Тавҳид форуми
Кофирларнинг байрам кунларида улардан совға олиш - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Ал-Вало вал-Баро (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=54)
+--- Thread: Кофирларнинг байрам кунларида улардан совға олиш (/showthread.php?tid=419)



Кофирларнинг байрам кунларида улардан совға олиш - Admin - 11-04-2010

Кофирларнинг байрам кунларида улардан совға олиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
Сўнг…
Билмоқ лозимки, кофирларга уларнинг байрам кунларида совға бериш, байрамларида иштирок этиш, байрамларига керак бўладиган байрам анжомларини сотиш билан бу кунларда улардан совға олишнинг шаръий ҳукмлари орасида фарқ бор.
Аллоҳ таоло айтади:
«Биз барча миллатга ўз маросимларини жорий қилганмиз» (Ҳаж: 67).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: «(Кофирларнинг) байрамларида Аллоҳнинг душманларидан йироқ бўлгин» (Байҳақий 18641).
Шайхулислом Ибн Таймийя дедилар: «Кофирларнинг бирор байрамига тақлид қилишлик, уларнинг ботил эътиқод ва урфларига рози бўлишликни билдиради». Яна дедилар: «Мусулмонларнинг кофирларга улар байрамларида фойдаланадиган нарсаларни: овқат, либос, райхон ва шу каби ашёларни сотишлари ҳаромдир» (Қаранг: «ал-Иқтида» 229).
Шайх Ибн ал-Қоййим дедилар: «Кофирларни байрамлари муносабати билан табриклаш ҳаром эканлигига уламолар ижмо қилдилар». Яна дедилар: «Бу худди бировни ароқ ичгани, қотиллик ёки зино қилгани билан табриклаш кабидир» (Қаранг: «Аҳкаму аҳлиз-зимма» 1/441).
Шайх Усаймин дедилар: «Мусулмон киши кофирларнинг байрам маросимларига бўлган таклифларини қабул қилиши ҳаромдир. Чунки бу уларни табриклашдан кўра қаттиқроқ иш ва улар билан шу байрамда иштирок қилишдир» (Қаранг: «Мажмуъул-фатава ва расаил» 3/369).
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мадина шаҳрига кўчиб келганларида мадиналикларнинг иккита байрами бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу қандай кунлар?» - деб сўрадилар. Мадиналиклар: «Биз жоҳилият даврида бу кунларда байрам қилар эдик» - дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизлар учун бу икки кунингизни қурбон ва рамазон байрамларига алиштирди» (Абу Довуд 1134, Насоий 1555, Аҳмад 3/178, Абдурраззоқ 15566. Ҳофиз Ибн Ҳажар ва шайх Албоний ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқлашган).
Агар кофирларнинг байрамларида иштирок этиш ёки уларнинг байрамларини нишонлаш мусулмонлар учун ҳалол бўлганида, Аллоҳ таоло Мадина аҳлининг байрамларини алиштирмаган бўлар эди!
Имом аз-Зайлаъий ҳанафийларнинг «Табйин ал-Ҳақоиқ» китобида айтади: «Наврўз ва Маҳражон (форс-мажусийларнинг байрами) муносабати билан совға бериш ҳаромдир. Ушбу икки байрам муносабати билан совғалар тақдим этиш таъқиқланган, куфр амали ҳисобланади. Абу Ҳафс ал-Кабир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шундай бўлиши мумкинки, инсон Аллоҳга эллик йил мобайнида ибодат қилиб келди. Сўнг Наврўз байрами кириб келди ва у мушрикларнинг бирига тухум совға қилди. Бу билан у ушбу кунни улуғлашини изҳор қилмоқчи эди. У кофир бўлди ва барча амаллари ҳабата бўлди». Муаллиф Жомиъ ал-Асғар дедилар: «Агар мусулмон Наврўз кунида бошқа мусулмонга совға берса, бу амалини ушбу кунни улуғлаш ниятида қилмаган, балки баъзи инсонлар орасида бу одат тусига киргани учун қилган бўлса, бундай ҳолатда у кофир бўлмайди. Бироқ у айни шу кунни тайин қилмаслиги керак. Уларга ўхшаб қолмаслик учун совғани бу кундан аввал ёки кейин бериши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким қайси қавмга ўзини ўхшатса, у ўшалардандир»». Яна айтадилар: «… Наврўз куни инсон бирор нарсани ҳарид қилмоқчи бўлди. Аввал бу нарсани у ҳеч қачон ҳарид қилмаган эди. Агар у инсон бу амали билан ушбу кунни мушриклар улуғлаганидек улуғлашини намоён қилмоқчи бўлган бўлса, кофир бўлади. Агар у инсон бу нарсани ейиш, ичиш ёки лаззатланиш учун ҳарид қилган бўлса, кофир бўлмайди»» (Қаранг: «Табйин ал-Ҳақоиқ» 6/228).
Моликийларнинг «ат-Таджу вал-Иклил» китобида айтилган: «Ибн ал-Қосим насронийларга уларнинг байрам кунлари совға беришни, шунингдек яҳудийларга уларнинг байрам кунлари ҳурмо новдасини совға тариқасида беришни жирканч амал ҳисоблаганлар» (Қаранг: «ат-Таджу вал-Иклил» 4/319).
Ал-Икноъ (ҳанбалийларнинг фиқҳ) китобида айтилган: «Яҳудий ва насронийларнинг байрамларида ҳозир бўлиш, уларга бирор нарса сотиш ва шу кунда совға тақдим этиш ҳаромдир!»
Энди кофирларнинг байрам кунларида улардан совға қабул қилишлик масаласига тўхталамиз:
Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ дедилар: «… Кофирлардан уларнинг байрам кунлари совға қабул қилиш масаласига келсак, аввалроқ Али ибн Абу Толибдан бўлган ривоятни келтирган эдик. У кишига Наврўз куни совға олиб келинган ва у қабул қилган эди. Шунингдек Ибн Абу Шайба ривоят қилади, бир аёл Оиша онамиздан сўради: «Бизда мажусийлардан бўлган энагалар (бировнинг боласини эмизиб боқувчи аёл) бор. Уларда байрамлар бўлиб туради. У кунларда бизга совғалар беришади». Оиша онамиз жавоб бердилар: «Бу кунда қилган қурбонликларини еманглар. Аммо совға қилинган меваларни еяверинглар».
Шунингдек Абу Барза мажусий қўшнилари бўлганини ривоят қиладилар. Улар Наврўз ва Маҳражон деган байрамларида унга совғалар ҳадя қилар экан. У оиласига: «Берган меваларини еяверинглар, аммо қолганларини қайтариб беринглар» дер эканлар. Буларнинг барчаси улардан совға қабул қилишдаги таъқиқ, байрамга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини кўрсатмоқда. Улардан байрам кунлари совға қабул қилишнинг ҳукми, бошқа кунларда совға қабул қилишнинг ҳукми кабидир (яъни ҳалолдир). Чунки бу куфроний байрам маросимларига ёрдам беришликка кирмайди …».

Бироқ Шайхулислом сўзларининг давомида баъзи нуқталарга ойдинлик киритдилар. Аҳли китобларнинг сўйган гўшти ҳалол бўлсада, байрамларига атаб сўйилган гўштни ейиш мумкин эмас. У зот айтадилар: «Аҳли китобларнинг байрам кунларидаги сотиб олинган ёки совға сифатида берилган овқатларинигина ейишга рухсат берилган. Байрам муносабати билан қурбонлик қилинган гўштни ейиш эса мумкин эмас. Мажусийлар сўйган гўшт эса, барчага маълум бўлганидек, ҳаромдир. Аҳли китоблар байрамларига атаб сўйган қурбонликлари ҳам худди шундай. Шундай қилиб улар кимга атаб сўйган бўлсалар ўшанга яқинлик (қурбат) ҳосил қилмоқчи бўладилар, худди мусулмонлар Аллоҳ таолога қурбонлик орқали қурбат ҳосил қилганлари каби. Масалан, Масиҳ ёки Заҳрога атаб қурбонлик қиладилар. Имом Аҳмаддан бу ҳақда икки ривоят келган. Уларнинг машҳурроғида айтилишича, (имом Аҳмад) бундай гўштни ейишга рухсат бермаган эканлар. Ҳатто қурбонлик вақтида Аллоҳдан ўзганинг номи зикр қилинмаган бўлса ҳам. Бундай гўштнинг ҳаромлиги ҳақида Оиша ва Абдуллоҳ ибн Умарлардан ҳам ривоятлар келган» (Қаранг: «Иқтидоу-с-сиротал мустақийм» 1/251).
Бироқ кофирлардан уларнинг байрам кунлари совға қабул қилиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиниши керак:
1. Совға байрам муносабати билан сўйилган гўшт бўлмаслиги керак.
2. Совға уларнинг байрам удумларига кўмак берувчи нарса бўлмаслиги лозим. Масалан, шам, тухум, ҳурмо новдаси ва шунга ўхшаш нарсалар.
3. Улардан совға қабул қилишлик кетидан, ислом ақидасининг муҳим нуқтаси бўлган «дўстлашув ва душманлашув» (ал-вало вал-баро) қоидаларини ўз фарзандларига батафсил тушунтириш керак. Уларнинг қалбларига кофирларга, уларнинг байрамларига муҳаббат ва дўстлик туйғуси кириб қолмасин.
4. Совға олишдан мақсад, ўша кофирларни Исломга жалб қилиш бўлмоқлиги лозим. Уларга бўлган муҳаббат сабабидан бўлмаслиги керак.
Янги йил маросимларига келсак, кофирлардан қорбобо ва қорқиз кўринишидаги ўйинчоқларни, арча, арча ўйинчоқлар ва шу каби байрам безакларини қабул қилмаслигимиз керак. Шунингдек совға берилаётган қути ва қадоқларга эътибор беришимиз лозим. Уларда байрамларининг рамзи бўлган ёзув, суратлар бўлмасин. Шунингдек уларнинг совғалари ва бошқа байрамларига эътибор беришимиз керак.
Аллоҳ азза ва жалладан бизни Ўзининг ҳузурига чиройли суратда қайтаришини, Исломнинг нусрати ва муваҳҳидларнинг иззати билан кўзларимизни қувнатишини сўраймиз.
Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз – пайғамбарларнинг охиргиси ва тақводорларнинг пешвоси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.




Янги йил байрамини нишонлаш - mutaallim - 12-29-2012

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси

Савол: Мусулмон кишига аҳли Китоб ва мушрикларнинг байрам кунларида тайёрлаган таомларидан ейишлиги ёки байрамлари сабабли улардан совға-салом қабул қилишлиги жоизми?
Жавоб: Мусулмон кишига яҳудий ёки насроний ёҳуд мушрикларнинг байрамлари учун тайёрлаган таомларидан ейишлиги жоиз бўлмайди. Яна мусулмон кишига байрамлари сабабли улардан ҳадия қабул қилишлиги ҳам жоиз бўлмайди. Сабаби ушбу ишда уларни улуғлашлик ва улар билан шиорларини изҳор қилишлик ва бидъатларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш ҳамда байрамлари куни хурсандчиликда уларга шерик бўлишлик мавжуд. Дарҳақиқат, ушбу иш уларнинг байрамларини биз учун ҳам байрам қилиб олишликка ёки камида улар билан бизларнинг байрамларимизда бир-биримизни чорлашликка, таом ва ҳадия қабул қилишликка олиб боради. Бу эса фитна ва динда бидъат қилишликдир. Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: “Кимда-ким бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, бас, у рад этилгандир”. (Бухорий (2697), Муслим (1718), Абу Довуд (4606), Ибн Можжа (14) ва Аҳмад (6/256)). Уларга байрамлари сабабли бирор нарса ҳадия қилинишлиги ҳам жоиз эмас.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси
Фатво: 2882-фатвонинг 2-саволи (22/399)

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қўъуд


Манба: http://alifta.net/Fatawa/FatawaDetails.aspx?View=Page&PageID=8668&PageNo=1&BookID=3



RE: Кофирларнинг байрам кунларида улардан совға олиш - abu mus'ab - 12-31-2013

Assalamu alaykum. Mani savolim shundan iborat: kofirlani bayram kunlari MUSULMONLARDAN shu bayramga atalgan sovg'alarni (masalan: oziq ovqatlar, pul yoki boshqalar) qabul qilish joizmi? Tepadigi xolatdan farqli ravishda sovg'ani musulmonlar berishmoqda kofirlamas!