mutaallim   02-26-2014, 12:13 AM
#1
Уч набавий, улкан васият

Фазилатли шайх Абдурраззоқ ибн Абдулмуҳсин ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ

Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла ва аъла Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қойилмақом калималар, серқирра васиятлар ҳамда сўзларнинг энг мукаммал, энг тугал ва энг гўзалини жамлаб берди. Кимники бандаларнинг энг яхшисининг, у кишига Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин, суннат ва йўлларига мустаҳкам алоқаси бўлса, дунё ва охиратида бахт қучади.
Ҳозир эса улуғ Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалам томонларидан айтилган қисқа васият ва етук мавъизага тўхталамиз. У барча яхшиликни жамлаган ва тўла қаноатлантирган. Имом Аҳмаднинг “Муснад”и, Ибн Можжанинг “Сунан”и ва бошқаларда Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Менга мавъиза қилинг ва қисқа қилинг”, яна бир ривоятда “Менга таълим беринг ва мухтасар қилинг”-деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Намозингни бошласанг, видолашувчининг намози каби намоз ўқи! Эртага у сабабли узр сўрайдиган сўзни сўзлама! Одамларни қўлидаги нарсадан тамоман умид уз!”-дедилар. (Аҳмад (23498), Ибн Можжа (4171), “Ас-Соҳийҳа” (401)). У, қўллаб-қувватловчилари мавжуд бўлгани сабабли “Ҳасан” даражасидаги ҳадисдир. Дарҳақиқат, ушбу улуғ ҳадис яхшиликнинг барини ўзида жо қилган уч улкан васиятни жамлади. Ким уни фаҳмлаб, унга амал қилса дунё ва охиратида барча яхшиликни қўлга киритади.
Биринчи васият: намоз ўқиш, унга эътибор қаратиш ва уни гўзал суратда адо этишликка буйруқ.
Иккинчи васият: тилни тийиш ва сақлашга буйруқ.
Учинчи васият: Қаноат қилиш ва қалб ёлғиз Аллоҳга боғланишига чорлов.
Биринчи васиятда: Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалам намозида турган кишини, яъни, уни бошлаган кишини видолашувчининг намози каби намоз ўқишга чақирдирлар. Барчага маълумки, видолашувчи, ундан ўзгаси ўрганмаган сўз ва феълларни ўрганади. Бу эса одамларнинг сафар ва кўчишларида маълумдир. Юртдан қайтиш умидида кўчаётган кишининг ҳолати, ундан қайтмаслик умидида кўчаётган кишининг ҳолати каби эмас. Демак, видолашувчи ундан ўзгаси чуқур татбиқ қилмаган нарсаларни чуқур татбиқ қилади. Агар банда намозини, у охирги намози ва у ҳаргиз ундан бошқа намоз ўқимаслигини қалбида ҳозир қилган ҳолда ўқиса жиддий ҳаракат қилади, тиришади, уни гўзал суратда адо этади, руку, сажда, вожиб ва мустаҳабларини пухта адо этади.
Шунинг учун Аллоҳнинг мўмин бандасига ушбу васиятни ўқиётган ҳар бир намозида қалбида ҳозир қилиши лозим бўлади. Намозини видолашувчининг намози каби ўқийди. Шунинг асносида у охирги намози ва у, ундан кейин ҳаргиз намоз ўқимаслигини ҳис қилади. Агар шуни туйса, бу туйғу уни гўзал адо этиш ва тамомий пухта бажаришга чорлайди.
Ким намозини гўзал адо этса, намоз уни барча яхшилик ва фазилатга етаклайди ҳамда уни барча ёмонлик ва разилатдан қайтаради. Қалби иймон ила кўрк очади. Ва шу билан иймоннинг таъми ва ҳаловатини тотади. Намози унинг қўз қувончи, роҳат, унсият ва саодати бўлади.
Иккинчи васият: тилни сақлашга буйруқ, тил инсонга энг хатарли нарса экани ҳамда сўз агар (оғиздан) чиқмаса, соҳиби унга эгалик қилади. Аммо тилдан чиқса, сўз унга эгалик қилади ва унинг жавобгарлигини ўз зиммасига олади. Шунинг учун у киши алайҳиссалоту вассалам айтдиларки: “Эртага у сабабли узр сўрайдиган сўзни сўзлама!”. Яъни, у сабабли узр айтишингдан чўчийдиган ҳар бир сўз ва сендан узр айтишни талаб қиладиган ҳар бир калимадан тилингни тўсишда нафсинга қарши кураш! Албатта, сен модомики уни сўзламасанг, батаҳқиқ, унга эгалик қиласан. Аммо уни сўзлаб қўйсанг, у сенга эгалик қилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуга васиятларида шундай дедилар: “Сенга шуларнинг барини тизгини ҳақида хабар бермайми?”. Мен: “Албатта, эй Аллоҳнинг Пайғамбари!”-дедим. Шунда у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилларидан олиб: “Мана буни тий!”-дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Ахир биз сўзлаганларимиз сабабли азобга тутиламизми?”-дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Муоз! Одамларни жаҳаннамга юзтубан ёки бурунларини ерга ишқаб ағдарадиган фақат тилларининг ҳосиласидир”-дедилар. (Аҳмад (22016), Термизий (2616), Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Жомеъ” (5136)да саҳиҳ деди).
Тил ниҳоятда хатарлидир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадисда айтилишича: “Одам боласи тонг оттирганда аъзоларнинг бари тилга хокисорлик билан: Биз ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Батаҳқиқ, биз сен биланмиз. Агар тўғри-(устивор) бўлсанг биз ҳам тўғри бўламиз. Агар оғсанг биз ҳам оғамиз, дейдилар”. (Аҳмад (11908), Термизий (2407) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Албоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Жомеъ” (351)да “Ҳасан” даражасида деди).
Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаламнинг ушбу серқирра васиятдаги қавлларида: “Эртага у сабабли узр сўрайдиган сўзни сўзлама!”, инсон айтаётган сўзида, у ҳақда мулоҳаза юритишлик билан нафсни сарҳисоб қилишга чорлов бор. Агар уни яхши деб билса сўзлайди. Агар уни ёмон деб билса, уни сўзлашдан тийилади. Агар сўзламоқчи бўлгани унга иштибоҳли бўлиб, у ёмон ёки яхши эканини билмаса, шубҳалардан сақланиш нуқтаи назаридан ундан тийилади. Тоинки унга иш маълум бўлсин. Шунинг учун у киши алайҳиссалоту вассалам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас, яхши сўзни сўзласин, йўқса жим бўлсин!”-дедилар. (Бухорий (6018), Муслим (47) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Кўплаб одамлар аҳамият бермай тиллари билан айтадиган бир оғиз сўз сабабли ўта қабиҳ ишларга аралашиб қоладилар. Сўнг унинг натижаси ўлароқ дунё ва охиратда оқибати мақталмайдиган самаралар келади. Одамлар орасида оқил киши сўзини торозида тортиб кўрган, тилини сақлаган, фақат Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалам айтганларидек узр айтишга эҳтиёж йўқ бўлган сўзни сўзлайди.
У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Эртага у сабабли узр сўрайдиган сўзни”, қавллари яъни, Аллоҳнинг ҳузурида турганингда эҳтимоли ёки “Эртага у сабабли узр сўрайдиган”, яъни, ўз сўзинг ва гапларингнинг оқибати сабабли (узр) талаб қилганларида одамлардан (узр сўрашинг) эҳтимоли бор.
Биринчи маънога кўра оладиган бўлсак, унинг намозга улкан боғлиқлиги бор. Зеро намозини зое қилувчи эртага Раббисига қайси узр билан йўлиқади?! Ахир у аввалги сўраладиган нарса-ку.
Учинчи васиятда қаноат қилишга чорлов, қалбни ёлғиз Аллоҳга боғлаш, одамларни қўлларидаги нарсадан тамоман умид узишлик бор. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларни қўлидаги нарсадан тамоман умид уз!”-дедилар. Яъни, қалбингда одамлар қўлидаги барча нарсадан умид узишга азму қарор қил ва дилингда жазм қил! Улар томондан умид қилма! Умидингнинг бари ёлғиз Аллоҳ жалла ва аълага бўлсин! Ҳудди сўзлайдиган тилинг билан фақат Аллоҳдан сўраганинг, фақат Аллоҳдан тилаганинг каби ҳолат тилинг билан ҳам фақат Аллоҳдан умид қилишинг, Аллоҳдан ўзга барчадан умидингни узишинг, бари одамлардан умид қилмаслигинг ҳамда умидинг ёлғиз Аллоҳдан бўлиши вожиб бўлади. Намоз эса сен билан Раббинг ўртасидаги алоқа. Унда ушбу талабни рўёбга чиқариш учун сенга энг катта кўмак бор.
Кимда-ким одамлар қўлидаги нарсадан умид узган бўлса ҳурматли, азиз ҳолда ҳаёт кечиради. Кимнинг қалби одамларнинг қўлидаги нарсага боғланган бўлса хору зор ҳолда ҳаёт кечиради. Кимнинг қалби Аллоҳга боғланган бўлса, фақат Аллоҳдан умид қилса, ҳожатини фақат Аллоҳдан сўраса ва фақат Аллоҳга таваккул қилса Аллоҳ азза ва жалла дунё ва охиратида унга кифоя қилади. Аллоҳ жалла ва аъла айтади: “Аллоҳ Ўз бандасига (яъни Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!”. (Зумар: 36). У жалла ва аъла шундай деди: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир”. (Талоқ: 3). Тавфиқ шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳнинг Қўлидадир.
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.