Илм афзалми ёки Жиҳодми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Илм олиш энг афзал ибодат экани ва у барча ибодатлардан устун туриши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб ўтганлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшироқдир. Динингиздаги энг яхши нарса вараъ (тақво)дир» (Табароний, Ҳоким, Баззор ривояти. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳут-тарғиб» 68, «Саҳиҳ ал-жомиъ» 4214).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: «Олим – рўзадор, тунда намозда қоим бўлувчи ва мужоҳиддан афзалдир» (Димятий, «ал-Матжуру-ррабиҳ» 1/16).
Аздий ривоят қилади: «Кунларнинг бирида мен Ибн Аббосдан жиҳод ҳақида сўрадим ва у менга деди: «Сенга жиҳоддан кўра афзалроқ нарса ҳақида хабар беришимни истайсанми?» Мен дедим: «Албатта!» У деди: «Масжид қургин ва унда диннинг фарз, суннат ва фиқҳини таълим бергин»» (ал-Фасавий «ал-Маърифа» 3/503, Ибн Абдул-Барр «ал-Жомиъ» 1/31).
Имом Зуҳрий дедилар: «Аллоҳнинг динини ўрганишдан кўра Унга қилинган яхшироқ ибодат йўқдир» (Қаранг: «Туҳфату толибил-илм» 24).
Ҳасан Басрий дедилар: «Олимларнинг сиёҳлари шаҳидларнинг қонидан афзалдир!» (ал-Ажлуний «Кашфул-хофо» 2/262).
Бироқ баъзи мусулмонлар ушбу сўзларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат беришади. Аслида эса ушбу сўзлар Ҳасан Басрийга тегишлидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси деб айтишлик жиҳатидан ушбу ривоят заифдир (Қаранг: Ибн ал-Жавзий, «ал-Иълал» 1/80; Али ал-Қорий, «Ал-Маснуа» 303; Шавконий, «Ал-Қоваидул-мажмуа» 278; Саховий, «Фатҳул-муғийс» 442).
Шунинг учун ушбу сўзларни ҳадис сифатида ривоят қилишлик мумкин эмас. Ушбу сўзларни Ҳасан Басрийнинг сўзлари сифатида ривоят қилишлик тўғрироқ бўлади.
Ислом рукнларидан кейин жиҳоддан кўра афзалроқ ибодат йўқ деб ҳисоблаган Имом Аҳмадга савол беришди: «Беш юз дирҳами бор инсон учун нима қилгани афзал: жиҳод йўлида сарф қилганими ёки илм талаб қилишгами?» У зот жавоб бердилар: «Агар ўша кимса илмсизлардан бўлса, менинг наздимда илм талаб қилишга (сарф қилиши афзалроқдир)» (Қаранг: «ал-Адабу-шшаръия» 2/40).
Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, агар мусулмонлар юртига кофирлар бостириб келса ва жиҳод фарзи-айн бўладиган ҳолат бўлса, шубҳасиз ислом ерларини мудофаа қилишлик, масжидда ёки дарсда ўтириб илм талаб қилишликдан муҳимроқ бўлади. Чунки ҳар бир ибодатнинг энг афзал бўлган вақти бўлади.
Агар ушбу масаланинг аслига назар солсак, шубҳасиз илм талаб қилишлик жиҳод қилишликдан афзал ҳисобланади. Айниқса жамият дин асослари борасида ҳатто бошланғич илмга эга бўлмаган бир вақтда илм талаб қилишлик бошқа барча ибодатлардан афзал бўлишида шубҳа йўқ.
Манба: Тавҳид форуми
assalamu alaykum varahmatulloh. bu yerga izoh qoldirilsa, u izohlar qo’yilmaydimi?
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Мулоҳаза қолдирсангиз сайт ходимлари томонидан кўриб чиқилади. Мулоҳазангиз ўринли деб топилса чоп этилади. Акс ҳолда ўчириб юборилади.