Тавҳид форуми
Хавф – унинг турлари ва далили - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Тавҳид (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=45)
+---- Forum: Улуҳият тавҳиди (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=89)
+---- Thread: Хавф – унинг турлари ва далили (/showthread.php?tid=2407)



Хавф – унинг турлари ва далили - Admin - 10-15-2009


Хавф – унинг турлари ва далили

Хавфга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175).
Хавф ибодат турларининг бири бўлиб, у қалб амали. Шунингдек, қўрқув (الخشية), рағбат (савобни умид қилиш), (азобдан) қўрқиш, умид, таваккулнинг бари қалб амалидир.
Хавф: кўнгилсизлик (рўй беришидан) қўрқишдир. Ва у икки турли:
Ибодат хавфи ва табиий хавф.
Биринчиси: Ибодат хавфи. Буни Аллоҳдан ўзгасига йўналтиришлик ширкдир. Бу Аллоҳгина қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасидан қўрқиш. Мисол учун бирор киши уни касал қилиб қўйишидан ёки жонини олишидан ёки фарзандини ўлдиришидан қўрқиш каби. Жоҳилларнинг кўплари ушбу ишга мубтало бўлиб, аёлларининг (қорнидаги) ҳомиласи ва фарзандларига жин (зарар бериши)дан, сеҳргарлар ва ўликлардан қўрқиб, натижада ушбу қўрқувдан қутулиш учун ширкий амалларга қўл уришади. Ушбу касал қилиш, ўлдириш, ризқ бериш, ҳаётга якун ясашга фақатгина Аллоҳ Қодир. Шунингдек, (мўл) барака ато этишга ҳам фақатгина Аллоҳ Қодирдир. Ушбу ишларнинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридан бўлиб, Аллоҳгина Қодир бўладиган ишларда бирор кишидан қўрқишлик катта ширкдир. Чунки у ибодатнинг бир турини Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига қилишликдир. Қабр, қадамжолар, жин ҳамда шайтонлар ёмонлик қилиши ёки зарар етказишидан қўрқиб, улардан бўлган хавф ва зарар даф бўлсин дея турли қурбат ҳосил қилиш мақсадидаги ишларга қўл урадиганлар катта ширкка тушган бўладилар. Ўшандай кимсаларнинг бири: уларга деб жонлиқ сўймасам ўзимга ёки фарзандларимга ёки мол-давлатимга талофат етади, дейди. Худди Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари айтганларидек: «Бизлар фақат: «Сени худоларимиздан бири, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган», деймиз, холос». У кишига ўзларининг олиҳалари билан таҳдид қилиб, қўрқитмоқчи бўлишарди. «У (Ҳуд) айтди: «Албатта мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечиктирмай қилаверинглар). Мен фақат менинг ҳам Роббим бўлган, сизларнинг ҳам Роббингиз бўлган Аллоҳга суяндим»» (Ҳуд: 54-56). Ана шу тавҳид бўлиб, Ҳуд алайҳиссалом уларни ҳам, олиҳаларини ҳам беллашувга чақирдилар.
У кишига бирор зарар етказишга қодир бўлмадилар, балки Аллоҳ таоло Ўз элчисига уларнинг устидан ғалаба берди.
Аллоҳ қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасидан қўрқишлик катта ширк бўлиб, ибодат хавфи ёки ширкий хавф, деб аталади. Одамларнинг кўпчилиги қабр, авлиё, шайтон ва жинлардан қўрқиб, уларга қурбат ҳосил қилайин дея маълум бир ишларга қўл уришади. Уларнинг ёмонлигидан саломат қолиб, яхшиликларига эришайин дея қадимий қадамжоларга пул ташлаш каби жонлиқ сўйиш, назр аташ ва таом тақдим қилишга ўхшаш ишларни қиладилар.
Иккинчиси: Табиий хавф. Сиз хавфсираётган ишга ҳақиқатда қодир бўлган муқаррар бир нарсадан қўрқишингиз. Илон, чаён ёки душмандан қўрқиш каби. Ушбу ишлардан хавфсираш маълум ва ошкор бўлиб, ширк деб номланмайди. Чунки сиз очиқ ойдин сабаб ва сақланиш-ҳимояланиш лозим бўлган нарсадан қўрқяпсиз. Шунда қўлингизга қурол ёки асо олиб илон, чаён ва йиртқич ҳайвонларни ўлдирасиз. Чунки ушбу ишлар кўз билан кўрилиб, зарари маълум бўлган нарсалардир. Энди улардан қўрқадиган бўлсангиз, бу ширк деб номланмай, балки табиий хавф деб аталади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида айтдики: «Бас, у қўрқувга тушиб, (ортидан етиб келиб қолишларига) кўз тутгани ҳолда у ердан чиқиб...» (Қасос: 21), яъни, шаҳардан чиқиб, душманлари қувиб етишларидан қўрқардилар. Чунки у киши улардан бир жонни ўлдириб қўйгандилар.
Мусо алайҳиссалом Мадян томонга қараб қочдилар. Ва ортларидан етиб келиб қолишларига кўз тутиб, қўрқардилар. Бу табиий хавф эди. Бироқ инсон Аллоҳ азза ва жаллага боғланиш, ўзидан зарарни даф қиладиган сабабларни бажариш, Аллоҳ азза ва жаллага таяниб, таваккал қилишни ҳам ўрганиши керак. Аллоҳ таоло айтадики: «Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175). Оли Имрон сурасидаги ушбу қисса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мушриклар билан Уҳуд куни кечган воқеалар ҳақида бўлиб, мушриклар уларга таҳдид қилиб: «Ортимизга қайтиб, таг-тугингиз билан йўқ қилиб ташлаймиз», дегандилар. Шунда Аллоҳ жалла ва ала айтдики: «Албатта ўша (сизларни васвасага солмоқчи бўлган) шайтоннинг ўзидир. У сизларни ўзининг дўстларидан (кофирлардан) қўрқитмоқчи бўлади. Бас, агар мўмин бўлсангизлар, улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз!» (Оли Имрон: 175), яъни, ушбу таҳдид ва қўрқитув шайтондан бўлиб, сизларни ўзининг дўстларидан қўрқитади ёки унга бўйинсуниб қўрққан кимсага дарров эга чиқиб-бўйнига осилади.