Ла илаҳа иллаллоҳнинг шартлари
Алҳамдулиллааҳи Роббил аламин, вас-солату вас-саламу аъла ашрафил анбияи вал-мурсалин, ва баъд:
1. Илм. Илмнинг акси нима? Инсон илмга эга бўлмаса демак у жоҳил инсон ҳисобланади. Демак инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг, яъни Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ эканлиги ҳақида илмга эга бўлиши шарт экан. Бунга далил:
“Бас, (эй, Муҳаммад) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (Муҳаммад сураси, 19-оят).
2. Яқийн. Шак-шубҳага эга бўлмаган қатъий ишонч. Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ” эканлигига шак-шубҳа қилмаслиги шарт. Бунга далил:
“Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (иймонларида) содиқдирлар” (Ҳужурот сураси, 15-оят).
3. Ихлос. Холис ниятда бўлишлик. Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ” эканлигига ихлос билан иймон келтиради. Бунга далил:
“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).
4. Сидқ. Содиқ бўлиш, яъни бу мунофиқликнинг аксидир. Бунга далил:
“Одамлар орасида шундайлар ҳам борки, улар: “Биз Аллоҳга ва охиратга иймон келтирдик”, – дейдилар. Ваҳоланки, ўзлари мўмин эмаслар. Улар (бу билан) Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Лекин, ўзлари сезмаган ҳолда ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида хасталик (шубҳа ва кибр касали) бор. Аллоҳ уларга (шу) хасталикни зиёда қилди. (Мўминмиз, деб) ёлғон гапирганлари учун уларга (охиратда) аламли азоб бордир” (Бақара сураси, 8-10-оятлар).
5. Муҳаббат. Акси ёмон кўришликдир. Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ёмон кўрмайди, балки яхши кўради. Бунга далил:
“Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар Аллоҳдан ўзга (сохта маъбуда)ларни Унга тенг билиб, Аллоҳни севгандек уларни севадилар. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (уларникидан) кучлироқдир. Золимлар (қиёматда) азобни кўрганларида бутун куч-қудрат Аллоҳга хос эканини ва Аллоҳнинг азоби (ўта) қаттиқлигини билсалар эди!” (Бақара сураси, 165-оят).
Ва яна Аллоҳ таоло айтадики:
“Айтинг (эй, Муҳаммад): “Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз, сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлидаги жидду жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай” (Тавба сураси, 24-оят).
6. Инқияд. Таслим бўлишлик. Аллоҳ таоло айтадики:
“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” (Нисо сураси, 65-оят).
7. Қабул. Яъни қабул қилишлик (аксини инкор этишлик). Аллоҳ таоло айтадики:
“Ёки китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор этасизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 85-оят).
Охирги нафасигача шу калимага амал қилишлик. Аллоҳ таоло айтадики:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!” (Оли Имрон сураси, 102-оят).
Бундан ташқари бу калима шикрни ва ширкка олиб борувчи барча нарсаларни инкор қилади. Шунинг учун ҳам инсон ширкдан, ширкка олиб борувчи барча нарсалардан, ҳамда ширк аҳлидан йироқ бўлиши даркор. Аллоҳ таоло айтадики:
“Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!” (Нисо сураси, 36-оят).
Манба: Соф Ислом
Jazakallohu hoyron!