Рамазондан сўнг мусулмоннинг аҳлоқи

Рамазондан сўнг мусулмоннинг аҳлоқи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг:

Улуғ Рамазон ойи ўз якунини топди. Биз Аллоҳ таолодан бизнинг ғайрат ва ибодатларимизни қабул қилишини сўраймиз. Кўпгина мусулмонлар Аллоҳнинг раҳмати билан ушбу улуғ ойда улкан ғайрат кўрсатадилар. Масжидлар ҳатто бомдод намозига ҳам тўлиб кетади. Улар саховат, ҳаромдан йироқ бўлиш, гўзал аҳлоқни намоён қилиш ва бошқа шу каби солиҳ амалларда ғайрат кўрсатадилар.

Яна одамлар орасида шундайлари борки, йил бўйи Аллоҳга ибодат қилмайди. Ушбу улуғ ойда рўза тутишни ва намоз ўқишни бошлайди. Бироқ минг афсуслар бўлсинки, муборак ой тугаши билан масжидлар деярли бўшаб қолганини, одамлар яхшиликка ва гуноҳлардан четланишга бўлган интилишдаги жўшқинлик ва ғайратни йўқотганини гувоҳи бўласан. Ушбу ойда ибодат қилишни бошлаганлар уни батамом тарк этганини кўрасан, шу жумладан ҳатто беш вақт намозни ҳам.

Ҳофиз ибн Ражаб айтади: «Аҳмоқлар Рамазон ойини қийинчилик билан ўтказишади. Чунки бу ойдаги намоз ва рўза каби ибодатлар уларни уринтириб қўяди. Бу жоҳилларнинг кўпчилиги Рамазонда рўза пайтидан бошқа намоз ўқимайди. Уларнинг кўпчилиги Рамазондагина гуноҳи кабиралардан тийилади. Шунинг учун ҳам у (Рамазон) уларга узоқ давом этаётгандек туюлади ва гуноҳлардан ажралиш уларнинг қалби учун оғир келади. Бундай одамлар, била туриб, ўжарлик билан гуноҳ ишларни қилувчилардир ва улар бахтсиз одамлардир. Уларнинг орасида шундайлари борки, ҳатто Рамазонда ҳам у ўзини гуноҳлардан тия олмайди» (Қаранг: «ал-Латаиф» 158).

Ҳофиз ибн Ражаб яна айтади: «Рамазонда рўза тутиш раҳматига, ундан (Рамазондан) сўнг гуноҳ ишга қўл уришни кўндаланг кўйишга келсак, бу шундайларнинг амалики, у Аллоҳнинг раҳматини ношукрликка алмаштирибди» (Қаранг: «ал-Латаиф» 398).

Бундай тоифа одамлардан бўлиб қолишдан Аллоҳ сақласин!

Кунларнинг бирида Бишр ал-Ҳафийга сўрашди: «Дарҳақиқат, шундай одамлар борки, Рамазондагина ибодат қилишда ғайрат кўрсатади». Бунга у шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳни Рамазондагина эслайдиган халқ, ёмон ҳалқдир! Дарҳақиқат, солиҳ инсон – йил бўйи (ибодатда) ғайрат кўрсатадиган инсондир!» (Қаранг: «ал-Латаиф» 396).

Шундай бўлсада, Рамазон ойида Аллоҳни эсга оладиганлар, Аллоҳни ҳеч қачон эсга олмайдиганлардан ва Унга на Рамазонда ва на бошқа вақтда ибодат қилмайдиганлардан яхшироқдир.

Шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло баъзи вақт, кун ва ойларни танлади. Унда бажарилган солиҳ амаллар бошқа вақтдагидан Аллоҳ учун афзалроқ ва севимлироқдир. Аллоҳ ушбу қўшимчани Ўзининг бандаларига ато этишидан мақсад, уларни янада фаоллаштириш учундир.

Бу дегани бошқа вақтда Аллоҳни унутиш, гуноҳ ва бузуқликларга қайтиш, мажбуриятларни бажаришга совуққонлик билан ёндашиш каби амалларни қилиш лозим дегани эмас. Йўқ! Бу вақтлар, шу жумладан улуғ Рамазон ойи, ушбу вақт мобайнида Аллоҳнинг бандасида ҳосил бўлган фаоллик, бу ойдан кейин ҳам унинг ҳамроҳига айланишига сабаб бўлиб хизмат қилиши керак.

Бундан ташқари, ҳатто мўътадил ҳолатда бўлиб ибодат ва яхшиликда давомий бўлиш, маълум вақт мобайнида ғайрат кўрсатиб, шундан сўнг уни тарк этишдан кўра яхшироқдир. Оиша роҳияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ учун амалларнинг суюмлироғи, оз бўлсада, давомий бўлганидир». Оишанинг ўзлари эса дедилар: «Қачонки Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оиласи бирор амални қилса, кейин уни тарк этмас эди» (Муслим 782).

Алқама ривоят қилади: «Мен Оишадан сўрадим: «Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амаллари қандай эди? Улар бирор кунни хослармидилар?» У жавоб берди: «Йўқ, уларнинг амаллари давомий бўлар эди. Бироқ сизларнинг қай бирингиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган ишни қила оларди?!»» (Муслим 783).

Шундай қилиб, ҳадислар шу нарсага далолат қиладики, оз бўлсада давомий бўлган солиҳ амаллар, маълум вақтдагина фаолликни намоён қилишдан яхшироқдир.

Абу Ҳурайра, Убайд ибн Амир ва Талҳа ибн Убайдуллоҳлар ривоят қилишади: «Ўз вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Болия деган ердаги Исломни қабул қилган икки одамни биродар қилиб қўйдилар. Улардан бири жиҳод вақтида шаҳид бўлди, иккинчиси эса ундан бир йил кейин вафот этди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга иккинчисининг тобутини кузатиб борар эканлар, улар Аллоҳга уни ўз биродари билан бирга қилишини дуо қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам сўрадилар: «Улардан қай бирири сиз яхшироқ деб ҳисоблайсиз?!» Биз айтдик: «Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади, аммо биз шаҳид яхшироқ деб ҳисоблаймиз!» Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ахир у ундан (шаҳид бўлгандан) сўнг Рамазон ойида рўза тутмадими ва фалонча ракаат намоз ўқимадими?! Уларнинг орасидаги фарқ осмон ва ерчаликдир!»» (Аҳмад 1/163, Ибн Можа 3925. Ҳадиснинг саҳиҳлигини ҳофиз ал-Мунзирий, шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний тасдиқлашди. Қаранг: «Таҳқиқ ал-Муснад» 1403, «Саҳиҳ ат-тарғиб» 371, 372, 373).

Ушбу ажойиб ҳадис умрини узлуксиз Аллоҳ таолога ибодатда ўтказганнинг буюк муваффақиятига далолат қилмоқда.

Шаблийдан сўрашди: «(Ибодатда ғайрат кўрсатиш учун) қайси ой афзал, Ражабми ёки Шаъбонми?» У жавоб берди: «Аллоҳга ҳар доим ибодат қилувчилардан бўл ва шаъбонийлардан бўлмагин!» (Қаранг: «ал-Латаиф» 396).

Шундай экан, эй Аллоҳнинг бандалари, келинг биз ҳам рамазонийлардан бўлиб қолмайлик. Келинг биз ҳам ушбу улуғ ойда эгаллаган ғайрат ва фаоллигимизни ҳаётимиз давомини ҳам Буюк ва Қудратли Роббимизга ибодатда ва итоатда ўтказиш учун сарфлайлик.

Ҳозир ҳам буюк ажрга эга бўлиш учун қулай фурсат бор. Бу ҳам бўлса Шаввол ойининг олти кунлик рўзаси. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра унга Шавволнинг олти кун рўзасини қўшиб қўйса, гўё йил давомида рўза тутгандек бўлади» (Муслим 1164).

Кейин эса Зулҳижжа ойи ҳам олисда эмас. Бу ойнинг аввалги ўн куни йилнинг энг афзал кунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ушбу оламнинг энг афзал кунлари Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир» (Баззор, Ибн Ҳиббон. Ҳофиз ал-Мунзирий, ҳофиз ал-Ҳайсамий ва шайх Албоний ҳадисни ҳасан деган. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 50, «Саҳиҳ ал-жомиъ» 1133).

Ҳар бир мусулмон ўз Роббисига ибодат қилиши шарт. Унинг буйруқларини маълум бир вақт ва замондагина эмас, балки бутун умри давомида бажариши керак. Ҳатто ўша маълум вақт ва замонга алоҳида эътибор ва фаоллик кўрсатиш керак бўлса ҳам. Имом Тибий айтади: «Фарз, суннат ва одоб каби солиҳ амаллар, ораларидаги фазилатнинг турли бўлишига қарамай, баъзида бир бирларидан афзалликка эга бўлади. Ахир қанча амаллар борки, бошқа амаллар унга нисбатан устунликка эга бўлсада, маълум вақт ва замон сабабидан ўша қолган амаллардан устун бўлади» (Қаранг: «Файдул-Қодир» 5/584).

Аллоҳ азза ва жалла айтади:

«То сизга яқийн – аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Роббингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг инсонга ўлим соати келгунига қадар Унга ибодат қилишга бўлган очиқ буйруғидир. Шайх Ибн ал-Қоййим «яқийн» сўзи борасида шундай деди: «Мутлақо барча уламоларнинг ижмосига кўра гап ўлим ҳақида кетмоқда. Ҳасан ал-Басрий эса шундай деган: «Аллоҳ мўминларга ибодат учун ўлимдан бошқа бирор муҳлат белгиламади»» (Қаранг: «Мадарижу-ссоликин» 3/316).

Сўзимиз охирида Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамдлар айтамиз.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan