «Шарҳ Усул Сунна»).
Бироқ шубҳасиз ўша молни солиҳ мусулмонга сотиш ёки сотиб олишлик афзал бўлади. Бу билан мусулмонларга ёрдам кўрсатишлик амалга ошади. Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига келсак, у киши савол берувчига Исломда энг аҳамиятга молик бўлган жиҳатга кўрсатма бермоқдалар.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Шайх, Кола номли ичимлик бор. Айтишларича у яҳудийлар корхонасида ишлаб чиқарилар экан. Ушбу ичимликни ичиш ва сотишнинг ҳукми нима бўлади?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ахир сен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи оилалари учун яҳудийдан егулик сотиб олганларини ва унда совутларини гаровда қолдирган ҳолда вафот этганларини билмайсанми?! Яна сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир яҳудийдан совға қабул қилганларини билмайсанми?! Катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар ва қолган фойдали майда-чуйда (нарсалар) яҳудийлар томонидан ишлаб чиқарилади» (Қаранг: «Бабул мафтуҳ» 95).
Бирорта имом кофирлар билан дунёвий масалаларда алоқа қилишлик «ал-вало вал-баро» (дўст ва душманлик) қоидасига зид деб айтмаган. Бундай дейишлик, кофирларга муҳаббат ва уларни улуғлашликка (мувалатул куффар) ҳеч қандай алоқаси йўқ (Қаранг: «ал-Вало вал-Баро фил Ислам» 292).
Ҳеч бир олимнинг Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалол қилиб берган нарсани ҳаром қилишга ҳаққи йўқ. Олимнинг сўзи ўз-ўзидан у ёки бу амалнинг ҳалол ёки ҳаром эканига далил ҳисобланмайди. Чунки Исломда фақатгина салафларнинг фаҳми билан тушунилган Қуръон ва Суннат далил ҳисобланади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Дарҳақиқат, уламоларнинг сўзи шаръий далил билан қувватланади. Бироқ шаръий далил уларнинг сўзи билан қувватланмайди» (Қаранг: «Мажмуъул фатава» 26/202).
Агар уламоларга нисбатан бу сўзлар айтилган бўлса, унда мақоми ҳатто толиби илм бўлмаган одамларнинг даъволари ҳақида нима дея оламиз?!
Кофирлар билан нималарни савдо-сотиқ қилиб бўлмаслиги
Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Кофирлар билан ҳар қандай ишни олиб борса бўлади, ҳаром бўлган нарсалар бундан мустасно» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 9/80).
Мусулмонлар билан нима савдо-сотиқ қилишлик ҳаром бўлса, ўша нарсалар кофирлар учун ҳам ҳаром бўлади. Масалан: рибо, тарозидан уриб қолиш, асли ҳаром бўлган нарсаларни сотиш ёки сотиб олиш ва ҳоказо. Яна кофирлар билан икки нарса савдо қилишлик мумкин эмас: динлари ва байрамларини нишонлашга ёрдам бўладиган нарсаларни сотишлик ёки сотиб олишлик, шунингдек мусулмонларга қарши урушда қўлланиши мумкин бўлган нарсани сотишлик.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Мусулмон учун кофирларнинг байрам кунларида улар айни шу учун ишлатадиган нарсаларни сотишлиги мумкин эмас, хоҳ у таом, кийим, хушбўйлик ва ҳоказолар бўлсин (жоиз эмас). Бу уларнинг шодиёналарини ўтказишга кўмаклашишнинг бир тури ҳисобланади. Бу кофирга хамр тайёрлаши учун узум сотишлик жоиз эмаслиги ҳақидаги қоидадан келиб чиқади» (Қаранг: «ал-Иқтидо» 229).
Бироқ бу ҳолатда мусулмон узум маст қилувчи ичимлик тайёрланиши учун сотиб олинаётганлиги ёки сотиб олинаётган мол аниқ кофирлар байрамида ишлатилиши учун олинаётганлиги аниқ бўлиши керак. Бу ўринда фараз ва гумонларга асосланиб бўлмайди.
Шайх Ибн Қосимдан молининг бир қисмини сотиб, черковнинг фойдасига ишлатишликни васият қилган насроний ҳақида сўрашди: «Мусулмон учун ушбу мулкдан бирор нарса сотиб олишлик жоизми?» У киши жавоб бердилар: «Йўқ, бу жоиз эмас. Чунки бунда уларнинг удум ва динларини улуғлашлик бор». Яна у кишидан черковга тегишли бўлган ерни уни таъмирлашлик учун сотиб олишлик ҳақида сўрашди ва у киши жавоб бердилар: «Мусулмонларга, черковни улуғлашда иштирок этмаслик учун, уни сотиб олишлик жоиз эмас» (Қаранг: «Би васита ал-Иқтидо» 2/19).
Имом Ибн Баттал раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Мушриклар билан молиявий алоқа қилишлик жоиз, илло улар мусулмонларга қарши урушда қўллашлари мумкин бўлган нарсани (уларга) сотишлик бундан мустасно» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 4/410).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Мусулмонлар билан уруш қилаётганларга қурол сотишлик ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишди» (Қаранг: «ал-Мажмуъ» 9/432).
Бойкот қачон вожиб бўлади
Исломда бойкот мусулмонлар ҳукмдори Ислом ва мусулмонлар манфаати учун қандайдир мамлакат билан савдо-сотиқ қилишни таъқиқлаганидагина вожиб бўлади. Бундай қарор чиқарган мусулмонлар ҳукмдорларига итоат қилишликлари кераклигига Қуръон ва Суннат далолат қилади. Аллоҳ таоло айтадики: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат қиласан. Агар орқанга уриб, молингни олса ҳам қулоқ солиб, итоат қил» (Муслим 1847).
Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмон кишига ўзи ёқтирган ва ёқтирмаган нарсаларда (ҳукмдорига) қулоқ солиб, итоат қилиши вожиб бўлади. Маъсиятга буюрилиши бундан мустаснодир. (Маъсиятга буюрилса) қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир» (Бухорий 7144, Муслим 1839).
Доимий фатво қўмитаси уламоларига қуйидагича савол берилди: «Американинг «Пицца Хат» ва «Макдоналдс» ширкатлари билан савдо-сотиқ алоқаларини узишликка чақириқлар тарқалди. Ушбу чақириққа ижобат қилайликми? Душманлик қилаётган кофирлардан уларнинг юртларида (маҳсулотларини) сотиб олиш ва тижорат қилишлик жоизми? Ёки хавфсизлик кафолати бўлган бизнинг юртдаги кофирлар билангина бу иш жоизми?»
Жавоб: «Қаерда бўлмасин, ҳаром бўлмаган нарсани сотиб олишлик жоиз. Агарда фақатгина мусулмонлар ҳукмдори Ислом ва мусулмонларнинг манфаати учун қайсидир мамлакат билан тижорат қилишни таъқиқлаб қўйса (тижорат қилишлик ҳаром бўлади). Савдо-сотиқдаги асос – унинг ҳалол эканидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ҳолбуки, Аллоҳ байни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган» (Бақара: 275). Ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яҳудийлардан сотиб олар эдилар» (Қаранг: «Фатава ал-лажнату-ддаима» № 7851).
Шайх Солиҳ Фавзон ҳафизаҳуллоҳдан сўрашди: «Шу кунларда бир газетада Америка маҳсулотларига, уларни сотиб олмаслик ва сотмаслик билан бойкот эълон қилишга чақирувчи мақола нашр қилинди. Шу билан бирга шу кундаёқ бир газета мусулмон уламолари бойкотга чақираётганлари, бу иш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн экани, у маҳсулотларни сотиб олишлик ҳаром экани, ўша маҳсулотларни сотиб олаётган бу билан америкаликларга ва яҳудийларга мусулмонларга қарши курашда ёрдам бериши ҳақида (мақола) нашр қилинди. Ушбу масалани тушунтириб беришингизни илтимос қиламан».
Шайх ҳафизаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Биринчидан, менга ўша газетани кўрсатишингизни сўрайман. Иккинчидан, бу ёлғон. Чунки уламолар Америка маҳсулотларини сотиб олиш ёки сотишни таъқиқлангани ҳақида фатво чиқармадилар. Уларнинг маҳсулотлари кириб келмоқда ва мусулмонларнинг бозорларида сотилмоқда. Уларнинг маҳсулотларидан бирор нарсани сотиб олмаслигинг Америкага ҳеч қандай зарар етказмайди. Сен мусулмон ҳукмдорнинг буйруғидан ташқари уларни бойкот қилмайсан. Агар ҳукмдор бошқа давлатни бойкот қилиш учун шундай қарор чиқарган бўлса, унда бойкот вожиб бўлади. Бунинг ҳаром экани борасида оддий шахсларнинг бераётган фатволарига келсак, бу Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишликдир. Бу эса жоиз бўлмаган ишдир!» (Тингланг: «Фатава ал-улама фил жиҳад»).
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳдан Америка маҳсулотларини бойкот қилишлик ғояси тарқалганлиги ҳақида сўрашганида, у киши раҳимаҳуллоҳ қисқа ва лўнда жавоб бердилар: «Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани сотиб ол ва У сенга ҳаром қилган нарсани тарк қил!» (Қаранг: «ал-Баб ал-мафтуҳ» № 64).
Тўғри, шайх Ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳнинг Америка билан савдо-сотиқ қилишлик ҳаром экани борасида эски фатволари бор. Бироқ шайх Аҳмад Нажмий раҳимаҳуллоҳдан ушбу фатво ҳақида сўрашганида, у киши бу фатвони хато эканини, унга суяниб бўлмаслигини айтганлар. Чунки бойкот ҳақидаги фатвони фақатгина мусулмонлар давлати ёки унинг бошқарувчилари чиқаришлари мумкин. Алоҳида шахслар эса Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилишга ҳақлари йўқ. Бу билан улар мусулмонларга қийинчилик туғдиришади. Ахир барчага маълумки, кофирлар билан молиявий алоқа қилишлик жоиз экани ҳақида Суннатда жуда кўп хабарлар келган. Бу кофирлар яҳудий бўладими, насронийми ёки мушрикми, фарқи йўқ (Қаранг: «ал-Фатва ал-жалия» 131-133. Шайх Аҳмад Нажмий фатволари 19/10/1421 ҳ.й. 2000 м.й).
Ахир юз ёки мингта мусулмон пепси кола ичмаслиги Америкага ҳеч қанақаси зарар етказмайди ва буни бойкот деб номлаб бўлмайди. Бироқ бу мусулмонларнинг ўзига зарар етказиши мумкин. Чунки уларнинг ўзларида ҳозирча тараққий топган ишлаб чиқариш саноатлари йўқ. Ҳаётнинг қайси соҳасига қараманг, мусулмонлар кофирлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни ишлатишади.
Агар мусулмонларнинг бир қисми у ёки бу давлат билан савдо-сотиқ алоқаларини узишлик кераклигини эълон қилишса, қолган қисми эса бунга норози бўлса, бу Ислом уммати орасида жиддий ихтилофларга олиб келиши мумкин. Мусулмонлар бир-бирларини қоралашни, айблашни ва бир-бирига норозиликларини изҳор этишади. Бугунги кунда буларнинг барчасига ўзимиз гувоҳ ҳам бўлиб турибмиз. Мусулмонларнинг муаммоларини, шунингдек фойда ва зарар масалаларини ҳар кимга муҳокама қилишлик мумкин эмас! Бу мусулмонлар ҳукмдори ва уламоларнинг вазифсидир! (Қаранг: «ал-Ашбаҳ ва-нназаир» 140).
Бироқ алоҳида бир шахс, масалан ширкат бошлиғи ва шунга ўхшаганлар ўз ихтиёри билан бошқа бир ширкат ёки мамлакатни бойкот қилиши мумкин. Аммо у бунга бошқа мусулмонларни мажбурлаши мумкин эмас. Бундай ҳолатда мусулмон ҳукмдорнинг рухсати шарт эмас. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далил бўлади. У киши ривоят қилишича, Сумома мусулмонларга асир бўлган вақтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриб қолади ва Исломни қабул қилади. У Маккага қайтиб борганида, Қурайш унга: «Сен ҳам диндан озибсан-да, эй Сумома?» дейишди. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, ундай эмас! Балки, мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, мусулмон бўлдим. Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!», деди (Бухорий 4372, Муслим 1764).
Ушбу қиссанинг бошқа ривоятида эса айтиладики, Сумома юртига қайтиб боргач, Маккага озиқ-овқат етказиб беришни таъқиқлаб қўйди. Бунинг оқибатида Қурайш озиқ-овқат тақчиллигидан қаттиқ қийналиб қолди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мактубда у зотдан ўрталаридаги қариндошчилик ҳаққи-ҳурмати, Сумомани Маккадан озиқ-овқат таъқиқини бекор қилишга чорлаш сўраларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг илтимосларини қондирдилар (Қаранг: Ибн Ҳишом 2/381, Ибнул Қоййим «Зодул маъод» 3/277).
Ушбу ҳадисда яна мусулмонлар ҳукмдорига итоат қилишлик вожиб эканига кўрсатма бор. Агар у савдо алоқаларини йўлга қўйишни буюрса, унга итоат қилишлик керак бўлади. Сумома амалга оширган бойкот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарорлари измида эди. Бунга унинг қуйидаги сўзлари далолат қилади: «Аллоҳга қасамки, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунларича сизларга Ямомадан битта буғдой дони ҳам келмайди!»
Инсон шахсан ўзи кофирлар билан савдо-сотиқ қилмаслиги бир масала бўлса, бошқаларни бунга мажбурлашлик ва итоат қилмай кофирларга сотган ёки улардан сотиб олганни гуноҳкор эканлигида айблашлик умуман бошқа бир масаладир. Агарда алоҳида бир шахс ўзи учун кофирларнинг маҳсулотларини сотиб олмасликка қарор қилган бўлса, бу унинг ҳаққи. Бироқ бу у кишининг нақадар тақводор ёки солиҳ инсон эканига далолат қилмайди, унга бундай қилганларга нафрат назари билан қарашлик ҳуқуқини бермайди. Чунки кофирлар билан умматнинг энг афзал инсонлари савдо-сотиқ қилишган, бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобаларидир.
Хулоса
Қуръон, Суннат ва уламоларнинг сўзларидан кўриб турибмизки, кофирлар билан савдо-сотиқ қилишлик жоиздир, ҳатто улар мусулмон мамлакатлар билан уруш қилаётган давлатдан бўлишса ҳам. Ушбу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Кофирлар билан савдо-сотиқ қилишлик жоиз эканида мусулмонлар ижмоъ қилишди» (Қаранг: «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 11/218).
Бойкотга келсак, у фақатгина мусулмонлар ҳукмдори амри билангина мусулмонлар учун вожиб бўлади. Бу ҳақида юқорида етарли далиллар келтирилди. Бироқ, ҳукмдор ҳам, алоҳида шахслар ҳам ниҳоятда муҳим бўлган фойда ва зарар (ал-масалиҳ вал-мафасид) масаласини эътиборга олишлари, мусулмонлар учун қай ҳолатда кўпроқ фойда бўлишига эътиборларини қаратишлари лозим. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Маълумки, Аллоҳ таоло Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё ва охират фаровонлигини яхшилашлик учун юборди. У (субҳанаҳу ва таоло) фойдага буюрди ва зарардан қайтарди. Агар бирор-бир амалда ҳам фойда ҳам зарар бўлса, унда фойда бор нарсага мойил бўлишлик лозим. Агар бу ишда фойда зарардан кўпроқ бўлса, унда шу ишни ихтиёр қилиш керак. Агар бу ишда зарар кўпроқ бўлса, унда бу ишни тарк қилишлик керак. Чунки ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло Расулини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фаровонликни ўрнатиш ва уни такомиллаштириш, зарарни четлатиш ва уни камайтириш учун юборди» (Қаранг: «Минҳажу сунна» 4/527).
Кимки Америка ёки Исроилнинг маҳсулотларини сотиб олса, бу билан у Ислом ва мусулмонларга қарши олиб борилаётган урушга кўмаклашган бўлади, чунки улар бу пулга қурол-аслаҳа сотиб олишади ва ҳоказо деган ҳеч бир далилга асосланмаган турли-туман ақлий хулосаларга келсак – буларнинг барчаси на жиҳодга, на «ал-вало вал-баро»га ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Наҳотки бирор ким яҳудийга совутларини омонат қилиб қолдирган, мушрик ва яҳудийлар билан савдо-сотиқ алоқаларини қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кофирларга Исломга қарши курашларида ёрдам берганликда ёки «ал-вало вал-баро» қоидасига хилоф иш тутганликларида айблашга журъат эта олса?! Ваҳоланки Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган бўлса: «Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз» (Моида: 82).
Биз мусулмонларни ўз илмларини тўғри келган одамдан олаверишлик билан залолат эшикларини очмасликка ва эшитган ёки ўқиган бирор нарсасини тарқатишдан аввал, ўша нарса ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини текширишликка чақирамиз! Ахир илм – бу динку. У орқали биз Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиламиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Дининг, дининг, дарҳақиқат – тана ва қонингдир. (Шундай экан) динингни кимдан олаётганингга қарагин!» (Хатиб «ал-Кифоя»да 121).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми
MashaAllah ahi-Jazakallahu Hoyran…….
ASSALAMU ALAYKUM VR VB XOZIRGI KUNDA BIZ QAYSI ULAMONI IJTIXOD VA FATBoLRINI AGANIMIZ MAQUL
Assalamu Aleykum.
Koka-kolani sotib olish joizmi?
Koka-kola yaxudiylarga qaraydi, coca-coladan tushgan daromatni yaxudiylar musulmonlarga qarshi ishlatishadi,shunday ekan
koka-kolani sotib olish joizmi?
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Кока-кола ичимлигини сотиб олишлик жоиз, ҳатто кофирларга тегишли бўлса ҳам. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга қарши уруш олиб бораётган кофирлардан нарса сотиб олганлар. Бу ҳақида юқоридаги мақолада етарлича далиллар келтирилган. Эътибор қилиб яна бир бор ўқиб чиқинг илтимос.
Admin birodarlar,ALLOH Sizlardan rozi bo’lsin,to’risi birodarlar bu dalillardan qoniqmadim,
coca-colani sotib olish joizmi,bu savolga hikmatnuri.com adminlari shunday deganlar ,,BU MASALADA ULAMOLAR O’RTASIDA IXTILOF BO’LGAN» DEB JAVOB BERGANLAR.
Colani sotib oliw masalasida ixtilof bo’lgan ekan,sizlar esa sotib olish joiz deganlarning dalillarini keltirdilaring,mumkin emas deganlarning dalillarini keltirmadilaring nazarimda,
naxotki falastin,suriya,iroq,afg’aniston,chechniya,va bowqa davlatlardegi musulmon birodarlarimizni o’z qo’llarimiz bilan ularni qiriliwiga yordam bersak,yani coladan tuwgan daromatni yaxudlar musulmonlarni yo’q qiliwga iwlatiwadi,qurol sotib oliwadi, yow bolalar ayollar wu kabi birodarlarimizni qiriwlarini bilsak xam colani sotib oliw joizmi?
Muslima ayollarni zo’rlashsa astag’firulloh,
Имом Ибн Баттал
раҳимаҳуллоҳ дедилар:
«Мушриклар билан
молиявий алоқа
қилишлик жоиз, илло
улар мусулмонларга
қарши урушда
қўллашлари мумкин
бўлган нарсани (уларга)
сотишлик бундан
мустасно» (Қаранг:
«Фатҳул Борий» 4/410).
Ibn battalni gaplarini qanday tuwunamiz
colani sotib olishga kuchliy dalilni ko’rmadim
iltimos mumkin emas deguvchilarning dalillarini xam keltirsangizlar?
Jazakallohu xoyron.
Ҳурматли Ahmad.
Ҳар бир инсон ўзи ҳақ деб билган тарафнинг далилини келтирса, ундан унга хилоф бўлганларнинг далилини келтиришлик талаб қилинмайди. У бунга мажбур ҳам эмас.
Агар Ҳикмат нури сайти бу масалада ихтилоф бор деган бўлса, қарши тарафнинг далиллари нима эканини ўша сайт мутасаддиларидан сўрашингиз тўғрироқ бўлади, биздан эмас.
Кейин биз ўзимиздан келиб чиқиб Кола сотиб олишликни ҳалол демадик. Балки бу борада шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги фатволарини келтирдик:
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳга савол берилди: «Шайх, Кола номли ичимлик бор. Айтишларича у яҳудийлар корхонасида ишлаб чиқарилар экан. Ушбу ичимликни ичиш ва сотишнинг ҳукми нима бўлади?»
Шайх раҳимаҳуллоҳ жавоб бердилар: «Ахир сен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзи оилалари учун яҳудийдан егулик сотиб олганларини ва унда совутларини гаровда қолдирган ҳолда вафот этганларини билмайсанми?! Яна сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир яҳудийдан совға қабул қилганларини билмайсанми?! Катта аҳамиятга эга бўлган нарсалар ва қолган фойдали майда-чуйда (нарсалар) яҳудийлар томонидан ишлаб чиқарилади» (Қаранг: «Бабул мафтуҳ» 95).
Колани сотиб олишлик билан мусулмонларга қарши дин душманларига ёрдам берилмоқда деб даъво қиляпсиз. Ахир сиз юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга қарши уруш олиб бораётган яҳуд ва мушриклардан нарса сотиб олганликлари ҳақидаги ҳадисларни ўқимадингизми?! Бу дегани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан нарса сотиб олиб мусулмонларни қиришга ёрдам бердилар деб айта оламизми?! Наузубиллаҳ!
Имом Ибн Баттал раҳимаҳуллоҳнинг сўзларининг зоҳири, мусулмонларга қарши қўлланишлиги мумкин бўлган нарсаларни мушрикларга сотишлик жоиз эмас деб айтганлар. Бунга мисол қилиб уларга қурол сотиш ва ҳоказоларни киритиш мумкин. Агар ушбу нарса мусулмонларга қарши ишлатилишлиги эҳтимоли бўлса, уларга уни сотишлик жоиз бўлмайди дейилмоқчи, валлоҳу аълам.
Кола масаласига келсак, барча маҳсулотларнинг асли ҳалол бўлиб, унинг ҳаром эканига очиқ далил келмагунича у нарса ҳалоллигича қолаверади.
Кола ичимлигининг асли ва савдоси ҳалол тўғрими? Қайси далилга асосланиб уни сотиб олишлик ҳаром демоқчисиз? Бунга шариатимизда бирор далил борми? Агар сиз бу кофирларга мусулмонларга қарши қилган ёрдамимиз бўлади десангиз, бу гап ботил бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар билан тижорат қилганлар. Бунга юқорида етарлича ҳадислар келтирилди:
Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ривоят қилади: «Бир куни биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан биргалигимизда бир мушрик қўйларини ҳайдаб кетаётган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: «Бу сотиладими ёки ҳадями?» деб сўрадилар. У: «Йўқ, сотилади» деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан қўй сотиб олдилар» (Бухорий 2216).
Имом Бухорий ушбу ҳадисни ўзларининг «Саҳиҳ»ларида келтирдилар ва ушбу бобни: «Мушриклар ва ҳарб аҳли билан савдо-сотиқ қилиш ҳақида» деб номлади (Қаранг: «Саҳиҳ ал-Бухорий» 2/772).
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан насияга таом сотиб олдилар» (Бухорий 2068, Муслим 1603).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. Уларнинг совутлари эса яҳудийда оилалари учун олган ўттиз соъ буғдой эвазига қўйилган эди» (Аҳмад 5/137, Доримий 2582. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний саҳиҳ деди).
Киши ўзи колани сотиб олмай, ушбу корхонани бойкот қилмоқчи бўлса, бу унинг иши. Аммо бировдан буни сотиб олмасликни талаб қилиб, ҳаромга чиқаришлик катта хатодир.
Валлоҳу аълам.
Jazakallohu xoyron,AXIY.