Тавҳид форуми
Эрталабки зикр кайфияти қандай бўлади? - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10)
+--- Forum: Дуо ва зикр (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=15)
+--- Thread: Эрталабки зикр кайфияти қандай бўлади? (/showthread.php?tid=2107)



Эрталабки зикр кайфияти қандай бўлади? - abu mus'ab - 08-01-2013

Assalamu alaykum! al azkor kitobida keltirilgan quyidagi:
50-bob. Bomdod namozidan keyin Allohni zikr qilishga undash
Biling, kunduzgi zikr vaqtlarining eng sharaflisi bomdod namozidan keyingi zikrlardir.
165/1. Anasdan (r.a.) rivoyat qilinadi. Ra sululloh sollallohu alayhi vasallam: «Kim
bomdod namozini jamoat bilan o’qib, so’ng quyosh chiqqunicha Allohni zikr qilsa, keyin
ikki rak’at nafl namozi o’qisa, xuddi to’la-to’k is haj va umra qilganning savobini olgandek
bo’ladi», deb aytdilar. Im om Termiziy rivoyatlari
hadisining kayfiyati qanday bo'lishi kerak?
bu haqida ibn usaymin rohimahullohni namozdan so'ng joyidan turmasdan ya'ni oyoqlari joyini o'zgartirmasdan o'tirishi kerak digan fatvolari bormi (bitta birodar fajrdan to quyosh chiqquncha oyola namozda qando qogan bo'sa ushando qimillamasdan o'tiriladi usaymindan eshitganman didi)? oldindan javob uchun jazakallohu xoyr!


RE: Эрталабки зикр кайфияти қандай бўлади? - mutaallim - 08-19-2013

Ва алайкумуссалам ва роҳматуллоҳ!

Намоз ўқиган ўрнида ўтириш ва намозни кутишлик

Илм аҳлидан иборат бир жамоа “Намоз ўқиган ўрнида” қавлидан мақсад қилингани масжиднинг бари деган сўзни илгари сурдилар. Имом Зайниддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Намоз ўқиган ўрни”дан мурод нима? Масжидда намоз ўқиган ўрними, ҳатто масжиднинг бошқа бир ерига кўчса, (ушбу ўтиришлик) сабабли ҳосил бўладиган савобга эга бўлмайдими ёки “Намоз ўқиган ўрни”дан мурод намоз ўқиган масжиднинг барча ерими? Икки ишнинг ҳам эҳтимоли бор. Иккинчи эҳтимол зоҳирроқ ва рожиҳроқдир”. (“Торҳ ат-Тасриб” (2/367)).
Биринчи томон уламоларнинг сўзлари: “Намоз ўқиган ўрни”дан мақсад масжиднинг барча ери. Қуйидагиларни далил сифатида келтиришди:
1. Табароний “Кабир” (17/129)да Абу Умома ва Утба ибн Абд розияллоҳу анҳумоларнинг ҳадисидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бомдод намозини жамоатда ўқиса сўнг масжидда собит қолиб (силжимай) зуҳо намозигача Аллоҳга тасбиҳ айтса, унга ҳажи ва умраси тўкис бўлган ҳожи ва умра қилувчининг ажри каби (ажр) бўлади”. Албоний “Ҳасан лиғойриҳи” дедилар.
Важҳул истидлол-(масалага ҳужжатдан далил олиш тарзи): Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавллари “Сўнг масжидда собит қолиб (силжимай)…”. Ушбу ўринда айни масалани айтдилар. Ҳамда намозхонга ажр солиҳ нияти ва бомдод намозидан кейин зуҳо намозигача масжидда бўлиши билан рўёбга чиқишига боғлаб қўйдилар.
2. Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида (445) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизлардан бирингиз модомики намоз ўқиган ўрнида бўлиб, сўзлашмас экан фаришталар (унга) шундай дуо қилади: Эй Аллоҳ! Уни мағфират қил. Эй Аллоҳ! Унга раҳм қил. Сизлардан бирингизни модомики намоз ушлаб турган экан, ўз аҳлига қайтишдан намоз тўсиб турган экан, мудом намозда бўлади”.
Важҳул истидлол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, модомики намозни кутар экан, ўзини масжидда ушлаб турган кишига ажр бўлишини айтдилар. Мусулмоннинг нияти намозни кутишга қаратилар экан, масжиднинг қай ерида бўлсада унга мазкур савоб ҳосил бўлади.
3. Муслим ўз “Саҳиҳ”ида (649) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизлардан бирингизни модомики намоз ушлаб турган экан, ўз аҳлига қайтишдан намоз тўсиб турган экан, мудом намозда бўлади”.
Важҳул истидлол: Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини намозни кутишга тарғиб қилдилар. Кимники намоз ушлаб турган экан, бас, у намоздадир. Хоҳ намоз ўқиган ўрнини лозим тутсин ёки масжиднинг бирор бошқа ерига кўчиб ўтсин.
4. Муслим ўз “Саҳиҳ”ида (251) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизларни Аллоҳ у сабабли хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага йўллаб қўймайми?”. Улар: Албатта эй Расулуллоҳ, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “(Қаттиқ совуқ ёки танадаги оғриқ сабабли) кариҳ кўрилсада таҳоратни тўкис қилиш, масжид сари кўп қадам ташлаш ва намоздан кейин намозни кутишлик. Ана шу чегарада туришликдир”, дедилар.
Важҳул истидлол: Мазкур савоб намозга рағбат қилиб савдо сотиқ ва мубоҳ шаҳватлардан иборат дунёвий ишлардан ўзини тийган киши учундир. Шундан келиб чиқиб намозни кутишлик чегарани қўриқлашлик деб айтилди. Чунки чегарачи ўзини душманни кузатгани учун касб-кордан тўсиб туради.
5. Ибн Можжа “Сунан”да (180) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Мусулмон киши намоз ва зикр учун масжидни ватан тутар экан, албатта, Аллоҳ, ғоиб киши кириб келганда унинг аҳли хурсанд бўлишганидек хурсанд бўлади”. (Албоний, “Соҳиҳ Ибн Можжа”).
Важҳул истидлол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, модомики намозни кутар экан ўзини масжидда ушлаб турган кишига ажр бўлиши ва Аллоҳ масжидда Уни зикр қилган намозхон билан хурсанд бўлишини зикр қилдилар. Ажрни намоз ўқиган ўрнига чеклаш ва намоздан кейин уни лозим тутишлик ҳақида ҳеч нарса демадилар.
6. Ибн Можжа “Сунан”да (801) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шом намозини ўқидик. Қайтганлар қайтиб кетди, (дуо қилиб) ўтиришда давом этганлар қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шошилганча келдилар. Дарҳақиқат, нафас олишлари тезлашди ва тиззалари очилиб қолди. Ва шундай дедилар: “Хурсанд бўлинлар. Раббингиз, дарҳақиқат, осмон эшикларидан бир эшик очди. Сизлар билан фаришталарга фахрланиб шундай дейди: Бандаларимга қаранглар. Бир фарзни адо этиб, бошқасини кутяптилар”.
Важҳул истидлол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда бўлиб намозни кутиб қолган кишига ажр бўлишини зикр қилдилар.
7. Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида (482) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан тунги икки намоздан бирини ўқидилар. Бизга икки ракат ўқиб бериб сўнг салом бердилар. Ва масжиддаги кўндаланг ёғочга суянган ҳолда ғазабнок кишидек турдилар. Ўнг қўлларини чап қўлларига қўйдилар. Бармоқларини бирлаштирдилар. Ва ўнг чаккаларини чап кафтлари устига қўйдилар. Ҳовлиққанлар масжид эшикларидан чиқиб кетарди”.
Важҳул истидлол: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Ва масжиддаги кўндаланг ёғочга… турдилар” қавллари ва Муслимнинг ривоятидаги: “Сўнг масжид қибласидаги хода олдига келиб, унга суяндилар” қавлларида имом ва намозхон намоз ўқиган ўрнидан масжиддаги қай бир ерга бўлса ҳам кўчиб ўтиши машруъ эканига далолат бор.
8. Абу Довуд “Сунан”да (1119) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизлардан бирингиз масжидда эканлигида мудраса, ушбу ўтирган ўрнидан бошқа (ўрин)га кўчсин”. (Албоний “Соҳиҳ ал-Жамиъ”).
Важҳул истидлол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозхонни ўтиришида мўътадил бўлишга ва унга мудроқ ғолиб келганда ўтирган ўрнини ўзгартиришига буюрдилар. Бунда масжиднинг қай бир ўрнига бўлса ҳам кўчишлик ва ўрин алиштиришликнинг машруъ экани бор. Хоссатан бу зиёда хушуъ ва қалб ҳозирлигига олиб борса. Бу ҳолатга тизза ёки белида озор ва оғриқ бўлган ҳамда намоз ўқиган ўрнида ўтиришлик зикр давомида зиёда толиқиш ва қалб ҳозир бўлмаслигини туйдирган киши қиёс қилинади. Шунда унга ўрнини масжиднинг бошқа ўрнига алиштириши мустаҳаб бўлади.
9. Молик “Муватто” (385)да Нуъайм ибн Абдуллоҳ ал-Мужмирдан ривоят қилади. У киши Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг шундай деяётганларини эшитди: “Агар сизлардан бирингиз намоз ўқиса сўнг намоз ўқиган ўрнида ўтирса, фаришталар мудом унга дуо қиладилар: эй Аллоҳ! Уни мағфират қил. Эй Аллоҳ! Унга раҳм қил. Агар намоз ўқиган ўрнидан туриб, масжидда намозни кутиб ўтирса, намоз ўқигунича мудом намоздадир”.
Важҳул истидлол: Намозхон масжидда намоз ўқиса сўнг масжиднинг бошқа бир ерига бўлсада кўчиб ўтса ва ундан чиқмаса, батаҳқиқ, модомики намозни кутар экан фаришталар унинг ҳаққига дуо қилади.
Иккинчи томон уламоларнинг сўзлари: Баъзи ҳадисларнинг зоҳирини олишди ҳамда ажр ва савоб, фақат намоз ўқиган ўрнини лозим тутган киши учун дедилар. Ва у қачон ундан кўчса, батаҳқиқ, у ҳадис маъноси остига дохил бўлмайди дедилар. Ушбу қавл эгалари қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилишлари мумкин:
1. Табароний “Авсат”да (5598) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бомдод намозини ўқиса сўнг намоз ўқиш мумкин бўлгунча ўз ўрнида ўтирса, қабул бўлган умра ва ҳаж манзилатида бўлади”. Албоний раҳимаҳуллоҳ “Соҳиҳ лиғойриҳи” дедилар. (“Соҳиҳ ат-Тарғиб” (1/319)).
Важҳул истидлол: У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: “Сўнг… ўз ўрнида ўтирса”, қавллари савоб, намоздан кейин ўз ўрнини лозим тутган киши ҳаққида рўёбга чиқишига далолат қилади. Ҳадисдан эса кимки ўрнини алмаштирса ушбу савобга ноил бўлмаслиги англашилади.
2. Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бомдод намозини жамоатда ўқиса сўнг масжидда собит қолиб (силжимай) зуҳо намозигача Аллоҳга тасбиҳ айтса, унга ҳажи ва умраси тўкис бўлган ҳожи ва умра қилувчининг ажри каби (ажр) бўлади”. Албоний “Ҳасан лиғойриҳи” дедилар.
Важҳул истидлол: У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сўнг… собит қолиб (силжимай)”, қавлларида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан фарз намози юз берган ўринни лозим тутишликни таъйин қилишлик ва кимки ўз ўрнини алмаштирса, албатта, у ушбу шартни рўёбга чиқармагани ва ўз ўзидан шартлашилган ажрдан ҳам қуруқ қолиши очиқ айтиляпти.
3. Муслим ўз “Саҳиҳ”ида Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқисалар то қуёш яхшилаб чиққунигача намоз ўқиган ўринларида ўтирардилар”.
Абу Давуд (4850)да эса: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқисалар то қуёш яхшигина чиққунича ўз ўринларида чордона қуриб ўтирардилар”.
Важҳул истидлол: Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқисалар то қуёш яхшигина чиққунича ўз ўринларида чордона қуриб ўтирардилар”. Ҳадисда, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиган ўринларини ўзгартирмаганликларига далолат бор.
4. Термизий ўз “Жомеъ”сида (3474) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким фажр намози сўнгидан –оёқларини букиб (ўтирганча)- сўз очишдан олдин ўн марта
لا إله إلا الله وحده لا شريك له له الملك وله الحمد يحيي ويميت وهو على كل شيء قدير
Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку валаҳул ҳамду, юҳйи ва юмит ва ҳува ъала кулли шайъин қодир.

(Маъноси: Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Бутун мулк ва мақтов Унга хосдир. У тирилтиради ва ўлдиради ва У барча нарсага қодир), деса унга ўн ҳасанот ёзилади, ўнта гуноҳи ўчирилади, ўн даража кўтарилади ва ўша кунининг бари ҳар қандай ёмон нарсадан ҳимояда бўлади ҳамда шайтондан қўриқланади. Ўша куни Аллоҳга ширк келтиришликдан ташқари бирор гуноҳ уни ҳалок қилиши жоиз-(мумкин) бўлмайди”. Абу Ийсо: “Ушбу ҳадис “Ҳасан ғариб саҳиҳ”-дедилар. Албоний раҳимаҳуллоҳ: “Ҳасан лиғойриҳи”-дедилар.
Важҳул истидлол: У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Оёқларини букиб (ўтирганча) сўз очишдан олдин”, қавлларида ушбу савоб намоз ўқиган айни ўрнида ўтиришликка боғлиқ эканига далолат бор. Агар ўрнини ўзгартирса, батаҳқиқ, у ушбу савоб ҳосил бўлиш сабабини рўёбга чиқармади.
Ушбу масаладаги илм аҳлининг қавллари:
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ жамоатдан ўзга (ёлғиз) намоз ўқиб сўнг бошқа намозни кутганча ўз ўрнида ўтирган киши ҳақида, уни ҳадисда келганидек масжидда бўлган киши манзилатида намозда дея раъй қиласизми деган савол берилди. У киши: "Ҳа иншаАллоҳ. Модомики сўз очмас экан шундай бўлишини умид қиламан. Акс ҳолда бу ботил бўлади, гарчи ўтирган ҳолатида давом этсада”-дедилар. (“Шарҳ аз-Зарқоний” (1/326)).
Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Маваҳиб ал-Жалил” китоби соҳиби шундай деди: "У намоз ўқиш учун масжид қилиб олган уйдир. Гарчи намоз ўқиган ўринда ўтирмасада. Унинг мисоли, агар масжидда намоз ўқиса сўнг намоз ўқиган ўрнидан кўчса ва масжиддан чиқмаса, батаҳқиқ, унинг ҳаққига фаришталар дуо қилиб қолади”. (“Маваҳид ал-Жалил” (2/74)).
Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Намозгоҳи намоз ўқиган ўрнидир. Ва бу менинг наздимда масжиддадир. Чунки у ерда жамоатда намозни кутишлик ҳосил бўлади. Бу намозни кутиш маъносида ғолиб-(асосан юз берадиган)роғидир”. (Ибн Абдулбар “Истизкор” (6/210)).
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис икки ишнинг фазлига далолат қилади: бири: намозгоҳда ўтиришлик ва у намоз ўқиган ўрнидир. Бундан мурод уй эмас масжиддир”. (Ибн Ражаб “Фатҳул Борий” (6/40)).
Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Намоз ўқиган ўрни”дан мурод нима? Масжидда намоз ўқиган ўрними, ҳатто масжиднинг бошқа бир ерига кўчса, (ушбу ўтиришлик) сабабли ҳосил бўладиган савобга эга бўлмайдими ёки “Намоз ўқиган ўрни”дан мурод намоз ўқиган масжиднинг барча ерими? Икки ишнинг ҳам эҳтимоли бор. Иккинчи эҳтимол зоҳирроқ ва рожиҳроқдир”. (“Торҳ ат-Тасриб” (2/367)).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Намоз ўқиган ўрни”, яъни, масжиддаги намоз юз берган макон. Ва у гўёки асосан (қўлланиладиган маъно)дан ташқарига чиқди. Аслида эса намозни кутиш ниятида бардавом бўлган ҳолда масжиднинг бошқа ўрнига турсада шундай (ажр) бўлади”. (“Фатҳул Борий” 674-рақам остидаги ҳадис).
Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Бу ерда мутлақ намозни кутган кишининг фазилати баён қилиняпти. Хоҳ масжиддаги ўша ўтирган ўрнида собит қолсин, хоҳ унда бошқа (ўринга) кўчиб ўтсин”. (“Умдатул Қорий” (4/204)).
Аллома Қорий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ким бомдод намозини жамоатда ўқиса сўнг ўтириб Аллоҳни зикр қилса”, яъни, намоз ўқиган ўрни ва масжидида давом этса, бу масжидда тавоф, илм талаб қилиш ёки масжиддаги ваъз-(насиҳат) мажлиси сари туришни инкор этмайди. Балки агар уйига қайтса ва қуёш чиққунча зикрда давом этса сўнг икки ракат намоз ўқиса ҳам шундай (ажр) бўлади”. (Мулла Алий Қори “Мирқот ал-Мафатиҳ” 971-рақам остидаги ҳадис).
Зарқоний раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “(Намозни) кутувчи намоз ўқувчи ҳукмидадир. Хоҳ масжиддаги ўтирган ўрнида қолсин ёки ундан бошқа ўринга кўчсин. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Намоз ўқиган ўрни”да қавлларини намоз учун ҳозирланган ўринга йўйиш мумкин, намоз ўқиган айни ўрнига эмас… Агар намозни кутиш ниятида давом этган ҳолда масжиднинг бошқа ўрнига турса ҳам шундай (ажр) бўлади… Агар аёл киши уйидаги намоз ўқиган ўрнида бошқа намоз вақтини кутиб ўтирса, ушбу ҳадис маъноси остига кириши (эҳтимолдан) узоқ эмас. Чунки у намозга рағбат қилган ҳолда ўзини тасарруф-(ҳаракат)дан тўсди”. (“Шарҳ аз-Зарқоний” (1/326)).
Шамсул Ҳақ Азим Ободий “Авнул Маъбуд” китоби соҳиби шундай деди: “Намоз ўқиган ўрни” масжидда ёки уйда зикр ёки тафаккур қилиш билан машғул бўлса ёки илмни фойда ўлароқ улашса ёҳуд фойда қилиб олса ҳамда уйни тавоф қилса”. (“Авнул Маъбуд” (4/117)).
Шайх Муҳаммад Шинқитий “Кавсарул Маъаний” китоби соҳиби шундай деди: “Бу мутлақ намозни кутган кишининг фазилати. Хоҳ масжиддаги ўша ўрнида собит қолсин, хоҳ бошқа ўринга кўчиб ўтсин. “Модомики (намозни) кутар экан мудом намозда бўлади” лафзи эса (намозни) кутувчига намоз ўқувчи ҳукмини исбот қилди. “Намоз ўқиган ўрнида” қавллари намоз учун ҳозирланган маконга йўйилиши мумкин, саждага хос ўринга эмас”. (Муҳаммад ал-Ходр аш-Шинқитий “Кавсар ал-Маъаний” (7/175)).
Аллома Визаний Моликий “Ан-Навазил ал-Кубро” китоби соҳиби шундай деди: “Имом масжидда намозни кутиб, ёмғир ёки уйнинг узоқлиги сабаб қайтиб (кетиш) машаққатини дафъ қилиб ўтиришлиги, имом буни (намозни) кутишлиги ва жомеъдаги ҳужрада намозни кутиб ўтириши, зикр қилинган савобга эришишдан маън қилмайди”. (“Навазил ал-Кубро” (1/553)).
Божий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Намоз ўқиган ўрнида” қавлларига келсак, яъни, намозининг ўрни, бу икки важҳ эҳтимолига эга: бири: намоз ўқишдан олдин намозни кутган ҳолатда намоз ўқиган ўрнида бўлар экан (фаришталар) унга дуо қилади. Намоздан олдин таҳорат синиши мустасно. Шунда унга таҳорат учун (ўрнидан) туриши вожиб бўлади. Ва шу дамда ўтиргани учун намоз ўқимайди. Иккинчи важҳи: фаришталар унга модомики намоздан кейин намоз ўқиган ўрнида бўлар экан дуо қиладилар. Бироқ унинг у ерда ўтириши икки важҳнинг бири учун бўлади. Намоздан кейин зикр қилиш учун ёки бошқа намозни кутишлик учун”. (“Мунтақо” (2/292) 378-рақам остидаги ҳадис).

Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ

Бомдоддан кейин қуёш чиққунча уйда Қуръон ўқишлик

Савол: Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча уйда Қуръон қироат қилиш учун ўтириш сўнг инсон икки ракат шуруқ намозини ўқишлиги масжидда ўтиришлик билан ҳосил бўладиган айни ажрга эга бўладими? Сиз ҳазратларидан (шу ҳақда) маълумот беришингизни умид қиламиз. Аллоҳ умрингизни Ўзининг тоатида узун қилсин!
Жавоб: Ушбу амалда кўп яхшилик ва улкан ажр бор. Бироқ бу борада ворид бўлган ҳадисларнинг зоҳири шуки, унга, масжидда намоз ўқиган ўрнида ўтирган кишига ваъда қилинган айни ажр ҳосил бўлмайди. Бироқ касаллик ёки хавф сабабли бомдод намозини уйида ўқиса сўнг намоз ўқиган ўрнида қуёш кўтарилгунча Аллоҳни зикр қилиб ёки Қуръон қироат қилиб ўтирса сўнг икки ракат намоз ўқиса, батаҳқиқ, унга уйида намоз ўқиганда узрли бўлгани учун ҳадисларда ворид бўлган ажр ҳосил бўлади. Шунингдек, аёл киши бомдод намозидан кейин намоз ўқиган ўрнида қуёш кўтарилгунча Аллоҳни зикр қилиб ёки Қуръон қироат қилиб ўтирса, сўнг икки ракат намоз ўқиса, батаҳқиқ, унга ҳадисларда келган ушбу ажр ҳосил бўлади. У (ажр) – Аллоҳ ушбу ишни қилган кишига тўкис ҳаж ва умра ажрини ёзади. Бу борадаги ҳадислар кўп бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ва у “Ҳасан лиғойриҳи” ҳадиси қисмидандир. Тавфиқ Аллоҳдан.
“Арабия ойномаси”дан ҳазратларига йўлланган саволлар зимнидан – Фатво ва турли мақолалар тўплами, ўн биринчи жузъ

Манба: http://www.binbaz.org.sa/mat/1088

Икки хил қавлнинг қай бири рожиҳ?
Ушбу масалада рожиҳ қавл –валлоҳу аълам- биринчи қавлдир. У, собитлик ва далолати баб-баробар экани нуқтаи назаридан далиллари кучли бўлгани боис тўғриликка яқинроқдир. Иккинчи қавл эгалари келтирган далилларга келсак, уларга қуйидагича раддия берса бўлади:
Муслим ўз “Саҳиҳ”ида ривоят қилган ҳадисни далил қилишларига келсак: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқисалар қуёш яхшилаб кўтарилгунча ўз ўтирган ўринларида чордана қуриб ўтирардилар”. Бунга раддия бир неча важҳга кўра бўлади:
Биринчиси: Муслимнинг “Саҳиҳ”ида (592) Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларида шундай деганлари собит бўлган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
اللهم أنت السلام ومنك السلام تباركت يا ذا الجلال والإكرام
Аллоҳумма антассалам ва минкассалам, табарокта я залжалали вал икром

(Маъноси: Эй Аллоҳ, Сен Салом-(тинчлик ато этувчи)сан. Салом-(омонлик) Сендандир. Эй улуғлик ва мукаррамлик соҳиби, муборак бўлдинг), дейиш миқдоричалик ўтирардилар”. Бухорийда (850) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Агар салом берсалар ўринларида озгина қолардилар-(ўтирардилар)”. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Оиша ва Умму Салама (розияллоҳу анҳумо)ларнинг ҳадисларини илгари суриб, имом учун салом берганидан кейин намоз ўқиган ўрнида қолишини кариҳ кўрардилар. Қандай бўлганда ҳам ушбу далиллар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида буни қилишларини ва кўпинча машғул бўлмаганларида намоз ўқиган ўринларида қолишларини ёритиб беряпти. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ишлари мустаҳабликка далолат қилади. Бироқ ўрнини ўзгартирган киши учун савоб йўқ эканига далолат қилмайди.
Иккинчиси: Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Турли важҳларга кўра ворид бўлган ибодатлар, жамийки важҳларга кўра қилиниши лозим бўлади. Гоҳида буниси ва гоҳида униси. Бунда оммага тартибсизлик туғдириш бўлмаслиги шарти билан”. (“Мажмуъ ал-Фатава” (22/335-337)). Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Турли тарзда ворид бўлган ибодатларга келсак, инсон учун уларни ушбу тарзларда адо қилиши лозим бўлади. Уларни турлича қилишда фойдалар бор. Биринчи: суннатнинг ушбу важҳларини сақлаб қолиш. Иккинчи: мукаллафга енгиллик яратиш. Учинчи: қалб ҳозирлиги ва малолланмаслиги ҳамда безовталанмаслиги. Тўртинчи: шариатни ҳифзу ҳимоя қилиш”. (“Шарҳ ал-Мумтиъ” (2/52)).
Учинчи: “Агар бомдодни ўқисалар то қуёш чиққунча ўтирган ўринларида чордана қуриб ўтирардилар”, қавлларига келсак, бундан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам давомий шундай қилганлари келиб чиқмайди. Балки бу фақат бир марта юз берган ўтган ишга далолат қилади. Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Усулчилардан иборат аксар ва муҳаққиқлар ихтиёр қилган қавл шуки, “كان” (“Эди”) лафзидан давомийлик ва такрор-такрор бўлишлик келиб чиқмайди. Балки у ўтган замон феъли бўлиб, уни бир марта юз берганига далолат қилади. Агар далил уни такрор-такрор бўлганига далолат қилса, шунга кўра амал қилинади. Акс ҳолда ушбу лафз уни талаб этмайди”. (“Шарҳ Муслим” (6/21)).
Тўртинчи: Фиқҳ қоидалари асосларидан бири шуки, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодат қилиш тарзида бажарган феъллари мустаҳаблик учун бўлади, вожиб учун эмас. Буйруқ билан боғланган бўлиши ёки буйруқни баён қилган бўлиши ва шунга ўхшаш вожибликка далолат қиладиган белгилар бўлиши мустаснодир. Феълнинг ўзига келсак, батаҳқиқ, у мустаҳаблик учун. Бу борада эса масжидда намоз ўқиган ўрнини ўзгартирган киши учун ажр йўқ эканига далолат қиладиган бирор далил йўқ. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Кимда-ким шаръий далил талабига кўра саҳиҳ кўринишда бирор нарса қилса, батаҳқиқ, уни фақат шаръий далил билан ботилга чиқариш мумкин. Чунки биз, далил унинг саҳиҳ эканига қоим бўлган нарсани ботилга чиқарсак, албатта, бунда шариат ва мукаллафга жиноят қилинган ҳамда унга қийинчилик ва машаққат бўлади”. (“Шарҳ ал-Мумтиъ” (4/340)).
У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сўз очишидан олдин оёқларини букканча (ўтирса)”, қавлларини далил қилишларига келсак, бу ўринда савоб намоз юз берган айни жойда қолишликка боғлаб қўйилган ва агар ўрнини ўзгартирса, батаҳқиқ, у ажрдан мосуво бўлишига далил йўқ. Балки бу ерда шайтондан ҳимояланиш учун бомдод намозидан кейин ушбу хос зикрга ундаш, шошилиш ва тезлашишни ўрганамиз. Ибн Муфлиҳ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Бунинг боғлиқлик ўрни шуки, шариат уни эрталаб ва кечқурун, бу билан шу (вақт)ларда шайтондан ҳимаяланиш учун жорий қилди”.
Масжидда ўрнини бошқа жойга алиштирган киши учун ажр йўқ эканига очиқ, саҳиҳ далил мавжуд эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ажрни бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилган сўнг икки ракат намоз ўқиган киши учун исбот қилдилар. Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Шариат тузувчидан мутлақ ворид бўлган нарсаларни бирор қайдлов остига киритиш жоиз эмас, далил билан бўлсагина мустасно. Чунки бизни шариат мутлақ деган нарсани қайдлашга ҳаққимиз йўқ”.
Ушбу қавлда мусулмонларнинг кўпчилигига енгиллик яратилади, хоссатан икки тизза ва белида оғриқ сезадиганларга. Чунки у Аллоҳни ҳотиржамлик ва қалб уйғоқлигида зикр қилиши учун масжиднинг бошқа бир ўрнига кўчади. Бошқа бир жиҳатдан эса ушбу қавлда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига риоя қилинган бўлади: “(Беихтиёр) зарар бериш ҳам, (қасддан) зарар бериш ҳам йўқ”. (Нававий “40 ҳадис”, 32-ҳадис). Демак, узоқ муддат девор ёки устунга суянман бир ўринда қимирламай ўтиришлик баданга аниқ зиён етказади. Шунинг учун пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни хушуъ ва қалб ҳозирлигида адо этишга риоя қилган ҳолда таом ҳозир бўлганда ва икки чиқинди қистаб турганда намоз ўқишдан қайтардилар. Валлоҳу аълам.