Admin   03-11-2013, 12:11 AM
#1
Аллоҳ бидъат амални асло қабул қилмайди

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз уни мақтаймиз. Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлиги ҳамда амалларимизнинг шумлигидан Унинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ таоло кимни ҳидоятга бошласа, уни адаштиргувчи йўқдир. Кимни адаштириб қўйса, уни ҳидоятга бошлагувчи йўқдир. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчиси эканликларига гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, оилалари, саҳобалари ва уларга қиёмат кунига қадар гўзаллик билан эргашган зотларга кўпдан-кўп дуруду-салавотлар йўлласин.
Сўнг…
Роббимиз жалла ва аъла Ўзининг Азиз Китобида айтдики: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Дарҳақиқат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу умматга динини мукаммал қилиб берганини хабар берди. Энди Аллоҳ таоло ушбу динни комил қилиб берганидан кейин, унга зиёдалик киритадиган бирор кимсага эҳтиёжимиз йўқдир. Ҳофиз Абул Фидо ибн Касир роҳимаҳуллоҳ (ўзларининг тафсирлари бўлмиш) «Тафсир ал-Қуръан ал-Азим»да айтадиларки: «Бу Аллоҳ таоло ушбу умматга берган неъматларининг энг каттасидир. Чунки Аллоҳ таоло уларга динларини мукаммал қилиб берди. Энди динларидан ўзга динга, пайғамбарларидан ўзга бир пайғамбарга эҳтиёжлари йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло у кишини пайғамбарларнинг сўнггиси қилди ва у кишини инс ҳамда жин тоифасининг барчасига пайғамбар қилиб жўнатди. У киши ҳалол деб айтган нарсагина ҳалолдир ва у киши ҳаром деб айтган нарсагина ҳаромдир. У киши тузиб берган йўлгина дин бўлади. У киши хабар берган ҳар бир нарса ҳақ ва ростдир. Унда ёлғон ёки ўзаро зиддият йўқдир. Аллоҳ таоло айтдики: «Роббингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди» (Анъом: 115)» (5/46).
Аллома ибн Саъдий роҳимаҳуллоҳ «Тайсир ал-Карим ар-Роҳман»да шундай дедилар: «Одамлар ақида ва ҳукмларга оид масалаларни билишда Китобу-Суннат илмидан бошқа илмлар бўлмиш Калом ва ундан бошқа илмларни ҳам билишлари лозимдир деб даъво қилган ҳар бир мутакаллиф – жоҳил ва ўзининг сўзи билан ўзининг даъвосини ботилга чиқарувчидир. Чунки у (бу гапи билан) дин фақатгина у айтган ва чақирган ишлар билан комил бўлади деб даъво қилди. Бу эса энг катта зулм ва Аллоҳу-Росули билмай қолиб мен билиб қолдим деган даъвони айни ўзидир» (22-саҳифа, «Мактаба ар-Рушд» нашриёти).
Мен айтаманки: Дарҳақиқат яҳудийлар мусулмонларга нисбатан Аллоҳ таоло Ўзининг динини мукаммал қилиб бергани, уни ушбу умматга тўла-тўкис қилгани ва уларга Исломни дин деб рози бўлгани ҳақида хабар берган ушбу ояти карима нозил бўлгани учун ҳасад қиладилар.
Яҳудийлардан бўлган бир киши Умар розияллоҳу анҳуни олдиларига келиб айтдики: «Эй мўминларнинг амири, сизлар китобингизда бир оятни ўқийсизлар, агар ушбу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, албатта ўша кунни байрам куни қилиб олардик!» У киши: «У қайси оят экан?», дедилар. Яҳудий айтдики: «Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим»». Умар розияллоҳу анҳу айтдиларки: «Аллоҳга қасамки, мен ушбу оят Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган кунни ҳам ва ушбу оят Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган соатни ҳам жуда яхши биламан. Жума куни, арафа кунининг кечки вақтида нозил бўлганди» (Муттафақун алайҳ).
Шунга биноан, дарҳақиқат Аллоҳ таоло динини тўла-тўкис қилди. Энди мусулмонга бидъат қилмай фақат ва фақат эргашиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида эргашишга буюриб айтдики: «(Эй инсонлар), сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, (Аллоҳни қўйиб ўзга) «дўстларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар» (Аъроф: 3).
Ва бизни Унинг буйруқларига хилоф иш тутишимиздан қайтариб айтдики: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).
Ва яна Аллоҳ жалла ва аъла бизни узилишиб-ажралишиб кетишга олиб борувчи йўллардан қайтариб, айтдики: «Албатта мана шу менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 153).
Бизни Ўзининг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган буйруқни қабул қилишимизга ва қайтарган қайтариқдан қайтишимизга буюриб, айтдики: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7).
Унинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бизни бидъатлар ва динда янги пайдо қилинган ишлардан қайтардилар. Саҳобаларига қилган васиятларида шундай дедилар: «Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда қора қул (раҳбар бўлиб қолса ҳам унга) қулоқ солиб, итоат қилишни васият қиламан. Чунки кимда-ким мендан кейин ҳаёт кечирадиган бўлса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сизларга менинг суннатим ва тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларнинг суннатини (маҳкам тутишингиз) вожиб бўлади. Буларни озиқ тишларингиз билан тишланглар. (Динда) янги пайдо бўлган ишлардан узоқ бўлинглар. Чунки (динда) пайдо қилинган ҳар бир иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат эса залолатдир» (Аҳмад 4/126, Шайхимиз «Ас-Соҳиҳ ал-Муснад мимма лайса фий ас-соҳиҳайн» 2/20-21 да ҳасан деб айтдилар, ҳадис Ирбоз Ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мустаҳкам эшикни очишга журъат қилиб, динга янги пайдо қилинган ишларни олиб келган кимсадан, бу иши ундан асло қабул қилинмай, ўзига қайтарилишини баён қилиб, айтдиларки: «Кимки бизнинг ушбу ишимизда янги нарсани пайдо қиладиган бўлса, у рад этилгандир» (Бухорий 2697, Муслим 1717, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди). Ва яна айтдиларки: «Кимки бизнинг амримиз бўлмаган бир ишни қилса, у рад этилгандир» (Муслим 1718-ҳадиснинг кетидан ушбу ҳадисни Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар).
Демак кимда-ким ушбу бидъатлар ва (динда) янги чиққан ишларни олиб келадиган бўлса, бу ишлари ўзига қайтарилади. Агарчи ушбу амалида Аллоҳга чин ихлос боғлаган бўлса ҳам. Модомики у бидъат қилиб, Аллоҳни динида янги нарса ўйлаб топар экан, бу амали ундан ҳаргиз қабул қилинмайди. Чунки у амалда бирор яхшилик йўқ бўлиб, турган битгани ёмонликдир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (минбарда) хутба қилиб, айтардиларки: «Аммо баъд: сўзларнинг яхшиси Аллоҳнинг Китобидир. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир…» (Муслим 867).

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.