Жаннатнинг дарвозалари ҳақида
Дарҳақиқат, суннатда жаннатнинг саккиз дарвозаси борлиги собит бўлган. Имом Аҳмад «Муснад»да Лақит ибн Омирнинг ҳадисида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига элчи бўлиб чиққан вақтда дея шундай ривоят қилади: «Жаннатнинг саккиз дарвозаси бўлиб, ҳар икки дарвоза орасида отлиқ етмиш йил йўл босади» («Муснад» (16155)). Ана шу дарвозалардан бири Райён дарвозаси бўлиб, ундан фақат рўзадорлар киради. Дарҳақиқат, ўтган йиғилишларда у ҳақдаги сўз ва далилларининг зикри ўтди. Қолган дарвозаларининг айримларини номи зикр қилинган. Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Аллоҳнинг йўлида бир жуфт (нарса ёки ҳайвон) инфоқ қилса жаннат дарвозаларидан «Эй Аллоҳнинг бандаси бу яхшиликдир» дея нидо қилинади. Ким намоз аҳлидан бўлса намоз дарвозасидан чақирилади. Ким жиҳод аҳлидан бўлса жиҳод дарвозасидан чақирилади. Ким рўза аҳлидан бўлса Райён дарвозасидан чақирилади. Ким садақа аҳлидан бўлса садақа дарвозасидан чақирилади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ! Ушбу дарвозалар(нинг бари)дан чақириладиган кишига қандай зарурий (амаллар лозим)? Бирор киши ушбу дарвозаларнинг баридан чақириладими?» - деди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳа. Сиз ўшалардан бўлишингизни умид қиламан» -дедилар (Бухорий (3666) ва Муслим (1027)).
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Сиддиқ иймон даражаларини мукаммал қилишга олийҳимматлик қилиб, нафси ушбу дарвозаларнинг баридан чақирилишини умид қилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, бу билан ана шу нарсага эришадиган амал учун ҳаракат қилай дея одамлардан бирор киши учун бу нарса ҳосил бўладими деб сўради. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: у унга лойиқ бўлганлардан дея хабардор қилиб, хушхабар бердилар. Гўёки у киши (розияллоҳу анҳу): бирор киши учун ушбу даражалар комил бўлиб, қиёмат куни унинг барча дарвозаларидан чақириладими? - дедилар. Эй Аллоҳ! Ушбу ҳиммат қанчалар ҳам олий, ушбу нафс қанчалар ҳам буюк!» («Ҳадил Арваҳ» (222)).
Ҳофиз Ибн Ҳажар деди: «Ҳадисда ушбу дарвозаларнинг баридан чақириладиган кишиларнинг оз экани билдирилди. Унда зикр қилинган амалларнинг нафллари ирода қилинганига ишора қилиняпти, фарзлари эмас. Чунки нафлларга хилоф ўлароқ фарзларнинг барига амал қилиш жамланганлар кўп. Нафл турларининг барига амал қилишлик жамланганлар эса озчиликдир. Сўнг кимда шу нарса жамланса, батаҳқиқ, у иззат-икром қилиниш йўлига кўра жамийки дарвозалардан чақирилади. Аслида эса (унга) кириши бир дарвозадан бўлади. Шояд бу, унда кўпинча бўладиган амал дарвозаси бўлар. Валлоҳу Аълам» («Фатҳул Борий» (7/35) Саҳобаларнинг фазилатлари китоби. 3666-ҳадис). Сўзлари тугади.