Шаҳодат ва унинг шартлари

Шаҳодат ва унинг шартлари

Алҳамдулиллааҳи Роббил аламин, вас-солату вас-саламу аъла ашрафил анбияи вал-мурсалин, ва баъд:

Кириш

Жаннат ва дўзах орасини, куфр ва иймон ўртасини, мусулмон ва кофир орасини ажратиб турадиган калиманинг, яъни Шаҳодатнинг шартлари билан танишиб чиқамиз.
Ислом асоси шуки Аллоҳ бу ягона Роб, йўқ нарсадан бор қилувчи – Ал-Холиқ, ҳамда Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли зот йўқ ва У гўзал Исм, комил Сифатларида ҳам ягонадир. Аллоҳ энг ҳикматли Зот, энг адолатли Зот. У сизу бизни Унгагина ибодат қилиш учун яратди, бизни ҳидоятсиз ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. Балким бизга Расулларни ҳидоятга даъват қилиш учун юборди ва Расуллар даъват қилган хабар бу фақат Аллоҳгагина ибодат қилишдир.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Аниқки, Биз: “(Ягона) Аллоҳга ибодат қилинглар ва Тоғут (барча ёлғон илоҳлар ва ҳоказо, яъни Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманг)дан йироқ бўлинглар”, (деган ваҳий билан) ҳар бир Умматга расул (пайғамбар) юборганмиз” (Наҳл: 36).
Мана шу нарса барча расуллар хабари бўлган: Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи васаллам. Аллоҳдан бўлган энг охирги ваҳийда инсонлар “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулаллоҳ” – “Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли зот йўқ ва Муҳаммад Унинг элчиси” эканлигига гувоҳлик беришга чақирилганлар. Мана шу шаҳодат, Жаннатга калитдир. Аммо барча калитларнинг тишчалари бўлади. Кимки калитнинг тўғри тишлари билан эшикни очса у эшик очилади. Хўш шу калиманинг “тўғри тишлари” ёки шартлари нима?
Булар, яъни Шаҳодат шартлари қуйидагилардир:
1. Илм
Аллоҳ ҳақидаги илм (Аллоҳ Ким? Унинг Сифатлари нима?). Инсон учун фойдали илм, бу уни Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинувчи барча нарсалардан бутунлай йироқ бўлишга ўргатувчи илмдир. Аллоҳ таоло айтадики:
“Бас, (эй, Муҳаммад) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (Муҳаммад: 19).
Демак, ушбу оятда илм калом ва амалдан олдин келмоқда. Ҳамда Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Кимки “Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли зот йўқ) эканлигини тўлиқ ва аниқ билиб вафот этса Жаннатга киради!” (Саҳиҳ Муслим).
2. Яқийн
Бу шаҳодат унинг маъноси ҳақида ҳеч қандай шубҳага эга бўлмасдан гувоҳлик берилиши керак. Аллоҳ таоло айтадики:
“Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир” (Ҳужурот: 15).
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли Зот Йўқ ва Мен Унинг Расулиман. Аллоҳнинг бандаси шу калимага ҳеч қандай шубҳага эга бўлмасдан Уни (Аллоҳни қиёматда) олдида турса Жаннатга киради” (Саҳиҳ Муслим).
3. Ихлос
Исломга киришдан, унга амал қилишдан мақсад фақатгина Аллоҳ учун бўлиши лозим. Ният фақатгина Аллоҳнинг Юзини истаб, Ундан қўрқиб, умид ҳамда муҳаббат билан амал қилиши талаб қилинади. Аллоҳ таоло айтадики:
“Айтинг: “Мен Аллоҳга динни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман” (Зумар: 11).
Шаҳодатга гувоҳлик берган банда фақатгина Аллоҳ учун қилишини унутмаслиги зарур. Ихлослик, бу Ширкнинг аксидир. Кимки Аллоҳдан ўзга учун қилса, демак у ширк ҳисобланади. Кимки шаҳодатга бирор мол-дунё учун, ёки шунга ўхшаш сабаб билан гувоҳлик берса, у ҳолда унинг гувоҳлиги қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло айтадики:
“Айтинг: “Мен фақат Аллоҳга, динимни Унга холис қилган ҳолда ибодат қилурман” (Зумар: 14).
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ фақатгина Унинг Юзини истаб (излаб) “Ла илаҳа иллаллоҳ деган банда учун Дўзахни ҳаром қилди” (Саҳиҳ Бухорий ва Муслим).
4. Сидқ
Содиқлик шаҳодат калимасини янада тўғрироқ тушунишга йўл очади. Содиқлик бандани Аллоҳ ҳақидаги Илмни излашга ҳаракатини янада кучлироқ қилади. Мунофиқлар шаҳодатни айтишади, аммо улар қалбларида шаҳодатни рад қилишларини яширишади. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтадики:
“Улар дилларида бўлмаган нарсани (ёлғонни) тиллари билан айтурлар” (Фатҳ: 11).
Қалб бу ҳудди подшоҳ кабидир, тил эса шоҳнинг аскари кабидир.
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Баданда (жасадда) шундай бир қисм борки агар у тўғри (соғ) бўлса, бутун бадан (жасад) тўғри (соғ) бўлади, агар у бузилса (касал бўлса), бутун бадан (жасад) ҳам бузилади (касал бўлади). У нарса Қалбдир” (Саҳиҳ Бухорий ва Муслим).
Агар қалбни Аллоҳга бўлган муҳаббат, ҳақиқат тўлдирса, у ҳолда у қалбни содиқлик, тўғри сўзлик ҳам тўлдиради. Аммо, агар шаҳват қалбни тўлдирса, у ҳолда у қалбда бузғунчиликка, мунофиқликка йўл очилади ва натижада инсон қалбида бўлмаган нарсани айтадиган бўлиб қолади.
Соф, тоза қалб қуйидаги нарсалардан покдир:
а) ширк;
б) кибр;
c) ҳасад;
д) дунёга муҳаббат;
е) ҳоким бўлишга шошилиш;
ф) шаҳват;
г) бидъат.
Мана шу нарсалардан пок қалбга Шаҳодат калимаси ва унинг ҳақиқий маъноси киради. Бундай қалб Қуръонда “Ал Қалб Ас Салийм” деб айтилган. Аллоҳ таоло айтадики:
“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил (қалб) билан келган кишиларгагина (фойда берур) (Шуъаро: 88-89).
“У кун”дан мурод Қиёмат кунидир. Аллоҳ барчамизга мана шундай қалбни насиб қилсин.
5. Муҳаббат
Бу шарт қуйидаги 3 нарсани ўз ичига олади:
1) Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва салламни бошқа барчадан яхшироқ кўриш;
2) Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва саллам яхши кўрган нарсани яхши кўришлик;
3) Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва саллам ёмон кўрган нарсани ёмон кўришлик.
Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббат дегани бу уларнинг буйруқларини бажаришликдир. Бу нарса бидъат ва бидъат аҳлига эргашишликни инкор қилади. Исломдан деб кўп нарсаларни динга тўқиб киритилган нарсалар (бидъатлар) ва бидъат аҳлининг амаллари Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва саллам ўргатган Исломга зиддир. Исломдан деб неча-неча хил йўлларни очиб, айниқса Аллоҳ ҳақидаги ақидани бутунлай ўзгаритиб юборишлари ачинарлик ҳолдир. Ўшаларнинг баъзилари ўша йўлларнинг бошлиқларини, ҳаттоки Аллоҳдан ҳам устун қўйишади. Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламдан ҳам устун қўйишади.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар Аллоҳдан ўзга (сохта маъбуда)ларни Унга тенг билиб, Аллоҳни севгандек уларни севадилар. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (уларникидан) кучлироқдир. Золимлар (қиёматда) азобни кўрганларида бутун куч-қудрат Аллоҳга хос эканини ва Аллоҳнинг азоби (ўта) қаттиқлигини билсалар эди!” (Бақара: 165).
Аллоҳ ва Унинг дини Исломга бўлган муҳаббат Аллоҳ ҳақидаги Илмга ҳамда Унинг Гўзал Исмлари ва Комил Сифатларига ҳам боғлиқдир. Инсонда Аллоҳ ҳақидаги илм қанчалик ошса, унда Аллоҳга бўлган муҳаббат ва тақво ҳам шунчалик ошади. Мўмин кишининг Аллоҳни кўришга иштиёқи ошади. Шу нарса унинг бу дунёдаги мақсади бўлиб қолади, ҳамда бу дунёга бўлган қизиқиши пасайиб боради. Бундай мўмин банда ҳеч кимни ўзининг тутган йўлига тўсқинлик қилишига йўл қўймайди, чунки у аниқ биладики, Аллоҳ барча ҳолатларга ҳидоят берган, у шуни билишга интилади ва амал қилади. Ҳар бир босган қадамида “Қани бу босган қадамимга Аллоҳдан бўлган кўрсатма қандай экан, бу қадамни қандай босишим керак экан…” ва ҳоказолар дейди. Натижада унинг бутун амали, ҳаёт йўли Аллоҳ таолонинг ваҳий қилган ва Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўлга эргашиш бўлиб қолади. Мана шу нарса унга бу дунё ва Қиёматда қувонч, бахт келтиради.
6. Инқияд (Бўйсуниш)
Бу Шаҳодат Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва салламга бўйсуниш билан тўлади. Ҳамда банданинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан йироқ бўлиши ҳам шу шартга киради. Аллоҳ таоло айтадики:
“Ким чиройли амал қилгувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур” (Луқмон: 22).
Баъзилар Аллоҳнинг қонуни айтилганда, эриниб, ҳудди қийналгандек амал қилишади. Бу эса хатодир! Чунки бу тўлиқ бўйсуниш бўлмайди. Аллоҳ таоло айтадики:
“Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди” (Аҳзоб: 36).
Аллоҳ ва Унинг Расули саллаллаҳу алайҳи ва саллам буюрганларини бажариш ёки бажармаслик ҳақида савол ҳам бўлиши мумкин эмас. Чунки у нарса Аллоҳдан ваҳийдир. Аллоҳдан бўлган ваҳий банда учун фойдали, зарарли эмас. Демак, инсон Исломга ўзининг фойдаси учун тўлиқ бўйсуниши лозим.
7. Қабул
Кўпчилик, ҳаттоки кофирлар ҳам Исломни энг тўғри дин эканлигини тан олишади, билишади. Аммо бу нарса уларга токи холислик билан қабул этмагунларича фойда бермайди. Қалбларини кибрдан поклаб қабул қилишсагина фойда беради. Кибр дегани бу ҳақиқатни билиб туриб қабул этмасликдир. Аллоҳ таоло айтадики:
“Чунки, уларга: “Аллоҳдан ўзга ибодатга ҳақли зот йўқ”, дейилганда, кибрланган эдилар” (Саффот: 35).
Мусулмон шуни билиши керакки, бу шаҳодат калимаси кўр-кўрона эргашишликка қарши туради. Бу шаҳодат калимаси мусулмонни Исломни унга ҳақиқий, тўғри эргашганлардек тушуниб, амал қилишга чақиради. Ва бу ҳақиқий, тўғри эргашганлар Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам, унинг саҳобалари ва уларга Қиёматгача яхшиликда эргашганлардир.

Шаҳодатнинг 2-қисми “Муҳаммадур Расулуллоҳ”нинг шартлари

Муҳаммадур Расулуллоҳ – Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, Элчиси – деганидир. Бу Шаҳодат Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг охирги Расули эканлигига иймондир.
Бу калиманинг шартлари қуйидагилар:
1-шарт. Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам ҳақида нима айтган бўлса, унинг ҳақиқатлига шак-шубҳа йўқдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда айтадики:
(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!” (Тавба: 128).
Аллоҳ таоло яна айтадики:
“Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи, ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилгувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатгувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз” (Аҳзоб: 45-46).
Бу оятлардан кўринадики, Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам инсонларни ҳидоятга эришишларини жуда ҳам хоҳлаганлар, уларнинг Аллоҳга холисона тавба қилишларига умид қилганлар ва Аллоҳдан мўминларни мағфират қилишини сўраганлар. Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам инсонларни Аллоҳгагина ибодат қилишга даъват қилганлар ва ширкдан қайтишга буюрганлар. Аллоҳнинг юборган ҳаёт йўли (Қуръон)га ўзлари амалий равишда ҳам кўрсатиб динни мукаммал қилиб кетганлар. Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам Жаннатга олиб борадиган барча йўл-йўриқлар ҳамда Дўзахдан қайтарадиган барча йўллар ҳақида бизларга хабар қилганлар.
Демак, Жаннатга йўл жуда аниқ ва мўмин бандалар бу йўлга эргашишади. Дўзахга йўл ҳам аниқ, мўминлар бу йўлдан ўзларини йироқ қиладилар.
Аллоҳ таоло айтадики:
(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин) (Каҳф: 110).
Ва яна Аллоҳ таоло айтадики:
“Бу одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга, кофир) кимсаларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга эса улар учун Парвардигорлари ҳузурида азалий рост мартаба борлиги ҳақида ҳушхабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз қизиқ туюлдими?! Кофирлар: “Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад) зўр сеҳргардир”, дедилар” (Юнус: 2).
Ва яна Аллоҳ таоло айтадики:
“Айтинг (эй Муҳаммад): Мен ўзим учун ҳам на фойда ва на зиён етказишга қодир эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлаганигина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (Жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос” (Аъроф: 188).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Мени Насронийлар Марямнинг ўғлини (Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳга шарик қилишга олиб борадиган ҳаддан ташқари) мақтагандек мақтаманглар! Дарҳақиқат, мен (Аллоҳнинг) қулидурман, шунинг учун мени Аллоҳнинг қули ва Расули деб чақиринглар» (Имом Бухорий ривоятлари).
2-шарт. Аллоҳга Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек ибодат қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло бизларни Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрди. Аллоҳ таоло айтадики:
“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир!” (Ҳашр: 7).
Ва яна Аллоҳ таоло айтадики:
“Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир) (Нисо: 80).
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари, кўрсатмалари, рози бўлганлари ҳамда қилса яхши деб маслаҳат берганлари – барчаси Суннат дейилади. Суннат яна Исломни тўғри тушуниш маъносида ҳам ишлатилади. Яъни, Исломни Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари каби тушунишлик ҳам Суннат дейилади. Суннат ҳам бу Аллоҳдан юборилган ваҳийга киради, чунки Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам ўз хоҳишлари бўйича гапирмаганлар, балки барча айтганлари, кўрсатмалари Аллоҳдан ваҳийдир. Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам ҳақларида айтадики:
“Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм: 3-4).
Демак, мусулмоннинг Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам йўллари бўйича ҳукм қилишлари ҳақида сўроқ ҳам бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтадики:
“Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” (Нисо: 65).
Бу ерда “сизни”дан мурод Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам кўзда тутилган.
Ва яна Аллоҳ таоло айтадики:
(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан “эй Аллоҳнинг пайғамбари”, деб чақиринглар). Сизлардан беркинган ҳолларида (пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур: 63).
Ва Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ман амила амалан лайса ъалайҳи амруна фа ҳува рад”“Кимки биз қилмаган ишни қилса у мардуддир”, яъни қабул қилинмайди, рад этилади.
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам суннатлари ҳимоялангандир, чунки Аллоҳ таоло Исломни ҳимоя қилишга ваъда берган.
Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламга тўлиқ эргашиш бу Аллоҳга муҳаббатни ҳам билдиради ва шу шаҳодатнинг 2-қисмини ўзида мужассамлаштиради. Аллоҳ таоло айтадики:
“Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир” (Оли Имрон: 31).
Демак, кимки Аллоҳни ҳақиқатдан севса, у ҳолда Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва салламга эргашиши шарт экан. Мусулмон банда Муҳаммад саллаллаҳу алайҳи ва саллам қил деб буюрганларини қилади ва қилма деб қайтарганларидан қайтади.

Манба: Соф Ислом

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan