Admin   07-12-2010, 11:56 PM
#1
Нафл рўза тутиш макруҳ ва ҳаром бўлган кунлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг...
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Quote:Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, аллома, муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.

Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо куни

Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун - Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Бухорий 3/280, Муслим 5/577).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мен сизларни Фитр ва Наҳр (Қурбонлик қилинадиган кун) байрам кунлари рўза тутишдан қайтараман» (Абу Яъло. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2517).
Имом Нававий ва шайх Сиддиқ Ҳасанхон дедилар: «Фитр ҳамда Наҳр байрам кунлари рўза тутиш ҳаром эканлигига уламолар ижмо қилдилар» («Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 8/15, «ар-Равдату-ннадийя» 1/566).

Ташриқнинг уч кунида

Ташриқнинг уч куни – бу зулҳижжанинг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунларидир, Азҳо кунига эргашиб келадиган уч кундир.
Каъб Ибн Молик роҳияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мино кунлари (ташриқнинг уч куни) ейиш-ичиш кунларидир!» (Муслим 1142).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна дедилар: «Ташриқнинг уч кунида рўза тутманглар, чунки, дарҳақиқат, бу ейиш-ичиш кунларидир» (Аҳмад, Насоий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 7355).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж куни одамларга хабар тарқатиши учун чопар юбордилар: «Бу кунларда рўза тутманглар, чунки, дарҳақиқат, бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!» (Аҳмад 10674, Ҳоким 2/250, Абу Нуъайм 2/342/1. Шах Аҳмад Шокир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар).
Бу уч кунда рўза тутиш фақатгина ҳажда қурбонлик қила олмаган ҳожи учун мумкиндир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ташриқнинг уч кунида рўза тутиш ҳеч кимга рухсат берилмасди, фақатгина қурбонлик қилишга жорнлиқ топа олмаганлар бундан мустасно» (Бухорий 1998).

Шак куни

Шак куни деб Шаъбоннинг ўттизинчи кунига айтилади. Бу ерда гап Рамазон киришидан бир, икки кун аввал тутиладиган рўза ҳақида кетмоқда. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу деди: «Ким Рамазон кирганига шубҳа қилиб рўза тутса, ўша Абулқосимга (Пайғамбарга) осий бўлибди» (Абу Довуд 2334, Термизий 676, Насоий 2187, Ибн Можа 1645, Доримий 1682. Ҳадиснинг саҳиҳлигини имом Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, шайх Албонийлар тасдиқлашди).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазондан бир кун аввал, шунингдек Фитр ҳамда Наҳр байрам кунлари ва ташриқнинг уч кунида рўза тутишни таъқиқладилар» (Байҳақий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 6964).

Фақат Жума куни

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар бошқа оқшомларда намоз ўқимасангиз, жума оқшомини таҳажжуд (тунги намоз) учун танламанг. Агар бошқа кунларда рўза тутмасангиз, жумани рўза тутиш учун танламанг. Фақат одатий рўза тутадиган кунингизга тўғри келиб қолсагина, жума куни рўза тутинг» (Муслим 2/148).
Қайс ибн Сакан ҳикоя қилади: «Кунларнинг бирида Абу Зарр розияллоҳу анҳу олдидан жума куни рўза тутган одамлар ўтаётган эди. У уларга айтди: «Қасамки, сизлар ифтор қилганингиз афзал. Чунки, дарҳақиқат, бу кун Ийддир!»» (Ибн Аби Шайба 2/160. Шайх Албоний ҳадис иснодини саҳиҳ деди).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу деди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг олти кунида рўза тутишни таъқиқладилар: Ташриқнинг уч куни, Фитр ҳамда Азҳо куни, шунингдек жума куни» (Таялисий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 6961).

Шанба куни

Сомма бинт Буср розияллоҳу анҳо ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Шанба куни фарз рўзадан бошқа рўза тутманглар! Ҳатто узум пўстлоғи ёки дарахт шоҳидан бошқа ҳеч нарса топа олмасангиз ҳам, барибир ўшаларни чайнанг» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Доримий, Байҳақий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Таҳовий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 7235).
Шайх Шамсулҳақ Азим Абадий: «Ҳатто узум пўстлоғи ёки дарахт шоҳидан бошқа ҳеч нарса топа олмасангиз ҳам, барибир ўшаларни чайнанг» сўзлари ҳақида дедилар: «Бу шанба кунги рўза қатъий ҳаром эканига кўрсатмадир» («Авнул-Маъбуд» 7/49).
Шайх Ибн ал-Қоййим «Таҳзибу-Ссунан»да айтади: ««Фарз рўзадан бошқа рўза» сўзлари фарз рўзадан бошқа ҳар қандай рўза ҳаром эканига далилдир. Шунингдек, фақатгина шанба куни тутилган нафл рўза билан шанбага уланган бошқа кун тутилган нафл рўза ўртасида фарқ йўқ».
Шанба куни нафл рўза тутиш мумкинлиги ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Масалан, шайх Албоний келтирилган ҳадисга суянган ҳолда шанба куни, Рамазон, каффорат ва назр рўзаси каби фарз рўзадан ташқари, нафл рўза тутиш қатъий ҳаром деб ҳисоблаганлар. Бунда у саҳоба Абдуллоҳ ибн Бусранинг тушунчасига суяндилар. У ҳам шанба куни рўза тутишни таъқиқлар эди. Бу ҳақида имом Насоий «ас-Сунан ал-кубро»да келтиради. Айтганча, айни унинг оиласи Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг шанба куни рўза тутиш ҳаром экани ҳақидаги ҳадисни тарқатган.
Қолган уламолар шанба куни рўза тутиш жоиз деб ҳисобладилар. Чунки улар ушбу ҳадисни заиф деб ҳисоблашди. Бу имом Моликнинг қавлидир.
Баъзиларнинг айтишича, ушбу таъқиқ мансуҳ бўлган экан. Бу имом Абу Довуднинг қавлидир.
Жумҳур уламолар эса қавлларни жамлаб айтадиларки, фақат шанба куни рўза тутиш жоиз эмас. Агар рўзани бошқа бирор кунга эргаштириб тутилса, унда шанба куни рўза тутишнинг зарари йўқдир.
Ушбу ҳадисни заиф деб ҳисоблаганларнинг қавлига келсак, уларнинг қавли хатодир. Чунки бу ҳадисни бошқа кўпгина ривоятлари мавжуд. Уларнинг ҳар қайсиси бир бирини қувватлайди. Шунинг учун ҳам имом Нававий деди: «(Ҳадис заифлиги ҳақидаги) ушбу сўзлар номақбулдир. Чунки кўпгина имомлар ҳадиснинг саҳиҳ эканини тасдиқлаганлар» («ал-Мажмуъ» 6/440).
Ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқлаган имомлар орасида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин: Термизий, Ҳоким, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ибн Сакан, ад-Дия ал-Мақдисий, Ибн Қудома, Заҳабий, Ибн ал-Мулаққин, Ироқий, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, Албоний ва бошқалар («ал-Фуруъ» 3/92, «Баянул-ваҳм вал-иҳам» 4/269, «Ирвоул-ғалил» 960).
Ушбу ҳадис мансуҳ бўлган деган фикр ҳолати ҳам худди шундай. Чунки бу борада бирорта ҳам саҳиҳ кўрсатма йўқ. Имом Субкий Абу Довуднинг: «Ушбу ҳадис мансуҳ бўлган» деган сўзларини эслаб ўтиб айтади: «Ушбу сўзлар номақбулдир. Ушбу ҳадиснинг мансуҳ бўлганининг далили қани?!» («Итхоф аҳлул-Ислам би хусусияти-ссиям» 316-317).
Жумҳур уламонинг, ҳадисда фақатгина шанба куни рўза тутиш ҳаром эканлиги ҳақида айтилмоқда, деган қавлига келсак, уларнинг далили ғоят кучлидир. Айниқса, қуйидаги ҳадис:
Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча шанба ва якшанба кунлари рўза тутардилар ва айтардилар: «Бу кунлар мушрикларнинг байрамидир ва мен улардан ажралиб турмоқчиман»» (Аҳмад 6/323, Насоий «ас-Сунан ал-Кубро» 2/2776, Байҳақий 4/313).
Бироқ, ушбу ҳадиснинг ҳам саҳиҳлиги борасида катта ихтилофлар бўлган. Масалан, ҳофиз Абдулҳақ Ишбилий, ҳофиз Ибн ал-Қаттон ва шайх Албоний уни заиф деб ҳисоблашган («ас-Силсила ад-даъифа вал-мавдуъа» 1099).
Бироқ, имом Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Заҳабий, Ибн Муфлиҳ, Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, Абдулқодир Арнаут ва Шуайб Арнаут ҳадисни саҳиҳ деб ҳисоблашган.

Ҳожиларга Арафа куни рўза тутиш

Ҳожилар Арафа куни рўза тутмасликлари керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж вақтида ушбу кун рўза тутмаганлар. Умму Фазл розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Арафа тоғида турадиган кунда одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза тутганликларидан шубҳаланишди. Шунда, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик олиб бордим ва улар ундан ичдилар» (Бухорий 1658).
Ҳожиларга Арафа куни рўза тутиш суннат эмас, яна бу кунда уларга рўза тутишга таъқиқ ҳам бор. Икрима айтади: «Кунларнинг бирида мен Абу Ҳурайранинг ҳузурига кирдим ва ундан ҳожиларнинг Арафа кунидаги рўзаси ҳақида сўрадим. У жавоб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилаётганларга Арафа куни рўза тутишни таъқиқлар эдилар»» (Аҳмад 2/304, Абу Довуд 2440, Бухорий «ат-Тарих»да 7/4425).
Ушбу ривоятнинг саҳиҳлиги борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Бироқ Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Ҳоким, Заҳабий ва Аҳмад Шокирлар уни саҳиҳ деб ҳисоблаганлар. Шунингдек, Умар, Ибн Умар ва Ибн Аббос каби саҳобалар Арафа куни ҳожиларга рўза тутишни таъқиқлаганлари ушбу ривоятни қувватлайди (Насоий «Сунанул-кубро» 2823, 2824, Абдурраззоқ «ал-Мусаннаф» 7820).
Имом Заҳабий деди: «Ҳожилардан бирортаси Арафа куни рўза тутиш ҳаром эканини, шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари ҳаж мобайнида Арафа куни рўза тутмаганликларини билган ҳолда рўза тутса, бизга маълум бўлган нарсалардан келиб чиқиб айтамизки, бу амали учун у савоб олмайди» («ас-Сияр» 10/684).

Ўткарма рўза
(ифторлик қилмасдан узлуксиз бир неча кун рўза тутиш)

Ифторлик қилмасдан узлуксиз рўза тутиш қораланган. Бунга кўпгина ҳадислар далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўткарма рўза тутишдан қайтарар эдилар. Кунларнинг бирида бир мусулмон киши у зотга айтди: «Ахир сиз шундай рўза тутасизку, эй Аллоҳнинг Расули!» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қайси бирингиз мен кабисиз? Дарҳақиқат, Роббим мени едириб-ичиради». Баъзи одамлар ўткарма рўза тутишни бас қилишдан бош тортганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан биргаликда ўткарма рўза тута бошладилар. Бошида бир кун ифторлик қилишмади, кейин яна бир кун, шундан сўнг улар янги ҳилолни кўрдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар у (ой) кейинроқ пайдо бўлганида эди, сизларга зиёда қилган бўлар эдим» - бундан мурод, бу уларга рўза тутишни бас қилмаганлари учун ибратли жазо бўлиб хизмат қилар эди» (Бухорий 1965, Муслим 1103).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом дедилар: «Кимки узлуксиз рўза тутса, умуман рўза тутмабди» (Бухорий 1977, Муслим 2/197).
Абдуллоҳ ибн Иъёз ривоят қилади: «Башир ибн Ҳасосийнинг хотини Лайло ҳикоя қилганини эшитдим: «Кунларнинг бирида мен икки кун кетма-кет рўза тутгим келди ва Башир менга бундай қилишни ман қилиб, айтди: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарар ва дер эдилар: «Насоролар шундай қиладилар. Сиз эса Аллоҳ сизга буюрганидек рўза тутинглар: «Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187). Қачонки кеча бўлганида рўза тутманглар»» (Аҳмад 21448. Ҳофиз ибн Ҳажар ва шайх Аҳмад Шокир ҳадисни саҳиҳ дедилар).
Бироқ агарда кимдир шундай рўза тутишни истаса ва ўзида бунга куч хис қилса, бундай ҳолда у суткада ҳеч бўлмаса бир маротаба ифторлик қилсин, у ҳам бўлса субҳдан олдин. Абу Саид розияллоҳу анҳу сўзларидан ривоят қилинади, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган эканлар: «Узлуксиз рўза тутманглар. Кимки шундай қилишни истаса, кейинги куннинг субҳидан аввал ифторлик қилсин» (Бухорий 1963).
Ибн ал-Қоййим деди: «Шундай қилиб, саҳарлик унга ифторлик ўрнини босади» («Зодул маъод» 2/31).

Ражаб ойидаги рўза ҳақида

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб Ражаб ойида рўза тутганни урар эканлар ва уларни ейишга зўрлаб, айтар эканлар: «Енглар! Дарҳақиқат, бу жоҳилият даврида улуғланган ойдир» (Ибн Аби Шайба. Шайх Албоний ҳадис иснодини саҳиҳ деди. «Ирвоул-ғалил» 957).
Шунингдек Ибн Умар ҳам Ражаб ойини рўза билан хослаганларни танқид қилар эдилар. Ибн Аби Шайба, унинг ҳам исноди саҳиҳ («Ирвоул-ғалил» 958).
Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Ражаб ойини рўза билан хослашнинг мустаҳаблигига келсак, бунга далолат қилувчи барча ҳадислар заифдир ва ҳатто мавзудир. Уларга уламолар суянмайдилар» («Мажмуъ ул-фатава» 25/290).
Ибн ал-Қоййим ҳамда ҳофиз Ибн Ҳажар ҳам худди шу сўзларни айтишди («ал-Манар ал-муниф» 96, «Табйин ал-уъжб» 11).

Аёлнинг эри рухсатисиз тутган нафл рўзаси

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёл эрининг рухсатисиз унинг ҳузурида рўза тутмайди, [агар бу фақат Рамазон ойи рўзаси бўлмаса]» (Бухорий 5192, Муслим 2/711, қавс ичидаги ривоят эса Абу Довудники, 2458).
Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да айтади: «Ҳадисда айтилишича, эрнинг аёлдаги ҳаққи, нафл солиҳ амаллардан устун эканидир. Чунки эрнинг ҳаққини адо этиш фарз. Фарзни бажариш эса нафл амаллардан устун туради».
Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдидаги вазифаларини бажаришдан сўнг, аёл киши учун эри олдидаги вазифасини бажаришдан кўра муҳимроқ нарса йўқдир» («Мажмуъ ул-фатава» 32/275).

Ота-она ман қилган нафл рўза

Ота-онага гуноҳ бўлмаган ишларда итоат қилиш фарз. Нафл рўза тутиш эса мустаҳаб. Шу сабабдан имом Аҳмад ота-онаси таъқиқлаган бўлишига эътибор бермай нафл рўза тутганларни танқид қилган. Ҳасан Басрий эса айтар эди: «Агар ота-она ёки улардан бири рўза тутишни ман қилса, уларга итоат қилиши керак. Шунда у икки баробар ажр олади – ота-онасини ҳурматлагани ҳамда итоат қилгани учун ва рўза тутишга нияти учун» («ал-Адабу-шшаръийя» 1/432).

Сўзимиз охирида, оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамдлар айтамиз!

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.