Тавҳид форуми
Фаришталарга иймон келтириш - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Иймон асослари (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=46)
+--- Thread: Фаришталарга иймон келтириш (/showthread.php?tid=220)



Фаришталарга иймон келтириш - Admin - 07-10-2010

Фаришталарга иймон келтириш

Фаришталар Аллоҳ таолонинг ғайб оламидаги махлуқотларидир. Аллоҳ таоло уларни Ўзига ибодат қилишлари ва Унинг мулкида субҳанаҳу ва таолонинг амрини ижро этишлари учун яратди. Улар турли синф-гуруҳга эгадир. Ҳар бир синфни ўзига топширилган ва адо этиши лозим бўлган вазифаси бор. Аллоҳнинг амрига осийлик қилмайдилар ва буюрилган ишни бажарадилар. Уларни ичида ваҳийга муваккал-масъул бўлганлари ҳам бор. У Жаброил алайҳиссаломдир. У фаришталарнинг энг шарафлиси ҳамда куч-қувватга эга бўлган Руҳул Аминдир.
Яна уларнинг орасида аршни кўтариб туришга вакил-масъул қилинганлари бор: «Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар)...» (Ғофир: 7). Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Роббингизнинг аршини у кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-Ҳааққа: 17).
Арш махлуқотларнинг энг улкани бўлиб, унинг улканлигини Аллоҳ азза ва жаллагина билур. Ана шу улкан махлуқотни фаришталар кўтариб туради. Бу эса фаришталарнинг нақадар улкан ва куч-қувват ҳамда хилқатларининг нақадар буюк эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк Яратувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур» (Фотир: 1).
Уларнинг орасида Жаброил алайҳиссалом каби олти юзта қанотлилари ҳам бор. Уларнинг хилқати нақадар улкан эканини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ҳеч ким билмайди: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26-27). Уларни ичида ёмғир ва набототларга вакил-масъул бўлганлари бор. У Микоил алайҳиссаломдир. Яна уларни орасида сурга нафха уришга вакил қилинганлари бор. У Исрофил алайҳиссаломдир. Сурга нафха урганида барча нарса ҳалок бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).
Руҳлар сурдан (чиқиб) ўз жасадлари сари учиб боради. Жасадларига киргач, Аллоҳнинг изни билан тириладилар ва маҳшар сари юриб борадилар.
Уларни орасида яна ажаллар ўз ниҳоясига етганида жон олишга вакил-масъул қилинганлари бор. У ўлим фариштасидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси (ажалларингиз битгач) жонларингизни олур, сўнгра Роббингизга қайтарилурсизлар»» (Сажда: 11). Ўлим фариштасининг ёрдамчилари ҳам бор: «Қачонки бировингизга ўлим келса, элчиларимиз, сусткашлик қилмаган ҳолларида, унинг жонини олурлар» (Анъом: 61). Уларни орасида бачадонлардаги ҳомилага вакил қилинганлари ҳам бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув («нутфа») ҳолида амалга ошади. Сўнг худди шунча муддат ичида лахта қон («алақа») ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт («музға») ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади» (Бухорий (3208), Муслим (2643) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят). Фаришталар орасида одам болаларининг амалларини сақлаб борадиганлари ҳам бор. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир» (Инфитор: 10-11). Туну кун олдингиздан силжимайдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Фаришталар сизларни тунда ва кундузи алмашиб(-кузатиб) борадилар» (Бухорий (555), Муслим (632) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Бомдод ва аср намозларида (ўзаро навбат алишиш) учун жамланадилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида намозхонлар борасида гувоҳлик берадилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтадики: «Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир» (Исро: 78). Фаришталар орасида одам болаларини турли зарарлардан сақлаб боришга вакил қилинганлари ҳам бор. Бало-офат, душман ҳамда йиртқич ва илонлардан иборат зараркунандалардан сақлаб борадилар. Модомики инсон ҳали ҳаёт кечириши тақдир қилинган экан, ушбу фаришталар уни турли хатарлардан ҳимоя қилиб борадилар.
Қуруқликда йиртқич ва илонлар орасида ухлаб қолса, ким уни ушбу илон, йиртқич ва зарарли ҳашоротлардан ҳимоя қилади. У билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бўйинсундириб қўйган малоикалар бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай дейди: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11), яъни, ушбу фаришталар Аллоҳнинг амри ила одам болаларини то ажаллари битгунча турли зарар ва хатарлардан ҳимоя қилиб борадилар. Ажали битгач, уни холи қўядилар ва Аллоҳ унга тақдир этган ўлим ёки ўлимга олиб борадиган бирор мусибат юз беради.
Уларнинг ичида яна осмонлар ва ернинг турли бурчакларида Аллоҳнинг амрини ижро этиш учун вакил қилинганлари бўлиб, уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзгаси билмайди. Яна фаришталар ичида зикр мажлисларини излаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек унда ҳозир бўладиганлари ҳам бор: «Бирор бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жамланиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилишар экан, албатта уларга хотиржамлик нозил бўлиб, раҳматга бурканишади ва фаришталар уларни ўраб олади» (Муслим (2699) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Ушбу фаришталар ерни кезиб, зикр ҳалқаларини излаб юриб, унда ҳозир бўладилар.
Фаришталар, уларнинг турлари ва васфларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Бироқ Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда келган ҳужжатларни исбот қилиб, эътиқод қўямиз. Бизга зикр қилинмаган нарсалардан ўзимизни тийиб, бу борада изланиш олиб бормаймиз. Чунки бу фақат далил билан киришиш мумкин бўлган ғайб илмидандир.
Малоикаларга иймон келтириш ислом рукнларидан биридир. Кимда-ким фаришталарни инкор қилиб: фаришта деган нарса йўқ. Ахир, биз уларни кўрмаймиз-ку, деса кофир, мулҳид ва зиндиқ бўлади, Аллоҳ сақласин. Чунки у ғайбга иймон келтирмади. Шунингдек, малоикалар борасида турли таъвилотларга бориб: улар жисм эмас, маъно ва инсонга келадиган турли ҳиссиётлардир. Агар ушбу ҳиссиёт яхши бўлса, демак, у фаришта бўлади. Агар ушбу ҳиссиёт ёмон бўлса, демак, у шайтондир, деган сўз илҳодий қовлдир, Аллоҳ сақласин. Минг афсуским, «Тафсирул Манор»да Муҳаммад Рашид Ризо ушбу қовлни шайхи Муҳаммад Абдуҳдан нақл қилган.
Ушбу қовл файласуфларнинг каломи бўлиб, у ботилдир. Кимда-ким ушбу сўзга эътиқод қўйса, бас, у кофирдир. Умид қиламизки (Муҳаммад Рашид Ризо) ушбу қовлни эътиқод қилмай, (шунчаки) нақл қилган. Бироқ танқид қилмай нақл қилган, ҳолбуки, ушбу қовл хатарлидир. Ушбу қовл ботил ва фаришталарга куфр келтиришдир. Аллоҳ таолодан офият ва саломатлик сўраймиз.
Инсон дин ва ғайб ишларига ўзининг ақли ва фикри билан киришмаслиги ҳамда файласуф ёки зиндиқлардан бу борада бирор нарса нақл қилмаслиги лозим. Балки Китобу Суннатга таяниши керак. Ана шу вожибдир. «Тафсирул Манор»да зикр қилинишича ушбу қовл Ғаззолийнинг «Иҳё улумиддин» китобидан нақл қилинган экан. Валлоҳу Аълам.
Ғаззолийнинг «Иҳё улумиддин» китобида оғир фалокат ва мусибатли сатрларга гувоҳ бўламиз. Гарчи, унда бироз яхшилик ва фойда бўлса-да. Бироқ у ҳалок қилгувчи ва заҳари кўпроқдир. Ушбу китоб омухта бўлиб, ёмонлиги яхшилигидан кўпроқ. Илмда бошланғич ёки оми одамга ушбу китобни мутолаа қилишлиги ярамайди. Илмга эга бўлиб, ҳақ билан ботилни ажрата олдиган киши бундан мустасно.
Фаришталар улар айтганидек маънолардан иборат эмас. Балки малоикалар жисм ва шаклга эга. Аллоҳ таоло ато этган қудрат-иқтидор билан турли шаклга кира оладилар. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига эркак киши суратида келганлар. Аллоҳ таоло уларга одам болаларининг фойдаси деб турли шаклга кира олиш қудратини ато этган. Чунки одам болалари фаришталарни Аллоҳ таоло яратган аслий хилқатда кўришга тоқатлари етмайди. Балки одамларга раҳмат ўлароқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузуларига эркак киши суратида келишарди. Инсонлар уларни ўз суратлари ва ҳақиқий кўринишларини фақат азобланиш онлари кўрадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар фаришталарни кўрадиган кунни (яъни, қиёмат кунини эсланг)! У Кунда жиноятчи кимсалар учун бирон хушхабар бўлмас» (Фурқон: 22). Ўлим соатларида ҳам инсон уларни, хоссатан ўлим фариштасини ўз кўзи билан кўради. Бироқ ҳаёт экан уларни кўролмайди. Чунки уларни кўришга тоқати етмайди. Аллоҳ таоло уларни нурдан, шайтонни Қуръонда келгандек оловдан, одамни эса тупроқдан яратган. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага Қодирдир.
Кофирлар фаришталарни Аллоҳнинг қизлари дея эътиқод қиладилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Ҳолбуки,) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! Ё улар (Аллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзилур ва улар (қиёмат кунида) сўроққа тутилурлар!» (Зухруф: 19).




"Саҳиҳ эътиқод савол ва жавобларда" китобидан иқтибос - Admin - 11-30-2016

Фаришталар борасида саҳиҳ эътиқод

21-савол: Фаришталарга қандай иймон келтирилади?
Уларнинг мавжуд экани ҳамда бизга зикр қилинган исм ва амалларини тасдиқлашлик билан бўлади.
Аллоҳ таоло деди: «Пайғамбар ўзига Роббисидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): ...» (Бақара: 285).
«Саҳиҳ Муслим»да Жаброилнинг Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон ҳақида савол бергани ворид бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иймон - Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, элчиларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг. Ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтирмоғингдир» - дедилар (Муслим (8)).
22-савол: Қуръони Каримда зикр қилинган фаришталарнинг баъзи сифатларини ёдга олинг?
Аллоҳ таоло уларни Ўзининг Китобида ушбу қавли билан васф қилди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 19-20).
Аллоҳ таоло яна шундай деди: «Улар (яъни мушриклар): «Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор», дедилар. У зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26-27).
23-савол: Фаришталар улуҳият хусусиятларидан бирор нарсага эгами?
Йўқ. Улар Аллоҳнинг бандалари. Аллоҳнинг улкан махлуқотларидан бири. Ибодатдан бирор нарсага лойиқ эмаслар.
Аллоҳ таоло деди: «(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар» (Сабаъ: 40-41).
24-савол: Уларнинг хилқатлари сифати қандай?
«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Фаришталар нурдан яратилди. Жинлар аланга-оловдан яратилди. Одам эса дарҳақиқат, сизларга васф қилинган нарсадан яратилди» (Муслим (2996), Аҳмад (6/153)).
Уларнинг хилқатга оид сифатларидан бири шуки, уларнинг қанотлари бор. Улардан иккита, учта ва тўртта қанотлилари бор ва ҳаказо.
Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду-сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Аллоҳ учундир. У зот (яратган) маҳлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир» (Фотир: 1).
«Саҳиҳ ал-Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилни олти юзта қаноти бор эканини кўрдилар» (Бухорий (3232), Муслим (174)).
25-савол: Фаришталар (турли) шаклу-шамоилга кириш қудратига эгами?
Ҳа. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларга гўзал жасад шаклига кириш қудратини берди. Жаброил алайҳиссалом Марямга расо инсон бўлиб гавдалангани каби. Иброҳим алайҳиссаломга, у кишининг ҳузурига муҳтарам меҳмонлар сифатида ташриф буюришган вақт гавдаланганликлари сингари. Ҳамда Лут алайҳиссаломга, у кишининг қавмларига азоб тушириш учун келган вақт гавдаланганликлари каби ва шунга ўхшаш.
26-савол: Аллоҳ азза ва жалла мушрикларнинг ушбу: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», деган сўзларига раддия берди. Шуни баён қилиб беринг?
Аллоҳ таоло деди: «Энди (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари эмиш) Роббингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Аллоҳнинг боласи (яъни қизлари) бор» дерлар. Улар шак-шубҳасиз ёлғончидирлар. (Аллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Аллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!» (Соффат: 149-157).
27-савол: Жаброил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Жаброил алайҳиссалом ваҳийга вакил қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 98).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абтоҳ (деган жой)да уни олти юзта қанотда кўрдилар. Дарҳақиқат, хилқатининг улканлигидан уфқни тўсиб қўйганди.
Quote:«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят, дарҳақиқат, у киши (Оиша розияллоҳу анҳо) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолонинг ушбу қавли ҳақида сўради: «Дарҳақиқат, у (Жаброилни) очиқ уфқда кўрди» (Таквир: 23). У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта у Жаброилдир. Асл яратилган суратида ушбу икки мартадан бошқа кўрмадим. Уни осмондан тушган, хилқатининг улканлиги осмон билан ергача бўлган нарсани тўсган ҳолда кўрдим» - дедилар.
Сўнг яна Меърож кечаси кўрдилар. У киши уни (Жаброилни) фақат ушбу икки маротаба кўрдилар. Қолган вақтларда эса эркак киши суратида. Асосан Диҳя ал-Калбий (розияллоҳу анҳу) суратларида (кўрардилар).
28-савол: Микоил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Микоил ёмғир ва уни Аллоҳ амр қилган жойга тўкиш-(ёғдириш)га вакил қилинган.
Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилга: «Менга нима бўлдики Микоилни ҳеч кулган ҳолда кўрмадим?» - дедилар. Шунда у (Жаброил): «Микоил дўзах яратилгандан бери кулмади» - деди (Аҳмад «Муснад» (13376)).
29-савол: Исрофил алайҳиссалом ҳақида нималарни биласиз?
Исрофил Раббиси азза ва жалланинг амри билан сурни уч бора чалишга вакил қилингандир. Қўрқув-(даҳшат)га тушиш учун (сур) чалиниши, беҳуш бўлиш учун (сур) чалиниши ҳамда оламлар Рабби учун туришликка (сур) чалиниши. Уламолар ичида икки марта сур чалинади деганлар ҳам бор. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини далил қилдилар: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).
Ушбу уч фариштани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намоздаги дуоларида ёдга олардилар: «Эй Аллоҳ! Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Раббиси, осмонлар ва ерни илк яратувчи, ғайб ва шаҳодатни билувчи! Сен бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилаётган нарсаларида ҳукм чиқарасан. Мени ихтилоф қилинаётган нарсада Ўзингни изнинг ила ҳаққа ҳидоят қил! Албатта, Сен Ўзинг хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайсан». Муслим ривояти (Муслим (770), Аҳмад ҳам шунга ўхшашини ривоят қилди (6/156) ва Насоий (3/173)).
30-савол: Ўлим фариштаси ким? Унинг бундан бошқа исми борми?
Ўлим фариштаси жонларни олишга вакил қилингандир.
Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Роббингизга қайтарилурсизлар»» (Сажда: 11).
Унинг «Азроил» деб аталиши ворид бўлмаган. Балки у ҳақда оятдагидек «Ўлим фариштаси» дея ворид бўлган.
31-савол: Ҳифзу ҳимоя қилиб борувчи фаришталар кимлар?
Улар одам болаларини барча ҳолатларда, муқимлик, сафар, уйқу ва уйғоқликда ҳимоя қилишга вакил қилинган фаришталардир.
Аллоҳ таоло деди: «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида хам таъқиб қилгувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар. Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Аллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир» (Раъд: 11).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ таолонинг ушбу: «Таъқиб қилгувчи (фаришталар)», қавли ҳақида шундай дедилар: «Уни олди ва ортидан сақлаб борадиган фаришталардир. Аллоҳнинг қадари келганда уни холий қўядилар».
32-савол: Улуғ котиб-(ёзиб борувчи)лар кимлар?
Улуғ котиблар - бандаларнинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борадиганлардир. Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12).
33-савол: Фаришталарнинг адади кўп. Бунга далил нима?
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осмондаги Байтул Маъмурга ҳар куни етмиш минг фаришта киради (бир ривоятда намоз ўқийди). Сўнг охирги ҳолатларигача унга қайтмайдилар» - дея хабар бердилар (Бухорий (3207), Муслим (164), Муслимнинг лафзи).
34-савол: Фаришталарнинг борлигини инкор қилган кимсанинг ҳукми нима?
Кимда-ким фаришталарнинг мавжуд эканини инкор қилса, дарҳақиқат, мусулмонларнинг ижмоси билан куфр келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак, у жуда қаттиқ адашибди» (Нисо: 136).