Қай бири афзал: сафарда оғиз очишликми ёки рўза тутишлик?
Бисмиллаҳир Роҳмани Роҳийм
Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
«Тўрт имом ҳамда жумҳур саҳоба ва тобеинлар сафарда рўза тутишлик саҳиҳ, қарор топган ишдир ва агар киши рўза тутса рўзаси раводир, деган фикрга бордилар» (Мавсуа ал-фиқҳийя (28/73)).
Қай бири афзал деган сўзга келсак, ушбу қуйидаги тафсилот ила маълум бўлади:
«Биринчи ҳолат: Рўза тутиши билан оғиз очиши баробар бўлса, яъни, рўза унга салбий таъсир қилмаса, ушбу ҳолатда қуйидаги далилларга биноан унга рўза тутишлиги афзал бўлади:
а) Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Рамазонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жуда қаттиқ иссиқда (сафарга) чиқдик. Ҳатто биримиз қўлини офтоб тиғидан бошига қўярди. Орамизда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абдуллоҳ ибн Роваҳа рўзадор эди» (Бухорий (1945), Муслим (1122)).
б) Зиммадаги вожиботдан тезроқ қутулади. Қазо рўза (ўз-ўзидан) кечроқ адо этилади. Вожибот бўлмиш Рамазон рўзасини адо этишлик эса муқаддам қилинади.
в) Ушбу (яъни, Рамазон рўзасини ўз вақтида тутишлик) кўпинча енгил кечади. Чунки одамлар билан бирга рўза тутиб, оғиз очишлик рўзани (бир ўзи) қайта бошлашга қараганда енгилроқдир.
г) Фазилатли онлар бўлмиш Рамазон(да рўза тутишлик бахти)га муяссар бўлади. Албатта Рамазон бошқа ойлардан афзалдир. Чунки у (рўза) вожиб бўлиш онларидир. Ушбу далиллар сабабли Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтган қовл рожиҳки, рўза тутишлик ва оғиз очишлик баробар бўлган киши ҳақида рўза тутишлик афзалдир.
Иккинчи ҳолат: Оғиз очишлик енгил келади. Шунда айтамизки: оғиз очишлик афзалдир. Агар баъзи нарсалар унга машаққатли бўлса, у кишига рўза тутишлик макруҳ бўлади. Чунки рухсат бўла туриб киши ўзини машаққатга қўйиши Аллоҳ азза ва жалланинг рухсатидан бурилишни англатади.
Учинчи ҳолат: Рўза тутишлик адо этиб бўлмас даражада оғир машаққат туғдиради. Ушбу ҳолатда у кишига рўза тутишлик ҳаром бўлади.
Бунга далил Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда Маккани фатҳ (қилиш учун ҳижратнинг ўнинчи) йили чиқдилар. У киши ва одамлар рўза тутишганди. «Куроъал Ғомим»га (жой номи) етгач бир қадаҳ сув (келтиришга) буюрдилар. Уни (сувни оғизларига) кўтардилар. Одамлар тикилиб туришарди. Сўнг ичдилар. Ана шундан сўнг у кишига айтилдики: Дарҳақиқат, баъзи кишилар рўза тутгандилар. У киши эса: «Ана ўшалар итоатсизлардир. Ана ўшалар итоатсизлардир», дедилар». Бошқа бир ривоятда эса: «У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтилдики: одамларга рўза тутишлик машаққат туғдирди. Улар сиз қилган ишга қараб турибдилар. Шунда асрдан сўнг бир қадаҳ сув (олиб келишга) буюрдилар». (1114). У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғир машаққат бўла туриб рўза тутганларни итоатсизлар дея сифатладилар» Шайх Муҳаммад ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ “Шарҳ ал-Мумтиъ” (6/355).
Нававий ва Камол ибн Ҳумам шундай деди: «Оғиз очишликни афзал эканига далолат қиладиган ҳадислар рўза тутиш сабабли зарар кўрадиган киши ҳақидадир. Баъзи ҳадисларда эса ушбу очиқ айтилган. Ҳадислар жамлансин учун ана шундай изоҳ киритишдан ўзга чора йўқдир. Ва бу баъзи ҳадисларни аҳамиятсиз қолдиришдан, ёки бирор қатъий далилсиз мансух бўлган дея даъво қилишдан авлороқдир. Рўза тутиш ва оғиз очиш баб-баробардир дейдиганлар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларини далил сифатида ёдга олдилар: «Ҳамза ибн Амр ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди: «Сафарда рўза тутаманми?». – У кўп рўза тутарди. – У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Хоҳласанг рўза тут. Хоҳласанг тутма», дедилар». Муттафақун алайҳ” (Мавсуъа Фиқҳийя (28/73)).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Манба: Тавҳид форуми