Имом Албонийнинг таржимаи ҳоллари
(1332-1420 ҳ.й.)
Бу киши замонамизнинг энг нуфузли муҳаддис ва фақиҳ олими бўлиб, Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини солиҳ салафларимиз (саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлар) тушунганидек тушунишликка чақирувчи бўлганлар. Шунингдек, бу аллома жуда кўп китоблар муаллифи ҳамдир.
У кишининг тўлиқ исмлари – Муҳаммад Носириддин ибн Нуҳ ибн Адам Нажотий бўлиб, туғилган жойлари буйича – Албоний, деб оламга танилганлар. Ул зот Албания пойтахти Ашкодерда 1332 ҳижрий (1914 милодий) йилда камбағал бўлган диндор оилада туғилганлар. Оталари – Ал-Ҳаж Нуҳ Нажотий Ал-Албоний шариат билимларини Истанбул (Туркия)да таълим олиб, сўнг Албанияга қайтиб келганлар ва ҳанафий мазҳабининг катта олимларидан бўлганлар.
Албанияда ҳукумат тепасига атеист (даҳрий) Аҳмад Зогу келганидан сўнг бу мамлакатда мусулмонларга қарши таъқиб бошланиб, дунёвийлик ғоялари ҳам тарқала бошлади. Шу сабабли ал-Ҳаж Нуҳ ўз динини сақлаш мақсадида оиласи билан Шомга (Сурия пойтахти Димашққа) кўчиб келадилар. Айнан Шомнинг танланишига сабаб эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларидан бу диёрнинг фазилатларини (оталари) билар эдилар. Димашққа келишганида Албоний жуда ёш бўлиб, араб тилини ҳали билмас эдилар.
Бошланғич таълимни ёш Албоний Сурия пойтахти Димашқдаги мактабда олдилар. Бу мактаб кўпгина ўтмишдаги авлодларнинг толиби илмларини паноҳи бўлган эди. Аллоҳ берган қобилият сабабли биринчи ва иккинчи синфларни бир йилда тугатадилар. Диний илмларни эса кўпгина шайхлардан, жумладан шайх Саъид Бурхонийдан, оталари ал-Ҳаж Нуҳдан ва тоғаларидан бошлаб таҳсил оладилар. Оталари у кишига Қуръонни, тажвидни, араб тили грамматикасини, ҳанафий мазҳабининг фиқҳини ва бошқа исломий билимларни ўргатадилар ва уларнинг қўл остида ёш Албоний Қуръонни ёд олади. Шунингдек, шайх оталаридан соатсозлик касбини ҳам ўрганиб машҳур уста бўлганлар ва шу касб билан тирикчилик ҳам қилганлар. Саъид Бурҳонийдан эса (ҳанафий мазҳабининг фиқҳи бўйича) «Мароқи ал-Фалаҳ» номли китобни, ҳамда араб тили ва унинг риторикаси (яъни, нотиқлик санъати) бўйича баъзи китобларни ўргандилар. Шу вақтнинг ўзида Албоний яна бошқа эътиборли олимларнинг маърузаларига ҳам қатнар эдилар. Уларни ичидан Муҳаммад Баҳжат Байтар ва Изуддин Тануҳийни алоҳида зикр қилиш мумкин.
Отасининг эътирозларига қарамай, Албоний ёшлигидан ҳадис илми ва унга боғлиқ илмларни чуқурроқ ўрганишга киришадилар. Асосан ҳанафий мазҳабининг китобларидан ташкил топган оилавий кутубхона ёш йигитнинг талаблари ва илмга чанқоқлигини қондира олмасди. Китоб сотиб олишга эса етарли маблағи бўлмагани учун, ёш Албоний уларни Димашқнинг машҳур «Зоҳирия» кутубхонасидан ёки китоб сотувчиларидан қарзга (яъни, вақтинча фойдаланишга) оларди. Ўша вақтда у киши шунчалик камбағал бўлган эдиларки, ҳатто дафтар сотиб олишга ҳам пуллари йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳадисларни ёзиш учун кўчада қоғозларни теришга мажбур бўлардилар ва кўп ҳолларда бу ташлаб юборилган табрикномалар эди. Аллоҳ берган қаноат сабабли у киши тирикчиликка озроқ вақт ажратиб, кўпроқ вақтларини илм ўрганишга бағишладилар. Бунинг устига фаластинлик бир муҳожир билан дўконда шерикчилик қилиб ишлаганлари ҳам, илм олишларига имконият очиб берди. Ўспиринлик пайтлари оталари билан олдин Бану Умаййя масжидида намоз ўқирдилар, лекин унинг ичида қабр бўлганлиги учун Албоний бу ҳақда (яъни, қабр бор масжиддаги намоз хусусида) маълумот йиғадилар ва устози Саъид Бурхонийга тақдим қиладилар. Аммо Саъид Бурхоний бу маълумотларга, уларнинг ичида ҳадислар бўлганлиги учун ҳам унчалик эътибор бермайдилар. Кейинчалик эса Албоний бу масжидда намоз ўқимайдиган бўлдилар ва бундан ташқари, ушбу масжидни тарк қилишдан сал олдинроқ масжиддаги биринчи жамоат билан намоз ўқишни қарор қилгандилар. Гап шундаки: бу масжидда иккита меҳроб ва иккита – бири шофеъий, иккинчиси ҳанафий жамоатлари бўлиб, улар бир-биридан алоҳида намоз ўқишар ва аввалида шофеъийлар ўқишарди. Албоний масжидда бундай иккита жамоат қилиш жоиз эмаслигини билиб, биринчи жамоат билан намоз ўқирдилар. Ана шу иш ҳам оталарининг норозилигига олиб келганди ва шу икки иш сабабли оталари ўғлига: «Менга хилоф қилмайсан ёки мендан бўлак яшайсан», деган шарт қўядилар. Шунда Албоний бир неча кун ўйлаб, қабри бор масжидда намоз ўқимаслик ва шунга ўхшаш ножоиз ишларни қилмасликни ихтиёр қилиб, алоҳида чиқиб яшайдилар. Буни кўрган-эшитган Албонийнинг душманлари у кишига нисбатан «отасига оқ бўлди», деган туҳмат гапларни тарқатишади. Бунга жавобан Албоний: «Бу ерда менда «уқуқ» (оқ бўлиш) эмас, балки «ҳуқуқ» (танлаш ихтиёри) бор эди», деганлар. Аввалига оталари бу йўлни танлаганларига ҳафа бўлиб, Албонийни ишхонасига ва уйига бормай қўядилар. Ҳаттоки тўйларига ҳам бормайдилар. Бу эса Албонийга қаттиқ таъсир қилади, лекин ҳақни танлашлик афзалроқ эди. Аммо кейинчалик, анча вақт ўтиб, шайх бутун дунёга танилганларидан кейин оталари олдиларига келиб, унинг илмидан ўзлари ҳам фойдаланганларини мамнуният билан ўғлига айтадилар.
Аллоҳ таоло ул зотга ҳадис илмини йигирма ёшларида, биринчи бор Муҳаммад Рашид Ризонинг «ал-Манар» журналида чоп этилган мақоласини ўқиганларидан сўнг севимли қилди. (Муаллиф) бу мақолада Ғаззолийнинг «Иҳё ал-улумуд-дин» китобидаги ҳадисларнинг санадларини танқидий назар билан саҳиҳлик даражаларини аниқлаб кўрсатган эди. Бундан таъсирланган Албоний ҳадис соҳасида махсус шуғулланишни бошлайдилар. Ёш ўспириндаги ёрқин ақлни, одатдан ташқари қобилиятни, жуда зўр хотирани, ҳамда ислом фанларига, айниқса, ҳадис илмини ўрганишга бўлган иштиёқини кўрган Халаб (Алеппо) шаҳрининг тарихчиси ва муҳаддиси – шайх Муҳаммад Рағиб ат-Табоҳ «Анварул-жалия фи мухтасарул-асбатул-халабия» китобида жамлаган «Ҳадисларнинг ровийлари ҳақидаги илм» мавзусидаги ёзма ишларидан дарс беришни Албонийга ёзма ижозат берадилар. Бундан ташқари, бир қанча вақт ўтгандан сўнг Албоний шайх Муҳаммад Баҳжат Байтарнинг ҳам ижозатларини оладилар. Шайх Муҳаммад Баҳжат Байтарнинг ривоятларини санади эса Имоми Аҳмадгача етиб борган зот эдилар, Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Албонийнинг ҳадис илмига оид дастлабки ишлари – Ҳофиз Ал-Ироқийнинг «Ал-Муғний ‘ан Ҳамлил-Асфар фи Тахрижи ма фи ал-Иҳйо минал-Ахбар» китобининг қўлёзмасини кўчириш ва унга изоҳлар ёзиш бўлди. Бу китобда беш мингга яқин ҳадис бор эди. Мана шу вақтдан бошлаб, то умрларини охиригача энди шайх Албонийнинг энг асосий ташвишлари – мукаррам ҳадис илмига хизмат қилиш бўлиб қолди. Бир оз вақт ўтганидан сўнг эса бўлажак шайх Димашқ шаҳрининг илм аҳли орасида танилиб қолдилар. «Зоҳирия» кутубхонасининг маъмурияти эса тадқиқотлари учун махсус хона ажратиб, ҳатто у кишига китоб омборларининг калитини ҳам беришди. Энди бу ерда эрта тонгдан кеч тунгача иш олиб боришлари мумкин эди. Шайх Албоний ҳадис илмига шунчалик киришиб кетдиларки, соатсозлик устахоналарини ёпиб, кутубхонада бир кунда ўн икки соатлаб қолиб кетардилар. Ҳатто нонуштага чиқмаслик учун ўзлари билан олиб келган бир жуфт бутерброд билан қаноатланар ва фақатгина намоз ўқишга вақт ажратар эдилар. Бир кун шайх Албоний Ибн Абид-Дунёнинг «Заммул-Малоҳий» («Илоҳий қўшиқларни қоралаш») номли қўлёзмасидаги ҳадисларни тадқиқот қилаётганларида унда муҳим саҳифалари йўқлигини билиб қоладилар. Шунда етмаётган саҳифаларни топиш учун кутубхонадаги ҳадисларнинг барча қўлёзмаларини ягона рўйхатини тузишга тушадилар. Натижада Албоний ўн минг қўлёзманинг мазмуни билан танишиб чиқдилар. Бир неча йиллардан сўнг эса, доктор Муҳаммад Мустафо Азамий бу ишнинг гувоҳи бўлиб, «Эрта ҳадисга оид адабиётнинг тадқиқоти» номли китобларининг муқаддимасида: «Шайх Носируддин Албоний менга нодир қўлёзмаларнинг кенг қамровли илмини тақдим қилганлиги учун унга ўз миннатдорчилигимни билдираман» деб ёзадилар[1]. Ҳаётларининг ушбу даврида шайх Албоний ўнлаб фойдали китоблар ёздилар, лекин уларнинг кўпчилиги ҳамон нашр қилинмагандир[2]. Шайхнинг фақатгина шариат далилларини билиш ва қиёсий (солиштирма) фиқҳ бўйича даслабки китоблари «Тахзирус-саажид минат-тихозил-қубуурол-масаажид» («Сажда қилувчиларни қабрларни масжид қилиб олишдан огоҳлантириш») деб номланган эди. Бу китоб кўп марта нашр бўлди. Ҳадис илми бўйича шайх текширган биринчи китобларидан «Ровдун-надир фи тартиб ва тахриж Муъжамут-Табароний ас-Соғир» (Гуллаган боғ: «Табаронийнинг «Муъжамус-соғир» китобини тартиблаш ва ҳадисларнинг аслларини чиқариш») бўлганди. Бу китоб ушбу таржимаи ҳоллари ёзилаётган вақтга қадар ҳам қўлёзма бўлиб чоп этилмаган ҳолатда эди.
Кутубхонадаги ишлари билан бир қаторда, шайх ҳар ойда Сурия ва Урдун (Иордания)нинг турли шаҳарларига сафар қилиб, бу сафарларида одамларни Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатига эргашишга чақирардилар. Бундан ташқари у киши Димашқдаги кўпгина шайхлар билан учрашиб, улар билан тавҳид, бидъатлар, «иттибоъ» (олимларга онгли равишда эргашиш) ва «таассубул-мазҳабий» (мазҳабларга кўр-кўрона эргашиш) масалалари бўйича баҳслар қилардилар. Шуни айтиб таъкидлаш керакки, ушбу йўлда шайх Албоний кўпгина қийинчиликлар ва синовларга бардош беришларига тўғри келди. Чунки бу ишлари билан мазҳабларнинг мутаассиблари, сўфийлар ва бидъат тарафдорларининг қаттиқ қаршиликларига дуч келдилар. Улар у кишига қарши чиқишар ва бу ҳам етмагандек, бу ишларида шайхга қарши оддий халқни гиж-гижлаб, унга турли лақаблар ёпиштиришарди. Айни вақтнинг ўзида, Димашқнинг чуқур диний илмлари билан танилган муҳтарам олимлари Албонийнинг исломий даъватларини тўла қўллаб-қувватлашар ва ҳаракат қилишга чақиришарди. Улар ичида айниқса, шайх Муҳаммад Баҳжат Байтар, шайх Абдулфаттоҳ ва Имом Тавфиқ ал-Базроҳ каби Димашқнинг эътиборли олимларини айтиб ўтиш лозим, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Бир оз вақт ўтиб, шайх Албоний дарс бера бошладилар. Талабалар ва мударрислар ҳафтасига икки марта қатнайдиган ушбу дарсларида ақида, фиқҳ ва бошқа илмлар бўйича масалалар кўриб чиқиларди. Хусусан, шайх Албоний қуйидаги қадимги ва замонавий исломий китоблар бўйича маърузаларни тўлиқ ўқиб, дарсларида уларнинг мазмунларини кўриб чиққанлар: Абдурраҳмон ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг «Фатҳул-Мажид», Сиддиқ Ҳасанхоннинг «Ровдун-Надиййа» (Шавконийнинг «Дурарул-Баҳиййа»нинг шарҳи), Ҳаллофнинг «Усулул-фиқҳ», Аҳмад Шокирнинг «Боъисул-Ҳасис» (Ибн Касирнинг «Ихтисор улумул-ҳадис» китобига шарҳ), Муҳаммад Асаднинг «Минҳажул-Ислам фил-ҳукм», Асад Рустумнинг «Мусталаҳут-тарих», Саид Собиқнинг «Фиқҳус-сунна», Мунзирийнинг «Тарғиб ва тарҳиб», Нававийнинг «Риёзус-солиҳийн», Ибн Дақиқул-Ийднинг «Ал-Имам фи аҳадисил-аҳкам» китоблари.
Ҳадис илми бўйича шайхнинг хизматлари жуда эрта тан олинган. 1955 йилда Димашқ Университетининг шариат куллиёти Ислом фиқҳи бўйича энциклопедияни тайёрлаётганида, шайхга савдо муомалаларига тегишли ҳадисларнинг манбасини ва сиҳатини текшириш вазифасини берган. Бир оз вақтдан сўнг эса Бирлашган Араб республикаси даврида[3] шайх ҳадислар бўйича Қўмитанинг аъзоси этиб сайландилар. Бу Қўмитанинг бошқарув ишларида Суннатга тааллуқли бўлган китобларни нашр этиш ва улардаги ҳадисларни текшириш вазифалари бор эди. Бундан ташқари, шайхни кўпгина Ислом университетлари ва ташкилотлари ўзларига чақириб, юқори лавозимларни таклиф қилишарди. Бироқ шунга қарамай, у киши илм олиши ва дарс бериши сабабли жуда кўп машғул эканликларини айтиб рад жавобини берардилар.
Бир қатор китоблари нашр қилинганидан сўнг, 1381 ҳижрий йилда Албоний Саудия Арабистонидаги Мадина Ислом Университетида ҳадис илмидан дарс беришга таклиф этиладилар. У ерда шайх 1381-1383 йилларда ишлаб, Универститет Раҳбариятининг аъзоларидан бири бўлдилар. У кишининг саъй-ҳаракатлари сабабли ҳадис илми ва у билан боғлиқ фанлар бўйича дарс бериш сифатининг савияси ўзгариб, анча юқорироқ даражага кўтарилди. Бу ўз навбатида ҳадис илмининг ривожланишига ва тарқалишига кучли бир туртки бўлди. Бунинг натижасида эса кўпгина Ислом Университетлари бу фандан дарс бериш учун амалий дастурга эга бўлишди ва бу фанда илм ўрганиш ва мутахассис бўлишга ҳаракат қилувчи кўпгина шогирдлар ҳам етишиб чиқди. Шайхнинг хизматларини эътироф қилиб, у кишига Мадина Ислом Университетининг профессори деган унвон берилди. Аммо кейинчалик Мадинанинг «Жомеъа»сида дарс бераётган вақтларида, у кишининг дарсларига жуда кўп ёшлар қизиқиб қолишади ва улар ўз навбатида шайхдан турли хил саволларга жавоблар олишга интилишарди. Бу эса баъзи одамларга хуш келмайдиган бир ҳолатни юзага келтиради, чунки баъзан ҳақ гап кимларнидир кўзлаган мақсадларига тўғри келмай қолиши мумкин эди. Бунинг устига бир ҳодиса рўй беради: дарсларнинг бирида саволларга жавоб бера туриб, шайх «раъй» (фикр) билан ҳукм чиқариш ҳақидаги Муоз бин Жабалнинг ҳадисини имом Бухорий ва бошқалар[4] «мункар» дейишганини айтадилар, бу эса айрим ёш талабалар орқали ўша ҳадисни ҳужжат деб эътироф қиладиган баъзи бир мударрисларга етиб боради. Бу ҳодиса туртки бўлиб, ўша мударрислар мамлакат муфтиятига Албоний устидан шикоят қилишади. Бунинг натижадасида эса кунлардан бир куни шайх уйларига дам олиш учун қайтиб келганларида таълимгоҳда дарс бермаслик ҳақида ўша муфтият орқали таклиф тушади. Шундан сўнг Албоний хусусий соатсозлик устахонасини акаларидан бирига топшириб, «Зоҳирийя» кутубхонасидаги илгариги тадқиқот ишларига қайтадилар.
Шайх Албоний ҳадис илми бўйича ҳадисларнинг санадларини текшириб, уларни тўлиқ қилдилар ва жуда кўп ҳадисларнинг ўша вақтгача номаълум бўлган аслини кўрсатиб китоблар ёздилар. Бу эса шайхнинг Ислом илмига кўрсатган баъзи бир ижобий таъсирларидандир. Бу таъсир шундай равшан ва очиқ-ойдин бўлгани учун ҳам уни ҳеч ким, ҳатто шайхга қарши турган ва унинг услубига қарши курашганлар ҳам инкор этолмайдилар. Чунки шайх Албонийнинг илмий меърослари жуда улкандир. Ул зот умри давомида 190 та китоб ёзиб, энг буюк ислом уламоларининг 78 та китобида келган ҳадисларнинг сиҳатини текшириб чиқдилар. Шуни алоҳида таъкидламоқ керакки, шайх Албоний ҳадисларни олтмиш йилдан зиёд вақт давомида ўрганиб, ўнлаб минг ҳадислардаги ўттиз мингдан ҳам кўп алоҳида санадларининг сиҳатини текшириб чиққанлар. У киши чиқарган фатволарнинг сони эса 30 жилддан иборат бўлиб, бундан ташқари шайхнинг маърузалари беш мингдан зиёд аудио кассеталарга ёзилгандир.
Шуниси эътиборга лойиқки, шайх Албонийнинг улкан қобилиятлари нафақат илмий тадқиқотларда, балки оддий турмуш ҳаётларида ҳам намоён бўлди. Масалан, ҳаётларининг охирида Аммоннинг четидаги бир уйга кўчиб борадилар ва у ерда қуёш иссиқлигида ишлайдиган сув иситгич асбобини, (қариган чоғларида зинадан кўтарилиш қийин бўлиб қолганлиги учун) иккинчи қаватга олиб чиқарадиган лифтни, томнинг устига ўрнатилган намоз вақтларини аниқ кўрсатадиган қуёш соатини ва бошқа фойдали нарсаларни ўз қўллари билан ясаганлар.
Юқорида айтиб ўтилганидек, шайх Албоний саҳиҳ ҳадисларни заиф ва тўқималардан ажратиш учун жуда кўп меҳнат сарфлаганлар. Мисол учун: Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Суютий, Мунзирий, Ҳайсамий, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Мақдисий ва бошқа муҳаддисларнинг ҳадис тўпламларини сиҳатини текшириб чиққанлар. Бундан ташқари, шайх Албоний машҳур бўлган қадимги ва замонавий уламоларнинг китобларидаги ҳадисларнинг сиҳатини ҳам текшириб чиққанлар. Улар: Имом Бухорийнинг «Адабул-Муфрад», Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия», Имом Нававийнинг «Риёзус-солиҳийн» ва «Азкор», Шайхул-ислом Ибн Таймиянинг «Иймон», Ибнул-Қоййимнинг «Иғосатул-Луҳфан», Саид Собиқнинг «Фиқҳус-сунна», Муҳаммад Ғаззолийнинг «Фиқҳус-сийра», Юсуф Қарзовийнинг «Ҳалал ва ҳаром фил-Ислам» китоблари ва бошқа машҳур китоблардир. Шайх Албоний саҳиҳ ва заиф ҳадисларни бир-биридан алоҳида жилдларга йиққанлари сабабли нафақат ислом уламолари, балки оддий мусулмонлар ҳам, саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларни, заиф ва тўқима ҳадислардан ажрата олиши мумкин бўлди.
Шайх Албоний ўзлари ҳам Ислом бўйича гўзал китоблар ва мақолалар ёзганлар. Буларнинг ичида қуйидагиларни алоҳида зикр қилса бўлади: «Тавассул: анваъуху ва ахкамуху» («Аллоҳга яқинлашишга интилиш: унинг турлари ва ҳукмлари»), «Ҳижжатун-набиййи соллаллоҳу алайҳи ва саллам кама равоҳу анҳу Жобир розияллоҳу анҳу» («Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилгани бўйича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажи»), «Манасикул-ҳаж вал-умра фил-Китаби вас-Суннати ва асарис-салаф» («Китоб, Суннат ва солиҳ салафларнинг ривоятлари асосида ҳаж ва умра ибодатлари»), «Сифату солатан-набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам минат-такбири илат-таслими кааннака тароха» («Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбирдан то саломгача бўлган намозларининг худди кўриб турганингдек сифати»), «Аҳкамул-жаноиз ва бидаъуха» («Жаноза ҳукмлари ва унинг бидъатлари»), «Фитнатут-такфир» («Мусулмонларни кофирликда айблаш фитнаси») китоблари ва бошқа кўпгина китоблардир.
Замонамизнинг катта уламолари ва имомлари шайх Албонийни эҳтиром билан тилга олишади. Улар у кишига диний-фиқҳий масалалар бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилишар, у кишини зиёрат қилишар ва ўзаро хат ёзишиб фатволарини олишарди. Уларнинг сонини ҳисоблай олмаймиз, тирикларини Аллоҳ сақласин, вафот этганларини эса Аллоҳ раҳмат қилсин! Бу олимларнинг бошида аллома ва олийжаноб шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳумаллоҳ турадилар. Бу киши Албонийни жуда ҳам иззат-ҳурмат қилганлар. Албоний раҳимаҳуллоҳ, Покистон ва Ҳиндистондаги (Бадиуддин Шоҳ Синдий, Абдуссамад Шарофуддин, Муҳаммад Мустафо Азамий каби), Марокашдаги (Муҳаммад Замзамий каби), Мисрдаги (Аҳмад Шокир каби), Саудия Арабистонидаги (Абдулазиз ибн Боз, Муҳаммад Амин Шанқитий каби) машҳур муҳаддислар билан ва бошқа мамлакатларнинг етакчи муҳаддислари билан учрашиб фаол равишда хат ёзишганлар. Шайхнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси ва бу соҳадаги улкан хизматларини ўтган ва ҳозирги замоннинг кўпгина ислом уламолари томонидан эътироф этилгандир. Уларнинг ичида: доктор Амин ал-Мисрий (Мадина Ислом Университетининг Ислом тадқиқоти куллиёти раҳбари), доктор Субҳи ас-Салоҳ (Димашқ Университетининг ҳадис куллиётининг собиқ раҳбари), доктор Аҳмад ал-Асал (Риёз Университетининг Ислом тадқиқоти куллиёти раҳбари), шайх Муҳаммад Тоййиб Авқижий (Анқара Университетининг тафсир ва ҳадис куллиётининг собиқ раҳбари), шунингдек шайх Ибн Боз (ўз замоналарида Саудия Арабистонининг муфтийси), шайх Ибнул-Усаймийн (Кибор Уламолар Ҳайъатининг аъзоси), Муқбил ибн Ҳодий ал-Водиъий (Яманлик аллома) бор, Аллоҳ уларнинг ҳаммасига Ўз раҳматини ёғдирсин!
Шайх Албоний кўпгина шогирдларни тарбиялаб етиштириб чиқардилар. Уларнинг кўпчилиги бутун дунёга машҳур олимлардир. Уларнинг ичида мана бу шахсларни алоҳида эслаб ўтиш лозим: шайх Ҳамди Абдулмажид, шайх Муҳаммад Ийд Аббосий, доктор Сулаймон ал-Ашкар, шайх Муҳаммад Иброҳим Шакра, шайх Али Ҳашшон, шайх Муҳаммад Жамил Зийну, шайх Абдурраҳмон Абдус-Сомад, шайх Али Ҳасан Абдулҳамид Ҳалабий, шайх Салим Ҳилолий, шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид ва яна бошқалардир. Аллоҳнинг ёрдами ила у кишининг шогирдлари солиҳ салафларимиз йўлида тарбияландилар. Албонийни шахсан ўзларидан университетда ёки китоблари ва бошқа ёзма ишларидан дарс олган шогирдлари, ҳозирги кунда ҳам дунёнинг кўпгина қитъаларида яшаб, покиза услубда саҳиҳ (тўғри) илмни шиддат ва қатъият билан тарқатяптилар, бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Бутун умрларини шайх Албоний Аллоҳга чақиришга бағишладилар. Ул зот даъватларини илм олиш орқали ўзини тозалаб поклашга асосланган тасфия (поклаш) ва тарбия этиш услубида олиб бордилар. Ушбу йўлда у киши олийжаноб тарбиячи ва содиқ ўқитувчи бўлган эдилар. Шайхнинг: «Мен дарс берардим, тарбия қилмасдим», деган сўзлари эса камтарлик бўлиб, ўзини паст олиш эди. Ваҳоланки, тозалаб тарбия қилиш воситаси илм беришнинг ўзи эмасми?! Бу охирги икки сифатни тушунишликда фарқ йўқдир. Ниҳоятда камтарин бўлганликларига яна бир мисол келтирамиз: ўзларини «шайх» деб аташларини ёқтирмасдилар, шунинг учун ҳам ҳаётлик пайтларида асарларидаги исмлари олдига «шайх» деб ёздирмаганлар. Бир куни эса ўқувчиларидан бири учрашувга келган тингловчиларга у кишини «шайх» деб таништирганда, йиғлаб юборадилар ва фақатгина илм излагувчи эканликларини айтадилар.
Албоний раҳимаҳуллоҳ, илмни қаттиқ ҳурмат қилиши, тиришқоқлиги, ҳақ йўлдаги сабри ва матонати, ҳамда ҳаққа тез қайтиши билан ажралиб турардилар. Даъват йўлидаги ўзларига етган қийинчиликларни муносиб равишда улкан сабр билан бошдан ўтказардилар. У киши ўзининг илми, ўзини бошқариши, гўзал ва олий хулқ-атвори, ҳамда ёқимли табиат-феъли ва юмшоқ қалби билан одамларни ўзига жалб қилардилар. Агарда ўзларидан илмда сустроқ бўлган одамларга мурожаат қилсалар, уни хавотирга солаётган масалаларда жавобини тушунтиришликни уни ўзидан излаганликларига эса Аллоҳнинг ёрдами ила жуда кўп марта гувоҳи бўлганмиз.
Шайх Албоний кўпгина юртларга (Қатар, Миср, Қувайт, БАА, Испания, Британия ва бошқа мамлакатларга) маърузалар билан сафарлар қилганлар ва гарчи бунга ҳаракат қилмаган, ҳамда бундан чўчиган бўлсаларда, Ер шарининг турли бурчакларида катта шухрат қозондилар. У кишининг мана бу: «Шухратни севишлик инсонни белини синдиради», деган сўзларни доим қайтариб туришлари, бу ишни хоҳламаганликларига далолат қилади. Бутун умрлари давомида сиёсатдан узоқ бўлганларига қарамай, икки марта турмага қамалганлар ва ўзини вақтида ушбу қамоқхоналарнинг бирида шайхул-ислом Ибни Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳам қамалганликлари, олиб бораёган фаолиятларига рамзий бир ишора бўлса керак.
Шайх Албоний кўпгина телекўрсатувларда ва радио эшиттиришларида қатнашиб, асосан телетомошабин ва радио эшитувчиларнинг саволларига жавоб берардилар. Бундан ташқари хоҳлаган киши шайхнинг уйига қўнғироқ қилиб шахсан ўзининг саволини ҳам бериши мумкин эди. Гувоҳларнинг айтишларича, бундай ҳолатда шайх ишларини тўхтатиб, саволни эътибор билан эшитар, сўнг унинг ҳар бир тафсилотига киришиб батафсил ва кенг жавоб берардилар. Жавобларида эса шайх (жавобга асосланган) манбаларини кўрсатиб, унинг муаллифини ва ҳатто китобни саҳифасигача айтардилар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, шайх фақат диний-фиқҳий саволларга жавоб берибгина қолмай, балки «манҳаж» – йўналиш (яъни, даъват услуби)га боғлиқ бўлган саволларга ҳам жавоб берганлар ва бу каби саволларга жавоб берувчи дастлабки олимлардан бўлдилар. Айниқса, шайх Албоний Суннат ва унинг тарафдорларини қаттиқ қўллаб қувватлашлари, солиҳ салафларимизнинг тушунчаси билан Қуръон ва Суннатни тушунишлик, бунга чақирувчиларни севиш ва солиҳ салафларнинг йўлидан чиқиб кетганларга раддия бериш билан ажралиб турадилар. Шунинг учун бўлса керак, ул зотни фақатгина суннат аҳлидан бўлганлар яхши кўриб ҳурмат қилишади ва фақатгина бидъат аҳлидан бўлганлар, ҳамда адашган фирқаларнинг вакиллари ёмон кўриб адоват қилишади. Уларнинг шайхга бўлган таъна-ю, маломатлари беҳисобдир. Аммо ҳар сафар Албоний раҳимаҳуллоҳ уларнинг бу ҳуружларига матонат билан сабр қилар ва ҳақдан оғишмай, унда тош каби мустаҳкам турардилар. Бир мисол: Албонийдан: «Нима учун «Иҳвонул-муслимийн» жамоасини тарк қилдингиз?» деб сўрашганида, у киши умри давомида бирор-бир ҳизбга аъзо бўлмаганларини, бу ишдан сақлаган Аллоҳга беҳисоб шукр айтишларини ва бу масалада турли ҳизб ва фирқаларни вакиллари билан учрашиб мунозаралар қилганларини айтадилар. У кишидан баъзи ҳизбларнинг аъзолари, хусусан «Иҳвонул-муслимийн» жамоасининг аъзолари ҳам дарслар олиб, кейинчалик эса ҳизбларидан чиқиб кетишган. Мана шу сабабли ўша ҳизбнинг масъуллари томонидан Албонийга нисбатан ёмон муносабатлар содир бўлганди ва ҳатто ўша масъуллар у кишини учратганларида салом ҳам беришмасди. Баъзан эса, у киши ҳақида ёлғон ва бўҳтон гапларни тарқатишарди. Масалан, «Саййид Қутбни кофирга чиқарган Албонийга раддия» деган ном билан Қувайтда бир доктор қаламига мансуб рисола чиққанида Албоний жуда ҳам ҳайрон бўладилар, чунки у киши Саййид Қутбни кофирга чиқармагандилар. Бу эса ўз навбатида одатдаги бўҳтон эди. Ўзи шуни таъкидламоқ керакки: мусулмонликни даъво қилган ва мусулмонлар қабристонида дафн қилинган кишиларни кофирга чиқариш масаласида Албоний жуда ҳам эҳтиёт бўлган шахслардан ҳисобланадилар ва кофирга чиқариш у ёқда турсин, умматга хизмат кўрсатган мусулмонларни ҳурмат билан тилга олиб: «Ҳақ гап кимдан чиқмасин ва қаерда бўлмасин биз ўша ерда биргамиз» деб, таъкидлардилар. Ҳақ эса ўз навбатида далиллар билан собит бўладиган ҳужжатдир.
Шайх Албонийни хизматларини эътироф этиб, 1419 ҳижрий йилда «Пайғамбар ҳадисларини ўрганиш, сиҳатини текшириш ва ўргатиш орқали уларга аҳамият бериш бўйича қаратилган илмий ҳаракатлари» учун у кишига қирол Файсал номидаги исломий тадқиқотлар бўйича бутунжаҳон мукофоти берилди.
Шайх раҳимаҳуллоҳ Шом (Сурия)дан Байрутга, сўнг эса Бирлашган Араб Амирликларига бир неча бор ҳижрат қилганлар. Охирги яшаб ўтган жойлари эса Урдун (Иордания)нинг пойтахти Аммон эди. У киши илмга берилиб китоблар ёзишни ва дарс беришни, ҳаттоки саксон ёшга етганларида ҳам тўхтатмадилар. Ҳаётларининг аксарият қисмида одамлар орасида Динни тўғри ва соф тушунчасига, яъни Динни салафларимиз тушунгандек англашга ва улардан кейинги янги пайдо қилинган бидъатлардан Динни тозалаш лозимлигига чақириш билан машғул бўлдилар. Қалблари шунга боғланиб қолгани сабабли умрларининг охирги икки ойига қадар, то қаттиқ заифликка учраб қолмагунларича, китоблар ва хатлар ёзишни, ҳамда ҳадисларни текширишликда давом этдилар. Аллоҳ ул зотнинг руҳини 1420 йилнинг Жумода ал-Охирнинг тугашига саккиз кун қолганида (1999 милодий йилнинг 2 октябр) шанба куни шомдан олдин 87 (ҳижрий ҳисоб бўйича) ёшларида олди. Шайхнинг жанозалари вафот этган кунларининг ўзидаёқ кечқурун адо этилди. Беш мингдан зиёд бўлган одамлар жамоаси намозгоҳда у кишининг жанозаларини ўқишди. Жасадларини тайёрлаб, жанозаларини тезда ўқилиши ва дарҳол дафн қилинишлари, шайхнинг васиятлари бўйича амалга оширилганди. Ҳаттоки, ушбу охирги васиятларида ҳам шайх Албоний (жаноза ва дафн борасида) Суннатни бажаришга тарғиб қилиб кетдилар. Аллоҳ таоло ул зотни мағфират қилиб, Ўз марҳаматига олсин!
Олимлар, талабалар ва омма халқ бу улкан йўқотишдан қаттиқ таъсирланди. У кишининг ўлими ҳақидаги хабар тарқалганида, фазилатли ва муҳтарам илм аҳллари томонидан ул зотни эсга олиб мақтовлар айтилди. Улар: Саудия Арабистонинг (ҳозирги) муфтийси шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх, шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн, шайх Абдуллоҳ ибн Жибрийн, шайх Солиҳ ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад Оли Шайх ва бошқалар шулар жумласидандир.
Имом Албоний ҳақида олимлар айтган мақтовлари[5]
Шайх Абдулазиз ал-Ҳада айтадилар: «Шайх, катта олим, (илм) океани ва ўз замонасида тафсир илми, ҳамда араб тилида тенги йўқ Муҳаммад Амин Шанқитий (раҳимаҳуллоҳ) шайх Албонийни шундай ҳурмат қилардиларки, ҳатто у кишини ўтиб кетаётганларини кўриб қолсалар, Мадина масжидидаги синфларида дарсни тўхтатиб, ўрниларидан туриб салом берардилар».
Катта олим, устоз Муҳиббуддин Хотиб айтадилар: «Ўз ҳаётини Суннатни тирилтиришга бағишлаган даъватчилар ичида биродаримиз Муҳаммад Носириддин (ибн) Нуҳ Нажотий Албоний ҳам борлар».
Катта олим Муҳаммад Хомид Фиқий айтадилар: «… биродаримиз ва салафий олим, шайх Носируддин».
Саудия Арабистонининг собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх айтадилар: «У – суннатни ушлаган, ҳақни ҳимоячиси ва ботил аҳлининг мухолифидир».
Албоний ҳали ҳаётлик чоғларида шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ ажойиб сўзларни айтганлар. Доктор Муҳаммад Лутфий ас-Сабаҳ айтадилар: «Мен Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг: «Ушбу етти қават осмон остидаги ҳозирги давримизда ҳадис илмини шайх Носириддин (Албоний)дан кўра ортиқроқ биладиган одамни билмайман», деганларини эшитганман деб айтадилар. («Ад-Дустур» газетаси, Иордания, 10-август, 1999йил).
Яна Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта Аллоҳ ҳар юз йилнинг бошида бу умматдан улар учун «мужаддид» (янгиловчи)ни чиқаради», деган ҳадислари ҳақида: «Бу асрнинг мужаддиди ким?» деб сўралганларида: «У – Шайх Муҳаммад Носириддин Албонийдир. Менимча у мужаддид бўлган, Аллоҳ билгувчироқдир», деганлар.
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен шайх (Албоний) билан бир неча бор учрашганман. Булардан олган маълумотим шуки: у киши Суннатга амал қилишга ва ақидада бўладими ёки амалда бўладими, бидъатларга қарши курашишга жуда жиддий қараганлар. У кишининг ёзган китобларидан билган нарсам эса: у киши ҳадисларни ривоят қилишда ва уларни текшириш бўйича улкан илмга эга бўлганлар ва ёзган ишларидан манҳажда ҳам, ҳадис илмида ҳам Аллоҳ жуда кўпларни манфаатдор қилди. Бу эса мусулмонлар учун жуда буюк натижадир. Барча мақтовлар Аллоҳгадир».
Яна Ибнул-Усайминдан: Албоний ҳақида «муржиа» деган сўзларни гапиришяпти[6], бунга нима дейсиз? деб сўрашганида, у киши: «Албонийни муржиа деган одам ё Албонийни билмайди, ёки муржиа ким эканлигини билмайди», деганлар. Ҳамда ушбу масалада у кишининг тарафини олиб, қуйидаги сўзларни айтганлар: «Албоний суннат аҳлидан бўлиб, ҳадис имомидир. Мен буни инкор қиладиган одамни билмайман, фақатгина баъзи бир қалбларида нафрат ва хусумат ўрнашиб қолган кимсалар борки, улар ўзларининг наздида бирон кишида камчиликни кўрсалар, ўша одамни ҳақоратлашга ўтиб кетадилар. Бу ишни эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги мунофиқлар садақа берувчиларга нисбатан қилишарди. Агар бир одамни кўп садақа бераётганини кўришса, уни риёкорликда айблашар ва агар камроқ бераётганини кўришса, уни бахилликда айблашарди». Яна бир жойда эса: «Мен бу одамни (яъни, Албонийни) унинг китобларидан ва у билан учрашган мажлислардан биламан. У – ақидаси ва манҳажи тўғри бўлган салафийдир. Энди шундай кимсалар борки, гарчи Аллоҳ азза ва жалла бундай демаган бўлса ҳам, улар Аллоҳнинг бандаларини куфрда айблашади ва уларнинг бу ишига рози бўлмаган олимларни эса «у – муржиадир» деб айтишади. Бу – ёлғон, уйдирма гап ва туҳматдир! Ундай кимсаларга қулоқ солманглар!», деганлар.
Катта олим Шайх Зайд ибни Файёд, раҳимаҳуллоҳ, қуйидагиларни айтганлар: «Дарҳақиқат, шайх Муҳаммад Носируддин Албоний бу асрнинг энг машҳур ва энг аъло шахсларидандир. У ҳадис хусусида: яъни, унинг санади, ровийлари ва саҳиҳ ёки заифлик даражаси ҳақида кўп қайғурган киши бўлиб, соатлар (яъни, вақт) ва ҳаракатлар сарф қилинадиган энг яхши ишлар ичида бу жуда олийжаноб бўлган вазифадир. У ҳам бошқа олимлар каби ниманидир тўғри топиб ва нимададир хато қилгандир. Лекин бу буюк илмга (яъни, ҳадисларга) бўлган ихлоси, унинг обрўсини тан олиш кераклини тақозо қилади».
Шайх Муқбил ибни Ходий ал-Водиъий, раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дарҳақиқат, Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний каби шахс ҳозирда ҳадис илмида топилмайди. Аллоҳ унинг илми орқали (умматни) фойдалантирди. Унинг китоблари революцион ҳаракатлардан кўра бир неча бор фойдалироқдир. Мен бунга ҳақиқатда ишонаманки, Албоний «мужаддид»лардандир. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ, ҳар юз йилнинг бошида бу умматдан улар учун «мужаддид» (янгиловчи)ни чиқаради», деганлар ва бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтаман». (Абу Довуд ривояти, Ироқий ва бошқалар саҳиҳ дейишган).
Манба: Шарҳ Саҳиҳул Бухорий
[1] Шуни ҳам таъкидлаш керакки, шайх Албоний Ҳалаб (Сурия)да ва Марокаш (Марокаш) шаҳарларидаги кутубхоналарда ҳамда Британиянинг Миллий кутубхонасида сақланаётган ҳадислар қўлёзмаларининг рўйхатини ҳам тузганлар.
[2] Ҳозирга қадар шайх Албонийнинг етмишга яқин қўлёзмалари нашр қилинмаганлигича қолмоқда.
[3] 1958 йилда Миср Сурия билан Бирлашган Араб республикасини ташкил қилган. Бу сиёсий иттифоқ 1961 йилгача, то Сурия ундан чиқиб кетмагунича давом этди.
[4] Ушбу ҳадис Аҳмад 5/230, 242 да, Абу Довуд 2/116 да ва Тирмизий 2/275 да келган. Уни Ибни Ҳазм «ботил», Тирмизий «мурсал» деганлар ва кўпгина муҳаддислар ҳужжат бўлмаслигини айтишган.
[5] «Ал-Асалаҳ» журнали, №23, 76-77-с.
[6] Гап шундаки: Албоний иймон масаласига доир саволларга жавоб бераётиб: «Амал иймонни ўзи эмас, балки унинг камолотидир», дейдилар ва бу билан аввалда ўтган адашган фирқа – «муржиалар»нинг сўзларига ўхшаш гапни айтадилар. Аммо бу далил билан исботланган ҳақ гап эди ва бу гап ўхшагани билан ўша адашганларнинг бу масаладаги бошқа шарҳлари ҳам борки, у сўзлар уларнинг эътиқодини ботилга чиқаради. Шунинг учун ҳам, сўзлар ўхшагани билан ундан чиқадиган маънолар бошқача бўлиши ҳам мумкин. Энди Албонийга бу лақабни ёпиштирмоқчи бўлганларга эса машҳур уламолар кескин раддиялар билдирганлар. Бунинг тафсилотларини билмоқчи бўлганлар, шу масалага доир баҳс ва маърузаларни топиб тингласин ва уламоларнинг насиҳатларига диққат билан қулоқ солсин.
bismillah!
bir tolibi-ilm birodar va Sheyx Alboniyning
xijriy 1416- yilda bo’lib o’tgan baxslarida tolibi ilm yuqiridagi savolni berdi «Sheyx amal iymonning kamolitimi yo’ki o’zimi?» «sheyx kamoloti dedilar» shunda haligi birodar » bu gap bilan biz murjialarga o’xshab qolar ekanmiz. ular bilan bir xil narsani aytgan bo’lamiz. mana shu sabab sizga Murjia degan ta’na toshlari otiladi- dedilar» «shunda sheyx ajoyib gap aytdilar – Murjialar «LA ILAHA ILLALLOH » deydilar, endi biz ularga o’xshab qolmaslik uchun boshqa so’zni ayishimiz kerakmi?» javob esa «yo’q». Alboniy rohimahulloh so’zlarning davomida quyidagi mashxur so’zni aytdilar : «HAQ QAYERDA BO»LSA, BIZ HAM USHA YERDAMIZ. AGAR MURJIALAR BU NARSA USTIDA HAQDA BO’LSA- BU NARSADA BIZ ULAR BILAN BIRGAMIZ.»
Аллох aлломa Албонийни фирдaвс жaннaтдa килсин.
Бaрчaмизгa Аллох фойдaли илм, покизa ризк, кaбул болaдигaн aмaлни бeрсин.
Албaттa Аллох эшитгувчи дуaлaрни кaбул килгувчидир.