mutaallim   02-06-2016, 11:17 PM
#1
Зилзилалар борасида насиҳат

Барча мақтовлар Аллоҳга хос. Расулуллоҳга, аҳли оила, саҳобалари ҳамда у кишининг йўлларидан юрганларга саловат ва саломлар бўлсин. Сўнг:
Батаҳқиқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қазо-и қадарида Ҳикматли, Билувчи. Худди шариат ва буйруғида Ҳикматли, Билувчи бўлгани каби. У субҳанаҳу бандаларини қўрқувга солиш, уларнинг зиммасида вожиб бўлган Ўзининг ҳаққини уларга эслатиб қўйиш, Унга ширк келтириш, амрига қарши чиқиш, қайтариғига қўл уришдан уларни эҳтиёт бўлишга чорлаш учун Ўзи хоҳлаган оят-аломатларни яратади ва уларни тақдир қилади. Аллоҳ субҳанаҳу айтганидек: “Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Исро: 59). У азза ва жалла деди: “Токи уларга (ушбу Куръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлига аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни Аллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз ҳукмини баён қилаётгани сизнинг ҳақ пайғамбар эканлигингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!”. (Фуссилат: 53). Аллоҳ таоло деди: “Айтинг: «У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб, (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир»”. (Анъом: 65).
Бухорий “Саҳиҳ”да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Аллоҳ таолонинг ушбу: “У сизларга устингиздан… азоб юборишга… қодир бўлган зотдир”, қавли нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Юзинг билан паноҳ сўрайман”, дедилар. У: “Ё оёқларингиз остидан”, деди. У киши: “Юзинг билан паноҳ сўрайман”, дедилар”. (Бухорий (4262), Термизий (2991)).
Абушшайх ал-Асбаҳоний Мужоҳиддан ушбу оят тафсирида шундай ривоят қилади: “У сизларга устингиздан… азоб юборишга… қодир бўлган зотдир”. У: қичқириқ, тош ва шамол, деди. “Ё оёқларингиз остидан”. Силкиниш-(зилзила) ва ер ютиши.
Шак-шубҳа йўқки, шу кунларда кўплаб ҳудудларда юз берган зилзилалар Аллоҳ субҳанаҳу бандаларини қўрқувга соладиган оят-аломатлар жумласидан. Борлиқда юз бераётган зилзила ва бандаларга зиён келтирадиган, уларга турли азиятлар етишига сабаб бўлаётган бундан бошқа (ҳодиса)лар, буларнинг бари ширк ва маъсиятлар сабабли. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: “(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур”. (Шўро: 30). Аллоҳ таоло деди: “(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир”. (Нисо: 79). Аллоҳ таоло ўтган умматлар ҳақида шундай деди: “Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга ютдирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар”. (Анкабут: 40).
Мусулмон ва бошқалардан иборат мукаллафларнинг барига Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тавба, динида тўғри-(устивор)лик ҳамда У қайтарган ширк ва маъсиятларнинг баридан ҳазир бўлиш вожиб бўлади. Тоинки уларга офият, дунё ва охиратда нажот ҳосил бўлсин ҳамда Аллоҳ улардан ҳар қандай балони даф қилиб, уларга яхшиликнинг барини ато этсин. У субҳанаҳу айтганидек: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гунохлари сабабли ушладик”. (Аъроф: 96). Аллоҳ таоло Аҳли Китоб ҳақида шундай деди: “Агар улар Тавротга, Инжилга ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (ердан) ҳам ризқланган бўлур эдилар”. (Моида: 66). Аллоҳ таоло деди: “У қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми? (Кутмаганмидилар?) Ёки у қишлоқларнинг аҳли бало-қазойимиз чошгоҳ пайтида, ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур”. (Аъроф: 97-99).
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ерга баъзи вақтларда нафас олишга изн беради. Шунда унда улкан зилзилалар юз беради. Бу сабабли бандаларида хавф, қўрқув, тавба, маъсиятлардан қутулиш, Аллоҳ субҳанаҳуга тазарру қилиш ҳамда надомат чекиш юз беради. Баъзи салафлар ер қимирлаганда: “Албатта, Раббингиз ҳовурингиздан туширмоқда”, деганларидек.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадинада ер қимирлаганда уларга нутқ ийрод қилдилар, мавъиза қилдилар. Ва: “Агар яна қимирласа бу ерда сизлар билан яшамайман”, дедилар”.
У киши раҳимаҳуллоҳнинг сўзи тугади.
Бу ўринда салафлардан кўплаб асарлар бор.
Зилзила ҳамда қуёш тутилиши, қаттиқ шамол ва тошқинлардан иборат бундан бошқа оят-аломатлар вақтида Аллоҳ субҳанаҳуга тавба, Унга тазарру, Ундан офият сўраш, Уни кўп-кўп зикр қилиш ва истиғфор айтишга шошилиш вожиб бўлади. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуёш тутилганда айтганларидек: “Агар буни кўрсангизлар, бас, Аллоҳни зикр қилиш, Унга дуо қилиш ва истиғфор айтишга таянинглар”. (Бухорий (999), Муслим (1518)). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавлларига биноан фақир ва мискинларга раҳм қилиш ҳамда уларга садақа қилиш мустаҳаб бўлади: “Раҳм қилинглар, раҳм қилинасизлар”. (Аҳмад “Муснад” (6255)). “Раҳм қилувчиларга Раҳмон раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади”. (Термизий (1847)). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди”. (Бухорий (5538), Термизий (1834)).
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ зилзила бўлганда амирларга садақа қилинглар, дея нома йўллаганлари ривоят қилинади.
Ҳукмдорлар тентакларнинг қўлларидан тутиш, уларни ҳаққа мажбурлаш, улар устидан Аллоҳнинг шариатини ҳакам қилиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга шошилиш ҳар қандай ёмонликдан офият ва саломат қолиш сабабларидандир. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир”. (Тавба: 71). У азза ва жалла деди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)”. (Ҳаж: 40-41). У субҳанаҳу деди: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барч ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир”. (Талоқ: 2-3). Бу маънодаги оятлар кўп. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким биродарининг ҳожатида бўлса Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади”. (Бухорий (2262), Муслим (4677)). Саҳиҳлигига иттифоқ қилинган. У киши алайҳиссалоту вассалам дедилар: “Ким мўминдан дунё ғамларининг бирини кўтарса, Аллоҳ ундан қиёмат куни ғамларининг бирини кўтаради. Ким кишининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унга дунё-ю охиратда енгиллик беради. Ким бир мусулмонни(нг айбини) яширса, Аллоҳ уни(нг) дунё-ю охиратдаги (айбини) яширади. Модомики банда биродарига ёрдам бераётган экан, Аллоҳ унинг ёрдамидадир”. (Муслим (4867), Термизий (1853)). Муслим ўз “Саҳиҳ”ида ривоят қилди. Бу маънодаги ҳадислар кўп.
Аллоҳдан барча мусулмонларнинг ҳолатини ўнглаши, уларга динни тушуниш, унда тўғри-(устивор)лик, барча гуноҳлардан Аллоҳга тавба қилишни ато айлаши, барча мусулмонларнинг ҳукмдорларини ўнглаши, улар сабаб ҳаққа нусрат ато этиши, улар билан ботилни мағлуб қилиши, уларни бандалар устидан Аллоҳнинг шариатини ҳакам қилишга муваффақ айлаши, уларни ва барча мусулмонларни залолатга бошловчи фитналар ҳамда шайтоннинг васвасасидан паноҳ беришини сўраймиз. Албатта, У бунинг тепасида Бошқарувчи ва унга Қодирдир. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила саҳобаларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзаллик билан эргашганларга Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин.

Саудия Арабистони Қироллиги бош муфтийси ҳамда Кибор Уламолар Ҳайъати ва Илмий Изланишлар ва Фатво Бериш Қўмитаси раиси Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By MyBB, © 2002-2024 MyBB Group.
Made with by Curves UI.