Admin   11-03-2009, 08:49 AM
#1
Аллоҳ ҳақида билимсизлик билан сўзлашлик!

(Юқорида) зикр қилинганлардан кейин илм офатларининг энг улканларидан бирини огоҳлантириб ўтаман. У ҳам бўлса: Аллоҳ ҳақида билимсизлик билан сўзлашликдир! Зотан, у улкан жиноят, қабиҳ иш, ёлғон ва Аллоҳ жалла ва аъла ҳақида ҳукм чиқаришликдир. У, Аллоҳ азза ва жалла бирор кишига Ўзи ҳақида беҳуда сўзлашликни ҳалол қилмаган ишдир. Ҳаттоинки У Зот жалла ва аъла Ўзининг Халили ва Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида, ҳолбуки У Зот у кишини бундан сақлаган, у кишидан қуйи бўлганлар ҳақида нима дейсиз, шундай деди: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди» (Ал-Ҳаққо: 44-47).
Ҳофиз Ибн Касир тафсирларида (4/415) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида», деяпти, яъни, улар даъво қилганларидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Биз ҳақимизда ёлғон тўқиб, рисолатга зиёдалик олиб кирса ёки унга нуқсон етказса ёҳуд ўзидан бирор нарса деб, уни бизга нисбат берса, асло бундай бўлмайди, батаҳқиқ, унга уқубатни тезлаштирган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган... бўлур эдик», деди. Унинг маъноси ҳақида шундай дейилди: ундан ўнг Қўл билан ўч олган бўлур эдик. Чунки у ушлашликда қаттиқроқ-(мустаҳкамроқ)дир. Ва айтилдики: унинг ўнг қўлидан ушлаган бўлур эдик. «Сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик». Ибн Аббос шундай дедилар: у шотомир-(аорта). Ва у юрак унга боғланган томирдир.
«У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди», яъни, агар унга ушбу (азоб)дан бирор нарсани хоҳлайдиган бўлсак, сизлардан бирор киши Биз билан унинг орасини тўсиб қолишликка қодир бўлмас эди.
Бу борадаги маъно шуки: балки у ростгўй, итоаткор, тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло уни тасдиқ этиб, Ўзи ҳақида (рисолатни) етказувчи қилди ва у кишини ажойиб мўъжиза ва узил-кесил далиллар билан қўллаб-қувватлади»
.
Ушбу хатарли ва улуғ мақомни қайд этиб ўтишликдаги далиллардан:
1) Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди», деган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?» (Анъом: 93).
Аллома Қуртубий («Жамиъ лиаҳкамил Қуръан» (7/41))да шундай дедилар: «Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?», маъноси, ундан золимроқ бирор киши йўқ. «Ёлғон тўқиган», яъни, Аллоҳ ҳақида ёлғонни ўйлаб топган. ««Менга ваҳий келди», деган», ўзини пайғамбар эканини даъво қилган. «Ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда»... .
Ана шу услубдандир кимда-ким фиқҳ, суннат ва салафлар юриб ўтган йўлдан юз ўгириб: ҳаёлимга шундай-шундай нарса келди ёки қалбим шундай хабар берди деб, қалбларига келган ва ҳаёлларига устун келган нарса ила ҳукм қиладиганлар. Ва шулар турли кирлардан мусаффо ҳамда ўзгариш-(беқарорлик)дан холий деб даъво қиладиганлар бўлиб, уларга илоҳий илм ва раббоний ҳақиқатлар маълум бўлади! Куллий сир-асрорларга воқиф бўлиб, жузъий ҳукмларни биладилар ва натижада шулар сабабли умум шариат ҳукмларидан беҳожат бўладилар. Айтадиларки: ушбу шаръий ҳукмлар омма учун бўлиб, у билан бефаросат ва оммага ҳукм қилинади. Авлиё ва хос одамларга келсак, улар ушбу ҳужжатлардан беҳожатдир».
Аллома Саъдий ўз тафсирларида (226) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтяптики: Аллоҳ таоло ундан пок бўлган бирор сўз ёки ҳукмни Унга нисбат беришлик билан У Зотга ёлғон сўзлаган кимсадан-да улканроқ зулм ва каттароқ жиноят қилган бирор киши йўқ. Балки ушбу (кимса) махлуқотларнинг энг золимидир. Чунки ушбу қилмишда ёлғон ҳамда диннинг асоси ва бўлимларини ўзгартиришлик ва буни Аллоҳ таолога нисбат беришлик мавжудки, бу бузуқ ишларнинг энг каттасидир».
2) Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116).
Ҳофиз Ибн Касир ўз тафсирларида (2/590) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло ўзлари қўйиб олган ва истилоҳга киритган қуруқ исмлар билан ҳалол ва ҳаром қилиб оладиган мушрикларнинг йўлидан юришдан қайтарди...» - дея давом этадилар. «Бирор шаръий асосга эга бўлмаган бидъатни ўйлаб топган ёки қуруқ раъй ва истак-хоҳиши деб Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган ёҳуд Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром санаган ҳар бир кимса ушбу (маъно) остига дохил бўлади... Сўнг У субҳанаҳу ушбу ишга таҳдид қилиб айтдики: «Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар», яъни, на дунёда ва на охиратда. Дунёга келсак, озгина матодир. Охиратга келсак, бас, улар учун аламли азоб бордир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!» (Луқмон: 24)».
Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ёлғон тўқишлик ҳам Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқишлик остига киради. Чунки суннат ваҳийдир. Аллоҳ таоло деди: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм: 3-4). Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да келганидек ўзларига нисбатан ёлғон тўқиган кимса ҳақида ваъид-(қўрқитув) айтиб, шундай дедилар: «Менга нисбатан (тўқилган) ёлғон бирор кишига нисбатан (тўқилган) ёлғон каби эмас. Кимда-ким менга қасддан ёлғон тўқиса, бас, ўрнини дўзахдан эгаллайверсин».
3) Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни, ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос» (Аъроф: 33).
Олийҳиммат имом Ибнул Қоййим буюк китоблари «Иълам ал-Муваққиъин ан Роббил Аъламин» (1/38)да шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу фатво ва қозиликда Унинг шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришни ҳаром қилди ва ҳаром қилинганларнинг энг улкани деди. Балки уни энг юқори мартабага қўйди. Субҳанаҳу айтдики: «Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни, ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос». У Зот ҳаром ишларни тўрт даражага тартиблади. Уларнинг энг енгили бўлмиш фаҳш ишлардан бошлади. Сўнг иккинчи ўринга ҳаром эканлиги ундан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлгани бўлмиш гуноҳ ва зулмни қўйди. Сўнг учинчи ўринга ҳаром эканлиги у иккисиданда улканроқ бўлган У субҳанаҳуга ширк келтиришни қўйди. Сўнг эса тўртинчи ўринга ҳаром эканлиги буларнинг баридан қаттиқроқ-(қабиҳроқ) бўлган У Зот шаънига илмсиз сўзлашликни қўйди.
Бу эса Унинг исм, сифат, феъллари ҳамда шариати ва дини борасида У субҳанаҳуга нисбатан билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар. (Ундай кимсалар учун бу ҳаёти дунёда) озгина фойда бўлур. (Охиратда эса) улар учун аламли азоб бордир» (Наҳл: 116-117). Субҳанаҳу уларга У Зот шаънига Унинг ҳукмлари борасида ёлғон сўзлашлик, У Зот ҳаром қилмаган нарсани: бу ҳаром дейишликлари ва У ҳалол қилмаган нарсани: бу ҳалол дейишликлари ҳақида ваъид билан мурожаат қилди. У субҳанаҳу томонидан баён қилиняпти-ки, бандага Аллоҳ субҳанаҳу ҳалол ёки ҳаром қилганини билгандан кейингина: бу ҳалол, бу эса ҳаром дейишлиги жоиз бўлади.
Баъзи салафлар шундай дейишган: сизлардан бирингиз: Аллоҳ буни ҳалол қилди, мана буни ҳаром қилди дейишликдан қўрқсин. Шунда Аллоҳ унга: ёлғон сўзладинг, Мен буни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим дейди. Унинг ҳалол ва ҳаром эканлиги ҳақида очиқ-ойдин ваҳий ворид бўлганини билмаган нарса борасида Аллоҳ уни ҳалол қилган деб гап очишлиги ярамайди. Аллоҳ уни қуруқ-(кўр-кўрона) тақлид ёки таъвил сабаб раҳм қилсин!
Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда ўз(лари қўшинга сайлаган) амирлари Бурайдани, душманни қамал қилганда уларни Аллоҳнинг ҳумкига туширишдан қайтардилар. Айтдиларки: «Батаҳқиқ, сен улар борасида Аллоҳнинг ҳукмига (тўғри) етасанми ёки йўқми билмайсан. Бироқ уларни ўзинг ва шерикларингнинг ҳукмига тушир». У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг ҳукми билан мужтаҳид амирнинг ҳукми ўртасини қандай ажратганлари ва мужтаҳидларнинг ҳукми Аллоҳнинг ҳукми деб аталишидан қайтарганларини ўйлаб кўринг!
Яна шундайлардан, котиб мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурида у киши чиқарган ҳукмни ёза туриб: «Бу Аллоҳ таоло мўминларнинг амири Умарга кўрсатган (ҳукми)», деди. Шунда у киши (розияллоҳу анҳу): «Бундай дема! Балки: бу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб раъй қилган (ҳукм) дегин», дедилар.
Ибн Ваҳб Моликни шундай деяётганларини эшитдим деди: «Одамлар ҳам бундай қилишмасди, ўтган салафларимиз ҳам. Ўзим иқтидо қиладиган бирор кишини бирор нарсада шундай деганини топмадим: бу ҳалол, бу эса ҳаром. Улар бунга журъат қилишмасди. Балки шундай деб айтардилар: буни кариҳ кўрамиз, буни яхши деб биламиз, шундай лозим бўлади, шуни раъй қилмаймиз». У кишидан буни Атиқ ибн Яъқуб ривоят қилиб, шуни зиёда қилди: «Улар: ҳалол ҳам, ҳаром ҳам демасдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу қовлини эшитмаганмисан:
«Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «Хабар берингиз-чи, (бундай қилиш учун) сизларга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!»» (Юнус: 59). Ҳалол – Аллоҳ ва Расули ҳалол қилгани. Ҳаром – Аллоҳ ва Расули ҳаром қилганидир».
Имом Ибнул Қоййим «Мадариж ас-Саликийн» (1/372)да шундай дедилар: «Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик ҳаром қилинганлар ичидаги энг оғир-(қабиҳ) ҳаром қилингани ва гуноҳи улканроғидир. Шу сабабли шариат ва динлар иттифоқ қилган ҳаром бўлган ишларнинг тўртинчи мартабасида ёд этилди. Ушбулар бирор ҳолатда ҳалол бўлмай, фақат ҳаромлигича қолади. Ўлакса, қон ва тўнғиз гўшти каби эмаски, маълум бир ҳолатда ҳалол қилинса.
Ҳаром қилинганлар икки турлидир:
Зотига кўра ҳаром қилинганлар бўлиб, бирор бир ҳолатда ҳалол бўлмайди.
Маълум вақтда шароит тақозосига кўра ҳаром қилинганлар.
Аллоҳ таоло зотига кўра ҳаром қилинганлар ҳақида шундай деди:
«Айтинг: «Роббим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни ...». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «(Барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «Ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни». Сўнг унданда улканроғига кўчиб, шундай деди: «Ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос».
Булар Аллоҳ наздидаги энг улкан ҳаром ишлар ва гуноҳи оғирроқларидир. Батаҳқиқ у Аллоҳ шаънига ёлғон тўқишни, Унга нолойиқ нарсани нисбат беришни, динини ўзгартириб, алиштиришликни, исбот қилганини инкор этиб, инкор этганини исбот қилишликни, ботил деганини ҳақ ва ҳақ деганини ботил дейишликни, дўст тутганини душман ва душман тутганини дўст тутишликни, ғазаб қилганига муҳаббат қўйиб, муҳаббат қўйганига ғазаб қилишликни, ҳамда Унинг Зоти, сифатлари, сўзлари ва феълларида Уни нолойиқ нарса билан сифатлашликни ўз ичига олади.
Ҳаром қилинганлар жинси ичида Аллоҳ ҳузурида бунданда улканроғи ва гуноҳи оғирроғи йўқ. У ширк ва куфрнинг асли ҳамда бидъат ва залолатлар қуриладиган асосдир. Диндаги барча йўлдан оздирувчи бидъатнинг асоси Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир.
Шу сабабли салаф ва имомлар шуларни қаттиқ инкор қилиб, шуларга қўл урганларга дунёнинг турли чеккаларидан хитоб қилдилар ва уларнинг фитналаридан ниҳоятда огоҳ этдилар. Бу борада шундай муболаға билан (огоҳ этдиларки), фаҳш, зулм ва тажовузни инкор қилишда бу даражада муболаға қилмадилар. Зеро, бидъатларнинг зарари, динни бузишлиги ва унга номувофиқ келишлиги қаттиқродир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирор ҳужжатсиз ўзининг наздидан бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилишни динига нисбат берган кимсага инкор қилиб, шундай деди:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл: 116). Энди Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзини сифатламаган сифатларни нисбат берган ёки У Зотдан Ўзини сифатлаган сифатни рад этган кимса қандай бўларкин?!
Баъзи салафлар шундай дейишди: бирортангиз: Аллоҳ буни ҳалол қилди, Аллоҳ мана буни ҳаром қилди дейишдан ҳазир бўлсин. Шунда Аллоҳ айтадики: ёлғон сўзладинг. Буни ҳалол қилмагандим ва мана буни ҳаром қилмагандим.
Аллоҳ ва Расулидан бирор ҳужжатсиз қуруқ раъй билан ҳалол ва ҳаром дейишлик назарда тутиляпти.
Ширк ва куфрнинг асли Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликдир. Батаҳқиқ, мушрик Аллоҳдан ўзга маъбуди уни Аллоҳга яқинлаштиради, уни Унинг ҳузурида шафоат қилади, У Зот подшоҳларнинг ҳузурида воситачилар бўлгани каби унинг воситасида ҳожатларини ўтайди дея даъво қилади. Демак, ҳар бир мушрик Аллоҳ шаънига билимсиз сўзловчидир, акси эмас. Зотан, Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашлик инкор-(таътил) ва Аллоҳнинг динида бидъат қилишликни ўз ичига олади. Демак, у ширкданда умумийроқдир. Ширк унинг жуъзларидан бир жуъздир.
Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънларига ёлғон тўқишлик жаҳаннамга киришни ва ундан жой ҳозирлашликни лозим тутади. У ўз соҳибидан мудом ажралмайдиган манзилдир. Чунки у, У Зотга очиқ ёлғон тўқиш каби Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлашликни ўз ичига олади. Чунки элчига нисбат берилган нарса элчи қилиб жўнатувчи Зотга нисбат берилгани ва Аллоҳ шаънига билимсиз сўзлаш, Унга очиқ ёлғон тўқишдир.
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?» (Анъом: 93).
Бидъат аҳлининг барча гуноҳлари ушбу тур остига дохилдир. Ундан тавба қилишлик фақат бидъатдан тавба қилишлик ила рўёбга чиқади. Уни бидъат эканини билмаган ёки уни суннат дея гумон қилиб, унга чорлаган ва тарғиб қилган кимса булардан қандай тавба қилсин? Ушбу кимсага улардан тавба қилишлиги вожиб бўладиган гуноҳлари фақат суннатдан тўла хабардор бўлишлиги, ундан илм ҳосил қилиб, давомий изланиш ва суриштиришда бўлишлиги билан кўринади. Бидъат соҳибини эса бундай ҳолатда асло кўрмайсан»
.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.