Рамазонда Қуръонни хатм қилиш
بسم الله الر حمن الرحيم
Мусулмон киши Рамазон ойида Қуръонни кўп ўқиши ва хатм қилишга ҳаракат қилиши мустаҳаб, яъни савобли ва марғуб саналган амаллардандир. Бироқ, бу унинг зиммасида вожиб ёки фарз эмас. Бу дегани, агар Қуръонни хатм қилмаса гуноҳкор бўлмайди, бироқ, жуда кўп савобларга эга бўлиш имкониятини қўлдан чиқарган бўлади.
Энди, фикримизни қувватлайдиган далилларга келсак, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаброил (алайҳиссалом) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар йили бир маротабадан Қуръонни (бошдан охиригача) арз (баён) этарди. Вафот этадиган йиллари эса у кишига икки марта арз этди» (Бухорий ривояти: 4614).
Ибнул Асийр «Ал- жомеъ фий ғарийбил ҳадис» (ғариб ҳадислар тўплами) номли асарида (4-жилд, 64-бет) ҳадисдаги «арз этарди» иборасига қуйидагича изоҳ беради:
«Яъни Жаброил (алайҳиссалом) Қуръондан нозил қилинган жамики нарсаларни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга такрорларди».
Шу боис ҳам, салаф солиҳларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилган ҳолда Қуръони каримни Рамазон ойида бошдан охиригача ўқиб туширишда тиришқоқлик қилардилар.
Иброҳим ан-Нахаъийдан нақл қилинади:
«Асвад Қуръони каримни Рамазоннинг ҳар икки кечасида хатм қиларди» («Ас-Сияр», 4-жилд, 51-саҳифа).
«Қатода Қуръони каримни одатда ҳар етти кунда хатм қиларди. Рамазон келганда эса ҳар уч кунда хатм қиларди. Қачонки, охирги ўн кунлик кирса ҳар кечада ўқиб туширарди». («Аc-Сияр», 5-жилд, 276-саҳифа).
Имом Нававий ўзининг «Ат-Тибён» (баён қилиш) (74-саҳифа) номли китобида тобеинларнинг улуғларидан ва муфассирларидан бўлмиш Мужоҳиднинг Қуръони каримни Рамазоннинг ҳар кечасида хатм қилишини ривоят қилади. Сўнгра мана бундай илова қилади: «Бу ривоятнинг исноди[1] саҳиҳдир».
Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Аздий Қуръонни Рамазоннинг ҳар кечасида хатм қиларди» («Таҳзибул камол» (Камолот тарбияси) 2-жилд, 983-бет).
Рабийъ ибн Сулаймон айтади: «Шофеий Рамазонда Қуръонни олтмиш марта хатм қилардилар» («Ас-Сияр», 10-жилд, 36-саҳифа).
Қосим ибн Ҳофиз ибн Асокир айтади: «Отам жамоат намозида мунтазам эди, муттасил равишда Қуръони каримни тиловат қиларди. Уни ҳар ҳафтада хатм қиларди. Рамазонда эса ҳар куни хатм қиларди» («Ас-Сияр» 20-жилд, 562-бет).
Савол туғилади: Рамазон ойида Қуроъни Каримни кўп ўқишлик мустаҳаб ишлардан экан, уни неча маротаба хатм қилиш афзал саналади?
Бу масалага Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қуйидагича ойдинлик киритадилар:
«Бу борада уламолар томонидан айтилган сўзларнинг сараси шуки, бу нарса шахсларнинг қобилиятлари, шароитлари ва ҳолатларига қараб ҳар хил бўлади. Кимгаки, Қуръонни тадаббур билан ўқиш давомида унинг латиф маънолари намоён бўлса, у одам ўқиётган нарсасини мукаммал равишда англай оладиган даража ва миқдорда хатм қилсин. Ундан ошиб кетмасин. Шунингдек, кимдир илм тарқатиш ва ҳоказолар каби мусулмонлар оммасига манфаат келтирадиган ишлар билан машғул бўлса, бундай одам ўзига юклатилган вазифага путур етказмайдиган миқдорда хатм қилиш билан чегараланади. Аммо мазкурлардан бўлмаса у ҳолда малолланиб қолиш ёхуд худди сафсата сотган каби тез ўқишгача бориб қолмайдиган даражада имкон қадар кўпроқ ўқисин» («Ат-Тибён», 76-бет).
Рамазон ойида Қуръони каримни кўп ўқиш ва уни хатм қилиш ҳақида шунча ривояту асарлар ворид бўлишига қарамасдан, барибир бу иш мустаҳаб амаллар доирасида қолаверади. Мусулмон киши тарк қилишлиги билан гуноҳкор бўладиган зарурийёт ва вожиботлар сирасига кирмайди.
Шайх Ибн Усаймийн раҳимаҳуллоҳдан сўралди: Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилишлик рўзадор зиммасида вожибми?
Жавоб бердилар: Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилиш вожиб эмас. Бироқ, инсон Рамазонда Қуръони карим тиловатини кўпайтирмоғи лозимдир. Зероки, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари эди. Набий алайҳиссалоту вассаломга Жаброил ҳар Рамазонда Қуръонни такрор қилдирарди («Ибн Усаймийн фатволари тўплами», 20-жилд, 516-саҳифа).
Аллоҳ тўғрисини билгувчироқдир…
[1] Иснод – ривоятчилар силсиласи.
sahobalarni ichida ham bir Kunda iKKi marta xatm qiLishgani buganmi