Admin   11-22-2010, 07:52 AM
#1
Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳиддир

Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид. У – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид», деган сўзлари жуда муҳим аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло буюрган барча буйруқлар тавҳиддан кейиндир.
Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далил ушбу оятдир: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36) оятининг охирги қисмигача бўлган жумлалар.
Ушбу оятда ўнта ҳақ-ҳуқуқ эслаб ўтилди. Шу сабабдан ҳам ушбу оят ўн ҳақ-ҳуқуқ ояти, деб аталади. Ушбу ҳақларнинг энг биринчиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳаққидир: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» «Ота-онангизга яхшилик қилингиз!» Бу эса иккинчи ҳақдир. «Қариндош-уруғ», учинчи ҳақ. Қариндош-уруғ ота ёки она томонидан сизга наслу насаб жиҳатидан яқин бўлганлардир. Мисол учун: ота, боболар, амаки ва аммалар, тоға ва холалар, ака-ука, опа-сингиллар ва уларнинг фарзандлари ҳамда амаки ва аммаларнинг фарзандлари. Ана шулар қариндош-уруғлардир. Уларнинг сизда қариндошлик ҳақлари бор.
«Етим-есирлар», яъни, мусулмонларнинг етимлари. Балоғат ёшига етмай, кичиклигида отаси вафот этган ва ушбу норасидага тарбия, инфоқ ва фойда бўлиши мумкин бўлган ҳожатларини ўтайдиган, ҳамда зарарни тўсадиган отасининг ўрнини босадиган бир кишига муҳтож бўлган гўдакдир. Чунки уни ҳимоя қилиб, унга нафақа ажратадиган ва уни мудофа қиладиган отаси йўқ. Елкасидан тутадиган бир кишига муҳтож, чунки унинг отаси ва оиласи йўқ. Унинг исломда (маълум бир) ҳаққи бор.
Муҳими, Аллоҳ таоло ушбу оятни Ўзининг ҳаққи билан бошлаб, фақат мана бу қовлига чекланмади: «Аллоҳга ибодат қилинглар», балки давомида шундай деди: «Ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» Чунки ибодат ширк билан саҳиҳ бўлмайди ва фойда ҳам келтирмайди. Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлгандагина ибодат деб номланади. У билан ширк бўлар экан, инсон ҳар қанча ўзини машаққатга қўйса ҳам, у ибодат бўлмайди. Аллоҳ таоло ибодат қилишга бўлган буйруқни ширкдан қайтаришликка боғлаб, бир ўринда ёд этди. Зеро, ибодат ширк билан асло саҳиҳ бўлмайди.
Бу, шайх раҳимаҳуллоҳнинг: «Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид», деган сўзларининг далили эди. Чунки Аллоҳ таоло кўплаб оятларни тавҳид билан бошлайди. Ана шу оятлардан биз юқорида зикр қилган ва мана бу қуйидаги оятдир: «(Эй инсон), Роббинг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни амр этди» (Исро: 23). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тавҳиддан бошлади. Бу эса Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид эканига далолат қилади. «Айтинг: «Келинглар, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз!»» (Анъом: 151).
Бу эса келгусидаги мавзу бўлмиш: Аллоҳ таоло қайтарган энг улкан нарса ширк эканига далилдир. Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид бўлар экан, демак, инсон барча нарсадан аввал ақидани ўқиб-ўрганишдан бошламоғи вожиб бўлади. Ақида – пойдевордир. Демак, ўқиб-ўрганиш ва таълим беришни ақидадан бошлаб, уни дарс бериш ва одамларга баён қилиб беришда бардавом бўлиш лозим бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарсадир. Уни кейинга суриш ёки унга интилмаслик асло муносиб эмас. Чунки ҳозирда баъзи даъватчилар тавҳид ва ақидадан таълим беришда сусткашликка йўл қўйишдек бир мусибатга мубтало бўлишган. Чунки ақида-тавҳидда сусткашликка йўл қўйиш-путур етказиш, диннинг барига путур етказишдир. Шундай бўлар экан, унга аҳамият қаратмоқ даркор.
Тавҳид нима у ўзи? У – Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи ва Ўлдирувчи эканини тан олишингми? Йўқ! Тавҳид Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. Чунки Аллоҳ таоло шундай деди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56). Муфассирлар айтишдики: «Ибодат қилишлари учунгина», яъни, (ибодатда) яккалашликлари учунгина. Тавҳидни ибодат дея изоҳлашди.
Демак, тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир. У, Аллоҳ таоло Яратувчи, Ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи ва Бошқарувчи, деб иқрор бўлиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам инсон фитратига, оқил кишиларнинг зеҳнига сингдирилган. Дунёда, осмонлар ва ерни Аллоҳдан Ўзга бирортаси яратган деб эътиқод қиладиган бирор оқил бўлмаса керак. Оламда бирор киши, ҳатто кофир ва мулҳидларни ичида ҳам, инсонни бошқа бир инсон яратган дея эътиқод қиладиган бирор киши бўлмаса керак. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар» (Зухруф: 87). Ушбу оламда инсон ўзига ўхшаш ерда юриб, сўзлаб, еб-ичадиган бир инсонни яратган, деб эътиқод қиладиган бирор ақли расо киши йўқдир. Ёки шундай деб эътиқод қиладиган бирор эс-ҳушли одам борми? «Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандилар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35-36). Рубубият тавҳиди фитрат ва ақлларга сингдирилгандир. Ибодат тавҳиди бўлмиш, Аллоҳни ибодатда яккалашликсиз (унинг ўзи) етарли эмас.
Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ: тавҳид – Аллоҳни ибодатда яккалашликдир, дедилар. У (тавҳид) Аллоҳни яратиш, ризқ бериш, тирилтириш ва ўлдиришда якка деб билиш эмас. Чунки бу шундоқ ҳам маълумдир. Тавҳидга таъриф беришда рубубият тавҳидининг ўзи кифоя қилмайди.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.