Admin   10-21-2009, 11:09 PM
#1
Имомга намозда эргашиш

إن الحمد لله، نحمده ونستعينه ونستغفره، ونعوذ بالله من شرور أنفسنا، وسيئات أعمالنا من
يهده الله فلا مضل له، ومن يضلل فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمداً عبده ورسوله
Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида (№411) Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
عن أنس بن مالك: ... قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: (إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَإِذَا رَفَعَ فَارْفَعُوا وَإِذَا قَالَ سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ وَإِذَا صَلَّى قَاعِدًا فَصَلُّوا قُعُودًا أَجْمَعُونَ).
«Имом фақат унга эргашиш учун қўйилган. Агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар у сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. Агар у (саждадан) кўтарилса, сизлар ҳам саждадан кўтарилинглар. Агар у: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, сизлар «Роббанаа валакал-ҳамд» денглар. Агар у ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар».
Имом Нававий бу ҳадиснинг шарҳида имомга намоздаги зоҳирий (сиртки) амалларда эргашилади деб айтганлар.
Демак, имомнинг орқасида турганлар имомга зоҳирий амалларида эргашиши лозим бўлади, гарчи уларнинг мазҳабларига мувофиқ бўлмаса ҳам, масалан, имом қўлларини ҳар такбирда кўтармаса, кўтармаслик ва ҳоказо.
Бу фикрни (яъни имомга зоҳирий амалларда эргашишни) Шайхул-ислом Ибн Таймия ва Албоний раҳимаҳумаллоҳ ҳам айтишган. Ибн Таймия ротиб (доимий) имомга шундай эргашилишини айтганлар.
Quote:Чунки орқа сафда турганлар янги келиб қолган имомнинг намоздаги зоҳирий ҳаракатларини билмайди, кўрмайди, лекин доимий имомнинг намоз ўқишини билишади.
Албоний эса имом намоздаги шу ҳаракатларни суннат деб билса, унга эргашилади, деганлар. Бунга мисол қилиб Албоний қуйидагини келтирадилар: Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ намозда имом бўлиб рукуъдан сўнг қўлларини кўкракка боғлаганларида Албоний орқаларида туриб ҳам шу ишни қилганлар, гарчи бу амал (рукуъдан сўнг қўлларни кўкракка боғлаш)ни Албоний бидъат деб билсалар ҳам. Чунки Ибн Боз бу амални суннат деб билардилар. Аллоҳ уларнинг ҳаммаларини раҳматига олсин!
Баъзилар: «Имомга фақат ҳайъат (ҳолат)да эргашилади» дейишади, яъни тик туриш, рукуъ, сажда, ўтириш каби.
Биринчидан, бунга савол туғиладики: «Ҳадиснинг қайси ўрнидан ушбу фикр истинбот қилинди?»
Иккинчидан, бошқа ривоятда: «Имом қироат қилса, тингланглар» дейилган. Имомнинг қироат қилиши бир ҳолат бўлса, тинглаш эса бошқа ҳолат, балки қироат ҳолатига тескари.
Учинчидан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Бухорий ва Муслимдаги ривоятида: «Имом фақат эргашиш учун қўйилган. Бас, унга хилоф иш тутмангизлар» дейилган. Имом қўлларини кўтарса, унинг орқасидаги намозхон (маъмум) эса кўтармаса, ёки бунинг акси: имом қўлларини кўтарса-ю, маъмум кўтармаса, имомга хилоф иш тутган бўлади.
«Ҳадисда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар «эргашилиш учун қўйилган» деган ом буйруқдан хос кўрсатилган, фақат ўша амалларда эргашилади, улардан бошқасида имомга эргашилмайди» деган даъвога қуйидагича жавоб берса бўлади. Бу ерда эргашиш учун баён қилинган ҳолатлар тахсис (хослаштириш) учун эмас, балки тансис (матнни тушунтириб бериш) учун келган. Яъни, эргашишга бўлган ом буйруққа қандай эргашилиш мисоллари келтирилган. Эргашишдан мақсад ом эргашиш эканлигига: «Унга хилоф қилманглар» сўзлари далолат қилади.
Имом баъзи суннатларни суннат эмас деб билса, баъзилар суннатларни шу имомнинг орқасидан бажараверишади. Уларнинг наздида суннатни имомга эргашиш учун тарк қилиш мумкин эмас. Лекин ўтириб ўқиган имомга эргашиш учун намознинг рукни (усиз намоз намоз эмас) бўлган тик туриш юқоридаги ҳадисга биноан соқит (бекор) бўлганини бир ўйлаб кўришсин!
Саҳобалар имомга эргашишга қаттиқ эътибор беришганларига қуйидаги мисол келтирамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бир куни намоз ўқиётганларида оёқ кийимларини ечдилар. Саҳобалар ҳам оёқ кийимларини ечишди. Ул зот намозни тугатганларидан сўнг улардан: «Сизларга нима бўлдики, оёқ кийимларингизни ечдингизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Сиз оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб биз ҳам ечдик» дейишди. Ул зот айтдилар: «Менга Жаброил келиб оёқ кийимда нажосат - ёки зиён дедилар - (бошқа ривоятда ифлослик) борлигини айтди ва мен уни ечдим. Сизлардан биронтангиз масжидга келса, оёқ кийимига қарасин, агар нажосат - ёки зиён дедилар - (бошқа ривоятда ифлослик) кўрса, оёқ кийимини артсин-да, шу (оёқ кийим)да намоз ўқисин» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Ҳоким, Заҳабий ва Нававий саҳиҳ дейишди. «Ирвоул-ғолил»да келтирилган (№284)).
Бунга яна мисол қилиб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг орқаларидан сафарда тўрт ракаат ўқиганликларини келтирсак бўлади. Ибн Масъуддан: «Сиз Усмонни (сафарда қаср ўқимагани учун) танқид қилиб ўзингиз яна тўрт ракаат ўқидингизми?» деб сўрашганида, Ибн Масъуд: «Ихтилоф қилиш ёмон» деб жавоб бердилар. Буни Абу Довуд «Сунан» (1/307/1960)да ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул-Буҳорий»нинг шарҳи бўлмиш «Фатҳул-Борий»да буни келтирганлар. Бунинг санадини Албоний саҳиҳ деганлар.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам амир қон олдириб таҳорат олмасдан намозга ўтганида орқасидан намоз ўқиганлар. У кишидан нимага бундай қилганларини сўрашганида: «Субҳаналлоҳ, мўминлар амири-ку?!» деганлар. Буни Ибн Абил-Ийз ал-Ҳанафий «Таҳовий ақидаси» шарҳида келтирганлар.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида (№1707) ва Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Ҳудайн ибн ал-Мунзир Абу Саасаандан ривоят қилинадики, Валид ибн Уқба бомдод намозини маст ҳолатда бошқарган. Аҳмад ривоятида (1/144/1229) бомдодни тўрт ракаат ўқигани айтилган.
Quote:Шуъайб Арнаут уни Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳ деган.
Ваҳоланки, саҳобалар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Масъуд унинг ортидан туриб, унга эргашиб намоз ўқишган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул-Борий»да Умар розияллоҳу анҳу шомни қироатсиз ўқиб қўйганлари ҳақида ривоятни келтирадилар. Кейин намоздан сўнг у кишига бу ҳақда айтишганида, Умар: «Қироатсиз намоз намоз эмас» деб намозни бошқатдан ўқиганлар. Эътиборли жойи шуки, ортларидан саҳобалар индамай намоз ўқиган ва танбеҳни намоздан сўнг айтишган.
Албоний раҳимаҳуллоҳ намозларни, хусусан витр намозини масжид имоми бошқа мазҳабда ўқигани учун унинг орқасида эргашмаганларни «Саҳиҳа»да танқид қилгандилар.
Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ савол берувчига таровиҳни 23 ракаат ўқиган имомнинг орқасидан тўлиқ ўқишни тавсия қилганлар ва имомнинг ортидан намозни тўлиқ ўқиган кишига кечаси билан намоз ўқиган деб ёзилиши ҳақидаги ҳадисни келтирганлар.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.