Фатво берувчидан далил талаб қилиш
بسم الله الر حمن الرحيم
Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ала росулиллаҳ…
Ҳар бир мусулмон ўз динини далиллари билан ўрганишга интилмоғи лозим. Толиби илм имкон қадар кўр-кўрона тақлид қилишдан сақланмоғи ва ҳар бир шаръий масалани ўз далиллари билан билишга ҳаракат қилмоғи мақтовга лойиқ амалдир. Аммо бугунги кунда ўзини илм аҳлидан санаган баъзи «муфтий»лардан фатво сўралса, сўнгра масаланинг ҳукмини ўз далиллари билан айтишини талаб қилинса, «муфтий» толиби илмнинг бу ишини «одобсизлик» деб номламоқда. Аслида, шак-шубҳа йўқки, бу иш ўз амалларида китобу суннатга тобеъ бўлишни истаган ҳар бир мусулмон интилиши керак бўлган, шариати исломийяда матлуб саналган амаллардандир.
Чунончи бу борада Шавконий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:
«Ҳамонки, оми одам олимдан, амали суст эса комилдан фатво сўраши лозимлиги ҳал бўлган масала экан, шуни ҳам билмоқ керакки, бирор масалада фатво сўровчи киши фатвони дину диёнати, адолати ва ўзининг камоли тақвоси билан танилган ҳамда китобу суннат олими бўлиш бир қаторда улардаги нусусларни[1] тўлақонли равишда тушунишга кўмак берувчи бошқа билимларни ҳам пухта эгаллаган аҳли илмлардан сўрамоғи керак. Токи, шундай кишилар у ёки бу масалада уни ҳаққа далолат қилиб, тўғри йўлга йўллаб қўйсинлар… Шунингдек, киши фатво сўрар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг китобидаги ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидаги ўз муаммосига тааллуқли бўлган далилни ҳам сўраши мақсадга мувофиқдир. Шундай қилса, ҳақни ўз манбаъсидан, ҳукмни ҳам ўз ўрнидан олган бўлади ҳамда китобу суннатдан далилга асосланмаган – қайсики, унга муккасидан кетган киши шариатга мухолиф, ҳаққа қарама-қарши бўлган хатоларга тушиб қолиш хавфидан омонда бўлмайдиган – раъйдан беҳожат бўлади» («Иршодул фуҳул» (Буюкларга иршод): 450-451).
Ибн Салоҳ эса «Адабул муфтий вал мустафтий» («Фатво берувчи ва фатво сўрагувчининг одоби», 171-бет) номли китобида бундай дейди:
«Самъоний айтиб ўтганки, фатво сўровчи киши эҳтиёт юзасидан ҳамда кўнгли хотиржам бўлиши учун муфтийдан далил талаб қилиши ман этилмайди. Ўз навбатида муфтий (бирор масалада фатво берувчи) ҳам агар сўралаётган масаланинг ҳукми қатъий бўлса унинг далилини эслатиб қўймоғи лозим. Башарти, масаланинг ҳукми қатъий бўлмаса у ҳолда муфтий ижтиҳод қилишга эҳтиёж сезгани ва бу ижтиҳоднинг икир-чикирларини англаб етишдан омий ожизлик қилиши туфайли айтган фатвосига доир далилни эслатиши зарур бўлмайди. Аллоҳ тўғрисини билгувчироқдир».
Аллоҳ таоло бизни ва сизларни фойдали ва мустаҳкам илмга ва давомий солиҳ амалларни қилишга муваффақ қилсин.
[1] Нусус – Қуръон ва суннатдаги далиллар.