Thread Rating:
  • 1 Vote(s) - 5 Average
  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5
Бадандаги қайси тукларни олиш жоиз эмас?
#1
Бадандаги қайси тукларни олиш жоиз эмас?

[Image: bismillah-781.gif]

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Ислом дини гўзалликни олқишлайди ва ҳар бир ҳолатда ўзига муносиб равишда мусулмонларни зийнатланишга тарғиб қилади. Ислом гўзаллик ва зийнатни машруъ этиш билан бир қаторда унинг чегараларини ҳам кўрсатиб берган.
Бадандаги тукларни қайси бирини олишлик мумкин ва қайси бирини олишлик мумкин эмас деган масалада уламолар ўртасида ихтилоф бор. Аллоҳ қодир қилганча барча тараф далилларини қисқача санаб ўтишга ҳаракат қиламиз. Бироқ аввало бир муҳим шаръий қоидани фойда учун эслаб ўтамиз.
Бадандаги тукларни олишликнинг асли маиший масалалар жумласидан бўлиб, ундаги асос, ҳаром қилинганидан бошқа, барча ишлар ҳалол эканидир. Бунга кўпгина далилларни келтириш мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу сўзлари: “Аллоҳ Китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса эса ҳаромдир. У сукут қилган нарсага келсак, у ҳам ҳалолдир. Шундай экан уни Аллоҳдан қабул қилинглар. Чунки дарҳақиқат Аллоҳ ҳеч нарсани унутмайди”, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: “Роббингиз унутгувчи эмасдир” (Марям: 65). (Ҳоким 2/375, Баззор 123. Нававий, Ибнул Қоййим, ҳофиз Ибн Касир, Суютий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).
Ушбу муҳим асосдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, баданнинг бирор қисмидаги тукларини олишликни ҳаром дейишлигимиз учун, унинг ҳаром эканига Қуръон ва Суннатдан далил келтиришимиз керак бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
لعن الله الواشمات والمستوشمات والنامصات والمتنمصات والمتفلجات للحسن المغيرات خلق الله
“Баданга игна билан ёзув ва нақшлар чизиб берадиган ва чизиб беришни талаб қиладиган аёлларни, қош териб берадиган (нимас) ва қошини териб беришни талаб қиладиган аёлларни, ўзини гўзал қилиб кўрсатиш учун тишларининг орасини очувчи аёлларни, Аллоҳнинг яратган нарсасига ўзгартириш киритадиган аёлларни Аллоҳ лаънатласин” (Бухорий 5931, Муслим 2125).
Ушбу ҳадис тукларни олиш ҳаром экани масаласидаги энг асосий ҳадис ҳисобланади.
Уламоларнинг айтишларича, ушбу ҳадисдаги қошни олишлик ёки теришлик ҳаром экани эркакларга ҳам, аёлларга ҳам баробар тегишлидир. Чунки ҳаром қилинишлигининг маъноси, Аллоҳнинг яратганига ўзгартиришлик киритишдир. Ҳадисда айни аёл киши зикр қилинишининг сабаби, одатда бу ишларга улар кўпроқ қўл уришларидир.
Ҳадисдаги: “қош териб берадиган ва қошини териб беришни талаб қиладиган” жумласи аслида: “ан-Намисат вал-мутанаммисат” деб талаффуз қилинади.
Ҳадисда “ан-намс” сўзи ишлатилади. Айни мана шу сўзга изоҳ беришликда уламолар ихтилоф қилишди. Шу сабабдан ушбу масалада ихтилоф юзага келди.
Биринчи қавл соҳиблари ҳадисда айни қош тукларини теришлик ҳақида айтилмоқда дейишди. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ўзларининг тўпламларида юқоридаги ҳадисни зикр қилганларидан сўнг шундай деганлар: “Намиса – бу қошини терган (аёл)дир”. Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ бошчилигидаги Доимий фатво қўмитаси ҳам ушбу қавлни ихтиёр қилишган. Шу сабабдан ҳам улар таъқиқ айни қошни теришга қаратилган деб ҳатто икки қош орасидаги тукларни олишликка рухсат беришган (Қаранг: “Фатава ал-Лажна” 5/197).
Иккинчи қавл соҳиблари “ан-намс” сўзининг маъноси фақатгина қошни териш эмас, балки юзнинг барча қисмидаги тукларини териш деб айтишади. Имом Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Намиса – юздаги тукларни оладиган (аёлдир)” (Қаранг: “ан-Ниҳая” 5/185). Яна бу кўпчилик араб тилшунос олимлари ва имом Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳнинг фикридир.
Учинчи қавл соҳиблари “ан-намс” – бу баданнинг барча қисмидаги тукларни олишлик дейишади. Бу ҳақида Файруз Ободий айтиб ўтганлар (Қаранг: “ал-Қомусул муҳит” 633). Айни шу қавлни шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳам ихиёр қилганлар. У киши ҳатто аёл киши юзидаги соқолини ҳам олиши жоиз эмас деб ҳисоблаганлар.
Барча қавл соҳибларининг сўзлари ҳақида қисқача маълумот олиб, яна юқоридаги масалага қайтиб айтиш мумкинки: уламолар ихтилоф қилмаган масала фақатгина аёл кишининг қош териши ва сочини кал қилиб қириши ҳаром эканидир. Бу ишнинг ҳаром эканида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Уламолар фақатгина “ан-намс” сўзининг маъносида ихтилоф қилишди.
Қош териш барчага маълум бўлган ҳаром амалдир. Чунки бундай иш қилган кимсани Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаганлар. Бу иш Аллоҳ яратган нарсага ўзгартириш киритиш, деб баҳоланади ва шайтон амалидандир. Агар эр шу ишга буюрса, аёл унга итоат қилмайди. Чунки бу маъсиятдир. Холиққа осий бўладиган ишда махлуққа итоат қилиш йўқ. Итоат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, фақат яхши ишда бўлади.
Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ қошни сийраклаштириш борасида шундай дедилар: “Қош тукларини олиш ёки сийраклатиш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ қош терган ва тергизган хотинларни лаънат қилган» ҳадиси ворид бўлган.
Илм аҳллари қош тукларини сийраклатиш – қош теришнинг бир тури эканини айтганлар»
(Қаранг: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 10– жузъ).
Бироқ шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтганларки, агар қош жуда қалин бўлса, ҳатто кўзларгача тушиб турса ва шу сабабдан аёл кўришга қийналса, у аёл қошларини текислаши ва енгил қилиб қисқартириши жоиз бўлади (Қаранг: “Фатава Ибн Усаймин” 3/866).
Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ қошларни қайчи билан кесиб, калталатишнинг ҳукми борасида шундай дедилар: “Агар қошни териш йўли билан калталатиш назарда тутилаётган бўлса, бу ҳаром ва катта гуноҳлардандир. Чунки у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган одамни лаънатлаган қош теришга киради.
Агар қошни қайчи ёки устара билан калталатиш назарда тутилаётган бўлса, бундай қилишни айрим илм аҳллари макруҳ, айримлари эса ҳаром деб, қош териш қаторига киритганлар ҳамда: «Қош териш тукларни юлишнинг ўзигагина хос эмас. Балки юздаги Аллоҳ ўзгартишга рухсат бермаган тукларни ўзгартирадиган барча нарсага омдир» – деганлар.
Бизнинг фикримизча, хотин киши биз қошни қайчи ёки устара билан калтайтиришнинг жоиз ёки макруҳ эканини айтсак ҳам, калтайтирмаслиги керак. Фақатгина, қошлари ўсиб кўзларига тушган ва кўришга халақит бераётган бўлсагина, халақит бераётган қисминигина калтайтиришларида зарар йўқдир”
(Қаранг: «Фатво ва рисолалар девони», 11 жилд).
Юқорида зикр қилиб ўтилган ҳадисдаги таъқиқ фақатгина қош теришликка тегишли деган биринчи қавлни ихтиёр қилган уламоларнинг асосий далиллари Оиша разияллоҳу анҳодан келган қуйидаги асардир. Абу Исҳоқ Сабиъий ривоят қилади: “Менинг хотиним Оишадан пешонасидаги сочини оладиган аёл ҳақида сўради. Бунга Оиша: “Унга зарар келтираётган нарсани имкони етганча олсин” деб жавоб берди” (Ибн ал-Жаъд “ал-Муснад” 464. Исноди ҳасан).
Ушбу ривоятнинг қанчалик саҳиҳ эканига эътибор қаратадиган бўлсак, шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ушбу ривоятни «Ғоятул маром» (96)да заиф санаб: “Мен Абу Исҳоқнинг хотинини билмайман” дедилар. Яъни ушбу ҳадиснинг заиф эканига сабаб қилиб шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ Абу Исҳоқнинг хотини номаълум эканини айтдилар. Бу ривоят эса ўша аёлнинг лафзидан ривоят қилинган. Аёлнинг исми Олия бинт Айфаъдир. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳдан аввал ушбу аёлни имом Шофеий ва Дорақутнийлар ҳам номаълум деб ҳисоблашган.
Аммо иш улар айтганчалик эмас. Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ «ас-Сиқот»да уни ишончли деб айтган. Имом Ижлий раҳимаҳуллоҳ эса у ҳақида: “У мадиналик тобеинлардан ва ишончли” деб айтганлар (Қаранг: “Маърифа ас-сиқот” 2/455).
Имом Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Олия машҳур ва юқори мартабали аёлдир. Ундан Абу Ҳанифа, Суфён Саврий, Ҳасан ибн Солиҳ, Мужоҳид, Шаъбий ва Кўфа фақиҳлари ривоят қилишган. Ибн Саъд уни «ат-Табақот»да зикр қилиб, шундай деган: “Олия бинт Айфаъ ибн Шараҳил – Абу Исҳоқ Сабиъийнинг хотини. У Оишадан эшитган” деб айтган. Яна ундан Таҳовий ва бошқалар ривоят қилишган. Унинг ҳадисларига Мадина ва Ироқ аҳли суянишган. Ҳатто Молик ва Аҳмад унинг ҳадисига суяниб гапиришган” (Қаранг: “Исар ал-инсаф” 301).
Имом Ибн Таркуманий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Олия – машҳурдир. Ундан эри ва ўғли ривоят қилишган. Улар эса икки имом эдилар” (Қаранг: “ал-Жавҳар ан-нақий” 5/330).
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ҳам «Хошия ала Аби Довуд» (9/246)да худди шундай деганлар.
Ҳофиз Ибн Абдулҳадий «ат-Танқиҳ» (2/558)да Олия орқали Оиша онамиздан келган ушбу ҳадис ҳақида шундай дедилар: “Унинг исноди ҳасан. Шофеий ва Дорақутнийнинг (Олиянинг номаълум экани ҳақидаги) сўзларида шубҳа бор. Бунга бошқа (муҳаддис)лар хилоф қилишган”.
Ушбу ҳадиснинг иснодини Ибн Абдулҳадий ҳасан деганларини ҳофиз Зайлаъий ҳам ривоят қилган ва у билан ҳамфикр эканини айтган (Қаранг: “Насб ар-ройя” 4/16).
Юқоридаги маълумотлардан маълум бўлишича, Оиша разияллоҳу анҳо бир аёлга пешонасида унга ҳалақит берувчи тукларни олишликка рухсат берганлар. Ушбу асар юқорида санаб ўтилган биринчи қавл соҳибларининг фикрини қувватлайди.
Доимий фатво қўмитаси уламолари шундай дейишган: “Аёл кишининг баданидаги сочларни олиши аслида ундан талаб қилинадиган нарсага киради. Чунки бунда эри учун зийнатланишлик бор. Буни таъқиқловчи ҳеч қандай далил йўқ, илло ан-намс таъқиқи бундан мустасно. Бу қош тукларини олишликдир” (Қаранг: “Фатава ал-Лажна” 17/130).
Моликий мазҳаби имомлари шундай дейишади: “Аёл киши олишлик уни чиройлироқ қиладиган барча тукларни олиши мумкин. Шунингдек у (аёл) уни чиройлироқ қилувчи барча сочларни қолдириши шарт. Шу сабабдан ҳам аёлларга кал қилиб (бошини) қириши ҳаромдир” (Қаранг: “ал-Мавсуъа ал-фиқҳия” 18/100).
Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Аёллар учун юзидаги сочларни олиши ҳаромдир. Соқол ва мўйлов бундан мустасно. Уларни олишлик ҳаром эмас, аксинча бизнинг фикримизча бу иш мустаҳабдир” (Қаранг: “Шарҳ Саҳиҳ Муслим” 14/106).
Бу иш қораланмаслигининг сабаби, Аллоҳ таоло аслида аёлларни соқолсиз яратган. Қайсидир аёлнинг соқоли бўлиши эса ноодатий ҳолат бўлиб, бу унинг камчилиги сифатида қаралади. Камчиликларни эса шариатда йўқотиш керак, агарда бунга очиқ таъқиқ келмаган бўлса. Бу синов қаршисида сабр қилишлик ва барқарор бўлишлик шарт бўлган ҳолатга кирмайди.
«Мавсуъатул фиқҳия» (4950) китобида шундай дейилган: “Жумҳур уламолар соқоли ёки мўйлови бор аёл учун уни олишлиги мустаҳаб деб ҳисоблашган. Баъзилар буни эрининг рухсатига боғлашган. Моликийлар эса буни вожиб деб ҳисоблашган, чунки бу ҳунукликдир. Табарийга келсак, у буни ҳаром ҳисоблаган”.
Имом Мунавий раҳимаҳуллоҳ аёлларнинг юзларидаги сочларни олишлик ҳаром экани ҳақидаги ҳадис борасида шундай дедилар: “Аллоҳнинг яратган нарсасига ўзгартириш киритадиган” – бунда бундай қилишлик ҳаром эканига кўрсатма бор. Айниқса баъзилар буни гуноҳи кабира деб ҳисоблашди, чунки ҳадисда лаънатга кўрсатма бор. Агар аёл кишининг соқоли бўлса, уни олиши ҳаром эмас, аксинча, бу мустаҳаб (бўлади). Чунки бу аёлларга нисбатан ҳунуклик ҳисобланади. Бу шофеийларнинг фикридир. Моликийлардан бўлган Занатий эса ушбу ҳадиснинг зоҳирини олиб: “(Аёл киши соқолини олиши) ҳаром” деди” (Қаранг: “ат-Тайсир” 2/293).
“Ал-Маваҳиб ал-жилил” (1/217) китобида аёл киши соқолини олиши вожиб деб айтилган.
Ушбу мавзуга якун сифатида, шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ ушбу масалага қилган шарҳларидан келиб чиққан ҳолда қисқача хулоса келтирсак.
Шариат тукларни уч қисмга бўлди:
1. Тегишлик ҳаром бўлган туклар. Бу эркакларнинг соқоли, аёл кишининг бошини кал қилиб қиришлик ва қошларни теришлик.
2. Шариат олишликка буюрган туклар. Бу аврат ва қўлтиқ тукларини олиш. Бунга саҳиҳ ҳадислар далолат қилади.
3. Шариат у ҳақида сукут қилган туклар. Бундай сочларга қандай муносабатда бўлишлик одамнинг ўз ихтиёрида, агар истаса уларни қолдириши, агар истамаса олиб ташлаши мумкин (Қаранг: “Фатава маръатил муслима” 3/879). Валлоҳу аълам.
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Reply


Forum Jump:


Users browsing this thread: 1 Guest(s)