Abu Solih   09-04-2012, 04:34 PM
#1

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ъала Росулиллаҳ, ва баъд.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки аҳмоқлар билан талашиш учун, ёки олимларга мақтаниш учун, ёки одамларнинг юзларини ўзига қаратиш учун илм талаб қилса – у дўзахдадир."

Ибн Можжа ривоятлари, Албоний ҳасан, дедилар. (Муҳаддислар бу ҳадиснинг даражаси борасида турли фикр билдиришган.)

Синдий "Сунан Ибн Можжа" шарҳида шундай дедилар: Кимки аҳмоқлар билан талашиш учун, - яъни ақли пастлар билан талашиб-тортишиш учун.
ёки олимларга мақтаниш учун, - яъни олимлар олдида фахрланиш учун.
ёки одамларнинг юзларини ўзига қаратиш учун, - яъни мол-дунёга, ёки ҳурмат-эътиборга эришиш учун ва авом одамларнинг юзини ўзига буриш учун. Уларни ўзига ҳизматчи қилиш, ёки гапирганида ҳамма унга қараб, унинг сўзларидан таъсирланиши учун, ўтирганида одамлар атрофига тўпланишлари учун илм ўрганса,
у дўзахдадир, - яъни у шунга лойиқ бўлади, абадий эмас. Аллоҳнинг фазли кенгдир, агар хоҳласа у ерга киргазмасдан авф қилиши ҳам мумкин.

АбдурРауф ал-Мунавий (1031 ҳ вафот топган), "Тайсир Бишарҳ Жамиъус Сағир" китобида айтадилар: Ким уламолар билан мусобақалашиш учун, - яъни уламолар билан баҳс-мунозаралар қилсиш учун, ва илмини риёкорлик билан кўз-кўз қилиш учун,
аҳмоқлар билан талашиш учун, - улар билан мақтанган ҳолда ҳужжатлашиш учун ва талашиб-тортишиш учун,
ёки одамларнинг юзларини ўзига қаратиш учун, - яъни мол-дунёга эришиш, обрў топиш ва омма инсонларни эътиборига тушиш учун (илм ўрганса).

Аллоҳ уни дўзахга киргазади, - Аҳмоқлар билан талашишни мукофоти дўзахга киришига сабаб бўладиган амал бўлди. Бундай ниятлар илм талаб қилувчилар ўз нафсларини қаҳр ва устунлик ила намоён қилиш йўлини танладилар. Бу сифатлар эса одамзотдаги шайтоний сифатлардир.

Баъзилар айтдилар: Мунозарачи талашувга киришиб кетганида ўз нафси учун бошқа бирор нарса билан эришилмайдиган нарсага эришади. (У киши тортишув ва жанжалдан шундай ҳаловат оладики, бошқа нарса билан бундай ҳаловатга эришолмайди.) Ҳеч қачон қаноатланмаслик билангина қаноатланадиган кишини қаноатига ҳеч қандай йўл йўқдир. (У ҳеч қачон қанотланмайдиган қаршисидаги кишининг сўзини қабул қилмайдиган кишидир. Уни қаноатлантиришга бирор йўл йўқдир.)

(Қисса: Икки ўртоқ чўлда сафарда кетишаётган экан. Узоқда қора бир нарса кўринибди. Дўстлардан бири: Бу эчки, - дебди. Иккинчиси: Йўқ, бу қуш, - дебди. Бир оз вақтдан сўнг ўша қора нарса пир этиб учуб кетибди, шунда: Кўрдингми бу қуш, - деса, дўсти унга: Учса ҳам эчки, - деган экан.)

Шунингдек Имом Молик ва Имом Аҳмад, Аллоҳ уларни раҳмат қилсин, айтадилар: Кимки олимлар билан талашиш учун, ёки ақлсизлар билан мусобақалашиш учун, ёки одамларнинг назарларини ўзига қаратиш учун илм талаб қилса – Дўзах ва яна Дўзах.

Ибн Абдулбарр айтадилар: Кимки олимлар билан талашиш учун илм ўрганса қалби қотади, - яъни илмга эришолмайди. Чунки у Аллоҳнинг юзи учун илм ўрганмади. Бу толибни энг ёмон ҳолатга келтирадиган ишдир. Чунки шухратга интилиш жуда хатарли ишдир. Инсонларнинг орасида риё қилиш унданда хатарлидир. Ҳар бир талаба ўз нафсида ва илмида Алллоҳдан тақво қилсин. Билган нарсасида ва бошқаларга бераётган илмида Аллоҳнинг юзини истасин, гарчи инсонлар ундан фойда олишса ҳам, фойда олишмаса ҳам!

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.