Имом Абу Ҳафс Кабир - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Сийрат (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=35) +--- Forum: Уламолар таржимаи ҳоли (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=86) +--- Thread: Имом Абу Ҳафс Кабир (/showthread.php?tid=486) |
Имом Абу Ҳафс Кабир - dimu - 05-06-2011 ИМОМ АБУ ҲАФС КАБИР БУХОРИЙ “Абу Ҳафс Кабир” куняси билан танилган Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий 150 ҳижрий (767 милодий) йили Бухоро шаҳрининг Фагсодара маҳалласида туғилиб, 216 ҳижрий (832 милодий) йили ўша ерда вафот этган, Аҳмад ибн Ҳафс илм излаб Бағдодга боради. У ерда Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний билан учрашади ва ундан дарс ола бошлайди. Ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганиб, бошқа диний илмларда ҳам камолга етганидан кейин Бухорога қайтиб келади. У Бухоронинг етук олимлари жумласидан эди. Бухоро шу киши туфайли “Қуббат-ул Ислом” (“Ислом дини гумбази”) деб аталган. Бухоро аҳлининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалишига кўп жиҳатдан шу киши сабаб бўлган. Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўплаб фақиҳларни тарбиялаб етиштирган. Абу Ҳафс Кабир ҳанафий мазҳаби фиқҳининг Мовароуннаҳрда тарқалишида қанча жонбозлик кўрсатган бўлса, унинг ўғли Абдуллоҳнинг ҳам бу борада хизмати катта бўлган. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳни “Абу Ҳафс Сағир”, яъни “Кичик Абу Ҳафс” деб аташган. Наршахий айтишича, ҳожилар карвонидан бир киши Абу Ҳафс Кабирни ёнига келиб, масала сўраган экан. Абу Ҳафс Кабир ҳайратланиб: «“Ўзинг-ку Ироқдан келяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?” дебди, У киши: “Бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдим, лекин жавоб бера олишмади ва менга “Бухорога бориб, Абу Ҳафс Кабир ёки унинг фарзандларидан сўра, улар жавоб бера олади”, деб айтишди», деди. Имом Абу Ҳафс Кабир бир кеча-кундузда Қуръон каримни икки марта хатм қилар, одамларга дарс ҳам берар эди. Кексайиб заифлашгач, бир марта хатм қиладиган бўлди. Яна ҳам заифлашиб қолгач, то дунёдан ўтгунига қадар, бир кеча-кундузда Каломуллоҳнинг ярмини ўқийдиган бўлди. Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризосига ғарқ этсин! Олим фиқҳнинг турли масалаларига доир кўп асарлар ёзган. Булардан “Фатавои Абу Ҳафс Кабир”, “Китабул имон” айниқса машҳур бўлган. Абдулкарим Самъоний айтишича, Абу Амр Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Хузоий ал-Мохий: “Мен Абу Ҳафс Кабирнинг “Китабул имон” китобларидан таълим олганман”, деган. Абу Ҳафс Кабирнинг фиқҳга доир турли масалалар ёритилган “Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (“Ҳавоий гаплар ва келишмовчиликлар”), “Ар-Радду алал лафзия” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлари ҳам бор. Имом Шофиъий Абу Ҳанифа таърифларида “Одамлар фиқҳда у зотнинг боқимандаларидир” деганларидек, Бухоронинг барча олимлари ҳам Абу Ҳафс Кабир олдиларида қарздордирлар. Чунки буюк муҳаддис, ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий у кишининг шогирди бўлган. Бухоронинг аксар олимлари Абу Ҳафсдан таҳсил олишган. Абу Ҳафс Кабир, амир бўладими, оддий фуқаро бўладими, қандай муаммо билан келса, ҳал қилиб берар эди. Олди-сотди ёки ибодат масалаларини жуда аниқлик билан ечарди. Шу боис одамлар олимни “Ҳожатбарор имом” деб ҳурматлашган. Ривоят қилишларича, Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорода ҳанафий мазҳаби асосида таълим бериладиган илк мадрасани қурдирган. Бу мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзеида бўлган. Аллома уйларидан мадрасага боришда бозор орқали ўтардилар. Шунда ҳайбатларидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қоларди. Абу Ҳафс Кабирнинг илмда забардаст ўнлаб шогирди бўлган. Улардан Абу Жаъфар Ризвон ибн Салим Бадакорий Бухоронинг Бадакор қишлоғидан эди. Яна шогирдларидан Абул Ҳасан Муқотил ибн Саид Байдарий, Абу Солиҳ Тоййиб ибн Муқотил Хуноматий, Муҳаммад ибн Ҳотам Субизгукий, Муҳаммад ибн Абдулло Абу Заҳҳок Фазл ибн Ҳассон Сутиканий, Абу Усмон Саид ибн Сулаймон Шаргий, бу кишининг отаси Абу Саид Сулаймон ибн Довуд Шаргий ҳам Абу Ҳафс Кабирдан таълим олган. Имом Абу Ҳафс Кабир замонасининг мужаддид олими сифатида тан олинган. Бу зотнинг бизгача етиб келган ноёб асарлари бундан кейин ҳам мусулмонларга хизмат қилиши шубҳасиз. |