Илм излаш асослари
Шайх Абдуллоҳ ибн Салфиқ аз-Зуфаирийнинг
”Ар-Ракаъиз-ул-Ашар Лит-Таҳсил-ил-Илми” рисоласи асосида тайёрланди
Алҳамдулиллааҳи Раббилаламин, вас-Солаату вас-Салааму ала Ашрафил-Анбияи вал-Мурсалин, ва баъд:
1. Аллоҳдан ёрдам сўрашлик
Инсон ўзи кучсиз ва агар Аллоҳ куч қудрат бермаса ўзида на куч ва на қувват бор. Агар инсон ишларини фақатгина ўзига топшириб қўйса, у ҳолда ҳалокатга учрайди. Аммо у ишларини Аллоҳга топширса, яъни Аллоҳга таваккул қилса ва илм излашда Аллоҳдан ёрдам сўраса Аллоҳ унга ёрдам беради.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!” (Фотиҳа сураси , 5).
“Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилур” (Талоқ сураси, 3).
“Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз!” (Моида сураси, 23).
Агар биз Аллоҳга ихлос билан таваккул қилсак Аллоҳ бизга худди қушларга ризқ бергани каби бизларга ҳам ризқ ато қилади. Қушлар инларидан оч қорин билан чиқиб қайтганларида эса қоринлари тўқ бўлиб қайтишади.
Аллоҳ берган энг катта ризқ нима? Бу илмдир. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ишларда Аллоҳга таваккул қилиб, Аллоҳдан ёрдам сўрар эдилар. Демак, биз ҳам хусусан фойдали илм излашда Аллоҳга таваккул қилишимиз ҳамда Ундан ёрдам сўрашимиз керак бўлади.
2. Яхши ният
Мусулмон илм излашда ниятни фақатгина Аллоҳ учун қилмоқлиги лозимдир, яъни бошқалар “Бу илм олаётган экан, зўр экан, илмли экан ва ҳ.к.” дейишлари учун эмас, балки Аллоҳ учун илм излаш лозим бўлади. Кимки ниятини Аллоҳ учун қилса, Аллоҳ унга ўша ишда ютуқ беради ва мукофотлайди. Илм бу ибодат туридир. Ҳақиқатда, илм бу ибодат турларининг энг катталаридандир.
Ибодатнинг қабул бўлиш шартлари эса 2 тадир:
1) Ихлос, яъни Аллоҳ учун қилишлик;
2) Муҳаммад саллалалҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига кўра қилишлик
Аллоҳ таоло айтадики:
“Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан биргадир” (Наҳл сураси, 128).
Тақвонинг энг улуғ тури бу ниятни холис Аллоҳ учун қилишликдир.
Кимки риё учун, яъни бошқалар кўришлиги учун, мақташлари учун илм изласа, шу ҳолатида вафот этса, у ҳолда у тушкунликка тушганлардан ҳисобланади ва Қиёматда у азобланади. Аллоҳ барчамизни бундан асрасин.
3. Ўзини Аллоҳ олдида ўзини камтарин ҳис қилишлик ва Аллоҳдан илмини оширишликни сўрашлик.
Мусулмон доимо Аллоҳдан илмини оширишликни сўрашлиги зарурдир, чунки у доимо Аллоҳга, Унинг ёрдамига муҳтождир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бандаларини Унга дуо қилиб ёрдам сўрашликка чақирган. Аллоҳ таоло айтади:
“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилинглар, Мен сизларга (дуоларингизни) мустажоб қилай”, – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир сураси, 60).
“Айтинг: “Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин!”” (Тоҳа сураси, 114).
Қуръонда Иброҳим алайҳиссалом шундай деганлиги айтилади:
“Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ҳадя этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин!” (Шуъаро сураси, 83).
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг хотирасини кучли қилишликни сўраган эдилар. Ҳамда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга илм ато қилишликни ҳам сўраб дуо қилган эдилар. Аллоҳ Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини қабул қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эшитган нарсасини ёдлайдиган, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса бу Умматнинг катта уламоларидан ҳамда Қуръонни тафсир қилувчилардан бўлди.
Уламолар ҳам Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашиб доимо Аллоҳдан илмларини зиёда қилишликни сўраб келганлар. Масалан, Шайҳул Ислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ масжидларга бориб, сажда қилиб саждада “Эй Иброҳимга илм берган, Эй Сулаймонга илм берган, менда динни тушунишликни насиб қил” деб дуо қилар эдилар. Аллоҳ таоло Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг дуосини ҳам қабул қилди ва Ислом оламидаги энг катта уламоларга айландилар.
Демак, биз ўзимизни Аллоҳ олдида камтарин ҳис қилиб, доимо Аллоҳдан илмимизни зиёда қилишлигини сўрашимиз лозим. Чунки бу Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ҳамда уларга эргашган уламолар йўли экан.
4. Тўғри, соғлом қалб
Қалб бу илм сақланадиган жойдир. Агар бу жой мустаҳкам бўлса у ҳолда ичида бўлган нарсани сақлай олади, агар бу жой мустаҳкам бўлмаса у ҳолда у жойда бўлган нарсалар йўқолади.
Жасаднинг шундай бир қисми, жойи борки агар ўша жой тўғри, соғлом бўлса, бутун жасад ҳам соғлом бўлади. Агар у жой тўғри бўлмаса, соғлом бўлмаса бутун жасад ҳам шундай бўлади.
Мана шу жасаднинг қисми нима? У қалб, юракдир.
Қандай қилиб инсон соғлом қалбга эга бўла олади?
Соғлом қалбга эга бўлишлик Аллоҳни аниқ танишлик, Унинг Гўзал Исмлари ва Комил Сифатларини билиш орқали бошланади. Бундан ташқари Аллоҳнинг аломатлари ва яратгани (бутун олам) ҳақида, ҳамда Қуръон ҳақида ҳам тафаккур қилишлик соғлом қалбга олиб борадиган амаллардандир. Намозни тўкис адо қилишлик, таҳажжуд намозини ҳам ўқишлик соғлом қалбга элтувчи амалларга киради.
Инсон қалбини касал қилувчи, бузувчи нарсалардан, жойлардан ўзини йироқ қилиши зарур. Агар бу нарсалар қалбида бўлса, у ҳолда ундай қалбга илм кирмайди, илм у ерга жойлаша олмайди. Ҳаттоки жойлашса ҳам, у илмни тушуна олмайди. Аллоҳ таоло мунофиқлар, яъни қалби касал бўлганлар ҳақида шундай дейди:
“Уларнинг қалблари бору англай олмайдилар” (Аъроф сураси, 179).
Энди савол: Инсоннинг қалби қандай қилиб касал, бузилган қалбга айланади?
2 хил йўл билан: шаҳват ва шубҳаларга эргашишлик. Демак, бузилган, касал қалб 2 хил экан. Шаҳватларга эргашишлик дегани бу: бу дунё ҳаёти, маишатликларини севишлик ва шу нарсалар билан овора бўлишлик, ҳаром бўлган суратларни севишлик, ҳаром нарсаларни эшитишлик, ҳамда ҳаром нарсаларга қарашлик. Шубҳаларга эргашишлик бу адашган ақидаларни ўрганишлик, бидъат амалларини қилишлик, бидъат аҳлидан бўлишликдир.
Бундан ташқари рашқ ҳамда кибр, кўп ухлашлик, кўп гапиришлик ҳам кўп овқат ейишлик ҳам қалбни бузувчи амаллардандир. Шунинг учун ҳам инсон қалбни бузувчи нарсалардан ўзини йироқ қилиб, қалбини софловчи амалларни қилиши ва натижада эса соғлом қалбга эга бўлишга интилиши лозимдир.
5. Ақл
Инсонда ўқиган нарсасини тез тушуниш, ёдлаш қобилияти табиий бўлиши мумкин ёки бу нарсага ўзи ҳаракат қилиб эришиши мумкин. Агар инсон табиий жиҳатдан ақлли бўлса у ҳолда ақлини кучлироқ қилиш билан шуғулланиши агар ақлли бўлмаса у ҳолда ақлли бўлишга интилиш учун ўзига шароит яратиши лозим бўлади.
Инсоннинг илм олиш, тушуниш ҳамда ёдлаш қобилияти жуда ҳам зарур ҳамда кучли усуллардан биридир. Бу нарса унинг ҳар хил фиқҳий фикрларни , уларнинг далилларини ҳам тушунишига ёрдам беради.
6. Илм олишга иштиёқнинг кучли бўлиши. Илмни ўзлаштиришга ҳамда Аллоҳнинг ёрдамини олишга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан биргадир” (Наҳл сураси, 128).
Агар инсон бир нарсанинг муҳимлигини тушуниб етса, ўша нарсага эришишга ҳаракат қилади. Илм эса муҳим нарсаларнинг энг муҳимидир. Шунинг учун ҳар бир илм изловчи инсоннинг илмни ёдлашга, тушунишга ҳамда уламолар билан ўтиришга, улардан илм олишга бўлган иштиёқи кучли бўлиши лозимдир. Бу ишларни амалга оширишда албатта у вақтини нимага сарф қилишини режалаштириши зарур. Яъни, вақтини бекорчи нарсаларга эмас фойдали нарсаларга ажратиши керак бўлади.
7. Илм излашда жиддийлик, аҳд ҳамда сабр
Киши дангасаликдан, эринишдан ўзини йироқ тутиши, ҳамда шаҳватга ва Шайтонга қарши курашиши лозимдир. Чунки шаҳват ҳамда Шайтон илм олишга, излашга тўсқинлик қилувчи 2 та нарса.
Илм излашга мойилликни, аҳдини кучайтирувчи амаллардан бири бу: уламолар ҳаёти ҳақида ўқишлик, уларнинг қандай қилиб қийинчиликлар бўлганда сабр қилганликлари ҳақида билишлик. Бунга уларнинг қандай қилиб узоқ-узоқ ўлкаларга илм излаш учун сафар қилганликлари ҳам киради.
8. Мукаммаллик
Илм олаётган инсон илм излашга барча бор ҳаракатларини холисона сарф қилса натижада олган илмини мукаммал эгаллайди ҳамда кучайтиради. Бу нарса унинг илмни ёдлашида ва тўғри тушунишида кўринади.
9. Уламолардан илм ўрганишлик
Илм бу уламолардан ўрганилиши лозимдир. Уламолар Ислом ақидаси, қонун-қоидаларини тўғри тушунишади ва уни бизларга тўғри ҳолда ўргатишади. Ҳамда бундан ташқари амал қилишлари орқали ҳам уламолар бошқаларга жуда фойдали намунадир.
Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларни қандай қилиб тўғри Салафлар тушунгандек тушунишни биз Салафлар йўлида бўлган уламолардангина ўргана оламиз. Шу сабаб ҳам доимо ҳақиқий уламоларни танишлик, уларнинг китоблари, маъруза ҳамда мақолалари билан танишишга, уларни дарсларига қатнашишга қизиқишлик ва шунга яраша улардан илм олишлик ақлли инсоннинг ишидир.
10. Вақт
Илм излаётган инсон илм олишлик 1-2 кун ёки йилда тугайди деб ўйламаслиги лозимир. Балки кўп йиллар илм излашни давом эттириши зарур.
Солиҳ инсонлар доимо охирги нафасларигача илм олиш йўлида бўлганлар чунки улар илм излаш йўлида бўлишлик бу Жаннатга энг осон йўл эканлигини ҳаққоний равишда тушуниб етганлар. Албатта бу ерда сабрни алоҳида қайд қилиб ўтишлик лозим. Шубҳасиз, илм олишлик кўп йиллар давом этади ва бу учун инсон сабр қилишга ўзини ҳар томонлама тайёр қилиши лозим.
Манба: SofIslom.com
Ассалому алайкум.
Мен бир оддий онаман. Илм асосларини ва кишини ўзига ишончида илмнинг ролини-кераклилигини хис қиламан.
Раҳмат, ўқиб бир қанча саволларимга жавоб топгандайман.
Соғлом қалб эгаси бўлишликни ният қилдим, юракни тозалаш ва тоза юракларни (болаларда) қандай а с р а ш л и кни йулини уйлай бошладим… .
Раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.