Мусулмонлар учун Рамазон дастуpи

Мусулмонлар учун Рамазон дастури

Барча ҳамдлар Аллоҳгагина. Аллоҳ барчамизнинг қилаётган хайрли амалларимизни қабул қилсин, маҳфий ва ошкора қилаётган амалларимизни риёдан ҳоли бўлишида ўзи мадад берсин.

Мусулмон кишига муборак Рамазон ойида қуйидаги амалларни қилиш тавсия этилади:

1. Рамазондан бир кун

Рамазон ойида мусулмон банданинг куни саҳарликдан бошланади. Саҳарликни иложи борича туннинг охирги қисмига сурган афзал.

Саҳарликдан сўнг мўмин инсон бамдод намозига тайёргарлик кўра бошлайди, чиройли таҳорат қилиб, азон айтилишидан аввал масжид томон йўл олади. Масжидга киргандан сўнг икки ракат таҳийятул масжид намозини ўқийди ва дуо, зикр ёки Қуръон тиловати билан машғул бўлади. Азонни эшитганида муаззиннинг сўзларини қайтаради, азон сўнгида эса суннатга мувофиқ дуо қилади. Сўнгра туриб бамдод намозининг икки ракат суннатини ўқийди ва иқома айтилгунга қадар яна дуо ва зикрлар билан машғул бўлади. Шу ҳолатда намозни кутиб ўтирган инсон ҳудди намозда тургандек ҳисобланади.

Жамоат билан бамдод намозини адо қилгандан кейин Китоб ва Суннатда келган зикрларни қилиб, Аллоҳга дуо қилади. Сўнгра агар истаса масжидда қолиб то қуёш чиққунга қадар Қуръон тиловати ёки зикр билан машғул бўлади. Расулаллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам кўпинча шундай қилар эдилар. Қуёш чиқиб бироз кўтарилганидан сўнг (тахминан чорак соатдан сўнг) Зуҳо (чошгоҳ) намозини ўқиши ҳам мумкин. Истаса бу намозни кечроқ, қуёш баланд кўтарилиб, кун қизиганда ўқиши мумкин ва бу афзалроқдир.

Агар ишга борадиган бўлса намоздан сўнг бироз ухлаб дам олиши ҳам жоиз. Ухлашдан аввал кўпроқ куч йиғиб, ҳайрли амалларни кўпайтиришга ният қилиб ётилса банданинг бу амали учун ҳам улуғ ажрлар берилади, иншааллоҳ. Шунингдек ухлашда ҳам суннатга мувофиқ иш тутилса, нур устига аъло нурдир.

Уйқудан туриб ишга борилади ва Пешин намозига қадар ўз ишлари билан машғул бўлади. Пешин киришидан бироз аввалроқ масжидга бориб, олдинги сафлардан жой олишга ҳаракат қилиш лозим. Азон айтилганидан сўнг тўрт  ракат суннат намози ўқилади ва иқома айтилгунга қадар зирк билан машғул бўлинади. Пешиннинг фарзини жамоат билан адо этиганидан сўнг, яна икки ракат суннат ўқиб, ишга қайтади.

Агар Аср намозига қадар ишларини тугатса, Аср вақти киргунча бироз дам олиши мумкин. Бўлмаса ҳудди юқорида айтилгани каби Аср намозига чиқиб келинилади. Асрдан сўнг ифторга тайёргарлик кўрилади. Имкони бўлса уйга эртароқ қайтиб, ўз аҳли билан фойдали ва хайрли амаллар билан машғул бўлади. Албатта бундай амалларнинг энг афзали бошқаларга ифтор қилиб беришга тайёргарлик кўришдир.

Ифтор қилиб оғиз очганидан сўнг масжидга чиқиб жамоат билан Шом намозини ўқийди. Сўнгра икки ракат нафл (суннат) ўқиб уйга қайтади ва бемалол аҳли оиласи билан овқатланади. Бунда жуда кўп овқат еб юборишдан тийилиш лозим.

Овқатдан сўнг ўзи ва аҳли оиласи учун фойдали бўлган амаллар билан машғул бўлиш шарт. Бундай пайт қилиниши мумкин бўлган амалларнинг энг ёмони телевизор орқали намойиш этиладиган бемаъни ва бефойда кўрсатувлар, кино ва сериалларни кўриш. Киши қиёмат куни нафақат ўзи учун, балки ўз оиласи учун ҳам жавобгар экан, уларни бундай ҳаром нарсалардан қайтариш ҳам унинг зиммасидадир.

Мана Ҳуфтон намози вақти ҳам яқинлашиб қолди. Мўмин инсон намозга тайёргарлик кўради ва масжидга бироз эртароқ бориб зикр қилиб азонни кутади. Жамоат билан Ҳуфтон намозини адо қилганидан сўнг икки ракат суннат ўқиб таровеҳ намозига туради. Таровеҳ намозида фикрини бир жойга жамлаб, имомнинг қироатига қулоқ тутади. Шуни эслатиб ўтамзики, имомдан аввал намозни тарк этиш яхши эмас.

Таровеҳ намозидан сўнг ўзи истаган ишлар билан машғул бўлиши мумкин, лекин бунда қуйидаги нарсаларга эътибор қаратиши лозим:

Ҳаром ва шубҳали ишлардан йироқ бўлиш. Оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, уларнинг ҳам вақти фойдали ва шу билан бирга қизиқарли ўтишини таъминлаб бериш.

Зарур ишлар билан машғул бўлиш ва бекорчи ишларни тарк этиш.

Сўнгра эртароқ ухлашга ҳаракат қилиш керак. Агар ётишдан олдин бироз Қуръон тиловат қиламан деса бу ҳам яхши. Агар киши ўзи учун кундалик қироат қилинадиган оятлар ёки саҳифалар сонини белгилаб олган бўлса, белиганлан миқдорича қироат қилиб сўнгра ухлагани афзал.

Саҳарликдан бироз аввал уйғониб дуо қилиш ҳам яхши амаллардан. Сабаби кечанинг охирги қисмида Аллоҳ таоло биринчи осмонга тушиб бандаларининг дуоларига қулоқ соладиган ва уларга жавоб берадиган пайтидир. Мана шу пайтда қилинган тавбалар ҳам қабул бўлиши эҳтимоли жуда катта. Шундай экан бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик лозим.

2. Рамазонда жума

Жума ҳафтанинг энг афзал куни, бу кун учун алоҳида дастур қилиб олиш лозим. Бунда қуйидагиларга аҳамият бериш керак:

Жума намозига эрта келиш.

Асрдан сўнг имкони бўлса Шомгача масжидда қолиб Қуръон тиловати, зикр ва дуода бўлиш. Бу вақта ҳам дуолар ижобат бўладиган пайтдир.

Бу кунда ҳафта давомида тугата олмаган ишларини тугатиб олишга ҳаракат қилиш лозим.

3. Рамазоннинг охирги ўн кунида

Бу ўн кунда минг ойдан афзалроқ бўлган лайлатул-қадр кечаси яширингандир. Бу ўн кунни имкони борлар масжидда эътикоф ўтириш билан ўтказишлари суннатга мувофиқдир. Ўн кунга имкони йўқлар имкони борича эътикоф ўтиришлари мумкин. Умуман эътикоф ўтира олмайдиганлар кечаларни ибодатда ўтказишлари лозим. Буларга таҳажжуд намози, Қуръон тиловати, зикр ва дуоларни мисол қилиш мумкин. Бунинг учун кундузи ором олиб, тунда ухлаб қолмасликка ҳаракат қилиш керак.

Изоҳ:

Юқорида берилган дастур бир таклиф холос. Албатта ҳар бир киши ўз шароити ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда дастурни ўзига мослаштириб олиши мумкин. Дастурни тузишда Расулаллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ суннатларга эътибор қаратилди. Лекин бу дегани дастурдаги барча амаллар қилиниши шарт бўлган фарз амаллар дегани эмас, аксинча буларнинг кўпи суннат ва мустаҳабдир.

Яна шуни эсда тутиш керакки, Аллоҳнинг наздида амалларниг энг яхшиси кам бўлсада давомий бўлганларидир. Агар эътибор берсак, Рамазон ойининг бошида кишилар турли ибодатларга қаттиқ киришадиларда, ойнинг охирига қараб эса сустлашиб, охирида умуман ташлаб қўядилар. Бундан эҳтиёт бўлинг, бу муборак ойдаги ибодатларга тиришқоқлик билан киришинг.

Киши бу ойда ўзи учун дастур тузиб олиб, бу муборак ойдан имкон қадар кўпроқ ажр ва эҳсонлар билан чиқишга ҳаракат қилиши, ибодатларни кўпайтириш билан Аллоҳга яқинлашишга, У зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилиш лозим.

Бу ойда масжидга эртароқ бориб зикр ва Қуръон тиловати билан машғул бўлишни одат қилиб олиш керак. Имкони бўлса Қуръони Каримни хатм қилиб, таҳажжуд намозларини кўпайтириб, бошқа ойларга нисбатан кўпроқ садақа ва эҳсонлар қилишга ҳаракат қилиш лозим.

Бу ойда Қуръони Каримни ўқишга, унинг маъноларини тушуниб, ўз ҳаётига тадбиқ қилишга ҳаракат қилиш, бунинг учун эса қуйидагиларга эътиборни қаратиш керак:

Оятларни тажвид билан тўғри ўқиш. Иложи бўлса устоз билан, бўлмаса замонавий қориларнинг аудио тасмаларидан фойдаланиш.

Аввал ёдлаган сураларни қайта ўқиш ва кўпроқ ёдлашга ҳаракат қилиш.

Қуръон тафсирини ўқиш. Бунинг учун ҳам дастур тузиб олган афзал. Аввал охриги ўттизинчи порадан бошлаб, сўнгра йигирма тўққизинчи, йигирма саккизинчи ва ҳоказо давом этган афзал.

Қуръони каримда зикр қилинган буйруқларни ҳаётга тадбиқ қилиш.

Биз Аллоҳдан ушбу муборак ойда рўзаларни тўкис адо этишда, таровеҳ ва таҳажжуд намозларини қолдирмасдан ўқишда мадад сўраймиз. Ҳамда қиладиган хайрли амалларимизни қабул қилиб, бизнинг ҳато ва камчиликларимизни кечиришини сўраб дуо қиламиз. Амийн.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan