Admin   03-20-2011, 12:50 PM
#1
Инсонга билиши вожиб бўлган 3 асос

1-савол: Инсонга билиши вожиб бўлган 3 асос нима?
Жавоб: Банда ўзининг Роббиси, дини ва Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни билишлиги.
2-савол: Роббинг ким?
Жавоб: Роббим мени ва барча оламларни тарбиялаган Аллоҳдир. У менинг маъбудим ва менда Ундан бошқа маъбуд йўқдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Ҳамду сано бутун оламлар роббиси Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2). Аллоҳдан бошқа барча нарса оламдир ва мен шу оламнинг бириман.
3-савол: Роббнинг маъноси нима?
Жавоб: Подшоҳ, Маъбуд, Ҳоким ва У ибодатга ҳақли Зотдир.
4-савол: Роббингни қандай танидинг?
Жавоб: Оят-аломатлари ва махлуқотлари орқали танидим. Унинг мўъжизаларидан тун ва кун, қуёш ва ой. Махлуқотларидан етти осмону, етти ер ва уларнинг орасидаги барча нарсалар. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта, Парвардигорингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
5-савол: Дининг нима?
Жавоб: Диним Ислом. Ислом бу бўйсуниш ва таслим бўлишликдир. Бунга далил Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир. Аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) уларга (ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбарлиги ҳақида) ҳужжат келганидан кейин фақат ўзаро ҳасад-адоват қилганлари сабаблигина талашиб-тортишдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор қилса, бас, албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Оли Имрон: 19).
Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85). Ва: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
6-савол: Бу дин ниманинг устига барпо қилинган?
Жавоб: Бешта устуннинг устига барпо қилинган:
1) Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли Зот йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бериш;
2) Намозни қоим қилиш;
3) Закот бериш;
4) Рамазон рўзасини тутиш;
5) Ҳаж қилиш (қодир бўлса).
7-савол: Иймон нима?
Жавоб: Аллоҳ таъолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхши ёмонлигига ишонмоғингдир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз», дедилар» (Бақара: 285).
8-савол: Эҳсон нима?
Жавоб: Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилишинг, агар Уни кўрмасанг, албатта У сени кўриб туради. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи (муҳсин) зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).
9-савол: Набийинг ким?
Жавоб: Набийим Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутоллиб ибн Хошим. Хошим Қурайшдан, Қурайш Киноналардан ва Киноналар араблардан, араблар эса Исмоил ибн Иброҳимнинг зурриётларидандир, Исмоил Нуҳнинг зурриётларидан бўлган Иброҳимнинг наслидандир, уларнинг барчаларига Аллоҳнинг саловат ва саломлари бўлсин.
10-савол: Нима орқали Набий ва нима билан Росул бўлди?
Жавоб: "اقْرَأْ" (Алақ сураси) билан Набий ва "الْمُدَّثِّر" (Муддассир сураси) билан Росул бўлди.
11-савол: Унинг мўъжизаси нима?
Жавоб: Бу барча махлуқотларни, уларнинг фасоҳатлари, кучли иқтидор, унга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг эргашувчиларига нисбатан бўлган адоватларига қарамасдан, унинг сураси каби бир сура келтиришларидан ожиз қилган Қуръондир. Далил, Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз» (Бақара: 23).
Яна бир бошқа оятда: «Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88).
12-савол: У ҳақиқатда Аллоҳнинг Росули эканлигига далил нима?
Жавоб: Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди» (Оли Имрон: 144).
Ва Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз» (Фатҳ: 29).
13-савол: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Набий эканликларига далил нима?
Жавоб: Набий эканликларига далил Аллоҳ таъолонинг сўзи: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).
Бу оят уларнинг набий ва анбиёларнинг охиригиси эканликларига далил бўлади.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.