Thread Rating:
  • 1 Vote(s) - 5 Average
  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5
Аллоҳ қаерда?!
#1
Аллоҳ таоло Олий Аршнинг устидадир

Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну
Таржимон: Ислом Йўли таҳририяти

Муқаддима

Барча мақтовлар фақат Аллоҳга хосдур. Биз унга ҳамдлар ва истиғфорлар айтамиз, ҳамда Ундан ёрдам ва нафсимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи зот йўқдур. Мен шериксиз, ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлиб вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, у жондан эса жуфтини яратган ва у иккисидан кўплаб эр ва аёлларни яратган Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндошлик алоқаларини узишдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларнинг устингизда кузатувчи бўлган Зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва фақат рост сўзланглар, Аллоҳ сизларнинг ишларингизни ислоҳ қилади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ ва Унинг расулига итоат қилган кимса улкан зафарларга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Сўнг ...
Сўзларнинг энг рости Аллоҳнинг каломидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони динда янги қўшилган (эътиқодий, амалий, қавлий ва ҳоказо қўшимчалар барчаси) нарсадир. Ва ҳар бир Янги қўшилган нарса – бидъатдир. Ва ҳар бир бидъат залолатдир ва ҳар бир залолат жаҳаннамдадир.
Quote: Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи ва салам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.

Аллоҳ таоло қаерда?

Аллоҳ таоло бизларни яратди ва бизларга қалбларимиз, дуоларимиз ва намозларимиз билан Унга юзланишимиз учун У қаерда эканлигини билишликни вожиб қилди. Роббиси қаерда эканлигини билмаган ва Роббиси қайси тарафда эканлигини билмаган кимса ўзининг йўлида адашиб қолишлиги ва Унинг ҳақиқий ибодати қила олмаслиги ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг бошқа махлуқлардан Олийлик сифати бошқа эшитиш, кўриш, калом ва пастга тушишлик сифатларига ўхшаган Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатлари кабидур. Салафи солиҳинлар, нажот топган фирқа, аҳли суннат вал жамоа ақидаси Аллоҳ таоло Ўзининг Китобидаги ва Унинг расули ҳадисларда зикр қилган хабарларга таъвил, таътилсиз ва ташбиҳсиз иймон келтиришни тақозо қилади. Бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидир:
Quote:Қуърон ва суннатда бўлмаган хабарлар билан шарҳ қилиб, натижада Аллоҳ ва расули қасд қилган маънодан бошқа маънони беришни таъвил дейилади.
Қуръон ва суннатда бўлган Аллоҳнинг сифатларини бутунлай инкор қилишлик.
Қуръон ва суннатда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларини бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик.
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шуро: 11).
Мана шу сифатлар, булардан Аллоҳнинг махлуқлардан Олийлиги, Ўзининг Зотини таърифловчи сифатлар экан, у сифатларга ҳам иймон келтириш худди Унинг Зотига иймон келтишликдек вожибдир. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг:
«Ар-Раҳмон бўлмиш Зот Аршнинг устига истиво қилди (Ўзининг Комил Зотига лойиқ ҳолда кўтарилди)» (Тоҳа: 5), оятининг маъноси борасида сўралганларида шундай жавоб берган эканлар: «Истево (кўтарилишлик) бу маълумдир (яъни кўтарилиш маъносини беради), кайфияти мажҳулдир. Унга иймон келтириш вожиб ва у борасида савол беришлик бидаътдир».
Quote:Имом Бағавий: «Шарҳуссунна».
Эй мусулмон биродарим! Имом Моликнинг бу жавобларига эътибор берайлик. Улар кўтарилиш маъносини бергувчи, лекин кайфиятини фақат Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган истевога бўлган иймонни ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган вожиб амаллардан деб ҳисоблаган эканлар.
Шунинг учун ҳам, Қуръони Каримда ва ҳадиси муборакда зикр қилинган Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини инкор қилган кимса, улар ҳақида хабар берувчи оят ва ҳадисларни инкор қилган бўлади. Бу сифатлар Унинг Комиллиги ва Олийлигига далолат қилгувчи сифатлардир, уларни (Аллоҳ бундай сифатларга эга эмас деб) инкор қилишлик мутлақо жоиз эмас.
Кўп (саҳоба, тобеин ва мужтаҳид имомлардан сўнг келган) мусулмонларнинг ақидаларини бузиб юборган баъзи бир фалсафий фикрлар натижасида баъзи мусулмонлар Аллоҳнинг сифатларини ифодаловчи оят ва ҳадисларни тафсир қила бошлашди ва натижада Комил Сифатларини инкор қилишгача боришди. Бу билан улар салафларнинг йўлидан адашишди, ваҳоланки уларнинг йўллари энг соф, энг илмли ва энг ҳикматли йўл эди. Қуйидаги сатрларни айтган кимсанинг гаплари қандай ҳам тўғри:
«Ҳар бир яхшилик салафларга эргашишликда ва ҳар бир ёмонлик халафларнинг ўйлаб топган бидъатларидадир».

Хулоса

Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинган барча Аллоҳнинг сифатларига иймон келтиришлик вожибдир. Аллоҳнинг баъзи сифатларига зоҳирий маъносига иймон келтирган ҳолда тасдиқлаб, бошқаларни таъвил қилган ҳолда инкор қилиб Аллоҳ сифатларининг орасида тафриқа қилишлик жоиз эмас. Аллоҳнинг Эшитиш ва Кўриш сифатларига бошқа махлуқларга ташбиҳ қилмаган ҳолда иймон келтирган кимсаучун, Аллоҳнинг Осмонлар устида эканлигига иймон келтириш вожибдир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ Ўзининг Китобида Ўзини таърифлаган ва расули ўзининг ҳадисларида таърифлаган Аллоҳнинг комиллигига далолат қилгувчи сифатлардандир. Уларни инсоннинг фитрати ва салим ақли тасдиқ қилади.
Наъим ибн Ҳаммад, Имом Бухорийнинг устозлари, шундай деган эканлар:
«Аллоҳни махлуқларга ўхшатишлик куфрдир. Ҳудди шунга ўхшаш, Аллоҳ Ўзини сифатлаган Сифатларни инкор қилишлик ҳам куфрдир. Аллоҳ таоло Аллоҳ Арш устидадир. Ўзини ифодалаган ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларда ифодалаган Сифатларда Ташбиҳ йўқдир (яъни бошқа махлуқларнинг сифатларига ўхшатишлик йўқдир)».
Quote:Ақида ат-Таҳовийя шарҳига қаралсин.
Reply
#2
Аллоҳ таоло Аршнинг устидадир

Бунга Қуръони Карим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислари, инсон фитрати ва соғлом ақл далолат қилади.

Қуръони Каримдаги далиллар

1. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Ар-Роҳман бўлган Зот Аршнинг устига кўтарилди» (Тоҳа: 5).
Имом Бухорийнинг тобеинлардан ривоят қилган асарида келишича, истево бу Аллоҳ таоло Аршнинг устига кўтарилиши ва олий бўлишидир.
2. Аллоҳ таоло шундай деди:
«(Эй Макка кофирлари,) ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар,) осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!» (Мулк: 16). Тафсир ибн Жавзийда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «У (Осмонлар устида бўлган Зот) Аллоҳдир» деган эканлар.
3. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқадилар» (Наҳл: 50).
4. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом борасида шундай деди:
«Йўқ, балки уни (Исони) Аллоҳ Ўзининг ҳузурига кўтарди» (Нисо: 158). Бу оятдан мурод, Аллоҳ уни самоватга кўтарди.
5. Аллоҳ таоло шундай деди:
«У осмонлару ердаги яккаю ягона (ибодат қилинишликка лойиқ бўлган Зот) Аллоҳдир» (Анъом: 3).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тафсирларида бу оятнинг шарҳида шундай дейдилар: «(Қуръон) муфассирлари иттифоқ қилиб шуни айтишганки: Биз жаҳмийларга ўхшаб: «Аллоҳ ҳамма маконда» деб айтмаймиз. Уларнинг таърифларидан Аллоҳ таоло Олийдир!» Аллоҳ таолонинг:
«Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Ҳадид: 4) деган оятига келсак, унинг маъноси Имом Ибн Касир ва Жалолайнда келишича шундай: «Аллоҳ сизлар қаерда бўлмангиз сизларнинг амалларингизга гувоҳ бўлиб кўриб тургувчидир, ёки Аллоҳ Ўзининг Илми билан барча жойдадир» деб тушуниш керак.

Саҳиҳ ҳадислардаги далилар

6. Бир ҳадисда ривоят қилинишича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам еттинчи осмонга кўтарилдилар, у ерда Аллоҳ таоло билан суҳбатлашдилар ва беш вақт намоз фарз қилинди» (Муттафақун алайҳ).
7. Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Менга осмон устида бўлган Зот ишониб турсаю, сизлар менга ишонмайсизларми?!» (Муттафақун алайҳ).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Eр юзидагиларга раҳм қилингиз, сизларга осмонлар устидаги Зот (Аллоҳ) раҳм қилади» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
9. Бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жория қиздан сўрайдилар: «Аллоҳ қаерда?», у қиз: «Осмон юқорисида», деб жавоб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен кимман?», деб сўрайдилар. У (қиз): «Сиз Аллоҳнинг Расулисиз», дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни озод қилгин, чунки у мўминадир», дедилар. (Имом Муслим Муовия ибн Ҳакам аc-Суламий разияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар:
«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга: «Албатта, раҳматим, ғазабимдан илгаридир», деб ёзди».
(Имом Бухорий, Муслим ва Термизийнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятлари).

Салафлардан бўлган баъзи далиллар

11. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан сўралган экан: «Сиз Аллоҳни қандай билган бўлар эдингиз?». Улар: «У Ўзининг махлуқотларидан фарқли ўлароқ осмон устида, Аршнинг устидадур».
Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло махлуқотларидан ажралган ҳолда, Унинг Жалоли биронта махлуқларига ўхшамаган ҳолда Ўзининг Зоти билан осмонлар устидадур.
12. Тўрт имом (Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ)лар барчаси Аллоҳ махлуқотларидан фарқли ўлароқ, уларга ўхшамаган ҳолда Аршнинг устида эканлигига иттифоқ қилишган.
Quote:Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонда, Eрда эмасдир». Бир кимса: «Аллоҳнинг: «У сизлар биландур» сўзига нима дейсиз?» деб сўраганда, улар: «Бунинг мисоли ҳудди сен бир кимсага ўзинг ундан йироқда бўлган ҳолда «мен сен биланман» деб ёзганинг кабидир» деган эканлар (ал-Асма вас-Сифат 2/170).
Бошқа ривоятда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шундай деган эканлар: «Кимки: «Мен Роббимни Eрдами ёки Осмонда эканлигини билмайман» деса куфр келтирибди. Шунга ўхшаш агар бир кимса: «У Аршнинг устидадир, лекин Арш Ердами ёки Осмондами билмайман», деса у ҳам куфр келтирибди» (ал-Фиқҳул Абсат 46).

Инсон фитратининг тасдиқ қилиши

13. Бирон кимса дуо қилса, у қўлларини юқорига кўтариб дуо қилади ва саждада бўлганда эса: «Субҳана Роббиял Аъла» яъни «Энг Олий Зот бўлмиш Парвардигорим барча айбу нуқсонлардан покдир», дейди.
Quote:Яъни Олий мақомда бўлган Парвардигорим дейди.
14. Агар ёш болалардан «Аллоҳ қаерда?» деб сўралса, ўзларининг салим фитратлари туфайли: «Осмонлар устида» деб жавоб беришади.
Quote:Бу инсон фитратининг Аллоҳ таолонинг Олий мақомда эканлигини тан олишлигига далолат қилади.

Саҳиҳ ақл далили

15. Саҳиҳ ақл ҳам Аллоҳ таолодан олий ҳеч ким йўқлигини ва Аллоҳ таоло энг Олий мақомда эканлигини ва У осмонлар устида эканлигини тасдиқ қилади. Агарчи Аллоҳ ҳамма маконда бўлганда эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг асҳобларига ўргатиб кетган бўлар эдилар. Қайдай қилиб Аллоҳ ҳамма маконда бўлсин, агар ўша жойлар исқирт маконлар бўлса?! Аллоҳ бундай ҳолатларда бўлишдан Олийдур.
Quote:Бу саҳиҳ-соғлом ақлнинг Аллоҳни осмонлар устида эканлигини тан олишлигига далолат қилади.

16. Агарчи Аллоҳ Зоти билан ҳамма ерда дейишлик, Аллоҳнинг кўп Зотлари бўлишини тақозо қилади. Чунки жойлар турли-туман ва ҳар хилдир.
Quote:Наузубиллаҳ, бундай ботил фаҳм қилишдан Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ Ўзининг Зоти билан Битта экан, Аллоҳ таолонинг барча маконда деган эътиқод ўз-ўзидан ботиллиги исбот бўлади.
Шундай экан, Аллоҳ таоло осмонлар устида, Аршнинг устидадир ва Ўзининг Билишлиги, Кўришлиги ва Эшитишлиги билан биз билан барча макондадир.

Reply
#3
Қуръондан далиллар

Аллоҳ таъало Зоти билан само юқорисидан юқорида эканлигига баъзи ояти карималардан ҳужжатлар келтирамиз:

إِذْ قَالَ اللَّهُ يَا عِيسَى إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ... (55)
1. (Эй, Муҳаммад алайҳис салом) Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: “Ё Ийсо, албатта Мен сени ердан ухлатиб ва ЎЗ ҲУЗУРИМГА КЎТАРГУВЧИМАН...
Оли-Имрон сураси, 55–оят.

بَلْ رَفَعَهُ اللَّهُ إِلَيْهِ وَكَانَ اللَّهُ عَزِيزًا حَكِيمًا (158)
2. Балки уни (яъни, Ийсо алайҳис саломни) АЛЛОҲ ЎЗ ҲУЗУРИГА КЎТАРГАНДИР. Аллоҳ Азиз ва Ҳакиймдир.
Нисо сураси, 158– оят.

وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ وَهُوَ الْحَكِيمُ الْخَبِيرُ (18)
وَهُوَ الْقَاهِرُ فَوْقَ عِبَادِهِ ...(61)
3. Унинг ЎЗИ БАНДАЛАРИНИНГ УСТИДА қохир бўлган Зотдир. Унинг Ўзи ҳикмат Сохиби, (барча нарсадан) Огоҳдир.
Анъом сураси, 18– ва 61– оятлар.

إِنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ... (54)
4. Албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛДИ...
Аъроф сураси, 54 – оят.


إِنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ ...(3)
5. Албатта Роббингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра ЎЗ АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛГАН АЛЛОҲДИР...
Юнус сураси, 3– оят.


اللَّهُ الَّذِي رَفَعَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ ...(2)
6. Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек шаклда устунларсиз кўтариб қўйган. Сўнгра АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛГАН ЗОТДИР ...
Ар-Раъд сураси, 2– оят.


وَلِلَّهِ يَسْجُدُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مِنْ دَابَّةٍ وَالْمَلَائِكَةُ وَهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ (49) يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ (50)
7. Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. Улар УСТИЛАРИДАГИ РОББИЛАРИДАН қўрқурлар ва фақат ўзларига буюрилган барча нарсани қилурлар.
Наҳл сураси, 49– ва 50– оятлар.


قُلْ نَزَّلَهُ رُوحُ الْقُدُسِ مِنْ رَبِّكَ بِالْحَقِّ لِيُثَبِّتَ الَّذِينَ آَمَنُوا وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ (102)
8. (Эй, Муҳаммад алайҳис салом) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул Қудус (яъни, Жаброил) РОББИНГИЗ ҲУЗУРИДАН иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга Ҳидоят ва Хушхабар қилиб ҳаққи-рост ТУШУРГАНИНИ айтинг.
Наҳл сураси, 102– оят.
الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى (5)
لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا وَمَا تَحْتَ الثَّرَى (6)
وَإِنْ تَجْهَرْ بِالْقَوْلِ فَإِنَّهُ يَعْلَمُ السِّرَّ وَأَخْفَى (7)
9. РАҲМОН АРШИНИНГ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛДИ. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Уникидир. Агар Сен ошкора гапирсанг ҳам (ва ёки хуфёна гапирсанг ҳам У Зотга баробардир) Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билади.
Тоҳа сураси, 5-7– оятлар.


الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ الرَّحْمَنُ فَاسْأَلْ بِهِ خَبِيرًا (59)
10. У осмонлар ва Ерни, ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра ЎЗ АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛГАН РАҲМОНДИР. Бас, У Зот ҳақида Огоҳ–Билимдон (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам )дан сўра.
Ал–Фурқон сураси, 59– оят.

اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ ...(4)
11. Аллоҳ осмонлар ва Ерни, ҳамда уларнинг орасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сўнгра АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛГАН ЗОТДИР ...
Сажда сураси, 4– оят.

مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعِزَّةَ فَلِلَّهِ الْعِزَّةُ جَمِيعًا إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ ...(10)
12. Ким иззатни истаса билингки, барча иззат Аллоҳникидир. Гўзал сўзлар УНГА КЎТАРИЛАДИ ва солиҳ амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) КЎТАРУР.
Фотир сураси, 10– оят.


هُوَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ...(4)
13. У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛГАН ЗОТДИР.

Ҳадид сураси, 4– оят.

أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الْأَرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ (16)
14. Ёки сизлар САМО ЮҚОРИСИДА БЎЛГАН (АЛЛОҲ)НИНГ, сизларни Ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?!

Мулк сураси, 16– оят.

أَمْ أَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يُرْسِلَ عَلَيْكُمْ حَاصِبًا فَسَتَعْلَمُونَ كَيْفَ نَذِيرِ (17)
15. Ёки сизлар САМО ЮҚОРИСИДА БЎЛГАН (АЛЛОҲ)НИНГ устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!

Мулк сураси, 17– оят.


تَعْرُجُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ إِلَيْهِ فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ (4)

16. Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жибрийл) миқдори эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни, Қиёмат Кунида) У ЗОТНИНГ ҲУЗУРИГА КЎТАРИЛУРЛАР.

Маориж сураси, 4– оят.

Бу ояти карималарда Аллоҳ субҳанаҳу ва таъало Ўзининг Зоти учун исбот қилган Улувв ва Истива сифатларини очиқ-ойдин баён қилгандир. Энди эса ҳадиси шарифларга ўтишдан олдин, Роббимизнинг Нисо сураси 87–оятидаги сўзини айтмоқчимиз:
وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ حَدِيثًا (87) ...
... АЛЛОҲДАН ҲАМ ТЎҒРИ СЎЗЛИ КИМ БОР?!
Ҳадислардан далиллар

Аллоҳ зоти билан само юқорисида эканлигига баъзи ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар:
1. Муовия ибнул Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳудан, шундай деди: “Менда Ухуд ва Жавания тарафларида қўйларимни боқадиган бир жория бор эди. Бир куни унинг олдига бориб қарасам, боқаётган қўйларидан бирини бўри ебди. Мен ҳам одам болаларидан бўлганим боис ғазабландим ва жорияга бир шапалоқ тушурдим. Сўнгра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганимда (жория билан бўлган воқеа хабарини бердим), буни менга гуноҳ деб санадилар. Мен: Йа , Росулуллоҳ жорияни озод қилайинми? – дедим. Ул зот уни ҳузурларига келтиришни буюрдилар ва келганидан сўнг жорияга қараб: Аллоҳ қаерда? – деб сўрадилар. Жория: САМО ЮҚОРИСИДА, – деди. Ул зот яна: Мен кимман? – дедилар. Жория: Сен Аллоҳнинг Росулисан – деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: Буни озод қилгин, чунки у мўминадир! – дедилар”.
Муслим – 537, Абу Довуд – 930, Бухорий «Жуз»ида – 64, Насоий – 3/15, Аҳмад – 5/447, Байхақий – 7/387, Ибну Хузайма «Тавхид» – 121, Абу Саид ад-Доримий «Радд аълал Жаҳмия» – 271, Ибну Аби Шайба «Имон» – 84, Ибну Аби Асим «Сунан» – 489, Байхақий «Ас-сама» – 422, Абу Ханифа «Муснад» – 3 да ривоят қилганлар


Муҳаммад Абу Саид ал-Ярбузий ушбу ҳадисдан қуйидаги хулосаларни чиқаради:
А) «Аллоҳ қаерда?» саволининг жоизлиги ;
Б) Сўралган одам бу саволга мусбат (тасдиқ) маънода «само юқорисида» дейиш вожиблиги;
В) Жавобнинг мусбатлигига биноан, мўмина сифати берилганини баёни;
Яъни, бу ҳадис исталган кишига бу мавзуда унинг эътиқодини билиш учун «Аллоҳ қаерда?» саволини бериш мумкинлигига далолат қилиб, жавобига албатта «само юқорисида» дейиш кераклигини баён қилади. Шунингдек, бу саволга фақат мусбат жавоб берганга, мўмин дейиш кераклигини кўрсатади.
Абу Саид ад-Доримий роҳимаҳуллоҳ «Ар-Радду аълал Жаҳмия» асарида шундай дейди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларида Зоти илоҳийни САМО ЮҚОРИСИДА эканлигини билмаганнинг мўмин эмаслигига далолат бордир. Кўриляпдики, бу ерда Аллоҳ азза ва жаллани само юқорисида эканлигини билган бу жориянинг мусбат жавоби, иймоннинг мезони сифатида қўлланилгандир. Айни пайтда «Аллоҳ ҳамма ерда» деб Аҳли Суннатдан ажралган залолат фирқасига (яъни, жаҳмияларга) Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларида раддия бордир. Агар Субҳанаҳу ва таъало Зоти билан само юқорисида бўлгани каби, ер юзида бўлганида эди, албатта ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жориянинг нотўғри жавобини тўғирлаб қўйган бўлар эдилар”.
«Ар-Радду аълал Жаҳмия», 271– бет.

2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у шундай деди: Зайнаб бинту Жахш розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжалари ёнида шундай фахрланар эдилар: “Сизларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан оила аҳлларингиз никоҳлаган бўлса, мени ЕТТИ ҚАВАТ ОСМОННИНГ УСТИДАН Аллоҳнинг Ўзи никоҳлади”.
Бухорий – 7420, Термизий – 3213, Аҳмад – 3/2, ибну Саъад – 103, Насоий - 2/76 да ривоят қилганлар.


3. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан, шундай деди: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларини яратгандан сўнг, Ўз ҳузурида АРШНИНГ УСТИГА: «Раҳматим ғазабимдан ўтиб кетди» – деб ёзди”.
Бухорий – 7422, Аҳмад – 2/25 да ривоят қилганлар.


4. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Марҳаматли бўлганларга, Раҳмон бўлган Аллоҳ азза ва жалла ҳам раҳмат қилади. Дунё аҳлига марҳамат қилингларки, САМО ЮҚОРИСИДАГИ РАҲМОН бўлган Аллоҳ ҳам сизга марҳамат қилсин”.
Абу Довуд – 4941, Термизий – 1924, Аҳмад – 2/160, Хумайдий – 591, Хоким – 4/159, ал-Хатиб – 2/260 саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.

Бу ҳадис хусусида Муҳаммад Абу Саид ал-Ярбузий бундай дейди:
“Китоб ва Суннат эътиқодидан узоқ бўлган баъзилар, бу ҳадиси шарифда зикр қилинган «Само юқорисидаги Раҳмон» лафзини, самодаги малоикалар деб таржима қиладилар. Бу ишлари билан улар Китоб ва Суннатга мухолиф бўлган ҳолда, саҳоба ва салафи солиҳлар йўлидан ажралиб, Жаҳмия деган бузуқ эътиқодли мазхабнинг йўлини тутмоқдалар. Зеро, улардан аввал бу уммат тарихида ушбу сўз (яъни,“Аллоҳ ҳамма ердадир”деган сўз)ни айтганлар бўлмаганди ва уларгача бутун уммат Аллоҳнинг САМО ЮҚОРИСИДА эканлигига насс билан иттифоқ қилган эдилар. Ана у эътиқоддагилар эса, бу ва бунга ўхшаган оят ва ҳадисларга давомли янглиш маънолар бериб, Аллоҳ ва Росулининг каломини тахриф қилиш йўлига ўтиб кетганлар. Ҳолбуки:
А) Юқорида ҳадисда келган Раҳмон исми, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъалонинг (бизга маълум бўлган) 99 исмларидан биридир.
Б) Жарир ибну Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Инсонларга марҳамат қилмаганга, Аллоҳ ҳам марҳамат қилмайди». Термизий – 1922, саҳиҳ ҳадис. Бу ҳадис, «Дунё аҳлига марҳамат қилингки, само юқорисидаги Раҳмон ҳам сизга марҳамат қилсин» ҳадисини изоҳлаяпди.
В) Раҳмон Аршининг устига ИСТИВА қилди. (Тоҳа, 5) Ушбу оятдан кўринадики, дунё аҳлига марҳамат қиладиган Раҳмон, етти қават осмон устидаги Арши узра истива қилган Раҳмондирки, бу САМО ЮҚОРИСИДАГИ Раҳмондан мурод эса Аллоҳдир. Аллоҳдан бошқа САМО ЮҚОРИСИДА Раҳмонни қидирган одам, Роббул иззадан бошқа раҳмон топгани учун, Аллоҳга шерик топибди”.

5. Саад бин Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан, шундай деди: Росулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг Бану Қурайза ҳақида берган ҳукмига шундай дедилар: “Малик нинг ЕТТИ ҚАВАТ ОСМОН УСТИДАН берган ҳукми билан ҳукм бердинг”.
Насоийда ва Байхақий «Асма»да 420– рақам билан саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар, Захабий «ал-Улувв»да 15– рақам билан зикр қилган.


6. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан, шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: (узун ҳадисдан қисқартма) ...“Наҳотки мени омонатдор эканлигимга ишонмайсизлар? Ахир САМО ЮҚОРИСИДА БЎЛГАН АЛЛОҲНИНГ АМИНИМАНки, эрталаб ва кечқурун менга ОСМОНДАН хабар келиб туради...”.
Бухорий – 4351, Муслим – 1064 да ривоят қилганлар.

7. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан, шундай деди: “Бир куни мен қуёш энди ботаётган бир пайтда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда эдим. Менга қараб: “Биласанми, қуёш қаерга ботади, эй Або Зарр? – дедилар. Мен: Аллоҳ ва Росули энг яхши билувчидир – дедим. Давом этиб: Албатта у АРШНИНГ ТАГИГА РОББИСИНИНГ ҲУЗУРИДА сажда қилишга кетяпти, – дедилар.
Бухорий – 4802, Аҳмад – 5/152, ибн Манда – 1012 ривоят қилганлар.


8. Жобир бин Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан, шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳажжат-ул-вадо» да Арафа куни қилган ҳутбаларида шундай дедилар: “Мен (вазифам бўлган рисолатни) адо қилдимми?! (Саҳобалар) айтишди: Ҳа! Йа, Росулуллоҳ, ҳаққи билан адо қилдингиз! – деб, жавоб бердилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат (яъни, кўрсаткич) бармоқларини ОСМОНГА КЎТАРИБ, сўнг инсонларга қарата ТУШИРИБ: “Аллоҳим, Ўзинг шоҳид бўл!” – деб, буни уч марта такрорладилар.
Бухорий – 1739, Муслим – 1218, Абу Довуд – 1905, Аҳмад – 1/447 ривоят қилганлар.


9. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан, шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Фақатгина пок бўлган яхши нарсалар АЛЛОҲГА КЎТАРИЛАДИ”
Аҳмад «Муснад» – 3/33, 418, 431, 538, 541, Албоний «Ирва-уль-ғолиль» №886; Муҳаммад ибн Солих аль-Усаймин «Фатху Роббил биррий би талхисиль Ҳамавия». 84 – с.да ривоят қилганлар.


Бу мавзуда бунданда кўп ҳадислар бўлишига қарамасдан, шунинг билан кифояланиб, сўзимизни Нажм сураси 3 – ва 4 – ояти каримаси билан ушбу бобни тугатмоқчимиз:

وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى (3) إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى (4)

Ва у (яъни,Муҳаммад алайҳис-салом) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат унга (Аллоҳ томонидан) ваҳий қилинаётган (тушурилаётган) ваҳийдан бошқа нарса эмасдир.
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Reply
#4
Савол-12: Аллоҳ таоло қаерда?
Жавоб-12: Аллоҳ таоло осмонда, арши аъло устидадир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Раҳмон (бўлган зот) Ўз аршига кўтарилди (истава)» (Тоҳа: 5). Имом Бухорий айтишларича, «истава»дан мурод кўтарилди ва юқори бўлди демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло жамики нарсаларни яратишдан илгари бир китобни ёзди... Бу китоб унинг олдида арши аълодадир» (Имом Бухорий ривоятлари).

Reply
#5
«Саҳифамизга келган савол» Wrote:Assalamu Aleykum.

Kimki Alloh yetti qavat osmoning arwning ustida desa,u odam kofir bo’ladi, degan odamning hukmi nima?
Bunday odamning orqasidan iqtido qilib namoz o’qish joizmi?
Jazakallohu xoyron.
http://tavhid.com/kitoblar/namoz/alloh-n...omment-822
Reply
#6
assalomu alaykum wa rohmatulloh yana bazilar borki ular boshqa oyatlarni va hadislarni olib Alloh hamma joyda deyishadi bular hususan Horun Yahyo degan kimsani "fanatlari" man aniq ular keltiradigan hujatini keltirolmayman lekin mazmuni shunday Alloh quronda "ularga buyin tomirlarindan ham yaqinroqman" yoki "Alloh ilm oluvchilar bilan birga" va shunga uhshash kup oyatlarni dalil qilishadi shunga uxshash oyatlarni tushinish qoydalarini keltirib utsanglar sababi bunaqa aqidadagi odamlar juda kup ekan Uzbeklarni olganda misol shu masala hususida olimlardan kengroq malumot keltirib bersanglar Jazakallohu Hoyron
«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» (Нисо: 115)

"Бу уматнинг охири фақат унинг боши ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади" Имом Молик
Reply
#7
(08-25-2012, 09:24 AM)Ali Wrote: assalomu alaykum wa rohmatulloh yana bazilar borki ular boshqa oyatlarni va hadislarni olib Alloh hamma joyda deyishadi bular hususan Horun Yahyo degan kimsani "fanatlari" man aniq ular keltiradigan hujatini keltirolmayman lekin mazmuni shunday Alloh quronda "ularga buyin tomirlarindan ham yaqinroqman" yoki "Alloh ilm oluvchilar bilan birga" va shunga uhshash kup oyatlarni dalil qilishadi shunga uxshash oyatlarni tushinish qoydalarini keltirib utsanglar sababi bunaqa aqidadagi odamlar juda kup ekan Uzbeklarni olganda misol shu masala hususida olimlardan kengroq malumot keltirib bersanglar Jazakallohu Hoyron
Валейкум ассалам ва раҳматуллоҳ.
Ali, мана бу мавзуда сиз сўраган масала ёритилган:
Аллоҳнинг бандалари билан биргалиги
Reply
#8
uzr qamasdan izlanmasdan post yozib quyibmanSmile
«Ҳидоят равшан бўлганидан сўнг, кимки Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлда юрса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» (Нисо: 115)

"Бу уматнинг охири фақат унинг боши ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади" Имом Молик
Reply


Forum Jump:


Users browsing this thread: 1 Guest(s)