Меҳмон   09-17-2009, 05:25 PM
#1
Она фарзандига таҳорат қилдириб қўйса, таҳорати бузиладими?

Савол: Она боласига таҳорат қилдирса таҳорат олиши керакми?
Жавоб: Агар она қиз ёки ўғил фарзандини таҳорат қилдирса ва таносил аъзосини ушласа қўлларинигина ювади, таҳорат қилиши фарз бўлмайди. Чунки она фарзандларига таҳорат қилдирар экан хаёлига жинсий майллик келмайди. Демак, она ўғли ёки қизига таҳорат қилдирар экан қўлларини теккан нажосат сабаблигина ювади. Унга таҳорат қилиш фарз бўлмайди (яъни онанинг таҳорати фарзандига таҳорат қилдириш билан бузилмайди).

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
«Фатво ва рисолалар мажмуъаси,
Таҳоратни бузадиган нарсалар ҳақидаги БОБ» (савол № 146).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-10-2011, 08:07 PM
#2
Гўдакларнинг сийдик билан ҳўлланган кийимларини ушлаш таҳоратни синдирадими?

Савол: Жиддадан С. М. Исмли тингловчи аёл саволи: Кундалик ҳаётда учраб турадиган, бироқ таҳоратни синдириш-синдирмаслигини билмайдиганим айрим нарсалар ҳақида сўрамоқчи эдим. Масалан, ҳожатхонадаги санитария-гигеник анжомларига қўл тегиши ёки ҳожатхона полига ёткизилган кошин плиталарни ялангоёқ босиш, гўдак боланинг сийдиги билан ҳўлланган кийимни ушлаш, эрининг баданини ушлаш, эрни ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар таҳоратни синдирадими?
Жавоб: 1) Ҳаммомдаги тозалик ва саломатлик учун ишлатиладиган анжомларни ушлаш ёки ерга ёткизилган плиталарни босиш таҳоратни синдирмайди. Фақат плитага нажосат теккан ва унинг нами оёққа юққан ёки уни ҳўл оёқ билан босилган бўлса, бу ҳам таҳоратни синдирмайди, бироқ оёқни ювиш лозим бўлади.
2) Боланинг сийдик билан ҳўлланган кийимини ушлаш таҳоратни синдирмайди. Лекин, уни ҳўл ҳолатда қўлга олган киши қўлини ювиши лозим бўлади. Шунингдек, сийдик қуриб қолган бўлса ҳам, уни нам қўл билан ушлаган киши ҳам қўлини ювиши лозим бўлади.
3) Эрнинг баданига қўл теккизиш ёки уни ўпиш уламолар сўзларининг саҳиҳроғига кўра, таҳоратни синдирмайди. Худди шунга ўхшаш эр аёлига қўл теккизиши ва ўпиши ҳам ҳох шаҳват билан, ҳох шаҳватсиз бўлсин, модомики маний ёки мазий келмаса, таҳоратини бузмайди. Аммо, икковларидан бири иккинчисининг жинсий аъзосини ушласа, (ушловчининг) таҳорати кетади. Аллоҳ таолонинг: «Ёки аёлларингизга тегинсаларингиз» (Нисо: 43) деган сўзидан мурод, тафсир уламоларининг саҳиҳ сўзларига кўра, жинсий алоқадир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа кўплаб муфассирлар шундай тафсир қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини ўпганликлари, сўнгра таҳорат қилмасдан намоз ўқиганлари ҳақида саҳиҳ ҳадис бор (Саҳиҳ Сунан ат-Термизий: №76). Аммо, агар шу сабабли мазий келса, жинсий аъзони ювиш ва таҳорат қилиш лозим бўлади. Маний келган ҳолда эса ғусл вожиб бўлади.

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Мажмуъу фатава: 10/138.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.