Pages (2): 1 2   
Admin   07-13-2010, 05:20 AM
#1
Шаъбон ойи рўзаси ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар, ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч бир ойда Шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбоннинг ҳаммасини тутардилар. Шаъбон ойини жуда ҳам кам рўзасиз ўтказардилар» (Бухорий 1970, Муслим 1156).
Ривоят қилинишича, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам-дан сўради: «Ё Расулуллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Ул зот жавоб бердилар: «Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Насоий 2357, ҳасан ҳадис).
Бироқ ойнинг биринчи ярмида рўза тутиш афзалроқ. Бунга Суннат далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деди-лар: «Қачонки Шаъбон ойининг ярми ўтса, рўза тутманглар!» (Абу Довуд 2337, Термизий 738, Ибн Можа 1651. Имом Абу Исо Термизий, имом Ибн Ҳиббон, Таҳовий, Абу Авона, ҳофиз Ибн Абдул-Барр, имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий ва шайх Албонийлар ҳадисни саҳиҳлигини тасдиқлашган).
Аммо агар инсон душанба ва пайшанба, ёки ҳар ойнинг уч кунида тутадиган одатий рўзалари бўлса, Шаъбоннинг ярмидан кейин тутилса ҳам зарари йўқ. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату вассалом деганлар: «Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўза тутманглар. Бироқ, бир киши (нафл) рўза (ларини) тутаётган бўлса тутаверсин» (Бухорий 1914, Муслим 1082).
Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда, Шаъбон ойини тўлиқ рўза тутиш билан ўтказмаслик керак. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойидан бошқа ойларда тўлиқ рўза тутганларини кўрмадим» (Бухорий 1969, Муслим 2/810).
Эй Аллоҳ, барчаларимизни улуғ Рамазон ойига етказ, унинг рўзасини тутиш ва кечаларини Қуръон ўқиш билан намозда туришга муваффақ қил!

Admin   07-13-2010, 05:31 AM
#2
Шаъбон ойида рўза тутиш ҳақида

Алҳамду лиллаҳ, вас-солату вас-саламу ала ман ла набиййа баъдаҳ…
Шаъбон ойида кўп рўза тутиш мустаҳаб саналган амаллардандир.
Умму Салама онамиздан ривоят: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч қачон икки ой кетма-кет рўза тутганларни кўрмадим. Магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» (Аҳмад: 26022, Абу Довуд: 2336, Насоий:2175, Ибн Можа: 1648).
Ушбу ҳадиснинг Абу Довуд ривоят қилган лафзи қуйидагичадир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Рамазондан ташқари) йилнинг биронта ойида тўлиқ рўза тутмас эдилар, магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар». Албоний бу ҳадисни саҳиҳ санаган. (Саҳиҳи Абу Довуд: 2048).
Юқоридаги ҳадиснинг зоҳири бўйича ҳукм қиладиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлари келиб чиқади. Аммо бошқа ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Шаъбон ойининг ҳаммасида эмас, балки аксарида рўза тутганликлари ҳақидаги сўзлар ворид бўлган.
Имом Муслим ўз саҳиҳларида (1156) Абу Салама разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. У киши айтадилар: «Мен Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзалари ҳақида сўрадим. Онамиз шундай жавоб бердилар: «Ул зот бир рўза тутсалар, кетма-кет тутардилар, ҳатто биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп рўза тутиб юбордилар, дер эдик. Бир тутмасалар анча пайт тутмасдилар, ҳатто биз Ул зот анча тутмадилар-а, дер эдик. Мен Ул зотни ҳеч бир ойда Шаъбондагидек кўп рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбоннинг ҳаммасини тутардилар. Шаъбон ойини жуда ҳам кам рўзасиз ўтказардилар».
Уламолар юқоридаги икки ҳадиснинг ўртасини тавфиқ қилиш асносида ихтилоф қилдилар. Баъзиларининг раъйига кўра, бу нарса, яъни Шаъбонни тўлиқ тутиш ёки аксарини тутиш турли замон ва маконга қараб турлича бўлган. Шундай пайтлар бўлганки, унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбонни тўлиқ тутганлар. Баъзи йилларда эса аксарини тутганлар. Чунончи, бу Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг ҳам ихтиёрларидир (Шайх Ибн Боз, фатволар тўплами: 15-416).
Бошқа уламолар фикрига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йил давомида фақатгина Рамазон ойининг рўзасинигина тўлиқ тутганлар. Бу фикрдаги олимлар Умму Салама онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис мазмунини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг ҳаммасини эмас, балки аксарини тутганликларига йўйиб қабул қилдилар. Зеро, дейдилар улар, тил қоидаларига кўра, бир киши бир ойнинг аксар кунида рўза тутса, у фалон ойни бутунлай тутди дейиш жоиздир.
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний бу борада уламолардан ривоят қилинган икки хил қавлни келтира туриб, бундай дейдилар:
1. Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадис Умму Салама онамизнинг ҳадисидаги «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч қачон икки ой кетма-кет рўза тутганликларини кўрмадим. Магар Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» деган сўзларидаги ҳақиқий мақсадларини ифода қилади. Яъни Умму Салама онамиз бу билан Ул зотнинг Шаъбон ойининг асосий қисмини рўза билан ўтказганликларини айтмоқчи бўлганлар …
Ҳофиз ўз сўзларида давом этиб шундай дейдилар: Термизий Абдуллоҳ Ибн Муборакдан нақл қилишича: «Бир киши маълум бир ойнинг аксар қисмида рўза тутса, араблар каломи бўйича ўша ойнинг ҳаммасини тутди дейишлик жоиз бўлади …»
2. Тийбий эса бундай дейди: Бу икки хил ривоят орасини эҳтимол мана бундай жамламоқ мумкиндир: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида Шаъбонни тўлиқ тутган бўлсалар, гоҳида аксар қисмини туганлар, токи одамлар Шаъбон ойи ҳам Рамазон каби тўлиқ тутилиши вожиб деган фикрга келиб қолмасликлари учун…
Шундан сўнг Ҳофиз Асқалоний мана бундай хулоса қиладилар: Лекин, авалги қавл яъни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбонни тўлиқ тутмаганликлари ҳақидаги қавл тўғридир. Сўнгра бу қавлни қувватлайдиган бир неча ҳадисларни далил келтирадилар:
1. Оиша онамиздан ривоят: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кечада Қуръонни ўқиб туширганликларини, бир кечада тонгга қадар намоз ўқиганларини ва Рамазондан бошқа биронта ойнинг барча кунини рўза билан ўтказганларини билмайман» (Муслим: 746).
2. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондан бўлак биронта ойда тўлиқ рўза тутмадилар» (Бухорий: 1971, Муслим: 1157).
Синдий Умму Салама онамизнинг ҳадисига берган шарҳида шундай дейди: «…Ул зот Шаъбонни Рамазон билан улар эдилар» дегани Шаъбон билан Рамазонни жамлардилар деганидир. Бу ҳадис зоҳирдан қаралганда гарчи Ул зотнинг Шаъбонни тўлиқ тутганликларига далолат қилса-да, бироқ, бунинг тескарисига далолат қилувчи ҳадислар ворид бўлган. Шу боис, ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбоннинг аксар қисмини туганликларига ҳамл қилинади. Яъни ул зот Шаъбоннинг аксар қисмини тутганлар. Бу ойда кўп рўза тутганларидан гўё Шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутгандек бўлардилар. Яна Шаъбон билан Рамазон рўзасини улардилар.
Демак, юқоридаги илмий муноқашалардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойининг ҳаммасини эмас, балки, аксар қисмини рўзадор ҳолда ўтказганлар.
Шу ерда мана бундай савол туғилиши мумкин:
Шаъбон ойида кўп рўза тутишнинг ҳикмати нима?
Жавоб: Ҳофиз Асқалоний айтадилар: Бу борада Насоий ва Абу Довуд Усома ибн Зайддан ривоят қилган, Ибн Хузайма саҳиҳ санаган мана бу ҳадис энг муносиб жавоб бўла олади: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Бас, шундай экан, мен амалимнинг ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» (Саҳиҳи Насоий, Албоний, ҳасан, (2221).
Валлоҳу аълам.

Admin   07-21-2010, 10:40 PM
#3
Шаъбон ойи ҳақида

Шаъбон ҳижрий сананинг ойларидан биринчи номи бўлиб эскидан араблар шундай номлаб келишган. Шаъбон тарқалиш деган маънони англатади. Араблар ушбу Шаъбон ойида сув излашиб тоғ даралари оралаб тарқалиб кетишар эдилар. Баъзилар Шаъбонни «чиқди» «зоҳир бўлди» деган маъноларига таяниб икки, Рамазон ва Ражаб ойлари орасида зоҳир бўлгани учун «Шаъбон» дейилган деб ҳукм қилади.

Шаъбон ойида рўза тутиш

Оиша онамиз ривоят қилиб: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам рўза тутсалар энди (бу ой охиригача) рўзаларини очмас эканлар деб ўйлаб қолардик, рўза тутмай юрсалар энди тутмас эканлар деган ҳаёлга борардик. Рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман, Шаъбон ойида эса бошқа ойлардан кўра кўп рўза тутганларини гувоҳи бўлганман» дер эдилар (Бухорий 1833, Муслим 1956).
Абдуллоҳ ибн Муборак ва бошқа олимларимиздан бир гуруҳларининг фикрича Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойида тўлиқ рўза тутмаган, бироқ ойнинг аксарини рўза билан ўтказган эканлар. Бу фикрга имом Муслим ривоятларидаги Оиша онамизнинг ҳадислари мувофиқ келади. Айтадиларки: «Рамазон ойидан бошқа ойда тўлиқ рўза тутганларини билмайман». Имом Муслимнинг Оиша онамиздан қилган бошқа бир ривоятларида «Мадинага келганларидан буён Рамазонни ҳисобга олмаганда бирор ойни тўлиқ рўза ўтказганларини билмайман» дейдилар.
Саҳиҳайнда Ибн Аббос ривоятлари билан «Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) Рамазондан бошқа ойда тўлиқ рўза тутмаганлар» дейилади (Бухорий 1971, Муслим 1157).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Рамазон ойидан бошқа ойда тўлиқ рўза тутишни ёмон кўрар эдилар.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг) Шаъбон ойидаги нафл рўзалари бошқа ойдаги нафл рўзалардан кўпроқ бўлиб, Шаъбонни аксар кунларини рўза тутиб ўтказар эдилар» дейдилар.
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен биронта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Ҳожасига кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман» дейдилар (Насоий ривояти, саҳиҳи тарғиб ва тарҳиб 425-бет. Албоний, ҳасан, (2221)).
Имом Абу Довуднинг бошқа ривоятларида: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда рўза тутишни яхши кўрган ойлари Шаъбон бўлиб Рамазонни унга улаб кетар эдилар» дейилади (Албоний саҳиҳ деганлар. Саҳиҳ сунани Аби Довуд 2/461).
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ марҳамат қиладилар: «Шаъбон ойиди рўза тутиш ашҳурулҳурум (шаввол, зулқаъда, зулҳижжа ва ражаб ойлари) да рўза тутишдан афзалдир, нафлларнинг (нафл рўзани назарда тутаяптилар) афзали рамазон ойига яқин бўлганидир. Бундай рўзанинг мисли фарз бўлмиш рамазон рўзасига нисбатан, фарз намозларнинг олд-орқасидан ўқилган суннат намозларга ўхшаш бўлади. Нафл намозлар фарзларни кам кўстини тўлдирадиган омиллар ҳисобланса, рамазондан олдинги ва кейинги нафл рўзалар ҳам ана шулар жумласидандир. Фарз намози олди-ортида ўқиладиган суннат нафл намозлар бошқа оддий ҳолатларда ўқилган нафл намозлардан афзал экан, шунингдек рамазон ойига яқин бўлган нафл рўзалар ҳам рамазондан узоқ бўлган ойларда тутилган нафл рўзалардан афзалдир».
«Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади». Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу айтган сўзларида инсонлар бу икки буюк ой билан оввора бўлиб қолишлари, натижада бу ойдан ғафлатда қолишларига ишора бор. Кўпчилик инсонлар Ражаб ойида рўза тутиш Шаъбон ойида тутилган рўзадан афзал деб ҳисоблашади, чунки ражаб ойи ҳаром ойларидан бири ҳисобланиди. Ҳақиқат эса бунинг тескарисидир.
Ҳадисда баъзан афзал деб машҳур бўлиб қолган баъзи бир макон, замон ёки шахслардан кўра бошқа афзалроқлари бўлиши мумкинлигига ишора бор.
Яна бу ҳадиси шарифда инсонларнинг ғафлат босиб ҳаробага ўхшаб қолган вақтларини тоатлар билан обод қилиш мустаҳаб амал эканлигига далил бор. Бунга салафларимизни шом ва хуфтон намозлари орасидаги вақтни «бу ғафлат босадиган вақт» деб намоз билан тўлдирганликларини мисол қилиб келтирсак арзийди. Бозорларда Аллоҳни зикр қилиш мана шундай мустаҳаб амаллар жумласидандир, чунки бозордаги зикр ғафлат босган кишилар кўп учрайдиган ўриндаги зикр ҳисобланади.
Ғафлат босиб руҳсизликка дучор бўлган вақтларни тирилтиришда кўп фойдалар бор. Қуйида шу фойдалардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи: Амаллар махфий бўлишига кўмак бўлади, зеро тоатларни ҳеч кимга билдирмай маҳфий равишда амалга ошириш афзал ва мақсадга мувофиқдир, айниқса рўза ибодати, чунки у Аллоҳ билан бандаси ўртасидаги сир ҳисобланади. Шунинг учун ҳам рўзада риё йўқ деб айтилади. Салафлардан баъзилари йиллаб рўза тутсаларда рўзадорликларини бирор кишига ҳам билдирмас эдилар, уйларидан икки дона кулчани кўтариб бозорга чиқиб кетар, кулчаларини эса садақа қилиб рўза тутиб олар эдилар. Оиладагилари кулчани бозорда еганлар деган ҳаёлга боришса, бозор аҳли уйида тамадди қилиб чиққан деб ўйлар эдилар. Ҳа, салафларимиз рўза тутган кишига рўзасини яширидаган амаллар қилишини яхши кўрар эдилар.
Иккинчи: Ғафлат босганда амал тоат қилиш башар нафсига қийин туюлади нафсга амал қилиш қийин бўлган бир пайтда амал қилишни савоби эса ортиқроқ бўлади. Негаки, қайсидир тоат амални қилаётганлар атрофда кўпайишса кишига у амал осонлашиб қолади, аммо ғофиллик кўпайса амал қилиш огоҳ инсонларга ҳам қийинлашиб қолиши муқаррар.

Шаъбон ойи охирида рўза тутиш

Шаъбон ойининг охирида тутиладиган рўзани уч қисмга тақсилашимиз мумкин.
1 - Рамазон ойи кириб қолган бўлиши мумкин деб эҳтиёт юзасидан тутилса ножоиз-ҳаром бўлади.
2 - Назр, каффорат ёки рамазон қазоси бўладиган бўлса жумҳур уламолар жоиз дейишади.
3 - Шунчаки нафл рўза тутилиши. Бу турни Шаъбон билан рамазон ойларини орасини очишга буюрган олимлар макруҳ деб топадилар.
Қисқача қилиб айтганда Шаъбон ойининг охирида рамазондан бир ёки икки кун олдин -рўзадорлик одатларидан бўлмаган кишилардан ташқари - рўза тутишлик кўпчилик олимларимиз наздида макруҳ деб топилиб, шунга амал қилиниб келинмоқда. Агар нима учун Рамазондан бир кун ёки икки кун олдин рўза тутиш макруҳ бўлади деган савол туғиладиган бўлса, унга жавоб қўйидагича бўлади.
Биринчи: Рамазондан бўлмаган - Шаъбонни бир қисми ҳамда ҳайит, Шавволни бир қисми - нарсани рамазондан деб ўйланиб қолиниши олдини олиш учун.
Иккинчи: Шу сабабли Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам шак кунида (шак куни рамазон кирган кирмагани билинмаган кунга айтилади, булутли кунни ҳам баъзи олимларимиз шак куни деб ҳисоблашади) рўза тутишдан қайтарганликлари.
Учинчи: Фарз амал билан нафл амал орасини айириш кераклиги. Фарз ва нафл ораси ажралиб турмоғи лозим, шунинг учун ҳайит куни рўза тутишлик ҳаром қилинди, Пайғамбаримиз нафл намози билан фарз намози қўшилиб кетишидан қайтардилар. Икки намоз ораси салом бериш ва бирор гап гапириш билан узилади. Айниқса бомдод намозининг суннати. Суннат намозларни уйда ўқилишлигининг мустаҳаблиги ва бомдоднинг суннатидан кейин бир ёнбошлаб олишни суннатлиги ҳикмати балки шундадир. Валлоҳу аълам.

Admin   07-16-2011, 11:52 AM
#4
Шаъбон ойи рўзаси ҳақидаги ҳадисларни қандай тушунамиз?

Савол: «Саҳиҳ ал-жомиъ» китобида 397 рақамли ҳадисни ўқидим. Ушбу ҳадисни шайх Албоний саҳиҳ деб айтган экан. Ушбу ҳадис Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар: «Шаъбон яримласа рамазон киргунича рўза тутманглар!» Яна мана шу ҳадис тўпламида 4638 рақамли бошқа ҳадис ҳам бор. Шайх Албоний уни саҳиҳ деган экан. Бу ҳадис Оиша розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади. У зот айтадиларки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун рўза учун энг суюмли бўлган ой шаъбон эди. Улар уни (шаъбонни) рамазон билан улар эдилар». Бу ҳадисларни тўғри тушуниш қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳ. Алҳамдулиллаҳ.
Сўнг:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлар ёки оз қисмида рўзани тарк қилганлар. Бу Оиша ва Умму Саламадан келган саҳиҳ ҳадисларда ўз исботини топган. Шаъбоннинг ярмидан кейин рўза тутишни таъқиқлаган ҳадисга келсак, атоқли олим, шайх Носириддин Албоний бу ҳақида айтганидек, у саҳиҳдир. Ушбу ҳадисда айтилган таъқиқ, рўза тутишни шаъбон ойининг ярмидан кейин бошлашга нисбатан бўлган таъқиқдир. Кимки (шаъбон) ойининг кўп қисмини ёки тўлиқ рўза тутса – унинг амали суннатга мувофиқ бўлади.
Тавфиқ Аллоҳдандир.

Admin   06-14-2014, 05:41 PM
#5
Шаъбон ойининг ўн бешинчи куни рўза тутиш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/roza/nafl_roza/nafl_roza_005_shabonning_15_kuni_roza_tutish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Кўпчилик одамлар шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутадилар. Бу суннатда келганми ёки бу бидъатми?
Жавоб: Бунинг асоси йўқ. Ўн бешинчи кунни рўза учун хослашлик – ушбу амалнинг асоси йўқ. Саҳиҳ суннатда бу амалга далолат қилувчи бирор нарса йўқ. Аммо «Айёмул бийз» (ойдин кечалар – яъни ойнинг 13, 14, 15 кунлар)да рўза тутиш барча ойларда мустаҳаб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айёмул бийзда рўза тутганлар. Шунингдек шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлар ва шаъбон ойининг катта қисмида рўза тутган бўлишлари мумкин. Баъзида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида тўлиқ, баъзида эса катта қисмида рўза тутганлар.

Admin   06-23-2014, 08:05 PM
#6
Шаъбон ойининг иккинчи ярмида рўза тутиш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/roza/nafl_roza/nafl_roza_006_shabon_2_yarmida_roza_tutish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Ҳурматли шайх. Шаъбон ойининг иккинчи ярмида рўза тутишлик мустаҳабми ёки ҳаромми?
Жавоб: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Шаъбон яримласа рамазон киргунича рўза тутманглар!» Бу саҳиҳ ҳадис. Шундай экан, ушбу саҳиҳ ҳадисга мувофиқ, кимки ойнинг бошида рўза тутмаган бўлса, ойнинг ярми ўтганидан кейин ҳам рўзани тутмасин. Айниқса ойнинг охирида рўза тутмасин. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларига мувофиқдир: «Рамазондан бир ёки икки кун олдин рўза тутманглар. Бироқ (одатда) рўза тутаётган бўлса тутаверсин». Кимнинг бошқа одатий суннатни бажараётгани сабабидан рўзаси шу кунларга тўғри келиб қолса, бунинг зарари йўқ. Агар душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутиш унинг одати бўлса, агар у ушбу рўзасини мана шу кунларда тутишининг зарари бўлмайди. Ёки унинг одати кунора рўза тутиш бўлса, бунинг ҳам зарари йўқ. Аммо у шаъбоннинг ярмидан кейин фақатгина шу ойнинг сабабидан рўза тутишни бошлашига келсак, бундай қилиш мумкин эмас. Агар у 14 чи, ёки 15 чи … ёки 13 чи кундан бошлаб рўза тутса, бунинг зарари йўқ. Чунки у ойнинг катта қисмини ўз ичига олган. Агар у ойни тўлиқлигича ёки катта қисмида рўза тутса, бунинг зарари йўқ. Аммо агар у биринчи ярмида рўза тутмай, кейин иккинчи ярмидан рўза тутишни бошласа – айни мана шуниси таъқиқланган.


Admin   06-25-2014, 02:12 PM
#7
Шаъбоннинг охирги куни қазо рўза тутиш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/roza/qazo_roza/qazo_roza_003_shabonning_oxirgi_kuni_qazo_roza_tutish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Аёл шубҳада: у ўтган йили тарк қилган рамазон ойининг бир кун рўзаси қазосини тутиб бериши керак эди. У уни шаъбон ойи охирги кунида адо этди. Энди унда бирор мажбурият қолдими?
Жавоб: Унда бирор мажбурият йўқ. Чунки бу унинг қазоси ва мажбурияти эди.

Муслим   05-23-2015, 07:35 PM
#8
Шаъбонда машруъ бўлган солиҳ амаллар

Савол: Эртага Шаъбон ойи бошланади. Қайси солиҳ амаллар ушбу ойда машруъ қилинган? Яна ундаги солиҳ амаллар ҳаром ойда қилинган солиҳ амаллардан афзалми?
Жавоб: У эртага Шаъбон ойи бошланишини қаердан билди? Ҳилол (кўрингани) ҳалигача собит бўлмадику.
Шаъбон ойида нима (амаллар) машруъ бўлганига келсак, у нафл рўза тутишликдир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбон ойида бошқа ойларга қараганда кўпроқ рўза тутардилар. Бироқ, у зот у (Шаъбон)ни тўлиқ (барча кунида) рўза билан ўтказмасдилар.

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
Манба: http://www.alfawzan.af.org.sa/node/14623

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Admin   06-28-2015, 02:32 PM
#9
Дилмурод Абу Муҳаммад

Рўза ва Рамазонга оид турли мавзулар

Шаъбон ойи рўзаси ва ушбу ойдаги бидъатлар


[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/fiqh/roza_ramazonga_oid_turli_mavzular/shabon_oyi_rozasi_va_ushbu_oydagi_bidatlar.mp3[/audio]
Юклаб олиш
Муслим   05-06-2017, 03:54 PM
#10
Шаъбон ойида рўза тутиш ҳукми

[audio]http://www.alfawzan.af.org.sa/sites/default/files/14321118_31.mp3[/audio]
Савол: Шаъбон рўзаси ҳақида бирор нарса ворид бўлганми? Ҳар йил Шаъбон ойининг 15 кунини рўза билан хослаш ҳукми нима?
Жавоб: Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шаъбонда рўза тутар эдилар, (шаъбоннинг) аксар кунларида рўза тутар эдилар. Шаъбонда рўза тутиш, унда рўзани кўпайтириш суннат.

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
http://www.alfawzan.af.org.sa/node/13726

Quote:
حكم صيام شهر شعبان

السؤال:
هل ورد شيء من صيام شعبان ، ماحكم تخصيص الخامس عشر من شهر شعبان بصيامه في كل سنة ؟
الجواب : نعم كان النبي صلى الله عليه وسلم يصوم من شعبان ويصوم أكثره ، فالسنة أن يصام من شعبان ، ويُكثَر من الصيام فيه .

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.