Admin   11-21-2010, 12:29 PM
#1
75- وَعَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُمَا; أَنَّ رَجُلاً سَأَلَ اَلنَّبِيَّ  أَتَوَضَّأُ مِنْ لُحُومِ اَلْغَنَمِ? قَالَ: إِنْ شِئْتَ قَالَ: أَتَوَضَّأُ مِنْ لُحُومِ اَلْإِبِلِ ? قَالَ: نَعَمْ أَخْرَجَهُ مُسْلِم ٌ
75. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қўй (ва эчки) гўштини еганимдан кейин таҳорат олайинми?” деб сўради. (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Хоҳласанг”, дедилар. У: “Туя гўштини еганимдан кейин таҳорат олайинми?” деб сўради. У зот: “Ҳа”, дедилар. Муслим ривояти.
Жобир ҳадиси туя ва қўй-эчки гўшти таҳоратни бузадими, йўқми, деган масалада келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни баён қилиб тафсилотини айтиб бердилар. Қўй-эчкининг гўштига келсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ундан таҳорат олиши керакми, деб сўралганларида: “Агар хоҳласанг”, деб жавоб бердилар. Яъни: “Хоҳласанг, таҳорат ол, хоҳласанг, таҳорат олма”. Лекин агар пишган гўшт бўлса, афзали таҳорат олишдир. Чунки инсонга олов теккан нарсадан таҳорат олиш афзалдир.
Quote:Таржимон изоҳи: Бошқа уламолар оловда пишган овқатдан сўнг таҳорат олиш буйруғи мансух бўлган, дейишди. Бу ерда муаллиф раҳимаҳуллоҳ бу буйруқ мустаҳаб маъносига эга демоқчилар. Валлоҳу аълам.
Агар у (оловда) пишмаган бўлса, унда (бу гўштдан кейин таҳорат олишда) савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ.
Quote:Таржимон изоҳи: Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳа”нинг №2322 да имом Аҳмаднинг “Муснади”дан (4/180, 5/289) Саҳл ибн Ҳанзала ҳадисини келтиради: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким гўшт еган бўлса, таҳорат олсин”. Албоний буни туя гўштидан ташқари айтилган гўштларга нисбатан мустаҳаб амал, деди.
Аммо туяга келсак, бояги киши: “Туя гўштидан таҳорат олайинми?” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. У зотнинг қўй-эчки гўшти ҳақида: “Хоҳласанг”, дейишлари ҳамда туя гўшти борасида: “Ҳа”, дейишлари туя гўштини ейиш таҳоратни вожиб қилишига далолат қилади. Акс ҳолда инсон унда ихтиёрли бўларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўй-эчки гўштида уни ихтиёрли қилиб туя гўшти ҳақида: “Ҳа”, дейишларидан билинадики, туя гўштидан таҳорат олиш вожибдир. Агар инсон таҳоратли бўлиб туя гўштини еса, унинг таҳорати кетади: у қизил (лаҳм) гўшт бўладими, ёғ, бўладими, ёки ошқозон, ичак, жигар, юрак, бош бўладими, туя терисининг ичидаги нима бўлса, (таҳорат кетади). Уларнинг ками, кўпи орасида, пишмаган, пишгани орасида фарқи йўқ. Чунки Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг тафсилотини айтмадилар. Усулул-фиқҳ қоидаларида тасдиқланган нарса шуки, эҳтимолли ўринда тафсилотнинг тарк қилиниши умумий сўзнинг ўрнида ўтади, (яъни умумий маънога эга).
Quote:Таржимон изоҳи: баъзилар тобеин бўлган Мужоҳиддан бир ҳадис келтиришади: “Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам ел ҳидини сезиб айтдилар: “Мана шу ел чиқарган киши туриб таҳорат олсин. Чунки Аллоҳ ҳақдан уялмайди”. Шунда Аббос: “Эй Аллоҳнинг элчиси, ҳаммамиз туриб таҳорат олмайликми?” Шунда у зот: “Барчанглар туриб таҳорат олинглар”, дедилар. Буни Албоний раҳимаҳуллоҳ “Заифа” (№1132)да келтириб айтадиларки: “Бу ботил ҳадис”. Уни Ибн Асокир (17/360/2) ривоят қилган. Биринчидан, бу ҳадис мурсал – Мужоҳид ибн Жабр тобеин. Иккинчидан, Восил ибн Абу Жамил заиф ровий. Учинчидан, Яҳё ибн Абдуллоҳ ал-Бобилтий заиф ровий. Бу ҳадиснинг асли мавқуфдир (саҳобий сўзи). “Муъжам ал-кабир”да (1/107/1) Табароний Умар розияллоҳу анҳу воқеасида ривоят қилган. Унинг Мужалид ибн Саид ал-Ҳамадоний исмли ровийси ҳақида Ибн Ҳажар “Тақриб”да: “Кучли ровий эмас, умрининг охирида хотираси ўзгарган”, деган. Яъни, бу ҳам заиф ривоят. Кейин Албоний давом этиб айтадиларки, кўп одамлар орасида бир қисса машҳурдир. У ҳам бўлса, гўёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида бир киши ел чиқарганида унинг айбини яшириш учун: “Туя гўштини ким еган бўлса, таҳорат олсин”, дедилар. “Бу қиссанинг суннат китобларида ҳам, фиқҳ китобларида ҳамда тафсир китобларида ҳам, менинг билишмча асли йўқ”, деди Албоний раҳимаҳуллоҳ. Агар улар бир оз тафаккур қилишса, уларга бу нарса равшан бўларди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга вақтинчалик иллат (бояги кишининг айбини яшириш) сабабли бир буйруқ (туя гўштидан таҳорат олиш буйруғини) бериб, кейин у абадий шариат бўладиган даражада бўлиб уни баён қилиб бермаслик лойиқ эмасдир. Қ.: “Заифа” №1132.
Агар бир киши: “Туя сути ҳақида нима дейсизлар, у таҳоратни бузадими?” деса, айтамизки: у таҳоратни бузмайди. Чунки ҳадис матнлари фақат гўшт ҳақида келган. Сутга келсак, у ҳақда таҳоратнинг вожиблигига ҳадис матни келмаган. Лекин агар таҳорат олса, яхшироқ бўлади. (Туя сутидан) таҳорат олиш вожибмаслигига далил шуки, Урайна ва Жуҳайна қабилаларидан бир қавм Мадинага келганида улар касал бўлиб қолишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга садақадан келган туялар олдига бориб уларнинг сийдиги ва сутидан ичишга буюрдилар, шу билан бирга уларга таҳорат олишга буюрмадилар. Чунки туянинг сути билан сийдиги аралаштирилиб ичилса ўша касалликка фойда беради. Ана ўша қавм садақага келган туялар олдига бориб уларнинг сутидан ва сийдигидан ичди ва соғайди. Уларга Аллоҳ шифо берди, лекин улар Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштиришди. Улар чўпонни ўлдириб, ўлдириш олдидан унинг кўзини чиқаришди. “Самл ал-айни”нинг маъноси, инсон темир игнани оловга чўғ бўлгунича киргизиб кейин у билан кўзига босади ва кўз оқиб тушади. Аллоҳ сақласин! Кейин улар чўпонни ўлдириб туяларни ҳайдаб кетишди. Бу хабар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. Шунда ул зот уларнинг кетидан одам юбордилар ва улар Мадинага олиб келинди. Кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қўлларини ва оёқларини тескарисига кесишга буюрдилар: ўнг қўл ва чап оёқ кесилди. Сўнг улар Мадинанинг иссиқ жойида жазирама иссиқда офтоб остида ташланди. Улар сув сўрашарди: “Бизга сув ичиринглар, сув беринглар”, деб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўлгунларича тарк қилдилар. Чунки улар қабиҳ иш қилишди. Аллоҳ сақласин! Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга неъмат қилдилар, улар касал бўлишганида садақа туялар олдига чиқардилар ва уларни даволадилар. Улар эса тузалганидан сўнг – Аллоҳ сақласин – чўпонни ўлдириб ўша туяларни олишди. Бу жуда қабиҳ иш. Ва уларнинг жазоси ўша қаттиқ жазо бўлди. Чунки гуноҳ қачонки катталашса, токи одамлар ундан қочишсин деб, унинг уқубати ҳам катталашади. Бунинг сабаби шуки, инсонларга имкон очилса ёки волийлар уларни жазолашда енгиллик қилишса, улар – Аллоҳ сақласин – Ер юзида фасод тарқатишади. Аллоҳ Таоло Ўзининг Мукаррам Китобида:
“Аллоҳ ва Унинг Элчисига қарши урушганлар ва Ер юзида фасод тарқатганларнинг жазоси фақат ўлдирилиш, ёки хочга қоқилиш, ёки қўл-оёқлари тескарисига кесилиш, ёки ўша ердан бадарға қилинишдир. Бу уларга ушбу дунёдаги шармандалик. Охиратда эса уларга улкан азоб бор”, деди (Моида: 33). Гуноҳ содир қилган кишига бу дунё ва охират азоби жамланганини фақат ушбу гуноҳ учун кўрдик. Аллоҳ сақласин! Бу жуда қаттиқ уқубатдир: дунёда хорлик ва уларга охиратда улкан азоб бор. Чунки улар Ер юзида фасод тарқатишди ва Аллоҳнинг динига ҳамда Унинг Элчиси шариатига қарши урушишди. Бу уларнинг жазоси бўлди. Ислом дини ўз ўрнида раҳмат, дадиллик ва қаттиқлик динидир. Бу жазолашдаги қаттиқлик Аллоҳнинг раҳматидир, чунки инсонлар ундан чўчиб уларнинг аҳволлари тўғриланади. Аллоҳ Азза ва Жалланинг қуйидаги сўзларига қаранглар:
“Сизларга қасос олишда ҳаёт бор” (Бақара: 179). Яъни, агар инсон бир шахсни атайин ўлдирса, биз қотилни ўлдирамиз. Аллоҳ эса буни ҳаёт деди, ваҳоланки бир ўлган кишининг ўрнига иккинчиси ҳам ўляпти. Лекин мана шу икки киши сабабли катта халқ ҳаёти сақланиб қолинади. Шунинг учун Ул Зот:
“Сизларда қасосда ҳаёт бор, эй ақл эгалари”, деди. Эътибор бергин, “ақл эгалари”, (деди). “Биз иккитани ўлдирсак, оловга ёғ сепамиз (бадтар қиламиз)”, дема. Йўқ, бу ҳаётдир. Ақлингни ишлат.
“Сизларда қасосда ҳаёт бор, эй ақл эгалари”, деди. Эътибор бергин, “ақл эгалари”, (деди).
“Шояд тақводор бўлсаларинг”. Муҳими, ана ўша кишилар садақа туяларига бориб сутидан ва сийдигидан ичишди, лекин уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичишганида таҳорат олишни буюрмадилар. Бу эса туя сутидан таҳорат олиш вожиб эмаслигига далолат қилади. Лекин у (таҳорат олиш) эҳтиётроқдир. Чунки Аҳмад “Муснади”да яхши санад билан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туя сутидан таҳорат олинглар, дедилар. Ундан таҳорат олишга буюрдилар. Лекин бу мустаҳаб маъносидаги буйруқ. Валлоҳу аълам.
Quote:Таржимон изоҳи: бу ҳадис Аҳмад “Муснади”да (4/352/19120 ва 4/391/19501) ва Ибн Можа “Сунани”да (№496) Усайд ибн Хузайр ривоятида келган. Албоний уни заиф деган (“Заиф Жомиъ ас-Соғир” №6279). Ибн Можа яна бу ҳадисни Ибн Умардан ривоят қилган (№497). Албоний уни ҳам заиф деган (“Заиф Жомиъ ас-Соғир” №2496). Шуъайб Арнаутнинг Аҳмад “Муснади”га ёзган тахрижида бунинг сабабини Усайд ҳадисида Ҳажжож ибн Артоҳ заиф, ҳамда унга келганда ривоятда ихтилоф бўлган, ҳамда Абдурраҳмон ибн Абу Лайло Усайд ибн Хузайрдан ҳадис эшитмаганлиги, деб келтирган. Ибн Умар ривоятида эса Бақийя ибн Валид мудаллис бўлиб “анъана” билан (“фалончидан” деб) ривоят қилган. Унинг шайхи Холид ибн Язид ибн Умар ибн Хубайра ал-Фазорийни эса Ибн Ҳажар “Таҳзиб”да “мажҳул ал-ҳол” деган. Ато ибн ас-Соиб эса умрининг бир қисмига етганида ҳадисларда адашиб кетган.
Саволга жавоб: (туя гўштидан тайёрланган) шўрва ҳам таҳоратни бузмайди. Фақат унинг ичида кичик миқдорда ҳам гўшт бўлса, ўша гўштни еса, таҳорати кетади.

abdulxaq   09-14-2014, 09:24 PM
#2
Assalamu aleykum! Demak bu yerdagi go'shtdan murod olovda toblanib pishgan go'sht aytilyabdi shundaymi?
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.