«Оқ ип» ва «қора ип»дан мурод нима?
Аллоҳ таоло айтади:
«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара: 187).
Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Оқ ипни қора ипдан ажратадиган бўлгунча еб-ичаверинглар» (Бақара: 187) деган ояти карима нозил бўлганда, бир қатим оқ ва бир қатим қора ипни олиб, ёстиғим тагига қўйиб, (ёстиғимни қия қилиб кўтариб) қарай бошладим. Қанча тикилиб қарамай, барибир қайсиниси оқ ва қайсиниси қора эканлигини сира ажрата олмадим. Сўнг, кундузи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани сўзлаб бердим. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундан мурод, тун қоронғуси-ю, кун ёруғидир» – дедилар (яъни субҳи содиқдир)» (Бухорий (1817) ва Муслим (1090) ривояти).
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1) Саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Парвардигорларининг барча буйруқларини амалда татбиқ қилишга қаттиқ интилганликлари. Улар солиҳ амалларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган янги оятларга мувофиқ бажаришликка шошганликлари. Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида Адий шундай дегани ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг расули. Мен оқ ва қора ипдан бошқа менга қилган барча васиятларингизни уқиб олдим. Кечаги тунни ёнимда икки ип билан ўтказдим. Навбат билан аввал бир ипга, сўнг кейинги ипга қараб чиқдим». Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жилмайиб дедилар: «(Бу ерда) фақат осмондаги оқ ипнинг қора ипдан фарқи (назарда тутилган)».[1]
Адий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини бажаришга бўлган эътибори ва ғайрати, уни ёстиғи остига ўша икки арқонни қўйишга ундади.[2]
2) Саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, ҳеч қачон ғайриоддий ва тўқима саволларни бермаганликлари. Улар бирорта ибодатга оид жиддий муаммо вужудга келганидагина савол билан мурожаат қилишар эди. Шунинг учун улар Қуръон оятларини аввал ўзлари мустақил равишда тушунишга интилишар эди. Агар уларга бирор нарса тушунарсиз бўлса, шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашар эди. Ҳар бир мусулмон ҳам ҳудди шундай йўл тутиши лозим. У ўзига Қуръон ва суннатни амал дастури қилиб олиб, сабабсиз турли саволларни ўйлаб топмаслиги керак. Агарда ибодатларни адо этишга боғлиқ масалаларни тушунмаса, бу ҳақида илми бор одамдан сўрасин.
3) Аллоҳнинг:
«Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара: 187), сўзидан мурод: «Куннинг ёруғлигини туннинг зулматидан ажрата олмагунингизча еб-ичаверинглар» дегинидир. Бу ҳақиқий[3] субҳ (субҳи содиқ)да содир бўлиши.[4]
4) Ҳар қандай қийин масалаларда, шунингдек тушунарсиз сўз ва ибораларнинг изоҳи учун мустаҳкам илмга эга бўлган уламоларга мурожаат қилишимиз лозимлиги.
5) Субҳнинг бошидан кейинги вақт тун эмас, кун эканлиги.[5]
6) Рўзанинг бошланиши субҳ бошида эканлиги. Агар овқатланаётган вақт тонг отса, мусулмон киши овқатланишни тўхтатиши лозим. Акс ҳолда унинг бу кунги рўзаси ботил бўлади.[6]
«Рамазон ҳақидаги танланган ҳадислар»
Иброҳим Муҳаммад ал-Ҳақийл
[1] Ушбу ривоятни Табароний ўзларининг «ал-Кабир» (17/79) китобларида (175) рақам билан келтирганлар.
[2] Қаранг: «аль-Муфхим» (3/147-150).
[3] Ёлғон субҳ ҳам бор. У субҳи содиқдан бир оз аввал содир бўлади. Бу ҳақида батафсил маълумот учун фиқҳ китобларига мурожаат қилинсин.
[4] Қаранг: «Ибн Касир тафсири» (1/222), «Фатҳул Борий» (4/134).
[5] Қаранг: Имом Нававий Муслимнинг «Саҳиҳ»ига қилган шарҳи (7/201) ва «Фатҳул Борий» (4/134).
[6] «Фатҳул Борий» (4/135).
shu subxi sodiqni qanday bilsa boladi osmonga qarab men uxlab qolib ramazon ro`zasini bamdodga takbir aytayotganda yopdim tog`rirog`i narsa eb oldim ro`zam ravomikin
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Уфқда кўринган оқариш билан ёки азон ёки тақвим ва шу каби ишончли бир хабар билан тонг отганлигига ҳукм қилинади.
Агарда сиз уйқудан турганингизда ҳали тонг отмади деб ўйлаб саҳарлик қилган бўлсангиз, унда рўзангиз раво бўлади.
Агар тонг отганини билган ҳолда нарса еган бўлсангиз рўзангиз раво бўлмайди. Рамазон тугаганидан сўнг имконият бўлганда қазосини тутиб беришингиз фарз бўлади.
Валлоҳу аълам.