Admin   07-04-2010, 11:10 PM
#1
Ражаб ойи ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Борлиқни бўйсундирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳ танланган пайғамбаримизга, унинг пок оиласи, ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Қуйидаги сўзларни айтган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин:
«Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур» (Қасас: 68). Ихтиёр қилмоқ ёки танламоқ сифати, Унинг Парвардигорлик ва Ягоналигига, шунингдек ҳикмати, илми ва қудратининг камолотига далолат қилади. Унинг ихтиёр қилиши ва афзал кўришининг бир жиҳати шундан иборатки, У баъзи кун ва ойларни, қолганларидан афзал кўрган ҳолда, танлаб олди. Барча ойлардан Аллоҳ тўрттасини ажратди, уларни муқаддас қилди. Қуръоннинг қуйидаги оятида бу ҳақида айтилади:
«Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда (урушни ҳалол деб жангга кириб) ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36).
Ушбу ойлар Ойнинг ҳаракатига қараб ҳисобланади, кофирлар қилгандек, Қуёш билан эмас.
Ҳаром қилинган ойларга кўрсатма Қуръонда келган, бироқ уларнинг номи унда зикр қилинмаган. Уларнинг номи Суннатда зикр қилинган:
Абу Бакра Нуфай бин ал-Хорис розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир» (Бухорий, Муслим ривояти).
Ушбу ой Музарнинг ражаби деб номланишига сабаб, Музар (қабиласи), қолган араблардан фарқли равишда, ушбу ойнинг ҳисоб вақтини бузиб кўрсатмас эдилар. Қолган араб (қабилалари) улар уруш даврида бўлган бўлмаганларига қараб ойларни сохталаштириш ва уларнинг кетма-кетлигини кўчириш билан шуғулланар эди. Қуйидаги оят худди шундай (ойларни) кўчиришга далолат қилади:
«Шак-шубҳасиз (ҳаром ойларни) кетга суриш ортиқ даражадаги кофирликдирки, у сабабли кофирлар бутунлай йўлдан тойилурлар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойларнинг саноғини (тўрт ойга) тўғрилаб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб олиш учун уни (яъни, уруш ҳаром қилинган ойларни) бир йил ҳалол десалар, яна бир йил ҳаром дейдилар» (Тавба: 37).
Шунингдек, ривоят қилинишича ушбу ойнинг Музар қабиласига нисбат берилишининг яна бир сабаби шундаки, ушбу қабила одамлари уни жуда улуғлар ва ҳурматлар эди. Бундан ушбу ойни нима сабабдан уларга нисбат берилишини тушуниш мумкин.

Ушбу ой номланиши сабаби

Ибн Форис «Муъжам макайис ал-Луға» (445-бет)да ёзади: ««Ро», «жим» ва «ба» ҳарфлар бирор нарсани бошқа бир нарса орқали қўллаб-қувватламоқ ва мустаҳкамламоққа далолат қилувчи ўзакни ҳосил қилади… Шунинг учун ҳам «ражабтул-шай» ибораси «Мен уни ҳурматладим» деган маънони англатади… Ушбу ой ражаб деб номланишига сабаб, улар (Исломдан аввалги араблар) уни улуғлар эдилар. У Шариатда ҳам улуғланади».
Жоҳилият даврида яшаган одамлар ражаб ойини «мунассил ал-асинна» (қуролни ўткир пойнакини ечишга мажбур қилувчи) деб номлар эди. Бу ҳақида Абу Ражо ал-Аторудий хабар қилади, у (қуйидагиларни) келтиради: «Жоҳилият даврида бутларга, тош ва дарахтларга сиғинардик. Бировимиз бир тошга сиғиниб юриб, ундан чиройлироқ бошқа бир тошни кўриб қолса, қўлидаги «илоҳ»ини улоқтириб, ҳалиги янги «илоҳ»га сиғиниб кетаверарди. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, сўнг қотган лой атрофида тавоф қилар эдик. Ражаб ойи кирганида биз «мунассил ал-асинна» дердик ва ушбу ой мобайнида темир пойнаки (учи) бўлган бирорта ҳам найза ёки камон ўқларини пойнакини ечиб, олиб қўймасдан қолдирмас эдик» (Бухорий ривояти).
Байҳақий айтади: «Жоҳилият даврида яшаган одамлар ушбу муқаддас ойларни улуғлар эди, айниқса ражаб ойини. Улар бу ойлар мобайнида уруш қилмас эдилар».

Admin   07-08-2010, 07:03 AM
#2
Ражаб – ҳаром ой

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳаром ойлар ўзига хос ўринга эга. Бу ражабга ҳам тегишли, чунки у ўша ҳаром ойлардан биридир. Аллоҳ айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни бузишни, уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишни, Аллоҳ йўлида ҳадя этилган ҳайвонларни ўлдиришни ва уларга осиб қўйилган ҳадялик белгиларини узиб ташлашни ҳамда Парвардигорларидан фазлу марҳамат ва ризолик тилаб Байтул-ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга қарши (жанг қилишни) ҳалол қилиб олмангиз!» (Моида: 2). Бундан мурод: Аллоҳ улуғлашга буюрган ва бузишни ҳаром қилган нарсаларни муқаддаслигини бузманг. Негаки бу ҳаром, бузуқ амал ва эътиқодни ўз ичига олади.
Аллоҳ айтади:
«Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!» (Тавба: 36). Бундан мурод: ўша муқаддас ойларда. «Фи-ҳинна» («уларда» деб таржима қилинади) сўзи ўша тўрт ҳаром ойга тегишлидир. Бунга муфассирларнинг имоми Ибн Жарир ат-Тобарий раҳимаҳуллоҳ ишора қилган.
Шундай қилиб, биз ушбу тўрт ойга уларнинг ҳаромлигига эътибор берган ҳолда муносабатда бўлишимиз керак. Чунки Аллоҳ уларни ўзига хос ҳолати сабабидан ажратди ва уларнинг ҳаромлигига бўлган ҳурмат сабабидан гуноҳ қилишни таъқиқлади. Негаки Аллоҳ ҳаром қилган вақтнинг муқаддаслиги натижасида бу вақт мобайнида қилинган гуноҳ янада оғирроқ бўлади. Шунинг учун ҳам юқорида келтирилган оятда Аллоҳ ўзимизга нисбатан зулм қилишни ҳаром қилди. Гарчи гуноҳ қилишни ўз ичига олган ўзига зулм қилишлик йилнинг бошқа ойлари мобайнида ҳам ҳаромдир.

Ҳаром ойларда уруш қилиш

Аллоҳ айтади:
«Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир»» (Бақара: 217).
Жумҳур Ислом уламолари ҳаром ойлар мобайнида уруш қилишнинг ҳаром қилиниши қуйидаги оят орқали:
«Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ўлдирингиз» (Тавба: 5), шунингдек, умумий маънога эга ва улар билан жанг қилишга бўлган буйруқни ўз ичига олган бошқа оят ва ҳадислар орқали мансуҳ қилинган деб эътироф этишади.
Бошқа (уламо)лар эса ҳаром ойларда биринчи бўлиб жангни бошлаш мумкин эмас, бироқ бошқа вақтда бошланган бўлса жангни давом эттириши ва якунлаши мумкин дейишади. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг Тоиф қабиласига қарши қилган жанглари шундай изоҳланади. Чунки ҳарбий ҳаракатлар Ҳунайнда, шаввол ойида бошланган эди.
Юқорида келтирилган ҳолат ҳимояланиш мақсадида қилинган ҳарбий ҳаракатларга тегишли эмас. Агар душман мусулмон ўлкага ҳужум қилиб қолса, ҳаром ой бўладими йўқми, (ўша ўлкада) яшовчи аҳоли ўзларини ҳимоя қилишлари шарт.

Аътиро (ражаб ойида қилинадиган қурбонлик)

Жоҳилият даврида араблар ражаб ойида ўзларининг бутларига ибодат қилиш учун жонлиқлар қурбонлик қилардилар.
Ислом келганида қурбонликни фақатгина Аллоҳга қилиш кераклиги буюрилди ва жоҳилият давридаги ушбу амал бекор қилинди. Фақиҳ уламолар ражаб ойида қурбонлик қилиш тўғрисида ихтилоф қилдилар. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳабининг жумҳур уламолари «аътиро» қурбонлиги мансуҳ қилинганини эътироф этишди. Далил сифатида улар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтиришди. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Фароъ (туянинг дастлабки боласини бутга атаб сўйиш) ҳамда аътиро (ражаб ойининг биринчи ўн кунлигида жонлиқ қурбонлик қилиш) йўқдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шофиий мазҳаби вакилларининг айтишича, аътиро мансуҳ қилинмаган ва улар бу амални мустаҳаб ҳисоблаганлар. Шунингдек Ибн Сирин ҳам шу фикрда бўлган.
Ибн Ҳажар деди: «Ушбу (фикрни) Нубайшийнинг ҳадиси қувватлайди. Уни Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Унинг саҳиҳлигини Ҳоким ва Ибн Мунзир тасдиқлашган: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилди: «Биз жоҳилият даврида «аътиро» қурбонлигини қилар эдик. Бизга нима қилишни буюрасиз?» У зот жавоб бердилар: «Қурбонликни қайси ой бўлишидан қатъий назар адо этинглар ...»».
Ибн Ҳажар деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни моҳият жиҳатдан бекор қилмадилар. Бироқ у зот айни атайин ражаб ойида қурбонлик қилиш фикрини бекор қилдилар».
Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси фатволарида айтилади: «Ражаб ойида атайин рўза тутишга келсак, бизга бу амал Шариатда бирор-бир асосга эга эканлигини билмаймиз».

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.