Admin   10-07-2009, 11:55 AM
#1
Ибодатнинг таърифи ва қисмлари

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу нарсаларни Яратгувчи Зот ибодатга лойиқ-ҳақлидир».
Шайх раҳимаҳуллоҳ Роб – маъбуд, деб Аллоҳ таолонинг ушбу: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз», қовлини далил қилиб келтиргач, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ушбу оятга берган изоҳларини нақл қилдилар. Ва ибодат турлари ҳамда ҳар бир турнинг далилини баён қилиб беришни хоҳладилар.
Ибодатнинг луғатдаги маъноси: хокисор бўлиш, бўйинсуниш. Мисол учун: «طريق معبد», яъни, устидан юриб ўтиш давомида ҳозирланган-бўйинсундирилган йўл.
Ибодат икки қисмдир:
Биринчи қисм: Барча махлуқотлар умуман олганда Аллоҳнинг бандаларидир. Мўмин, кофир, фосиқ ва мунофиқ. Бари Аллоҳнинг бандаси. Яъни, барчалари Унинг тасарруфи ва бошқаруви остидадир. Шундай экан уларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишлари вожиб бўлади. Демак, барча халқлар, кофиру мўминларнинг бари Аллоҳнинг бандаларидир. Яъни, Унинг бўйинсундирилган махлуқотлари, улардан бирор киши Унинг бошқарувидан ташқарига чиқмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келгувчидир» (Марям: 93). Ушбу маъно остига осмонлар ва ердаги барча, мўмину кофир дохил бўлиб, барчалари қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйинсунган ҳолда келадилар ва бирор кишининг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мулкида шериклиги йўқ.
Иккинчи қисм: Фақатгина мўминларга хос бўлган убудийят-бандалик. Аллоҳ таоло шундай деди: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган кишилардир» (Фурқон: 63). Ва мана бу қовли: «Аниқки Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир» (Ҳижр: 42). Шайтон шундай деди: «Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Ҳижр: 40). Бу хос бандалик бўлиб, у – тоат ҳамда Аллоҳга У Зотни ибодатда яккалаш ила қурбат ҳосил қилинадиган бандалик-қулликдир.
Ибодатнинг шариатдаги таърифи борасида уламолар ихтилофлашишди. Яъни, турли иборалар ила таъриф беришган бўлса-да, бироқ маъно бирдир. Улар ичида Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Нуния»да айтганларидек: Ибодат – хокисорлик ва муҳаббатнинг чек-ниҳоясидир, деганлар ҳам бўлди.
«Раҳмонга қуллик бажо қилиш банда томонидан ғоятда муҳаббат ва хокисорлик ила бўлур. Булар (яъни, ғоятда муҳаббат ва ниҳоятда хокисорлик) икки қутбдир».
Демак, Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ибодатга муҳаббатнинг чек-чегараси ва хокисорликнинг ниҳоий кўриниши дея таъриф бердилар.
Ва яна улар ичида: Ибодат – урф тақозо-талаби ва ақл ҳосиласидан холи ўлароқ шаръан буюрилган буйруқлар, деб айтганлар ҳам бўлди.
Чунки ибодат тавқифий-далилга қайдланган бўлиб, на ақл ва на урф-одат билан эмас, балки шариат билангина жорий бўлади. Бу тўғри таърифдир.
Бироқ шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ берган таърифлари кўп қиррали ва сермаънодир: «Ибодат – Аллоҳ таолога суюкли бўлган ҳар бир зоҳирий-ошкора ва ботиний-махфий сўз ва амални ўзида жо қилган калимадир».
Ушбу таъриф кўп қиррали ва сермаънодир. Яъни, ибодат Аллоҳ таоло буюрган барча амалларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло буюрган ишни Унга тоат ўлароқ адо этиш ва қайтарган қайтариқни Аллоҳ таолога итоат ўлароқ тарк этиш. Ана шу ибодатдир. Ибодатларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Турлари жуда кўп. Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир амални қилиш ва қайтарган барча қайтариқларни Унга тоат ўлароқ тарк этиш ибодатдир. Хоҳ ушбу амаллар тана аъзолари ила бажариладиган зоҳирий ёки қалбда адо этиладиган ботиний амаллар бўлсин, бари ибодатдир. Чунки ибодат тил, қалб ва тана аъзолари ила бажарилади.
Тасбиҳ, зикр, таҳлил ва икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш каби тилда адо этиладиган шаръий сўзларнинг бари ибодатдир.
Шунингдек, Аллоҳга қурбат ҳосил қилайин дея қалбда адо этиладиган хавф, умид, рағбат, қўрқув, таваккул, тавба-тазарру, мадад сўраш каби ибодатларнинг бари қалб амалларидир. Аллоҳ таолога қалб ила суяниш-таяниш, Ундан қўрқиб, У Зотга рағбат, муҳаббат, ихлос ва содиқ бир ният қилиш, демак, қалбдаги ушбу амалларнинг бари ибодат турларидандир.
Худди шундай рукуъ, сажда, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, нафс истакларига қарши жиҳод қилиш, ҳижрат ва рўза тутиш каби амаллар, тана аъзолари билан адо этиладиган ибодатлардир.
Демак, ибодатлар тил, қалб ва тана аъзолари ила адо қилинар экан. Сўнг ушбу ибодатлар (яна бир бошқа жиҳатдан) бадан-жасад ва мол сарф қилиш билан адо этиладиган қисмларга бўлинади.
Бадан-жасад ила адо этиладиган ибодатларга мисол: юқорида айтиб ўтилган уч турдаги тил, тана аъзолари ва қалб ила амалга ошириладиган ибодатлардир.
Мол сарф қилиш билан бўладиганга мисол: закот чиқариш, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, жиҳод учун мол сарф қилиш. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотлар...» (Тавба: 20). Аллоҳ таоло оятда жондан аввал молни зикр қилди. Демак, мол билан жиҳод қилиш пул сарф қилиш билан адо этиладиган ибодатдир. Ҳаж ҳам бадан-жасад, ҳам мол сарф қилиш билан бўладиган ибодат. Ҳаж амаллари-маносиклар: тавоф, саъй, тош отиш, Арафа (тоғи)да туриш, Муздалифада тунаб қолиш бадан билан бўладиган ибодатлар. Булар учун пул сарф қилиш эса мол билан адо этиладиган ибодатдир. Чунки ҳаж қилиш сарф-ҳаражатга эҳтиёж сезади.
Аллоҳ таоло буюрган ибодат турларига мисол ислом, иймон ва эҳсон.
Шайх раҳимаҳуллоҳ ибодатга мисол қилиб, чеклаш мақсадида эмас, бир қанча ибодат турларини ёдга олдилар. Чунки улар шайх раҳимаҳуллоҳ зикр қилганларидан-да кўп бўлиб, уларни мухтасар бир рисолада жамлашнинг имконияти йўқ. Бироқ мисол тариқасида зикр қилдилар. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Убудия» номли алоҳида рисолалари бўлиб, ушбу рисолада ибодат ва унинг турлари, ҳамда ибодат борасида сўфий ва бошқа тоифалар томонидан рўй берган оғишишларни баён қилиш ҳақида баҳс олиб борилган. Ушбу қимматли рисолани толиби илм ўқиб чиқишга муҳтождир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Ислом, иймон ва эҳсон», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, ушбу уч тур, ибодат турларининг энг катталаридир. Ислом, иймон ва эҳсон. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг иккинчи асос ҳақидаги сўзларида ушбу уч тур ибодатга шарҳ бериб ўтилади. Ушбу ўринда ёдга олишларига сабаб эса, чунки улар ҳам ибодат турларидандир. Ислом беш рукн: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Ушбу ибодатлар мол ва жасад ила амалга оширилади. Шунингдек, иймон олти рукн бўлиб, улар қалбда адо этилади: Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтириш, ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтириш. Булар қалбий ибодатлардир.
Эҳсон эса бир рукндан иборат. У – Аллоҳга, гўёки Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради. Бу ибодат турларининг энг олийсидир. Чунки эҳсон ибодатларнинг энг олийси. Булар дин мартаба-даражалари, деб аталади. Чунки улар жамлангани маҳал дин барпо бўлади. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалари гувоҳлигида бир қанча саволлар йўллаганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом, иймон ва эҳсон ҳақида жавоб бериб, сўнг шундай дедилар: «Бу Жаброил (бўлиб), сизларга динингиз иш(лар)ини таълим бергани келди». Демак, ушбу уч даража дин деб номланди.

Admin   11-19-2010, 09:20 PM
#2
ИБОДАТ ТУРЛАРИ

Аллоҳ таъолонинг маҳлуқи бўлган туя, мол, қўй, эчки, товуқ ё бундан бошқа ҳайвонлар фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг номи билан сўйилади. Халқ, ватан, ҳуррият, ота, она, бола ё бундан бошқа номлар билан ҳайвонни сўяман деган одам ҳам ҳайвонсифат бўлиб қолади ва амали ширк бўлади.
Муҳим ишларда фақат Аллоҳ таъолонинг номи билан қасам ичиш мумкиндир. Халқ, ватан, ҳуррият, ота, она, бола, нон, дастурхон, сув, ер, осмон, қуёш, ой ё бундан бошқа нарсалар билан қасам ичиш ҳаромдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам бундан қайтарганлар.
Бир ишни одамлар кўрсин, эшитсин, билсин, деб қилган одамнинг бу иши, ибодати қабул қилинмайди, савобидан маҳрум бўлиб гуноҳкор бўлиб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Сизлар учун мен қўрқадиган нарсанинг энг қўрқинчлироғи кичкина ширк” дедилар. У нима дейилганда, “Риё” дедилар. Бизнинг халқ орасидаги хўжакўрсин деган ибора билан айтиладиган ишлар ҳам риёдир.
Балоғат ёшига етган киши ўзига ўзи бир нарсага эришсам ё шуни қила олсам ўн ракаат намоз ўқир эдим, ё уч кун рўза тутган бўлар эдим, каби ибодатларни вожиб қилишга назр дейилади. Назр фақат Аллоҳ таъоло учун бўлади. Бошқасига қилса ҳаром бўлади, ширк бўлади. Масалан: бир одам: “ошқозоним тузалиб кетса уч кун рўза тутаман” деса, ошқозони тузалганда уч кун рўза тутиб бериши вожиб бўлади. Гуноҳ бўладиган нарсага назр қилиш мумкин эмасдир. Мабодо жоҳиллик вақтида фарзанд кўрмасдан юрган бир киши: “Агар бир ўғил кўрсам, дўстларимни маст қилувчи ичимлик билан суғораман” деган бўлса, фарзанд кўрган вақтда ақл юритадиган, муваҳҳид бўлган бўлса, албатта бу аҳдига вафо қилмайди. Баъзи уламоларимиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам назрдан қайтарганлар деб, назр қилишни макруҳ дейишади. Лекин намоз, рўза ва бошқа шу каби тоатлар бу қайтариқ остига кирмайди. Бизнинг ҳозирги замонамизда: “Агар тижоратимда катта фойда кўрсам фалон мақбарани олдига бориб бир қон чиқараман, ё ўша мақбарага бир нарса атаб бериб келаман” деган жоҳил гаплар шариатга тўғри келмайди. Бу каби амаллар ширкдан ҳоли бўлмайди, ёки ширк яна ҳам ривожланиб кетиши учун хизмат қилиб беради. Ўтган замондаги бутпарастлар шу сўзларни араб ё бошқа тилда айтишар эди, бу ерда ҳозир мақбаралар бўлса, уларда бутлар бўлар эди. Эй Аллоҳ жоҳилликдан Ўзинг бизни сақлагин, ошқозонга, нафсга қул бўлмасдан Сени Ўзингагина қул бўлишимизни насиб этгин! Амин!
Қабрлардан ёрдам сўраш, ё уларни Аллоҳ билан ўзини орасида восита қилиш, ё бир авлиёни ўзи ва Аллоҳ ўртасига қўйиб дуо қилиш ҳам ширк амалларидандир. Бу ерда авлиё дейилган, вафот этиб кетган авлиё ҳақидадир.

Admin   10-29-2011, 06:20 PM
#3
Савол-4: Ибодат нимадир?
Жавоб-4: Ибодат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган амаллардир. Масалан: дуо, намоз ва Аллоҳ таолога итоат қилишлар.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир» (Анъом: 162).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бандамнинг фарз амалларини бажармоғи сўзсиз Мен яхши кўрган нарса орқали яқинлашмоғидир» (Ҳадиси Қудсий, имом Бухорий ривоятлари).
Савол-5: Аллоҳ таолога қандай ибодат қиламиз?
Жавоб-5: Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрганидек ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз! Ва (куфр, ё мунофиқлик йўлига кириш билан қилган) амалларингизни ботил-бефойда қилиб қўйманглар!» (Муҳаммад: 33).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки биз буюрмаган бир ишни қилса, у иш номақбулдир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-6: Аллоҳ таолога қўрққанимиз ёки Унинг неъматларидан умид қилганимиздан ибодат қиламизми?
Жавоб-6: Ҳа, ундан қўрқиб, умидвор бўлганимиздан ибодат қиламиз.
Далил: Аллоҳ таоло бандаларига буюрди: «У зотга (азобидан) қўрқиб, (раҳматидан) умидвор бўлган ҳолингизда ибодат қилингиз!» (Аъроф: 56).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолодан жаннатни сўраб, дўзахдан паноҳ тилайман» (Имом Абу Довуд ривоятлари).

abu Huzayfa   06-29-2013, 04:18 PM
#4
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ
Ибодат ортидаги ғоя-мақсад


Бу ибодат, унинг ортидаги ғоя-мақсад нима? Ундаги ғоя, дунё ва охират саодатидир. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз». Бу мана шу дунёда. «Ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97). Бу эса охиратда.

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.