Admin   08-06-2010, 12:02 AM
#1
Амал илм биландир

Иккинчиси: унга амал қилмоқ
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Унга амал қилмоқ», деганларидан мурод, (ана ўша) илмга (амал қилмоқ) деган маънодадир. Чунки инсонга таълим бериб, ўқиб-ўрганишини ўзи кифоя қилмайди. Балки илмига амал қилмоғи лозимдир. Амалсиз илм кишининг зарарига ҳужжатдир. Илм фақат амал билангина манфаатли бўлади. Илм олиб, амал қилмаган ғазабга дучор бўлганлардан бўлади. Чунки у ҳақни билди ва уни била туриб тарк этди.
Шоир айтадики:
Илмига амал қилмаган олим
Бутпарастлардан аввал азоблангай
Ҳадиси шарифда ҳам: «Қиёмат куни жаҳаннам ўтида ёнадиганларнинг аввалгиси, илмига амал қилмаган олимдир» (Термизий (2382) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди), дея эслаб ўтилган. Илм амалга чамбарчас боғлиқдир. Амал илмнинг самарасидир. Амалсиз илм бамисоли мевасиз дарахтдир. Ундан бирор фойда йўқ. Илм амал қилинсин учун нозил қилинган.
Худди илмсиз амал ўз эгасига муваффаққиятсизлик ва залолат бўлганидек. Инсон илмсиз амал қилар экан, унинг амали муваффаққиятсизлик ва турган битгани ўз соҳибига машаққатдир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир» (Бухорий (7350) ҳадисдан олдин Муслим (18) ва (1718) Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилишди).
Ҳар ракатда Фотиҳа сурасининг ушбу оятларини ўқиймиз: «Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (тўғри йўлни) инъом қилгансан – улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар – адашмаганлар» (Фотиҳа: 6-7). Аллоҳ таоло илмсиз амал қиладиганларни адашганлар деб, билиб туриб, амал қилмайдиганларни эса ғазабга дучор бўлганлар, деб атади. Бунга аҳамият бермоғимиз лозим. Чунки бу жуда муҳимдир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.