Рўзани бузмайдиган айрим амаллар баёни
Абдуллоҳ бин Солиҳ ал-Қасир
1 – Рўзадорлик асносида эҳтилом бўлиш (яъни уйқуда – таржимон): Бу ҳолат қасддан қилинмаслиги учун илм аҳли иттифоқига кўра рўзани бузмайди.
2 – Ғайриихтиёрий равишда қайт қилиш. Бу нарса қуйидаги ҳадисга биноан рўзани бузмайди: «Кимки ихтиёрсиз равишда қайт қилса, унга қазо йўқдир».
3 – Чанг-ғубор, чивин ва ҳоказолар каби кўпинча сақланиш мушкул бўлган нарсаларнинг бехосдан ҳалқумга кириб қолиши. Бу ҳам атайин қилинмаслиги туфайли рўзани бузмайди. Қасддан қилмаган киши «ғофил» ҳукмида бўлади. Ғофилдан эса ғафлати пайтида таклиф кўтарилади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 286-оятида мўъминлар тилидан қуйидагиларни айтади:
«Эй, Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак бизни жазога тортма!» Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Менинг умматимдан хато ва унутиш туфайли ҳамда мажбуран қилдирилган ишлари кечирилгандир».
4 – Бурун қонаши ёки жароҳат ва ҳоказолар туфайли бадандан ғайриихтиёрий равишда чиқадиган қон. Қасддан қилинмаслиги учун рўзани бузмайди.
5 – Рўзадорлигини унутган ҳолда еб-ичиб қўйиш. Бундай вазиятга тушган одамнинг рўзаси дуруст бўлади башарти, рўзадорлиги ёдига тушган заҳоти еб-ичишдан тийилса. Қуйидаги ҳадисларга биноан унинг рўзаси саҳиҳ ва зиммасига хеч қандай қазо юклатилмайди: 1. «Менинг умматимдан хато ва унутиш туфайли ҳамда мажбуран қилдирилган ишлари кечирилгандир». 2. «Кимки рўзасини унутган ҳолда еб-ичиб қўйса, бас, рўзасини охирига етказсин. Уни Аллоҳ таоло едириб-ичирибди».
6 – Тонг отганига шубҳа қилиб еб-ичса. Унинг рўзаси дуруст ва зиммасида хеч қандай қазо йўқ. Чунки, субҳдаги асл-асос туннинг мавжудлигидир.
7 – Эҳтилом ёхуд жимоъ туфайли жунуб ҳолида тонг оттирса. Бунинг рўзага зарари йўқ. Агар вақт зиқ бўлса саҳарлик қилиб, рўзасини тутади. Ғуслни эса саҳардан кейинга кечиктириши ёки субҳ киргандан сўнг ғусл қилиб олиши ҳам жоиз бўлиб, унинг рўзаси дуруст ҳисобланади. Саҳиҳайнда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан жунуб ҳолда тонг оттирар, сўнгра ғусл қилиб, рўза тутардилар: 1. Оиша онамиздан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аёллари билан қўшилиш сабабидан жунуб ҳолларида субҳга етардилар. Сўнгра у киши ғусл қилиб, рўза тутардилар» (Муттафақун алайҳ). 2. Оиша ва Умму Салама оналаримиздан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жимоъдан жунуб ҳолда тонг оттирар эдилар. Сўнгра рўзаларини тутаверардилар» (Муттафақун алайҳ). 3. Саҳиҳи Муслимда ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: «Баъзан жунуб ҳолатимда намоз вақти кириб қолади, рўзамни эса тутавераман». Бу борадаги далиллар бисёрдир. Олимлардан кўплари мазкур ҳолат рўзани бузмаслиги ҳақида уламолар ижмосини нақл қилганлар.
8 – Булут, туман ва ҳоказо туфайли қуёш ботганини гумон қилиб оғиз очса ва шундан сўнг қуёш ботмагани аён бўлиб қолса. Бундай ҳолатда қуёш ботмагани аниқ бўлиши билан еб-ичишдан тийилиб, рўзани давом эттиради. Қазоси унга вожиб бўлмайди. Бу фикр аҳли илмлардан бўлган бир жамоанинг ихтиёри бўлиб, Шайхул Ислом Ибн Таймия ҳам шулар сирасига кирадилар. Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар гумон ғолиб келиб, ҳали қуёш ботмасдан бурун оғзини очиб қўйса, сўнгра қуёш зохир бўлса, бас, у унутган ҳукмидадир. Рўзасини давом эттиради. Зеро, саҳиҳда собит бўлганки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида саҳобалар қуёш ботди деб ўйлаб, ифтор қиладилар, сўнгра қуёш кўринади… (ҳадис)… Мазкур ҳадисда саҳобалар ўша куннинг рўзасини қазо қилиб беришга буюрилганликлари ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Агарда бунга буюрилганликларида эди бу нарса худди оғизларини очганликлари нақл қилингани каби нақл қилинган ва аллақачон ёйилиб, овоза бўлиб кетган бўларди. Модомики, бу нарса нақл қилинмаган экан, ўз-ўзидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўша куннинг қазосини тутишга буюрмаганликларига далолат қилади. Ва яна Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда: у киши (қуёш ботди деб ўйлаб) оғизларини очганлари, сўнгра кун равшан бўлгач: «Биз қазо қилмаймиз (яъни рўзани давом эттирамиз) чунки, гуноҳ қилмадик (яъни қасддан рўзани очмадик)», – деган сўзлари нақл қилинган». Шайхул Ислом изоҳ берадилар: «Мана шу сўз асар жиҳатидан ҳам назар жиҳатидан ҳам (яъни ҳам нақлан ҳам ақлан) энг кучли сўз булиб, китоб, суннат ва қиёс далолатига мувофиқдир».