Тавҳид форуми
Мусулмонларни бош кўтаришга чақираётганларга мурожаат - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Манҳаж (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=56)
+--- Forum: Ҳукмдорлик (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=51)
+--- Thread: Мусулмонларни бош кўтаришга чақираётганларга мурожаат (/showthread.php?tid=752)



Мусулмонларни бош кўтаришга чақираётганларга мурожаат - Abu Solih - 07-06-2011

Мусулмонларни бош кўтаришга чақираётганларга мурожат.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримизга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин , у кишининг аҳлларига ва саҳобаларига ҳам. Шундан сўнг,
“Кеттик намойишга!” деган чақириқ мусулмон юртларини бошига келган катта фитна бўлди. Бу фитна ва мусибатлар қанчадан-қанча мусулмонларни ёстиғини қуритди, Инна лиллаҳи ва инна илаҳйҳи рожиъун! (Биз Аллоҳникимиз, Унинг ҳузурига қайтгувчимиз).
“Кеттик намойишга!”, бу кофирларнинг шиорлари ва уларнинг сиёсат юритишларининг асосларидан. Мусулмонларга бундай шиорлар ётдир.
Мусулмонлар динларидан узоқлашишди, Аллоҳнинг буйруқларини унитишди, дунёга берилишди, шунда Аллоҳ уларга хорликни берди. Росулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллама айтдилар: “Агар ъина савдоси (рибога олиб борувчи кўриниш) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди” (Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилган).
Аллоҳнинг динидан хабари йўқ кимсалар бу хорликни сабабини раҳбарларга ағдаришди. Энди раҳбарларни кетказиб ишни осонликча ҳал қилмоқчи бўлаяптилар. Аслида шу раҳбарлар ойдан тушгани йўқ, бу халқнинг Аллоҳнинг динига қандай амал қилганларининг натижсидир. Энг катта зулм бу – ширк, Аллоҳнинг ҳаққига қилинган зулм. Мозорларга топиниш, сеҳр ва бошқа ширклар кенг тарқалди. Қуръон ва ҳадис илмидан хабари бор одамлар эса кофир-кофир деб бақириш фитнасига йўлиқдилар, Исломда гуруҳлар тузишга рухсат беришди, мусулмонларнинг қонини ҳалол санашди. Яна баъзилари эса, Аллоҳнинг тақдирини инкор қилишди, Аллоҳнинг исм ва сифатларида куфр ва бидъат эътиқодларни халққа таълим беришди. Бу зулм эмасми? Бу Аллоҳнинг ҳаққига зулмдир! Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом: 129).
Қатода деди: «Аллоҳ одамлар устидаги ҳукмдорликни уларнинг амалларига яраша беради. Мўмин мўминга ва кофир кофирга ҳукмдорлик қилади» («Тафсир Ибн Касир» 2/346).
Мансур Ибн Асвад ривоят қилади: «Мен Аъмашдан «Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» ояти ҳақида сўрадим: «Ушбу оят ҳақида айтилганлардан нима эшитгансан?!» У: «Мен бу (оят) ҳақида: «Агар халқ бузилса, улар устидаги ҳокимлик (улардан) энг ёмонларига берилади!» деб айтишганини эшитганман» деб жавоб берди» (Абу аш-Шайх. «ад-Дуррул Мансур» 3/358).
Шунинг учун ислоҳ қилишни ўзимиздан бошлашимиз лозим, эътиқодларимизни бидъатлардан тозалашимиз, манҳажимизни ва ибодатларимизни суннатга мувофиқ амалга оширишимиз ва халқимизни шу асосида тарбия қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд: 11).
Диндан хабари йўқлар қарши чиқишга чақиргани бир тарафда қолиб, Аллоҳнинг китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан хабардор бўлганлар ва одамларга фатволар бераётган уламолар ҳам шу йўлни тутишди. Ҳақ дин қолиб кофирларнинг услуб ва манҳажларини ўзларига дастур қилиб олишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, сизлар аввал яшаб ўтганларнинг йўлига изма-из эргашасизлар. Ҳатто калтакесакнинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам кирасизлар.”
Саҳобалар: “Ё Росулуллоҳ, улар яҳудий ва насронийларми?” – деб берган саволларига: “Бўлмаса кимлар?” – деб жавоб бердилар.”
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бу дин арбоблари мусулмонларнинг қалбларига шубҳалар ташламоқдалар. Шубҳаларга жавоб беришни алоҳида рисолада чоп этишни мақсад қилиб қўйдик. Аллоҳ бу ишимизда бизга мададкор бўлсин.
Бу рисолачани эса, ҳар бир мусулмонга ва ақл эгасига, қисқагина мурожат тарзида битдик. Шояд улар: “Эй халқим, қўзғалмайсанми?”, деган мудҳиш сўзларидан тавба қилишса. Халқни қўзғолонга чақириб, уни ҳар қандай чиройли сўзлар билан безашдан тийилишса. Шояд, Аллоҳ раҳбар билан халқни орасини яхшиликда ислоҳ қилса, деган нийят қилдик. Қўзғолоннинг ёмонлиги ислом тарихида ўз изини қолдирган, Шайхул Ислам Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Набавий суннат манҳажи” китобларида шундай дедилар: “Шунинг учун Аҳли сунна мазҳабида машҳур бўлган қоида: Улар раҳбарларга қарши чиқишни ва уларга қарши қилич билан жанг қилишни тўғри деб ҳисобламайдилар, гарчи улар зулм қилишса ҳам. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган, (бу масалани) равшан баён қилган саҳиҳ ҳадислар далолат қилади. Чунки уларнинг зулмлари билан, урушсиз ва фитнасиз ҳосил бўлган фасоддан кўра, урушдаги ва фитнадаги фасод каттароқдир. (Ислом тарихида) Султонга қарши чиққан ҳар бир тоифа борки, бу чиқишлигида улар кетказган фасоддан кўра улар олиб келган фасод улканроқ бўлди!”
Аҳли суннанинг имоми, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ билан мана шу маслада кечган савол-жавобга қулоқ солинг! Буни Бакр ал-Холлал “Суннаҳ” китобларида саҳиҳ санад билан Аби Ҳорис ас-Соиғдан ривоят қиладилар, у киши айтдилар: “Абу Абдуллоҳдан (Аҳмад ибн Ҳанбалдан) Бағдодда бўлган воқеа ҳақида сўрадим, у ерда бир қавм раҳбарга қарши чиқди. Айтдим: Эй Абу Абдуллоҳ ўша қавм билан қўшилиб чиқишга нима дейсиз?
(Имом Аҳмад) Уларнинг бу ишини рад қилдилар ва айтдилар: Субҳаналлоҳ! (Одамларнинг) Қони, (одамларнинг) қони! Бу ишни тўғри деб билмайман, бунга буюрмайман ҳам! Биз турган ҳолатимизга сабр қилишлик фитнадан кўра яхшироқдир! (Чиқишлик билан) Қонлар тўкилади, мол-мулк талон-тарож бўлади, муҳаррамотлар топталади. Билмайсанми одамларнинг аҳволи ўша кунда (яъни фитна-зулм кунлари) қандай бўлади?
Мен айтдим: Одамлар бугун фитнада (зулмда) эмасмилар, Эй Абу Абдуллоҳ?
Айтдилар: Нима бўлса ҳам, бу (инсонларнинг баъзиларига) хос бўлган фитна, қачонки қилич кўтарилса фитна ҳаммага тегади ва йўллари тўсилади. Ҳозирги ҳолатингга сабр қилишинг ва динингда саломат бўлишинг сен учун яхшироқдир.”


Шу борада баъзи муҳим нуқталарга тўхтаб ўтмоқчимиз!

1. Аҳли сунна вал жамо олимларининг орасида машҳур бўлган қоидалрдан бири: Далилни ўрган сўнгра эътиқод қил, аввал эътиқод қилиб кейин далил қидирма!
Ҳавою нафсига эргашганлар эса, аввал эътиқод қилишади, сўнгра бу эътиқодларига далил қидиришади. Улар залолатлари учун далилларни топишади ҳам. Аллоҳ таоло айтганидек: “Бас, дилларда (ҳақ йўлдан) оғиш бўлган кимсалар (одамларни) алдаб, фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун унинг муташобеҳ (тушиниш қийин бўлган) оятларига эргашадилар.” (Оли Имрон сураси 7-оят).
Шунинг учун ҳар бир далил кўтариб келган одам ҳақ бўлавермайди. Биз далилларни салафларимиз ва умматнинг имомлари тушунганидек тушунишимиз лозим. Улар амал қилганларидек бу ҳужжатларга амал қилмоғимиз керак. Ҳавою нафс эгаларидан узоқ бўлишимиз, уларнинг залолатларидан қалбимизни, динимизни сақлашимиз лозим. Намойишларга чақириқлар бидъат тоифаларининг чақириқлари эканини, Ислом уламолари ўз китоблари ва раддиялари билан баён қилиб бермоқдалар.
2. Таъасуб - уламоларга кўр-кўрона эргашиш инсонларни мусибатга бошлайди. Аллоҳдан келган ҳақ калимани қабул қилиш мусулмоннинг вазифаси. Ота-бобосининг йўли, ёки пирининг маслаки, ёки уламонинг сўзи Қуръон ва Ҳадисга зид келса бу сўзни ташлаши лозим. Акс ҳолда бу ширкларнинг бир турига айланади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Парвардигор деб билдилар.” (Тавба сураси 31-оят)
Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилинади, айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим, бўйнимда тиллодан бўлган хоч бор эди. Бароат сурасидан мана бу оятни ўқиганларини эшитдим: “Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини Парвардигор деб билдилар.” (Адий) айтдилар: Мен айтдим: Ё Росулуллоҳ, улар (олимларга) ибодат қилишмасди. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: Тўғри, лекин Аллоҳ уларга харом қилган нарсани ҳалол қилиб беришди, одамлар уни ҳалол санашди. Аллоҳ уларга ҳалол қилган нарсани харом қилиб беришди, одамлар уни харом санашди. Мана шу уларга ибодат қилганларидир.” (Термизий ривоятлари. Албоний ҳасан дедилар).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтдилар: «Сизларни ҳаким-олимнинг оғиб кетишидан огоҳлантираман. Чунки шайтон баъзан залолат калимасини ҳакимнинг тили орқали гапиради». Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилди.
3. Ҳанафий мазҳабининг фалон китобида бу ишга рухсат берилган, деган шубҳа билан одамларни қарши чиқишга чақирилди. Нега динимизда бу масаланинг ҳукми бундай деб, айтилмасдан, Ҳанафий мазҳабида дейилди? Аллоҳ таоло пайғамбарини ҳанфий мазҳабида юбормадику! Абу Ҳанифагача яшаган олимлар бу мазҳабга муҳтож бўлмадиларку!
Мусулмонлар мазҳаб олимларини йўлни ёритувчи чироқ каби, деб билишлари лозим. Уларнинг илмларидан фойдаланиб, Қуръон ва ҳадисга мувофиқ келганини олиб, мувофиқ келмаганини ташлашлари лозим. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Пайғамбаримиздан ташқари ҳар қандай кимсанинг гапи олинади ҳам, ташланади ҳам, лекин Пайғамбарнинг гапи албатта олинади”, – деганлар. (Ибн Абдулҳодий “Иршодиус-Салик”, 1-жузъи 227)
4. Ҳанафий мазҳабида золимга қарши чиқиш жоиз деган фикр иттифоқми? Ёки бу навбатдаги талбисми (ёлғонми)? Ҳанафий мазҳабидаги энг мўтабар китоблардан “Ақида ат-Таҳовия”да шундай дейилган: “Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Ал-Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбонийлар Ислом дини асослари ҳақида нимани эътиқод қилганлари ва Аллоҳ Роббул оламинга қайси эътиқод билан сиғинганлари зикр қилинади”
Яна айтдиилар: “Имом-раҳбарларимизга ва бошлиқларимизга қарши чиқишни жоиз демаймиз. Гарчи бизга зулм қилсалар ҳам (уларга қарши чиқишни жоиз санамаймиз). Уларни дуоибад қилмаймиз. Итоатларидан бўйин товламаймиз. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш жумласидан бўлган фарз, деб эътиқод қиламиз. Уларга салоҳият ва офият сўраб дуо қиламиз.”
Ваҳоланки, ўша шубҳаларни тарқатаётганларнинг баъзилри Таҳовий ақидасини ўз шогирдларига дарслик қилиб ўтиб, тасмаларга ёзиб оммага тарқатган ва тарқатиб келмоқдаларку. Нега энди ҳукм олишга келганда ушбу китобдан фойдаланилмаябти.
5. Уларга одамларнинг қони ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дейилса шундоқ ҳам қон тўкилмоқда, дейдилар. Энди тўкилажак қонлар учун жавобгарликни ўз гарданингизга олишга тайёрмисиз? Энди тўкилажак қонларга, талон-тарож бўладиган мол-мулкнинг гуноҳига шерик бўлишни хоҳлайсизми? Аллоҳга нима деб жавоб берасиз? Аллоҳдан сизга бирор рухсат бўлмасдан туриб инсонларни қонини ўз гарданингизга юкламоқдасиз.
6. Миср ва Тунис воқеаларини ўзларига ўрнак қилишди. Мисрни ўзида мингдан ортиқ киши ўлди. Бу агар қамоқларда йилига 20-30 киши ўлик чиққанда ҳам, 30 йилда бўлган ўлимлардан ошиб кетди.
Миср ва Тунисдан ўрнак олган бошқа юртларнинг аҳволи ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
“Тинчлик намойиши”, “Тинч йўл билан” деган даъволар билан халқни алдаб, қолаверса ўзингизни алдаб нима қиласиз? Қайси раҳбар тинч йўл билан кетишни хоҳлайди?! Бу тинч йўл қанча инсонларни ўлимига сабаб бўлади.
7. Бу ҳаракатлар қандай мақсад билан уюштирилаяпти? Демократия, ҳуррият, озодлик, сўз эркинлиги, дин эркинлиги, шундайми? Эй мусулмон, сен Қуръон ва ҳадисга чақирмайсанми? Қадамингни Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учун ташламайсанми? Зулмни Куфр билан дафъ қилмоқчимисан? Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), сизга нозил қилинган нарсага (Қуръон)га ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганмиз, деб даъво қиладиган (айрим) кимсаларнинг (Қуръонни қўйиб) тоғут-шайтонга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди.” (Нисо сураси 60-оят).
8. Оврўпа ва Америкадаги куфр аҳли мусулмонлар юртида шундай нотинчликлар бўлишини хоҳлайди, улардан ёрдам кутмоқдамисиз? Либияда мухолифатга ёрдам берди, натижада уруш янада кўпроқ авж олди. Қанча жонлар қурбон бўлди куфр йўлида – демократия йўлида. Вайрон бўлган уйлар, мол-мулкларни гапирмасак ҳам бўлади. Агар Қуръон ва ҳадисни ҳакам қиламиз деб ҳаракат қилинса Америка ёки Оврўпа ёрдам берармиди? Аллоҳ таоло айтади: “Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир) уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ-равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди.” (Бақара сураси 109-оят).
9. Сиз бу сатрларни ўқиб буни давлатни одами ёзган, деган шубҳа билан бошқаларни ҳақни эшитишдан бурарсизлар. Балки, баъзиларнинг эътиқоди ва дини раҳбарларни кофир ва золим дейишлик бўлиб қолган. Улар ҳақни шу билан ажратадилар, Қуръон ва Ҳадис билан эмас. Ким агар раҳбарни ёнини оладиган бирор сўз айтса, у адашган, у мусулмонларнинг душмани, у кофирларни ёнини олаяпти, яна қандай тухматларингиз бор эди? Бундай тухматлардан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз! Имом Барбахарий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар султонга қарши бад дуо қилаётган кишини кўрсанг, билгини у ҳаво (бидъат) эгаси. Агар султонга салоҳият сўраб дуо қилаётган одамни кўрсанг, билгинки у суннат соҳибидир, инша Аллоҳ.” (Шарҳ Сунна 113).
Биз фақат ҳақ деб билганимизни ёздик, ҳиссиёт ёки алам устида қалам тебратмадик, ўч олиш учун ёки нафсларимизга ёқмаганларга раддия бериш мақсадида оқ қоғозни қораламадик. Аллоҳнинг юзи учун, хатокорни қўлидан тутиш учун, халқни аҳволини ислоҳ қилиш учун бу сатрларни битдик. Хато қилган бўлсак шайтондан ва ўз нафсимиздан, агар тўғри бўлса Аллоҳдан.
Ва соллаллоҳу ала Муҳаммад ва ала аалиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин!



RE: Мусулмонларни бош кўтаришга чақираётганларга мурожаат - Меҳмон - 07-09-2011

Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ҳукмдорга эшитиб, итоат қил. Агарчи орқангга уриб, молингни олса ҳам»
(Муслим 3/1476, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

(07-06-2011, 06:05 PM)Abu Solih Wrote: Биз фақат ҳақ деб билганимизни ёздик, ҳиссиёт ёки алам устида қалам тебратмадик, ўч олиш учун ёки нафсларимизга ёқмаганларга раддия бериш мақсадида оқ қоғозни қораламадик. Аллоҳнинг юзи учун, хатокорни қўлидан тутиш учун, халқни аҳволини ислоҳ қилиш учун бу сатрларни битдик.

Alloh haq ustida bardavom qilsin!