Рамазон – ғанимат дамлар
Рамазон ойини ажр ва фойдаларга эришадиган мавсум қилган зот – Аллоҳга ҳамдлар, нажот ва ҳидоят элчиси бўлган пайғамбаримизга салавот ва салом бўлсин. Ва у кишининг оилаларига, асҳобларига ва уларга шоду-ҳуррамлик Кунигача яхшилик билан эргашган зотларга ҳам саломлар бўлсин.
Бу сўзимни сизга бир дўст сифатида, сизга фақат яхшиликни илиниб тақдим этаман ва сизга муваффақият ва зафар ёр бўлишини умид этаман. Бу сўзларимни бир насиҳат деб қабул қилгайсиз. Сўзларимни диққат билан тингланг ва калималарим учун қалбингизни очинг. Сизга насиҳат қилаётганни айбу нуқсонларига боқманг, балки, нимага чақириб насиҳат этаётганига боқинг. Агар хайрли бўлса қабул қилинг, агар ундоқ бўлмаса, мен сизга вакил, қўриқчи эмасман.
Суюкли дўстим, ўзингиз учун Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз? Бу шундай улуғ ойки, унда жаннат эшиклари очилади, жаҳанам эшиклари қулфланади, шайтонлар кишанланади ва мана шу қутлуғ ойда Аллоҳ таоло солиҳ бандаларини дўзахдан озод этади.
Унда тавба қилишга азм этдингизми?
Унда Аллоҳга қайтишга ва инобат-бўйсунишга қарор қилдингизми?
Унда жамики маъсият ва мункаротлардан халос бўлишга ва еру осмонлар Роббисига қиладиган ибодатларингизда ҳаётингизнинг янги саҳифасини очмоққа ният қилдингизми?
У ойда қилажак кундалик ибодатларингизни режасини тузиб қўйдингизми?
У улуғ ойнинг кунлари-ю тунларини нима билан қарши олмоқчисиз?
Бу саволларнинг барчасига ростгуйлик ва очиқкўнгиллик билан ижобат қилмоқ лозим, токи тоат ва ибодатларимиз суст бўлиб, бу ой кириб, чиқиб кетиб қолиб, шундай улуғ ва фазилатли ойнинг кунлари ва соатларини ҳавода тўзгиган чанг каби бекорга зое қилиб қўймайлик.
Тавбани бошланг
Дўстим! Ишингизни тавба билан бошланг деб, сизни қийин аҳволга солмоқчи эмасман, балки айтмоқчиманки, тавба йўлнинг аввали ва ниҳоясидир. У шундай манзилатки, Аллоҳ сари йўл тутувчилар ўзларини барча сафар ва ҳижратларида унда маҳкам ўрнашадилар. Демак, тавба – кўпчилик одамлар гумон қилганидек фақат осийлар ва адашганларнинггина тутадиган манзили эмас. Тавба қилувчиларнинг саййиди ва обидларнинг имоми бўлган зот- Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар, зеро мен бир кунда етмиш марта тавба қиламан» деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларини тавбага чақирган чоғда уларни иймон сифати билан хослаб нидо қилган:
«Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз эй мўминлар! Шояд (шунда) иқболли бўлсангизлар» (Нур: 31). Барчамизда гуноҳлар, хато-камчиликлар етарли. Ёки хато қилмаган ким бор? Ёки гуноҳ қилмаган ким бор? Ёки ичимизда осийлик қилмаган ким бор?
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло гуноҳларни кечирувчи бўлган зотдир, кундузи қилинган гуноҳларни кечириш учун тунда, тунда қилинган гуноҳларни кечириш учун кундузи қўлини очиб туради. У зот тавба қилувчиларнинг тавбасини, осий-гуноҳкорларнинг надоматини эшитиб шод бўлади. Шунинг учун ҳам мағриб тарафида кенглиги етмиш йиллик масофада бўлган бир улкан эшик қилганки, бу эшик токи қуёш ўзининг ботадиган тарафидан чиққунига қадар, яъни қиёматгача очиқ туради (Термизий ривояти, ҳасан, саҳиҳ ҳадис).
Дўстим сизга айтсам, тавба жуда осон, енгил иш, машаққатли, серзахмат эмас. У тийилиш, надомат ва азму-қарордир. Гуноҳлар ва ёмонликлардан тийилиш, ўтган гуноҳларни эътироф этиб, надомат чекиш ва келажакда ўша гуноҳларга қайтмасликка қатъий азму-қарор қилишдир.
Вақтнинг аҳамияти
Дўстим! Агар ўтган гуноҳларга надомат, келажакда уларни такрорламасликка қарор қилган бўлсангиз, у ҳолда сиз турмушингизга диққат-эътибор қилишингиз, келажак билан ўтмиш орасида турганингизни хис қилишингиз ва ҳозирги дамларингизни ислоҳ этишингиз лозим бўлади. Аниқки, сиз бу вақтни зое қилсангиз, саодатингиз ва нажотингизни зое қилган бўласиз. Агар умрни ғанимат билиб, вақтга эътиборли бўлсангиз, албатта, лаззат, роҳат ва неъматларга мушарраф бўлурсиз.
Имом ибн Қоййим Жавзийя айтган эканлар: «Кўпчилик одамлар умрларини нимага сарф этаётганларига қарадим. Узун тунлари фойдасиз гаплар ёки бефойда китобларни ўқиш, кунлари эса уйқую ғафлат билан ўтмоқда. Кундузлари ё Дажла бўйида ёки бозорларда ўтади!!! Уларни кемада гаплашиб, кетиб бораётган кишиларга ўхшатдим. Уларда хайр-яхшилик йўқдир. Яна мавжудликни маъносини фаҳмлаган камчилик, нодир инсонларни ҳам учратдимки, улар амал мавсумларида ўтиб кетмасдан илгари шошилиш керак бўлган вақтларни ғанимат билиб, сафарга озуқа жамлаш, тайёргарлик ҳаракатида шошилиб юрибдилар…» Яна айтадиларки: «Инсон ўз умрининг шарафини, вақтининг қадрини билиши лозим. Унинг бир лаҳзасини ҳам беҳудага совурмаслик, сўз ва ишнинг энг афзалини муқаддам қўйиши керак». Салафлардан бирининг ҳузурига ўлим тўшагида ётганда зиёратчилар кирганида уни намоз ўқиётган ҳолда топдилар. Уни ўзини кўп уринтирмасликка чақирганларида: «Ҳали-замон амалларим саҳифалари ёпиладиган бўлаяптику ахир!!!» деган эди.
Агар инсон дурустроқ уйлаб кўрса, ҳар қанча жидду-жаҳд қилмасин унинг ниҳояси бор. Ўлим уни амал қилишдан узиб қўяди. Қилган яхши амалларининг ажригина ўлимидан сўнг давом этиб туради.
Салафларимизнинг ибодатдаги тиришқоқликлари
Дўстим, қуйидаги мисоллар салафи киромларимиз Аллоҳ таолонинг ибодатида кўрсатган тиришқоқликларининг эркин намуналаридир. Шоядки, уларнинг ҳаётларига назар солиб, у зотлардан ибодатларда мустаҳкам бўлиш ва олийҳимматлик каби сифатлардан ўзингиз учун бироз мерос олсангиз:
* Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида узоқ турганлари сабабли оёқлари шишиб кетарди. Бунчалик уринишни «Ахир шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?» дея изоҳлардилар (Муттафақун алайҳ).
* Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусан намоз ва Қуръон тиловатида жуда кўп йиғлар эдилар.
* Умар розияллоҳу анҳунинг ёноқларида кўп кўз ёш тўкишнинг аломати бўлган қора чизиқлар бор эди.
* Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони каримни бир ракъатда ўқиб тугатган вақтлари ҳам бўлган.
* Али розияллоҳу анҳу меҳробда намоз ўқир эканлар, соқоллари кўз ёшидан ҳўл бўлиб кетарди ва «Эй мени чалғитган ва ғурур-ҳаддан ошишга чақирган дунё, сен уч талоқсан, сенга қайтиш йўқдир!» дер эдилар.
* Қатода ҳар етти кунда Қуръонни хатм қилар эдилар, Рамазонда эса ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар куни ўқиб, хатм қилар эдилар.
* Суфён Саврий қўрқувдан қон йиғлар эдилар.
* Саид ибн Мусаййиб масжидни ўзларига лозим тутган, қирқ йил давомида бирор марта жамоат намозини қолдирмаган эдилар.
Рамазон – фурсат ғанимат
Суюкли дўстим! Ўзингизга маълум, дунё тожирлари мол-дунё жамғаришда ҳеч бир фурсатни қўлдан бермай тиришиб ҳаракат қиладилар. Катта фойда, мўмай даромад келтириши мумкин бўлган ҳар қандай йўлдан фойдаланишади.
Нима учун сиз Аллоҳ билан тижорат, олди-сотти қилмайсиз? У зотнинг берадиган улкан савобларию катта мукофотларига ноил бўлиш учун тоат-ибодатларга, амали солиҳларга шошиб-ўзмайсиз?
Рамазон, бу-шошилувчилар унга шошадиган, тақводорлар унга ҳозирлик кўрадиган, сергак, уйғоқ одамлар ундан ғофил қолишмайдиган улкан бир фурсатдир. У қалби ёмонликлардан саломат бўлган, аъзолари тўғри йўл-истиқоматда мустаҳкам бўлган ва унга зарарли бўлган ёки фойдаси бўлмаган нарсалар билан вақтини зое этмаган кишилар учун гуноҳлар мағфират қилинадиган, жаннатга эришиладиган, дўзахдан нажот топиладиган ойдир.
Дўстим, шу ўринда сизга бу ойнинг вақтларини ғанимат билиб, солиҳ амаллар билан кечиришга ёрдам берадиган бир неча ишларни маслаҳат берамиз:
1. Рамазон рўзаси – одат эмас ибодатдир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Рамазон рўзасини (унинг фарзлигига) иймон билан, унга бериладиган савобни умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади» деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бу ҳадисдаги «Савобни умид қилган ҳолида» нинг маъноси эса, «Аллоҳдангина савоб умид этиб, риё ва сумъадан холи, мол-дунё мақсадида бўлмаган ҳолда» демакдир.
2. Рамазон – шукри адо қилиниши лозим бўлган неъматдир
Дўстим Рамазон келишидан илгари ўлим етган инсонлар ҳақида ўйлаб кўринг. Уларнинг амаллари тўхтади, саҳифалари ёпилди. Энди улар оз бўлсада ҳасанот ёки хайрли иш қила олмайдилар. Сиз эса, Аллоҳ умрингизни узайтириб, бу улуғ ойга етиб келдингизми, энди мана бу савоб ва ажрларни жамлашга ҳаракат қилинг. Булар – Аллоҳга қасамки, етказгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиш керак бўлган ва шукр қилиш вожиб бўлган улкан неъматдир.
3. Уйқу ва бедорлик
Дўстим, агар сиз Рамазон кундузларини уйқу, кечаларини ўйин-кулги билан бедорликда ўтказадиган бўлсангиз у ҳолда, рўзадорлик ва ибодатларда қоим бўлганлик савобидан маҳрум бўлиб қоласиз ва бу ойдан қўлларингиз бўш ҳолда чиқасиз. Аллоҳга қасам, бу ой саноқли кунлар ва фазилатли кечалардир. Бу кунларда, Аллоҳ сизни раҳм қилур, эртага сизни лаззат ва неъматларга элтувчи бўлган тоат-ибодатларда тиришинг. Бу ой кириб келсада, ғафлатда юришдан сақланинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазонга кириб, ундан гуноҳлари мағфират қилинмасдан чиққан кишининг бурни ерга ишқалсин» дедилар (Термизий ва Ҳоким ривояти).
4. Рамазон – Қуръон тиловати ойи
Рамазон – Қуръон ойи. Салафлар Рамазон кириши билан Қуръон тиловатига қаттиқ берилишар, уни бошқа барча ибодатлардан кўра аввалги ўринга қўяр эдилар. Ривоят қилинишича, уларнинг баъзилари бу ойда ҳар куни Қуръонни хатм қилиб, ўқиб чиқар эди. Сиз ҳам бу ойда тиловат қоидаларига имкон қадар риоя қилиб, тадаббур, тартил ва хушуъ билан Қуръон тиловатига бел боғланг.
5. Қиёмул-лайл – тунги ибодат
Тунги намозларни адо қилиш Рамазондан бошқа ойларда суннати муаккада бўлиб, Рамазонда эса янада таъкидлангандир. Бу масжидларда адо қилинадиган таровеҳ намозлари бўлиб, унга диққат қилмоқ ва имом билан бирга охирига етказмоқ лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки имоми билан то у намозини тугатгунича намозда бирга қоим бўлса, туни билан намоз ўқигандек ёзилади» деб марҳамат қилганлар (Сунан соҳиблари ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ санаганлар).
6. Садақа
Рамазонда садақа қилиш бошқа ойлардан кўра фазилати ва савоби кўпроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кирса жуда ҳам кўп садақалар қилар, янада сахий, мурувватли бўлиб кетар эдилар. Бу ойда садақалар қилишга, ўзингизда бор нарсалардан бошқаларга инфоқ- эхсон қилишга қаттиқ интилинг.
7. Рўзадорларни таомлантириш
Шунингдек, рўзадорларни таомлантириш, фақир ва мискинларга ифторликлар бериш каби ишларга ҳарис бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким рўзадорни таомлантирса, унинг топган ажри мисоличалик ажру-савобга эришади» деб марҳамат қилдилар.
8. Масжидларга қатнаш
Ер юзидаги энг яхши жойлар масжидлардир. Намозларни масжидда жамоат билан адо қилишга ҳаракат қилинг. Намозларни адо қилгандан сўнг, кейинги намозларни кутинг. Нафл ибодатлардан бирортасини қолдирмай адо қилишга интилинг. Чунки нафл ибодатлар, фарз амаллардаги камчиликларни тўлдиради ва Аллоҳнинг муҳаббатига эриштиради. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: «Бандам менга нафл ибодатлар ила қурбат-яқинлик ҳосил қилиб борар экан, Мен уни яхши кўриб қоламан» (Бухорий ривояти).
9. Охирги ўн кунлик
Азиз дўстим, охирги ўн кунликда ибодатлардаги тиришқоқлигингиз ўтган кунлардан кўра кучлироқ бўлишига ҳаракат қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунлик бошланса, ўзлари кечалари ибодатлар билан бедор бўлар ва аҳли-оилаларини ҳам шунга тарғиб қилиб уйғотар эдилар (Муттафақун алайҳ).
10. Лайлатул-қадр – қадр кечаси
Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасидан изланг. Хусусан, унинг тоқ кечаларидан қидиринг. У тунларни намозда қоимлик, Қуръон тиловати, зикр, дуо ва бундан бошқа ибодатлар ила ўтказинг. Чунки у кечада қилинган ибодатнинг савоби, қадр кечаси бўлмаган минг ойда қилинган ибодатнинг савобидан яхши.
11. Кўзни тийиш
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсаларга қарашдан кўзни сақлаш, кам амал қилинадиган ибодатдир. Нима учун бу улкан ибодатни тирилтириб, амалга оширишга ҳаракат қилмайсиз?
12. Зикр
Барча ҳолатларингизда Аллоҳни эсловчи зокир бўлинг. Аллоҳни зикр этувчилар шак-шубҳасиз дунёю охиратда нажот топувчи кишилардир.
13. Дуо
Дуо ибодатдир. Бу банданинг Роббисига барча ҳолатларида доимо муҳтожлиги ва фақирлигига далилдир. Аллоҳ таоло ушбу оятда дуони ибодат деб номлаган:
«(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуо-илтижоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган холларида жаҳаннамга кирурлар», деди» (Ғофир: 60). Сиз ҳам дўстим, дуо ибодатидан ғофил қолманг.
14. Эътикоф
Эътикоф масжидда ҳозир бўлиб, Аллоҳ ибодатида хилватда бўлишдир. Эътикоф кунларингизни лағв, сафсата, беҳуда сўзлар билан зое қилиб қўйиб, қайтанга сиздан кўра эътикофда бўлмаган одам яхши бўлиб қолмасин.
15. Ейиш ва ичиш
Кўп ейиш ва ичишдан ўзингизни тийинг. Чунки у ибодатларда дангасалик, эринчоқлик ва бўшашишга олиб келади.
16. Четланиш керак бўлган мункар ишлар:
* Рамазон ойида, кундузлари чекишдан ўзингизни тийиб юришингиз сизнинг қатъиятингиз, ирода қувватингизга далилидир. Шундай экан нима учун кечасию кундузи ўзингизни ундан тийишга ҳаракат қилмайсиз?
* Мусиқа эшитишдан сақланинг. Чунки у қалбни бузади ва ғайратни сўндиради.
* Рамазон ойини телевизордаги турли сериаллар, филмлар ва турли телешоуларни кўришдан қутилиш бўлиш мавсуми қилинг.
* Кўп кулиш ва латифабозликдан ўзингизни тийинг. Чунки бу нарсалар қалбнинг қаттиқлашиши ва Аллоҳ зикридан ғофил бўлиш, чалғишни келтириб чиқаради.
* Бекорчи, ёмон инсонлар билан бирга бўлманг. Агар улар билан бўлсангиз сиз ҳам ўшалардан бири бўлиб қоласиз.
* Дунёдаги энг ёмон жойлардан бири бозорлардир. Зарурат бўлмаса у ерларда камроқ бўлганингиз маъқул.
* Эркак-аёллар аралаш бўладиган ўринлар ёки хилватда ёлғиз эркак билан аёлнинг қолиши фасод, ёмонликлар ва оммавий уқубатларнинг катта сабабларидандир. Бу нарсалардан эҳтиёт бўлинг!
* Тил билан содир қилинадиган гуноҳлардан сақланинг. Чунки бу рўзани савобини кетказиб қўядиган ишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки ёлғон гувоҳлик бериш, унга амал қилиш ва жоҳилликдан тийилмас экан, уни ейиш, ичишдан тийилишини Аллоҳга ҳожати йўқдир» деб марҳамат этганлар (Бухорий ривояти).
Набийимиз Муҳаммад ва у кишининг оилалари ва асҳобларига салавотлар ва саломлар бўлсин.
Сизларга муборак Рамазон кечаларини файзли ўтиши ва дунёю охиратингизга улкан манфаатлар келтиришини тилаб Аллоҳ йўлида сизни яхши кўрувчи дўстингиз Бобур Мирзо.